1 444

НОДИРА АЛИМОВА: “Телевидение ва тадбирларда фақат қайнона-келин муносабатларига урғу бермасдан, аёлларнинг маданияти, маънавияти, билим олиши ва ривожланишига жиддий эътибор қаратиш зарур”

 Жиззах вилояти “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Алимова Нодира Маматовна ҳаётини зўравонликка учраган, ижтимоий қийин аҳволда қолган хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга бағишлаган, десак муболаға бўлмайди. Бугунги кунга қадар Марказ 1000 нафардан ортиқ аёлларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам берган. Бугунги суҳбатдошимиз “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова.

 —         Нодирахон, “Қалб нури” маркази кўп йиллардан бери қийин вазиятга тушган хотин-қизларга беминнат ёрдам бериб келади. Марказ қачон ташкил этилган?

 — Жиззах вилояти “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази 2005 йил 11 февралда “Республика оилаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар” дастури асосида хотин-қизлар ўртасида учраётган салбий ҳолатлар (ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажримлар, ноқонуний депортация ва ҳоказо)нинг олдини олиш мақсадида ташкил этилиб, Жиззах вилояти Адлия бошқармаси томонидан 2008 йил 29 августда давлат рўйхатига олинган.

Марказимиз қарийиб 14 йилдан буён БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги (“CEDAW”) Конвенциясини амалга ошириш бўйича миллий дастурлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда иштирок этиб келмоқда.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш борасида кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Аммо шунга қарамай, мазкур йўналишдаги муаммолар ҳали жуда кўп. Уларнинг энг асосийси оиладаги зўравонлик. Мазкур муаммони бартараф этиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Яхши биламизки, минг йиллардан буён жамиятда аёл ва эркак ўртасидаги тенгсизлик ва уни ҳал этиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бироқ, олиб борилаётган қатор чора-тадбирларга қарамасдан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, хусусан, оиладаги зўравонлик ҳодисалари барибир тез-тез содир этилмоқда. Оиладаги зўравонлик бу — фақатгина шу оиланинг эмас, балки жамиятимизнинг энг оғриқли муаммолардан биридир. Чунки зўравонликка учраётган аёлларнинг, фарзандларининг ҳаёти қўрқув ва таҳликада, хавф-хатарда бўлади. Мутахассисларнинг аниқлашларича, бундай оилаларда ўсаётган болалар аламзада ёки ўзига нисбатан ишончсиз бўлиб вояга етадилар. Бу эса келгусида яна кўплаб зўравонлик жабрдийдалари пайдо бўлишига олиб келади. Шундай экан, бу муаммони бартараф этиш учун, аввало, аҳоли ўртасида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, ҳар қандай зўравонлик – бу жиноят эканини, жиноятга эса жазо муқаррарлигини тарғиб этиш, кишилар онгига сингдириш зарур. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришлари талаб этилади. Яна бир муҳим масала. Тўғри, хотин-қизларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари ишлаяпти, қонунчилигимизга яна ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Аммо, шу ўринда, жамият фаоли сифатидаги тажрибамдан келиб чиқиб, қўшимча қилишни истардимки, зўравонга нисбатан жазо чораларини ҳам кучайтириш, учинчи шахс томонидан мурожаат қилиш амалиётини кенг тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ бўларди.

—               Марказга раҳбарлик даврингизда энг эсда қоларли воқеа нима бўлган?

—               Тўғриси, ННТда ҳар бир кун унутилмас, ҳар куннинг эсдан чиқмайдиган воқеалари бор. Чунки бу ерга ташриф буюрувчилар асосан ҳаётда билиб-билмай турли оғир вазиятларга тушиб қолган аёллар ва уларнинг оила аъзолари. Ҳар бирининг ўз дарди, юрагининг оғриқлари бор. Баъзан уни фақат тинглашлари учун ҳам келади. “Тўкилиб-тўкилиб” ўз муаммоларига ўзи ечим топиб чиқиб кетадиганлари ҳам бор.

Ўз аёлини турли қийноқларга солиб, ваҳшийларча ўлдирган эркак ва бундай қийноқларни деярли ҳар куни кўравериб, онасининг қандай ўлганини киприк қоқмай гапириб берадиган фарзандлар;соғломлиги пайтида турмуш ўртоғи билан елкама-елка лой қориб, уста боқиб, уй-жой қилган ва тақдир тақозоси билан соғлиғидан айрилиб қолганида соғлом хотин билан турмуш қуриш учун ўз уйидан бўй етган фарзандлари билан чиқариб юборилган аёл; ярим тунда илк бор фарзанд кутиш учун шифохонага бориб, эркак шифокор навбатчилигига тўғри келган, фарзанди туғилгач, шу “айби” учун ўз отасиникига ҳайдалган, тиз чўкиб, “айбимни кечиринг” деб зор йиғласада, кечирилмаган келинчак; бир вилоятдан қўшни вилоятга келин бўлиб узатилган, азоб ва қийноқларга чидолмасдан, ярим тунда оёқяланг-бошяланг қочиб чиққан, совуқ тунда пиёда юриб ўз отасиникига кириб келганида, “одамлар нима дейди” дея эриникига қайтариб олиб бориб қўйилган ва турли азобларга бардош беролмай ўз жонига қасд қилган аёл онасининг ноласи… Қай бирини айтай?!

Бу воқеаларнинг ҳеч қайсисини шунчаки унутиб бўлмайди.

Айниқса, менга яқинда бир воқеа жудаям таъсир қилди. Тўғри, бу бизни марказ фаолияти билан боғлиқ эмас, аммо ўзим ушбу йўналишда ишлаган сабаблими, билмадим, эсласам юрагим оғрийди. Бу воқеа Қашқадарёда кўпчилик бўлиб оиласидан ажрашган, бир нафар фарзанди билан ёлғиз яшайдиган, уйланмаган йигит билан учрашиб юрган бир аёлни йигит яқинлари томонидан боғлаб қўйилиб, туни билан қамчида савалаб, сочларини олиб ташлаб, ўта шафқатсизларча зўравонлик кўрсатилгани! Ўша воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалганининг эртаси куни турли ОАВлар воқеа жойига ўрганишга боришган. “Мен нима қилишим керак эди, ахир мен отаман”, деб жавоб берди зўравонлардан бири. Ижтимоий тармоқларда эса воқеа ҳақида изоҳ қолдирганлар ичида “Баттар бўлсин, ўлдириш керак эди” дегувчилар ҳам бўлди. Бу каби қарашлар ҳуқуқий маданиятсизликдандир. Ҳар қандай зўравонлик содир этилар экан, зўравон, у ҳоҳ ота бўлсин, ҳоҳ бошқа, у жиноятчи, жиноят асло жазосиз қолмаслиги керак! Буни одамлар билиши, биз жамиятни шунга ўргатишимиз шарт, деб ўйлайман.

— Қайнона-келин муносабатлари ток-шоулар, миллий фильмларнинг асосий мавзусига айланиб қолган. Сизнинг фикрингизча, наҳотки мазкур муаммо шу даражада долзарб бўлса?

— Бугунги давримизда тайёрланаётган ва эфирга узатилаётган кўрсатувлар ва миллий сериалларнинг асосий мавзуси кўпинча, сиз таъкидлаганингиздек, фақат маиший муаммолар, ким қандай тўй қилиши, сеп йиғиши, уй-жой, машинаси бор-йўқлиги, қайнона-келин уришидангина иборат бўлиб қолди. Бу, ўз навбатида, одамлар онгига маълум даражада салбий таъсир қилади. Фарзандларни, айниқса, қизларни ўқитиш, аёлларнинг ўз устида ишлаб юқори натижаларга эришиши, жамият ривожига муносиб ҳиссасини қўшаётгани ҳақидаги фильмлар саноқли. Реалити ва ток-шоуларда ҳам асосан қайноналар “Генерал” ролида, келинлар овқат пишириши, меҳмон кутишни билиши тўғрисида! Ёки муаммосини кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиққан аёлларни экспертлар ва мутахассислар томонидан “Ўзинг айбдорсан”, “Тилингни тийишинг керак эди”, “Эрингга яхши кўриниш учун ўзингни ўзгартиришинг керак эди” каби айбдорлик ҳиссини бўйнига илиб қўйиш, бу орқали томошабинларнинг оилада аёл ҳар қандай зўравонликка нисбатан сабрли, бардошли бўлиши керак, деган фикрларни шакллантиришга сабаб бўлмоқда. Бизнинг таклифимиз, Тв ва умуман, ўтказилаётган бошқа тадбирларда фақат қайнона-келин муносабатларига урғу бермасдан, аёлларнинг маданияти, маънавиятига, билим олиши ва ривожланишига жиддий эътибор қаратиш зарур.

—               Марказга мурожаат қилаётган хотин-қизлар билан ишлашда асосий қийинчиликлар нимада?

— Албатта, юқорида айтганимиздек, марказга муваффақиятга эришганлар эмас, асосан тушкун ва оғир вазиятга тушиб қолганлар келишади. Уларга баъзан ҳуқуқий маслаҳатнинг ўзи етарли бўлмай, адвокат хизматлари, юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали ҳуқуқлари тиклаш керак бўлади. Бу эса маблағ, шунингдек, қўшимча вақт ва ишчи кучини талаб этади. Баъзида аёлларга боласи, ўзи ва турмуш ўртоғининг соғлиги билан боғлиқ муаммоси учун моддий ёрдам, иш бошлаши учун озроқ миқдорда маблағ ёки асбоб-ускуна керак бўлганда тегишли ташкилотларга йўналтиришда қийинчиликлар бўлиши мумкин.

— Оиладаги зўравонликни бартараф этиш учун Ҳимоя ордери қўлланилмоқда.

Мазкур ҳужжат жабрланувчини зўравондан қай даражада ҳимоя қилади, деб ўйлайсиз?

— Бу ҳуқуқий ҳужжатнинг жорий қилиниши кўплаб аёлларимизни зўравонлардан ҳимоя қилишда асқотмоқда. Аммо Ҳимоя ордери бу вақтинчалик чора. Шундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқдаки, бизга мурожаат қилиб келган айрим “Ҳимоя ордери” олган аёлларнинг айтишича, муддат ўтгандан кейин унинг “кўзига кўрсатиб қўйишлари”дан қўрқадилар. Шу муносабат билан “Ҳимоя ордери” бўйича турли хорижий мамлакатлар тажрибани ўрганишимиз ва тадбиқ этишимиз зарур, деб ўйлайман. Чунки меҳнат фаолиятим давомида бундан 20 йиллар олдин Исроил давлатида бўлганимда у ердаги оилавий жанжалларга кўриладиган чоралар ҳақида эшитгандим. Яъни бирор бир оилада нотинчлик бўлса, эри томонидан хотинига нисбатан ҳақорат сўзлар ишлатилгани эшитилса, тазйиқ ва зўравонлик аломатлари кузатилса, учинчи шахслар томонидан тегишли органларга хабар бериларкан. Полиция ходимлари эса зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, эркакни 15 суткага ўз уйига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилар экан. Қизиғи шундаки, аёл турмуш ўртоғини “кечирдим, уни уйга киришига рухсат беринглар”, дегани билан қонунда бунга йўл қўйилмас экан. “Бу аёлнинг, фарзандларининг хавфсизлиги, руҳий тинчлиги ва соғломлиги учун муҳим,” – деган эди бу ҳақда сўзлаб берганлар. Бу амалиёт бутун мамлакатда кенг тарғиб қилингани учун ҳам оилавий зўравонлик ҳолатлари кузатилмас экан. Демоқчи бўлганим, бугун биз ҳам имкон қадар Ҳимоя ордери тўғрисида аҳолининг хабардорлигини оширишимиз керак. ТВ, радио ва ижтимоий тармоқларда ижтимоий роликлар, “Ҳуқуқингизни биласизми?” сарлавҳа остида мутахассисларнинг чиқишлари орқали тез-тез ёритиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Сизнинг фикрингизча, мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этишда нодавлат нотижорат марказларининг ўрни қандай?

— Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, жабрланганлар ҳамма вақт ҳам давлат идораларига боришни, ўзларини танитишни исташмайди. Улар ННТларга бориб дардини айтгиси, кимнидир унга дардкаш бўлиб тинглашини, далда бўлишини исташади. Буни эса ННТлар бажаришяпти. Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этишда жамоат ташкилотлари баҳоли қудрат фаолият кўрсатишмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари давлат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланар экан, янада фаоллиги ошади.

Наргис Қосимова суҳбатлашди.

Улашинг: