Ўзбекистон телеканаллардаги реалити-шоуларнинг аксарияти битта, яъни “келин” мавзуси атрофида ўралашиб қолаётгани ажабланарли ҳол. Кўпчиликнинг назарида “долзарб” бўлган мазкур масалага ҳар бир телеканал турлича ёндошади. Энг қизиғи, ушбу лойиҳаларнинг барчасида бўлажак келинлар итоаткорликка, сабрли бўлишга, ҳамманинг кўнглини олишга ўргатилади.
“Эпли келин — сепли келин”
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тасарруфига кирувчи “Маҳалла” телеканали 2019 йили март ойи “Эпли келин” телелойиҳасини бошлаган эди (муаллиф Гулмира Зиёева). Бир йил ичида телелойиҳанинг 4 та мавсуми бўлиб ўтди. Бошловчи Мафтуна Ашурова лойиҳа ҳақида гапирар экан, қатнашувчи қизлар биринчи галда келинлик мактабида ўқишлари зарурлигини таъкидлайди.
Телелойиҳа эса айнан ана шу мактабни яратади. Унда 7 нафар танлаб олинган қизлар уй тутиш, кир ювиш, овқат, ширинликлар пиширишдан тортиб, тикиш-бичишгача билишлари зарур. “Келинлик мактаби”га ўқитувчилар эса турли хил ўқув курсларидан таклиф этилади. Аммо ана шу ўқитувчилар амалий машғулот билан бирга, назаримда, қатнашчи қизларга тобеликни, “иккинчи нав одамлигини” сингдиришади. Масалан, реалити-шоунинг 2019 йил 22 сентябрь сонида (https://www.youtube.com/watch?v=qGyk48TOctc) қизларга “қайнонага қиз бўлиш мумкин эмас”, деган гап уқтирилади. “Қиз ўрнига сакраб кетишни мақсад қилманг” дейилади, яъни нафақат қатнашчилар, балки миллионлаб томошабинларга “келин ҳеч қачон тушган жойига қиз бўлмайди, у келинлигича қолади. Келин эса – хизматкор, барча оила аъзоларига хизмат кўрсатиши лозим, улар билан тенг ҳуқуқли эмас”, деган тушунча берилади.
2-мавсумдан бошлаб реалити шоуни бошловчи Диёра Шерматова олиб борди. Реалити шоуни кузатган томошабин бошловчиларнинг ўрнини унчалик сезмайди, уларнинг асосий вазифаси қизларни у шартдан бу шартга етаклаш бўлиб қолган, холос. 2020 йил февралдан реалити шоунинг 4-мавсуми старт олиб, кўрсатувларда илк маротаба қизлар боулинг ўйнашга олиб борилди, қўшилган янги дарсларда эса қизларга “Хўп бўлади, ойижон”, “сизнинг гапингиз тўғри, ойижон”, “кечирасиз, ойижон” деган сўзларни билиб олсангиз, яхши яшайсиз”, дея сабоқ берилди ва юқорида тилга олинган тобелик тарғиб этилди.(https://www.youtube.com/watch?v=WdItNDHfDqo) Демакки, лойиҳа ижодкорлари тасаввурида хонадонга келин бўлиб тушган қиз мутлақ тобе, ҳақ бўлса ҳам ноҳақ, ўз ҳуқуқини умуман ҳимоя олмайдиган муте бир шахс бўлмоғи лозим. Шу ўринда беихтиёр аскиячи Аваз Охуннинг “Хонадонингизга қулчиликка келдик, деб алдайли совчилар. Қизни келин қилиб олиб бориб, қул қилиб ишлатасизларку!” – деган бир қараганда кулгули, лекин жуда аччиқ-азобли сўзлари ёдга тушади.
Тобе келин “ғолиб”ликка даъвогар
Мазкур мавзуни “Севимли” телеканали ҳам давом эттирмоқда. “Келгинди келин” деб номланган реалити шоу телетомошабинлар ичида оммабоплиги билан ажралиб туради. Телелойиҳа Қирғизистонда 2017 йилда намойиш этилган “Келин” реалити шоуси билан жуда ўхшаш. Унинг ғоясига кўра, турли касб эгалари бўлган, шаҳарда туғилиб ўсган, бугунги кунда жамиятда ўз ўрнини топган қизлар, аёллар қишлоққа бориб, бир кунлик келинлик вазифасини ўтайдилар: нон ёпиш, ўт ўриш, таппи ясаш, чопиқ қилиш, овқат пишириш, кир ювиш, молга қараш ва ҳоказо. Ҳаммасини уддасидан чиқиб, бажарган қатнашчига “келгинди келин” унвони берилади. Бир томондан реалити шоу қишлоқ аёлининг оғир меҳнатини кўрсатиб берса, иккинчи томонидан яна юқорида тилга олинган “Эпли келин”дагидек, келин ҳамма нарсани бажариши, қишлоқдаги қайнонасининг “сўзидан чиқмаслиги керак” деган тушунчани томошабинлар аудиторияси онгига сингдиради. (https://www.youtube.com/watch?v=O-wHJ35w6v8).
Фақат шундагина келин “ғолиб” бўлади. Аммо, аслида тобе келин ғолибми? Телелойиҳа ижодкорлари мавзуга фақатгина бир томонлама ёндошишган. Мамлакатимизда бир томондан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, улар жамиятда ўрнини топиши учун ҳаракат қилинаётган бир пайтда ОАВ жамиятдаги мавжуд “келин-хизматкор” каби қотиб қолган тушунчага асосланиб, уларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётир. Бу журналистларнинг мазкур масалани чуқур билмаслиги, асрлар давомида онгимизда шаклланган келинларга нисбатан мазкур қолиплардан кета олмаётгани, муаммони таҳлил этишга қодир эмаслигида кўринади.
Қайнона -“генерал”, келин -хизматкор
“Севимли” телеканалининг яна бир ўхшаш лойиҳаси бўлган “Менинг қайнонам генерал” реалити шоусининг ғояси Американинг “Бош ошпазлар жанги” кўрсатуви мазмунига жуда яқин. Фақат у ерда ресторанларнинг бош ошпазлари “Мишлен юлдузи” учун курашишса, бу ерда қайнона ва келинлар телеканал томонидан қўйилган соврин-музлаткич учун курашишади. Телелойиҳанинг мазмуни шундаки, 5 нафар қайнона келини билан, олдиндан тузилган рецептлар ва кўрсатув ижодкорлари томонидан тарқатилган 200 минг пулга бозорлик қилишади. Сўнгра 10 нафар қатнашчи ва 2 бошловчи — Нигора Исмоилова ва Муҳаббат Ҳамроевалар учун 3 соат давомиа қайнона назоратида 3 хил овқат пиширишлари зарур. Ҳар бир тортилган таомга қатнашчилар баҳо қўйишади. (https://www.youtube.com/watch?v=Mk4Q515COXA) Кўрсатув бошида айтилишича, асосий мақсад -келин тайёрлаган таом ҳам қайнонани, ҳам барча иштирокчиларни лол қолдириши керак. Шоуда тежамкорлик (ажратилган 200 минг сўмга, уни иложи борича тежаб, 3 хил овқат масаллиғи учун бозор қилиш), овқат пишириш санъати асосий мавзудир. Аслида реалити шоунинг асосий мақсади бироз тушунарсиз. Фақат келинини бошида туриб овқат пиширтириш ва тежамкорликни назорат қилиш орқали қайноналар “генерал” мақомига эришиши мумкинми? Реалити шоунинг биринчи мавсумида олиб борилган овқат пишириш “жанги” ҳамда баҳо қўйишда иштирокчилар асосан рақибини ерга уришди.
Ютуб ижтимоий тармоғига қўйилган мавсум сонларига телетомошабинларнинг изоҳларида асосан унинг мазмунига эътибор бермай, кўрсатувда пиширилаётган таомларнинг рецептларини сўрашган. Реалити шоу давомида келинларнинг чаққон бўлиши, барча уй юмушларига ўз вақтида улгуришлари, қайноналарининг сўзидан чиқмаслиги зарурлиги орқалигина “идеал келин” образи шакллантириб борилди. Шу ўринда савол туғилади, айнан ана шундай реалити шоулар жамиятда тобора кескинлашиб бораётган қайнона-келин муносабатларида янги зиддиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмайдими? Келиннинг оила аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, дам олиши, бола тарбияси билан шуғулланиши, инсон сифатида ривожланиши, касбий жиҳатдан ўз устида ишлаши борасидаги масалалар, афсуски кўрсатувларда умуман кўтарилмайди. Оилада ўғилнинг ўрни, унинг тарбияси, куёвнинг аёлига нисбатан муносабати қандай бўлиши лозимлиги, бола тарбиясида ота-онанинг ўрни ҳақида деярли сўз юритилмайди. Шу жиҳати билан бу кўрсатувлар оилага тайёрлашни мақсад қилган ва фақат бичиш-тикиш, пишир-куйдирни ўргатадиган ўқув курсларининг телевизион варианти бўлиб қолган. Ваҳоланки, катта шаҳарларимиздан фарқли равишда қишлоқ жойларида қизларимиз ҳеч қанақа курсларда ўқимай ҳам ана шу ишларни ўрнига қўйишни онажон ва бувижонлардан ўрганишади. Лекин шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам, ўша ўқув курслари ва телевизион реалити шоуларда ҳам оила психологияси: турли зиддиятли вазиятларда ўзини қандай тутиш, улардан “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмай” чиқиб кетиш кабилар ўргатилмайди. Мазкур реалити шоуларда худди бизнинг халқимизни овқату, кийим-кечакдан бошқа нарса қизиқтирмайдигандай кўринади.
Мазкур реалити шоуларнинг савияси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Жамиятда аёлларимизни улуғлаш, уларни ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиш учун фаолият олиб борилаётган бир пайтда аудиториянинг бу борадаги фикрларини , дунёқарашини мустаҳкамлаш ўрнига, уни орқага тортаётгани сир эмас. Муте, тобе, ўз ҳуқуқини билмайдиган ва талаб этмайдиган, қарам, ўзининг фикри йўқ келинлар келгусида фарзандларини ҳам она сифатида худди шундай муте қилиб тарбиялашлари ҳаёт тажрибасида исботланган. Афсуски, тилга олинган реалити шоуларда, қизларнинг бўлажак она сифатида билимини, ижтимоий фаоллигини ошириш кўринмайди. Уларда аёлларимиз яна қайси сифатлар билан жозибали бўлиши, уларни қандай муаммолар безовта қилаётгани, оила, иш, уйдан ташқари яна қандай қизиқишлари мавжудлиги тилга олинмайди.
Табийки, бундай кўрсатувлар жамиятдаги мавжуд қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, аёлнинг оиладаги иккинчи, баъзида учинчи даражали ўрни ҳақидаги шаклланган тушунчаларни янада мустаҳкамлаб, оилаларда маиший зўравонлик, ажралиш ҳолларини кўпайишига олиб келишга етаклаётган асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Наргис ҚОСИМОВА