1 013

Азиз АБДУҲАКИМОВ: “Экологиянинг энг катта муаммоси профессионал мутахассислар камлигидир”

Азиз Абдукахарович, Сиз 2022 йил 30 декабрдан ҳозирги Экология вазирлигига раҳбар этиб тайинландингиз. Ундан олдинги фаолиятингизга назар ташласак, иқтисодий -молия соҳасида катта натижаларга эришгансиз. Биламизки, иқтисоднинг асосида даромад олиш ётади. Буни сиз Экологияга келишингиздан олдин туризм соҳасида намоён эта билдингиз. Ҳозирда кўпчилик табиатга даромад манбаи сифатида қарайди. Бу қанчалик тўғрими? Иккита эко, яъни экология ва экономика  қай даражада  бир бири билан чиқиша олади?

— Ўзбекистонда  табиатга даромад манбаи  сифатида қаралиб, аксарият ҳолатда унинг муҳофазаси ҳам  шахсий бойлик орттириш  мақсадига айланиб кетмоқда.  Вазирликка раҳбар бўлганимдан буён бу ердаги жуда ҳам кўпи ачинарли ҳолатларга дуч келдим. Бизнинг ҳаётимизни табиатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ерда мен бир томонлама ёндашувга қаршиман. “Бўлди, эртадан бошлаб, табиатдан фойдаланишимиз керак эмас, ҳаммаёқни ёпиб, табиатдан фойдаланишни тўхтатишимиз зарур”,  деган фикр ҳам нотўғри. Биз табиат билан ҳаётимизни уйғунлик асосида қуришимиз керак. Табиатга зарар келтирмасликни ўйлашимиз лозим. Ўзбекистон аҳолисининг сони ортиб бормоқда. Демак уларнинг барчасини озиқ-овқат билан таъминлаш, яъни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш керак. Бу эса табиатга зиён етказади. Демак уйғунлик, “Яшил иқтисодиётга” ўтишни айнан шу соҳадан бошлашимиз лозим.

Авваломбор нимага шунақа ачинарли ҳолатга келиб қолдик? Аввало экотуризмни одамлар томонидан нотўғри тушиниши, табиат билан уйғунликда яшашга интилиш камлиги, хаттоки табиат қўриқчиларининг аксарияти ҳам шахсий манфаатини ўйлаб даромад олишга интилиши, тадбиркорлар, ишлаб чиқариш соҳаси, бизнес вакиллари, умуман аҳолида экологик ижтимоий масъулият йўқлиги учун ҳозирги ачинарли ҳолатга тушдик. Бугунги кундаги экотуризмда тадбиркор  ўрмонларни йўқ қилиб, табиатга зарар етказган ҳолда ўзининг 10 та будкасини қўйиш, у ерда овқат пишириб, бақиртириб қўйилган   мусиқа орқадам олиш”ни тушунади. У фаолиятининг табиатга қандай таъсир қилишини, ёввойи ҳайвонларни у ердан қочиришини ўйлаб ҳам кўрмайди. Экотуризмни ривожлантиришда қонунчиликда белгиланганидек вақтинчалик енгил конструкцияли қурилмалардан фойдаланиш зарур. Ҳозирги ҳолатни таҳлил этадиган бўлсак эса, экотуризм ниқоби остида  иш кўраётган тадбиркорларни бемалол жиноий жавобгарликка тортса бўлади.  Аввал Давлат экология қўмитаси бундай қонунбузилишлар ҳақида индамас эди.  Ҳозир  анча ўзгаришлар мавжуд. Ҳурматли Президентимиз ҳам экологик муаммоларни бартараф этиш борасида ўз маърузаларида гапириб ўтмоқдалар.   Экоинспекторлар ҳам табиатдан даромад кўришни эмас, балки уни асраш кераклигини  тушуна бошлади. Юқорида айтилгандек, экономия ва экологияни  уйғунлашириш зарур деб ўйлайман.

-2021 йили ноябрь ойида экотуризмни ривожлантириш учун ер ажратиш масаласи қай даражада ҳаққонийлигини билиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ўрмон хўжалиги тасарруфи ерларидан жой олиш учун Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ўрмон  кадастри  мутахассиси Зафар Рахматуллаевга барча ҳужжатларни топшириб, ниҳоят узоқ орқасидан югуришдан сўнг 2022 йил июнь ойида  500 минг сўм давлат божини тўлаб ijara_urmon.uz сайтидан регистрациядан ўтдим.  Аммо 2023 апрелда  З.Рахматуллаев “Ерлар аукцион орқали сотилди, сизни топишни иложи бўлмади, сизнинг номингиздан бизнинг ходимлар ўйнади ва ютқазишди” деб жавоб беришди. Бундан кўриниб турибдики, ер ажратиш масаласида ҳам жуда катта коррупцион ўйинлар бўлмоқда, тўғрими?

— Мазкур тизим анча ишдан чиққан. Коррупция борлиги ҳақиқат. Ҳамманинг олдида мен ваъда бераман, барчасини назоратимизга оламиз. Ҳамма қилинган ноқонуний қилинган ишлар учун жавоб бериш вақти келади. Олдинги рухсатномаларни бекор қилишга топшириқ бердим. Барчасини текшириб кўрамиз. Айбдорлар жазоланади. Айни пайтда экотуризмни ривожлантириш бўйича муаммолар анчагина. Экотуризм маҳаллий аҳолининг фаол ижтимоий-иқтисодий иштирокини ва мазкур фаолият туридан даромад олишини таъминлайди. Аммо бундай ҳудудлар кўпинча қўриқхоналар, биосфера резерватлари ёки уларга яқин жойлардан ташкил топган. Улар таркибида йўқолиб бораётган ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ўнлаб ёки юзлаб турлари мавжуд. Ушбу ҳудудлар қонун ҳимоясида ва одатда оммавий кириш у ёқда турсин, қўриқхона ходимлари ва олимлардан бошқа кишиларнинг кириши учун ҳам ёпиқ ҳисобланади. У ерларга сайёҳлар кириб бориши ва оқимининг кўпайиши инсоннинг табиатга қўпол аралашуви демакдир. Бу қўриқланаётган ҳудудларнинг ифлосланишига олиб келиши ва улардаги экотизим яхлитлигига таҳдид солиши мумкин. Айни пайтда экотуризм объектларининг ҳаммасига талаб қўяяпмиз. Чунки ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, шаҳарда дарахтларнинг кесилиши оқибатида, ҳар йили ёзда ҳамма салқин жойга, асосан тоққа қочади. Сиз буни тўхтата олмайсиз. Ҳаммаёқда биз тартиб-қоидаларни яратиб, қулайлик яратишимиз, “пикник” зоналари, экосайёҳлик йўлакларни  яратиш, экоҳудудларга бориш учун поездлар қўйиш, “канатка”лар ўрнатишимиз зарур. Лекин ҳаммасига вақт керак. Экотуризм маданиятини боғчадан, мактабдан шакллантиришимиз зарур. Масалан, Корея, Япония аҳолиси биздан 4 карра кўпроқ. Уларда экотуризм жуда яхши ривожланган. Минглаб одамлар тоққа дам олгани чиқади, лекин тоғлар топ-тоза. Логистикаси ҳам зўр. Ўзим Японияда таҳсил олганман, биз кўп чиқардик cампингларга. У ерга  арзон бўлгани учун поездда борардик. Борганиздан назоратчилар қўлингизга чек бериб, қандай ҳаракат қилишингизни тушинтиради. Қоидани бузсангиз, каттагина жарима тўлайсиз.  Баклашкани топширсангиз, сизга  кешбек беришади. Ҳаммаси назорат қилинади. Ҳозир  Зоминдаги меҳмонхонани атрофини тўр билан ўраяпмиз. Дам олувчилар табиат гўзаллигидан баҳра олишади, аммо тўрнинг у ёғига ўтишмайди. Айни пайтда масъулиятсиз  1-2 та ходимларни ишдан  бўшатдик. Маълум бўлишича, қўриқланадиган зоналарга ҳам уй қуришга ҳаракат қиладиган одамларга  ер сотиш учун уларнинг  ўзлари ерни ёқишга рухсат берар экан. Биз буни ўргандик. Бугунги кунда Президентимиз экология соҳасига жуда ҳам катта эътибор бераяптилар. Айнан соҳадаги муаммоларни ҳал қилишда менинг ҳаракатим кимгадир ёқмаслиги мумкин.  Экотуризмни ривожлантиришда хорижий сайёҳларни ҳам мазкур йўналишга жалб қилиш муҳим. Президентимиз ташаббуслари билан виза режими енгиллашди. Айни пайтда Ўзбекистонга  94 та давлат фуқаролари визасиз киришлари мумкин. Президентимизнинг сиёсий иродалари билан туризм ривожланди. Соҳа анча ўзига келиб қолди.

2023 йил апрель ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Тянь-Шан қўнғир айиғининг ўлдирилиши шов -шув бўлиб, жиноий иш қўзғалганди. Ўзингиз ҳам Бош прокуратурага шу масалада тақдимнома киритганингиз ҳақида гапирган эдингиз. Аммо  айиқ ўлдирилгач, иккинчи куни унинг жасади Қарши ветеринария бошқармасининг печида куйдирилди. Яъни жиноят излари йўқотилди. Ўшандан буён  бу иш ҳақида бирор жойда ахборот берилмаяпти. Жиноят иши бўйича жараён қайси босқичда? Айбдорлар жазоланадими?

— Чироқчида айиқнинг ўлдирилишида охир-оқибат айбдор вазирликнинг ходимлари бўлиб чиқди. Ички текширув ўтказганимизда бизга прокуратура томонидан сўровномалар берилди. Ходимларнинг совуққонлиги туфайли айиқ ўлди, десак ҳам бўлади. Вазирликнинг ҳам айби бор бу ерда. Олдин ҳам шунақа ҳолатлар бўлган экан. Бунинг ечими жуда осон. Ҳар бир вилоят бошқармасида йиртқич ҳайвонни ухлатадиган милтиқ бўлиши керак.  Бундай милтиқларнинг нархи 700- 800 АҚШ доллари турар экан. Ухлатадиган ўқлари бўлса 200-300 доллар атрофида. Уларнинг кучи кетиб қолмаслиги  учун ҳар йили янгилаб туриш керак.  Ҳамма ҳудудларга битта-битта милтиқ берилса, айиқ асраб қолинарди. Ҳозир вилоятларни айнан ана шундай ухлатадиган қурол билан таъминладик. Нимага бунақа ҳолатлар кўпаймоқда? Ўзбекистонда аҳолининг кўпайиши натижасида  сувли ерларни ўзлаштириш кучайди. Ўрмонлар ичига кириб кетган аҳоли уйлари кўп. Ҳайвонлар келиб, бизга ҳужум қилмаяпти, аксинча, биз уларнинг яшаш ҳудудларини эгалламоқдамиз. Уларнинг айби йўқ,  биз айбдормиз. Биз буни одамларга тушунтиришимиз керак. Қизил Китобга киритилган қўнғир айиқнинг ўлими бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритган эдик. Айбдорлар барибир жазоланади.

  • Азиз Абдукахарович, саволимиз бевосита экоинспекторлар билан боғлиқ, чунки сўнгги пайтлари уларнинг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди. 20 июнь 2023 й Бекобод шаҳар Экология бўлими бошлиғи, давлат инспектори Муҳаммаджон Фозилов хизмат вазифасини бажараётган вақтида пичоқланган эди. Кўп ўтмай июль ойида браконьер Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани экология бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳожиевга ўқ узиб, уни ярадор қилган. Ботимизга кўплаб инспекторлардан ишлаш учун оддий шароит йўқлиги, хоналар қишда совуқ, ёзда иссиқлиги, техник таъминоти йўқлиги, маоши камлиги ва шу билан бирга табиатни  қуролланган браконьерлардан  қуруқ қўл билан ҳимоя қила олмаётганлиги ҳақида шикоят қилишади. Қачонгача экоинспекторлар браконьерларни фақат гувоҳномалари билан қўрқитишади?

-Нега биз қуролни кўпайтиришимиз керак? Энг аввало ҳуқуқбузарларни камайтиришимиз керак. Экоинспекторларга қурол бериш нотўғридир, фақтгина чегара ҳудудларида хафвли ҳайвонлар бор жойларда фаолиятини олиб бораётган экоинспекторларгагина қурол бериш керак. Бизнинг таклифимиз, уларга пневматика, ёки резина қурол беришдир. Таҳлилларга кўра, илгари экинспекторлар милтиқ олиб юришган. Аммо уларнинг ҳеч бири  уни браконьерларга қарши қўлламаган. Ҳавога отган бўлиши мумкин. Ҳозир браконьерлар билади инспекторлар отмаслигини. Масалан,  Америкада тизим бошқача, қонун бузилиши бўлса, дарҳол  отиб ташайди. Бизда биринчи навбатда инсон қадри устун туради. Шу сабабли  ҳуқуқбузарлик бўлган тақдирда уни тўхтатишга ҳаракат қилишимиз  керак.

-Вилоятларда аксарият ҳолатда экология бошқармаларини хокимиятда турли лавозимларда ишлаган номутахассислар  бошқармоқда, аҳвол эса яхшиланмаяпти….

— Экологиянинг энг катта муаммоси профессионал мутахассислар камлигидир. Илгари экомутахассисларнинг ойликлари 4-5 млн. сумдан ошмасди. Яхши мутахассис яхши ойликка келади. Мен кадрларни таҳлил қилиб чиқдим. Афсуски, ўз ишини эплай олмай, ишдан ҳайдалиб, “бўлаверади” деган қабилида бошқармага тайинланганлар бор. Билими, таълими кучли мутахассислар саноқли. Кучли мутахассисларни ишдан  совутиб қўйган жойларимиз ҳам мавжуд. Улар дарахт кесганларга қарши курашганида қарши томон кучли чиқиб, экологларимиз жазоланган вақтлари ҳам бўлган. Қанча ойлик кам бўлса, ўша ерда коррупция бошланади. Ўйлайдики, “барибир ҳам мени ҳеч ким эшитамайти, тушунмаяпти деб”, корхона раҳбаридан ҳар ой ойлигини олгандай пул олади. Корхона раҳбари ҳам ўз билганидай сувни ҳам, тупроқни ҳам ифлослантириб, ишлаб чиқаришни давом эттиради. Экология соҳасига инсон ўз жонини фидо қилиши  зарур. Соҳадан совудими,  ишламасин. Ҳурматли Президентимизга экологлар жамоаси номидан чуқур миннатдорчилик билдирсак ўринли бўлади. Хабарингиз бор, Бош прокуратурада 70 кишидан иборат бўлим очилди. Ҳар бир вилоятда экологик жиноятчиликни текширадиган прокурорлар пайдо бўлди. Президентимизнинг 31.05.2023 йилдаги 171-сонли қарори эса айнан  атроф-муҳит муҳофазаси борасида илгари қўйилган қадам бўлди.   Прократура органлари томонида ҳам бизга жуда катта кўмак, қонуний ёрдам яратилди.

Яна бир савол туғилади, қаердан янги мутахассисларни олиб келиш керак? Бугунги кунда энг катта муаммо-малакали кадрлардир.  Шу сабабли бизнинг мақсадимиз янги ташкил этилган “Яшил университетда” малакали кадрларни тайёрлаш. Соҳада мутахассис бўлмаса, ҳеч нарса ўзгармайди.

-Сўнгги йилларда нафақат оддий ҳайвонлар, балки Қизил Китобга киритилган жониворлар ҳам кўплаб йўқ қилинмоқда. Ўзбекистон ўз флора ва фаунасини тиклаб олиши учун овга мораторий қўйиш вақти келмадими?

— Ов дунё бўйича даромад манбаи эмас, кўнгилхушликдир. Бизда овчилик  айнан даромад манбаига  айланиб кетган. Ўйлашимча, аҳолида ўта кўп қурол бор. Кўпчилиги рўйхатдан ўтмаган. Милтиқни сақлаш тўлови кам. Ҳақиқий овчи ҳеч қачон табиатга зарар келтирмайди.  Балки уни асраб авайлашга ҳаракат қилади. Биз ов учун муносиб шароитларни яратиб беришимиз керак. Ҳозир тушунарсиз тизим қилинган. Тўловлари жуда ҳам кам. Овга чиқиб, ҳайвонларни қириш эмас,  балки табиат билан уйғунлашиши зарур. Аввало ҳар бир овчи гувоҳнома олаётганида, Қизил китобдаги ҳайвон ва жониворлар бўйича имтиҳон топшириши шарт. Бундан ташқари овчиларга рухсатномадан ортиғини отса,  табиатга, жониворларга зарар келтирса жуда катта жарималар қўйилиши керак.  Овчилик бизнинг иқтисодиётимизга яхшигина экспорт тушумини келтириши мумкин. Африкада кўп ҳайвонлар Қизил китобга киритилиб, йўқ бўлиб кетиш даражасига келиб қолган эди. Улар айнан насл қолдиришга яроқсиз, касал ҳайвонларни хориждан келган овчиларга  маълум маблағ эвазига ов қилишга рухсат бериб, қолганларини сақлаб қолишди. Четда элда овчилар балиқни тутиб, у билан суратга тушиб,  кейин қўйиб юборади. Бизга келадиган 99 фоиз чет эллик овчилар шунчаки қизиқиш учун ов қилишади, табиатимизга улар эмас, ўзимизнинг, фақат нафсини ўйлаётган аксарият овчилар зарар келтираяпти. Биз хориж амалиётини қўллаб,  хориж овчилардан тушган даромадни яна  табиатга қайтаришимиз керак.

Бизда кўпчилик овчилик хўжаликлари абгор  аҳволда. Ҳамма ёқ чиқиндига тўлиб кетган. Ов хўжаликлари аслида ҳайвонларни кўпайтириши, уларга яшаши  учун шароит яратиши, фақат кейингина ов қилишга рухсат бериши зарур. Мораторий масаласига келсак, уни бир йилга эмас камида 5 йилга қўйиш лозим. Бу пайт ичида албатта Ўзбекистон ўз табиатини тиклаб олади, биз халақит бермасак.

-Яқинда Фарғона ҳайвонот боғига бордингиз, фаолияти билан танишиб, маслаҳатлар бердингиз. Қишда  мазкур ҳайвонот боғида шароит бўлмагани учун жирафа нобуд бўлган эди.Умуман олганда Ўзбекистонда ҳайвонот боғларининг аҳволи жуда абгор. Энг ёмони уларнинг кўпчилиги Маданият вазирлиги тасарруфида бўлганлиги. Ҳайвонот боғларини тартибга келтирса бўладими? Ўзи улар керакми?

-Ҳа, бу фожеа. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 31-майдаги ПҚ-171-сон қарорига асосан Тошкент, Фарғона ва Термиз шаҳарлари ҳайвонот боғлари вазирлигимиз тасарруфига ўтказилди. Ўзи ҳайвонот боғларининг Маданият вазирлиги тасарруфида бўлиши абсурддир. Боғларнинг асосий миссияси табиатда йўқолиб кетаётган ҳайвонлар популациясини сақлаб қолишдан иборат. Ўзбекистондаги ҳайвонот боғлари концепцияси буткул ўзгариши керак. Фикримча, ҳайвонот боғига борганда ҳайвон эмас, одам экспонат бўлиши лозим. Шу концепцияга ўтмагунимизча мен ҳайвонот боғларига  қаршиман. Германиянинг Росток шаҳрида шунақа  йирик ҳайвонот боғи бор. Табиий тўсиқлар қўйилган, ташриф буюрган одам ва ҳайвон орасида масофа йўқ. Бундан ташқари яқинда 30 йиллик тажрибага эга таниқли немис мутахассиси Удо Нагелни Ўзбекистонга таклиф қилдик.  Удо Нагел 1992 йилдан 2022 йилга қадар Европадаги энг яхши ҳайвонот боғларидан бири – “Росток” ҳайвонот боғи директори сифатида фаолият юритган. “Росток” унинг раҳбарлиги даврида, яъни 2018 йилда ўз тоифаси бўйича Европанинг энг яхши ҳайвонот боғи деб тан олинган.12 июль куни У.Нагел ва Экология вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Шунингдек, Фарғона ва Термиз шаҳар боғлари бошқарув тизими, хизмат кўрсатиш даражаси, инфратузилмасини ўрганиш, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Айни пайтда биз ҳукуматга ёввойи ҳайвонларни цирк томошаларига олиб чиқилишга таъқиқ қўйиш масаласида таклиф  киритдик. Ҳамма ривожланган давлатларда циркда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланган. Майли  томоша кўрсатишда уй ҳайвонлари, яъни мушук ва итлардан фойдаланишсин кучукчалардан фойдаланишсин, чунки улар минг йиллардан бери одамлар билан бирга яшаб келмоқда. Аммо ёввойи ҳайвонларни қийнаш орқалигина  улар маълум бир машқларни бажаришга мажбурланади.  Ёввойи ҳайвонлар ҳам Аллоҳим томонидан яратилган, уларни қийнаш бизнинг динимизга мутлақо зиддир.

  -“Яшил макон” умум миллий лойиҳаси мана бир неча йилдирки республика бўйлаб давом этиб келмоқда. Яқинда сизнинг Олий Мажлисдаги ҳисоботингизда унинг муаммолари ҳақида гапириб ўтдингиз. 2 миллиондан зиёд дарахтлар экилмай, халқнинг пули талон-тарож бўлган. Шундай эмасми? Вазирлик тизимнинг самаралироқ бўлиши учун қандай чора-тадбирлар олиб бориши кўзда тутилган?

 

-Бу ўз самарасини бераётган, Президентимиз ташаббуслари билан илгари сўрилаётган жуда катта дастур. Тўғри, 2 млн.дона дарахт бу жуда катта рақам. Умумий экилган дарахтлар сонидан оладиган бўлсак, атиги 1 фоиз. Ҳар қандай жараёнда камчилик бўлади. Аммо қолган 99 фоиз дарахт парвариш қилиняпти-ку. Олдинги йиллар бизга бу борада яхшигина тажриба бўлди, деб ҳисоблай қолайлик. Муаммо ҳозир кўпроқ дарахтларнинг ноқонуний кесилиши. Биринчидан, дарахтларни кесиш бўйича чораларни кучайтирдик. Иккинчидан, аҳолини дарахтларга нисбатан муносабатини ўзгартириш вақти келди. Ноқонуний дарахт кесаётган тадбиркор, у ким? Ўзбекистон фуқароси. Айтмоқчиманки, жамиятимизда бундай ҳолатларга нисбатан чидамсизлик муҳитини яратишимиз керак. Ҳамма дарахт кесилишига кўзини юмиб, ўтиб кетавермаслиги лозим. Жамоатчилик ўзгарсагина бирор нарсага эришамиз. Табиатни севган, табиатни фидойилари бизда кўп. Афсуски,  ўша дарахтни кесаётган тадбиркорни ҳеч ким “дарахтни кесма, динимизга, миллий қадриятларимизга бу иш тўғри келмайди” деб тарбияламаган. Одамларга дарахт кесиш нотўғрилигини тушунтиришимиз керак, керак бўлса дин вакилларини жалб қилишимиз, жума намоз вақтлари тушунтиришимиз керак. Энди буёғига ҳаммаси, дарахт кесиш, дарахт кўчириш жамоат эшитуви орқали ҳал қилинади. Мазкур ҳаракат аллақачон хориж давлатлар амалиётида мавжуд. Уни ўрганиб, айни пайтда қонунучилигимизга киритаяпмиз.   Бугунги кунда Ички ишлар, Миллий гвардияга ҳам ўзимизнинг 9 та ваколатимизни бердик. Бу нарса аста-секин натижасини бера бошлади. Тошкент шаҳрининг ҳар бир бурчагигача метро қурилса, машиналар қатнови кескин камаяди, экологик транспорт пайдо бўлади. Тўғри, дарахтларнинг кўчирилиши маълум қисмининг нобуд бўлишига олиб келади, лекин метро қурилса, одамларнинг ҳаёт тарзи яхшиланади, тадбиркорлик ривожланади, даромадлар кўпаяди. Сергилигача метро қурилишида 100 тагача дарахт кўчилиши керак эди. Шулардан  10-15 таси ёшини яшаб бўлган  дарахтлар.  Тадбиркорлар билан учрашганимизда “агар 100 та дарахт кўчирилса, ўрнига 5 мингта дарахт экилиши шартлиги”ни айтдим.  Ҳар бир масалага ақл билан ёндошишимиз керак. Керак бўлса, дарахтларни кўчириш учун хусусий компаниялар келсин, нархини белгиласин. Бугун бизда муаммо мутахассис йўқлигида, улар бор бўлса ҳам кам. Дарахт кесилишини биз қурилиш жараёнига тенглаштириб қўйдик. Урра-урра билан экилган дарахт яхши ўсмаяпти, қурияяпти. Бу борадаги биринчи муаммо селекциядан бошланади. Бизда 50-60 йил аввалги касал дарахтларнинг ҳам уруғини олиб, кўкартириб,  экишмоқда. Бунақа дарахтлар ҳеч қачон кучли бўлмайди. Хорижда энг зўр, энг кучли дарахтдан уруғ олишади. Бу борада илмий ёндашувни шакллантиришимиз зарур. Масалан, бизда бодом, писта экишяпти, аммо ҳосилдорлик жуда кам. Туркия шунақа дарахтлардан ҳосилдорлик 5-10 карра юқори. Ёки бизни алдашяпти. Арендага 1 гектар расмийлаштиради, лекин 50 гектар ердан фойдаланишади. Кўчатлар кучли бўлиши селкцияни кучайтириш лозим. Дарахт экишдан олдин, албатта, лойиҳа бўлиши керак. Биз дарахт экиш бозорини ривожлантирмоқчимиз. Хусусий компаниялар келсин, ютсин, биз ер берамиз. Ўзбекистонда эгасиз дарахт қолмаслиги керак. Ҳамма ўз дарахтларига жавоб бериши керак. Яқинда 70 мингта дарахтни кўчириш бўйича ўз позициямизни билдирдик. Менинг вазир сифатида таклифим, жамоатчилик эшитув деган механизмни жорий этишимиз керак. Дарахтларни тадбиркор кесяптику, экология вазирлиги ходими бориб, кесмаяпти. Оммавий ахборот воситаларида тадбиркор номини ҳам ёзишмайди, қўрқадими билмайман.  Дарахт кесган 10 нафар тадбиркорни  ОАВга чиқариб, шарманда қилинг. Фақат шундагина қолгани дарахтларни кесиш, тагини  бетонлашдан олдин  10 карра ўйлаб кўради.  Барча айбни экоинспекторларга  қўйиш одат ҳолига кирди. Туманда ўзи уч нафаргина экология ходими бўлса. Қаерга югурсин, у бечора? Айрим раҳбарлар туман, вилоят, шаҳар бўйича ўзлари компания очиб олган. Дарахтларни кўчиришга ўзи шерик, ўзи манфаатдор. Уларга ҳам чора кўрилади. Экоинспекторлар ичида тадбиркорлар билан келишиб, дарахт кесилишига шерик бўлаётгани ҳам  бор. Бундайлар билан ким бўлишидан қатъий назар хайрлашамиз.

 Чиқинди муаммосига ҳам тўхталсак. Биламизки, чиқинди полигонларига қурилиш чиқиндиларини қабул қилинмайди. Натижада қурувчи тадбиркорлар қурилиш чиқиндиларини  дарё бўйларига ташланмоқда. Бу бедодлик бартараф этиладими?

— Аввало муаммони бартараф этиш мақсадида чиқиндиларни ноқонуний тўкиш жойларига камералар қўйиб бошладик. Бунга бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфладик ва вилоятлар учун 10 млрд. сумдан ортиқ маблағ ажратмоқчимиз. Бошида 60 та камера қўйилди, яна 120 та камерани қўйиш режалаштирмоқдамиз. Албатта ноқонуний чиқиндихоналарга иккита камера бир бирига қаратиб қўйилади. Чунки бирини синдирганда иккинчиси орқали буни ким қилаётганини кўриш мумкин. Бунинг натижасида кўпчилик типирчилаб қолди. Чунки замонавий технологиялар орқали қонунбузилишларини  олдини олиш осон.

   — Яқинда ASK раҳбари Андриан Нил ekolog.uz га берган интервьюсида “Мени ранжитаётган нарсалардан бири айнан ўша экологик миллий дастурларда вазирлик ва идораларинг ўзаро координациясининг заифлиги ва баъзи вазиятларда умуман йўқлиги. Масалан, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, экология ҳамда сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлик қилиши талаб этилиши” деб жавоб берган эди. Бунинг ечими нимада деб ўйлайсиз?

— Интеграция йўқ эди. Ҳозирда барча вазирликларда Экология дипломатияси бўлимларини ташкил этдик. Аввало бу ишни ички интеграцияни йўлга қўйиш учун амалга оширдик. Экологик муаммолар барча соҳалар учун тегишли ва уларни фақатгина ҳамкорликда ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун эса ҳар бир вазирлик айнан зиммасига юклатилган вазифани бажариши ва буни бошқа вазирликлар билан келишилган ҳолда амалга ошириши зарур.

Сув масаласи Ўзбекистонда бевосита иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Вазирликнинг номи ўзгариб, иқлим ўзгариши қўшилди. Бу жуда ҳам катта ва жиддий масала. Афсуски, сувга нисбатан ваҳшийларча муносабаи, айниқса дарёларимиздан қум-шағалларни олиниши оқибатида дарёлар суви қуриб бормоқда. Қўлланилаётган жарималар таъсир қилмаяпти. Муаммони ечимини нимада кўрасиз?

— Биринчи навбатда “Хавфсиз дарё” ДУК вазирлик тасарруфига ўтказилди. Аммо бу чигал масала ва яхшилаб ўйлаб иш қилишни талаб қилади. Чунки ҳозир вазирлик томонидан дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олишни тўхтатиб қўйсак, қурилишлар тўхтаб қолади. Шу сабабли келишилган ҳолда қум-шағал фақатгина дарёларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш учунгина ишлатилишига рухсат бериб, қурилиш учун тақиқланади.  Геология   90 тагача тоғларда карьер тайёрланмоқда.  Қурилиш соҳаси ана шу карьерларни ўзлаштиришга маълум вақт берилади ва шу орқалигина  муаммони ечиш мумкин, деб ўйлаяпмиз.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Наргис Қосимова суҳбатлашди.

Улашинг: