1 232

Зўрланган аёл…

Жамила  (исмлар ўзгартирилган) бугун  ҳам тонг ёришар ёришмас, тезда газ плита устида илиб турган чойни бир бурда нон билан ичди. Тушликда ейиш учун қолган ноннинг ичига  музлаткичдан арзон пишлоқни кесиб солди. Кўнгли бўлмай, унинг ярмини ўғилчасига қолдирди. Ҳар қалай музлаткичда яна бир бўлак колбаса, 4 та тухум, озроқ маргарин бор. Жамила маргаринни сариёғ ўрнида ишлатади. Сўнг устидаги кўрпаси очилиб қолган ўғилчасининг устини ёпиб,  ваннахонада таҳорат олаётган онасига секингина “Мен кетдим” дея, оҳиста эшикни ёпиб чиқиб кетди. Ҳаво совуқ. Ташқарида қор учқунлайди. Рўмолини яхшилаб ўраб олгач, автобус бекатига юрди. Ҳали эрта бўлишига қарамай, бекатда анчагина одам  совуқдан дилдираб туришарди. Орадан ярим соат ўтди. Бу орада Жамиланинг тикилавериб, юпунлашиб кетган этигида оёқлари совуқдан қотиб қолди. Бекатдаги бир неча одам, автобус келишидан умидини узиб, манзилларига таксида кетишди. Ниҳоят автобус келгач, қолган одам ўзини ичкарига урди…

Мардикор бозорга Жамила бугун кечроқ келди. Ичи тирбанд автобусдан тушиб, нафасини ростлагач, чеккароқда гаплашиб турган 3-4 аёлнинг ёнига борди.

-Бугун кеч қолдингизми?  Иккита машина келиб, олиб кетишди 3-4 тани, деди ёши 60 ларни қоралаган Хусния.

-Ҳа буларга фақат ёшлар керак, бизни ишимизни кўрмаёқ ўтинга чиқаришади, деди унинг гапини бўлиб Зайнаб опа.

Аёллар совуқда иш камлиги, рўзғорни бекорга ғор демасликларини гапириб, ношуд эрларидан нолиб туришганида муюлишдан қоп-қора. Қимматбаҳо машина бурилиб, уларнинг олдига келиб тўхтади.

Қорайтирилган ойна туширилиб, ичида ўтирган иккита ўрта ёшлардаги эркак совуқда дилдираб турган аёлларни бир зум кўздан кечиришди.

-Нима иш айланай, бир пасда ҳаммаёқни чиннидай қилиб берамиз. Кир ҳам ювамиз, дазмоллаймиз, идиш товоқ ювамиз, ёки овқат пишириш керакми? Зайнаб опа машинага биринчи бўлиб яқинлашди. Унинг орқасидан қолган аёллар  ишдан қуруқ қолмаслик учун ўзларини машинага уришди.

-Нима иш?

-Қанчага олиб кетасиз?

-Ҳамма нарсани қила оламан…

-Бизга битта одам керак, холос. 3-4 хонани тозалашга…

-Мен тозалайман…

-Э, қочей… Ўзим ҳаммаёқни ялтиратиб бераман.

Туширилган ойнадан Жамиладан кўзини узмай турган эркак, қўлини бигиз қилиб уни кўрсатди.

-Исминг нима?

Хотинлар орқага суриб ташлаган Жамила ўзига дарров иш чиққанидан хурсанд бўлиб кетди. Меникми? Жамила.

-Чиқ машинага…

-Иккита одам олинг, тезроқ ишингиз битади. Хотинларнинг бақир-чақири  оламни бузди.

Жамила хозир унинг ўрнига бошқа аёлни олиб кетишлари мумкинлигини ўйлаб, тозалаш пулини ҳам келишмай, тезда машинага чиқиб ўтирди.

Уни чақирган эркак гапга чечан экан. Бир пасда аелни гапга солиб, ёши 28 далиги, 4 яшар ўғилчаси борлиги, эри Россияда ишлаши, қайнонаси уни 2текинхўрсан” дея ҳайдаб солганини, ҳозир огнаси билан ижарада туриб, ўзи дуч келган юмушни қилишини, эри  мутлақо ёрдам бермаслигини билиб олди. Бу кунлар ўтиб кетишини айтиб, юпатган киши бўлди.

Улар келган жой икки қаватли дала ҳовлиси эди. Ўзини Ботир деб таништирган эркак, дала ҳовлида 5 та хона борлиги, уни тозаласа 300 минг беришини айтди. Жамилани қолдириб, ўзлари қаёққадир кетишди.

Жамила кечқурун базм бўлиб, тўзиб ётган хонани йиғиштиришдан бошлади. Ҳамма хоналарни чанг ютгичда тозалаб, чанги ва полларни артиб, идиш-товоқларни ювиб, саранжоимлаганича ҳаш-паш дегунича  орадан 4 соат вақт ўтди. Ишини энди тугатганида Ботир бир ўзи қайтиб келди. Жамиланинг ишини мақтаб, қорни очқагани, шу сабабли Жамилага ҳам егулик олиб келганини айтиб, қўлидаги бир марталик идишларга солинган овқатни унинг қўлига тутқазди.

-Иситиб келинг, бирга овқатланамиз. Шундагина Жамила ҳақиқатдан ҳам қорни жуда очқаганини сезди.

-Йўқ, менга пулимни беринг кетаман.

-Шаҳаргача салкам бир соатлик йўл. Олиб бориб қўяман. Дастурхон тузанг.

Тезда микротўлқинли печда овқатларни иситиб қайтадан дастурхон тузади. Ботир  шкафдан ароқ олиб, пиёлаларга қўйди.

-Мен ичмайман, деди Жамила ийманиб.

-Совуққу, исийсиз.

Ботир икки пиёлани кетма кет симириб, овқатни иштаҳа билан ея бошлади. Жамила ҳам ўз улушини ярмигача еди. Кейин қолганини онаси билан ўғилчасига олиб кетишини Ботирдан сўради.

-Еявер, йўлдан яна олиб бераман, бу сафар уни сенсиради Ботир.

-Йўқ, раҳмат, шу етади. Жамила қолган овқатни яна бир марталик идишга солиб, уни  целофанга ўраб, сумкасига солди. Сўнг дастурхонни йиғиштириб, идишларни ювди. Унинг ҳаракатларини жимгина кузатиб турган Ботир, чўнтагидан  3 та юзминг сўмликни чиқариб Жамилага яқинлашди. Аёл пулни олиши билан, уни қучоғига тортди.

-Вой, қўйворинг, бўлмаса бақираман

-Бақиравер, барибир сени ҳеч ким эшитмайди…

Жамила ҳарчанд уринмасин, йиғлаб, ялинмасин бақувват эркакнинг қўлларидан қутила олмади…

Мана буни олиб қўй, бировга ғинг десанг, ерни тагидан бўлса ҳам топаман. Ўғлинг тирик қолишини истасанг, оғзиннгни маҳкам тут.

Ҳирсини қондирган Ботир йиғлаб, кийимларини тузатаётган Жамиланинг олдига яна 200 минг сўм ташлади.

Жамила ташқарига чиққанида Ботир машинада уни кутиб ўтирар эди. Йўл бўйи иккаласи ҳам чурқ этмади. Фақатгина шаҳарга киришганида Ботир машинани тўхтатиб, яна таҳдидли гапларини такрорлади. Машинадан тушиб, бошини қуйи солганича, кўз ёшларини артиб кетаётган Жамиланинг ортидан бир зум қараб турдида, сўнг машинани ҳайдаб кетди…

 

Наргис Қосимова

Улашинг: