7-12 май кунлари Туркия республикасининг телевидение ва радио олий ташкилоти (RTUK) бошчилигида бир нечта медиа вакиллари,коммуникация йўналиши бўйича Туркияда таҳсил олувчи 35 нафар хорижлик илму толиблар Тошкент-Бухоро-Самарқанд йўналишида «10-Келажакка элтувчи ришта» номли амалий саёҳат(воркшоп) учун Ўзбекистонга ташриф буюришди. Ҳамкор ташкилотлар-TIKA, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистондан Халқаро пресс-клуб, Ўзбектуризм қўмитаси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Жорий йил ўнинчи сафар ушбу тадбирнинг Ўзбекистонда(бунгача, ушбу тадбир Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Руминия, Туркиянинг Чаноққалъа, Конья шаҳарларида бўлиб ўтган) ўтказилишидан кўзланган мақсад шуки, Туркияга бакалаврлик, магистратура ва докторлик илмий даражаларини олиш учун чет эллардан келиб ўқиётган талабаларга Ўзбекистоннинг бой маданий меросини таништириш, тарихан узвий боғлиқликлари бўлган муносабатларни билдириш ва янгилашдир. Ушбу талабалар Туркияга Осиё(Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон), Европа(Молдова, Босния ва Герцеговина, Сербия, Болгария, Греция) ва Африка(Яман)нинг 14 та давлатларидан бориб ўқишади. Улар Ўзбекистоннинг тарихий ривожланиш босқичлари, обидалари, дунёга донг таратган буюк алломалари, диний уламолари, ҳозирги тараққиёт кўрсаткичлари, саноати каби мавзуларда ўзларининг кичик тадқиқотларини тақдимот кўринишида акс эттиришди. Талабаларнинг маърузалари тўплам ҳолида чиқарилиши режалаштирилган.
Мазкур тадбирдан кутиладиган энг катта натижа Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги муносабатларни қўллаб-қувватлаш, медиа соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида турк тили, халқаро журналистика мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалар учун тажриба алмашишдир.
Воркшопнинг давлатимизнинг туристик салоҳиятини дунёга ёйишдаги аҳамияти шундаки, ушбу тадбир аввало Туркия-Ўзбекистон ўртасида медиа соҳасида амалга оширилган илк қадамлардан бири бўлди. Бундан ташқари, хориждан келган меҳмон талабалар ўз мамлакатларидаги ОАВда Ўзбекистон ҳақидаги материалларни жойлаштирадилар. Шу орқали Ўзбекистоннинг номи жаҳонга таралади, мамлакатимизга саёҳат учун келувчи одамлар оқими кўпаяди.