1 488

Қашқадарёдаги ягона спорт газетаси нега ёпилди?

Мамлакатимизда спортга, хусусан болалар спортига бўлган эътибор кундан кунга ошмоқда. Спортчиларимизнинг нафақат республика, балки халқаро майдонда қўлга  киритаётган ютуқлари таҳсинга сазовордир. Албатта, спортчиларимиз муваффақиятини кенг ўқувчилар аудиториясига таништиришда, ўсиб келаётган ёш авлодда спортга бўлган меҳрни уйғотишда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди. Зеро, юртимиз фарзандларининг соғлиғи келгусида давлатнинг  турли соҳалардаги ривожини таъминлаб бериши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо  қўлга киритилаётган ютуқларни кенг  ва батафсил ёритиб келаётган, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилоят филиали муассислигида (айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги Фармони билан бу жамғарма фаолияти тугатилиб унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси тузилган) 2007 йилда таъсис этилган “Қашқадарё ёшлар спорти” газетасининг фаолияти Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Қашқадарё вилоят Матбуот ва ахборот бошқармасининг даъвосига асосан суд орқали  тўхтатилиши нашр ўқувчиларини ажаблантирди. Асос сифатида эса  Бошқарма томонидан  киритилган ва баъзи жумлаларда ва қарорларнинг номларини ёзилишида кетган хатоликлар кўрсатилган. Масалан, бошқарма бошлиғи С.Саломов имзоси билан 2017 йил 3 октябрда  газетанинг бош муҳаррири А.Раҳмонов номига юборилган тақдимномада  газетанинг 1 сентябрдаги  35-сонида чоп этилган “Масъулиятсиз раҳбарга ўрин йўқ” сарлавҳали мақолада  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида  юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчилар ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорининг номланишида “Нуфузли спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида” дея нотўғри ёзилган. Ёки 2017 йил 22 декабрда киритилган тақдимномада эса газетанинг 18.08.2017 йилдаги сонида “Олимпия ўйинлари тарихи” сарлавҳали мақолада “Ёзги ўйинларнинг эркаклар учун спорт тури 4 қитъанинг камида 40 давлатида тарқалган бўлиши керак” жумласида аслида “75 та давлатда тарқалган бўлиши керак” деган хатоликлар кўрсатиб ўтилган. Газетанинг 2017 йилда  йўл қўйган юқоридагига ўхшаш техник хатоликлари 13 та бўлиб, бу борада Бошқарма томонидан 5 та тақдимнома киритилган.  Газетанинг бош муҳаррири Акбар Раҳмоновнинг айтишича, 2017 йилда чоп этилган мақолалардаги айрим техник хато ва нотўғри маълумотлар  берилишида айбини тан олиб, ушбу хатолар юзасидан газетада тузатишлар берилган ва ходимларга нисбатан иқтисодий жазо чоралари қўлланилган.

Аммо Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармасининг Қарши туманлараро иқтисодий судига 22.02.2018 да киритилган  “Қашқадарё ёшлар спорти” оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини ва гувоҳномасини амал қилишни тугатиш ҳамда почта харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво аризасида “ушбу қонун бузилиш ҳолатларига бартараф этиш чоралари кўрилмаган” дейилади. Шунингдек, унда “газетанинг мажбурий нусхаларини етказиб беришда кечиктириш ҳолатлари юз берган”лиги қайд этилади. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 4-1801-1802\676 сонли иши сифатида қайд этилган Ҳал қилув қарорида суд даъвогар аризасини қаноантлантириб, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилоят филиали муассислигида 2007 йил 12 январда таъсис этилган “Қашқадарё ёшлар спорти” газетаси оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши ва унинг гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарди.

Хўш,  газетанинг ёпилишидан ким манфаатдор у, ким жабр кўрди?

—  Таҳририят ходимлари билан газетанинг назорат сони бошқармага кечиктириб берилиши борасида келган тақдимномага аниқлик киритиш учун вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Чоршанби Раҳмонов ёнига тушган эдик, — дейди  газета мухбири Лобар Каримова. — Энг қизиғи, бизнинг ташрифимиз у кишини саросимага солиб қўйди. “Фақатгина техник хатолар билан бутун бошли газетани ёпиб юборилишига хайрихоҳлигингизни қандай тушунишимиз мумкин?”, деганимизда масъул “сизлар хато ўйлаяпсизлар, фақат сизлар эмас, бошқа газеталар ҳам ёпилади. Истасангизлар уларнинг хатларини ҳам кўрсатаман”, дея вазиятни хаспўшлашга ўтдилар. Яна қўшимчасига, мана қаранг, сиздан олдин ҳам иккита газетани ёпгандик, улар яна қайтадан газета очишди. Сизлар ҳам шундай бошқа газета очиб олаверасизлар. Бунинг қийин жойи йўқ дедилар. Э, қойил газетани очиш ва ёпиш гўёки ўйинчоқ. Биз ёпамиз, сиз очасиз. Айнан мана шу гаплари мутасаддини қанчалик ижодий жараёндан йироқдаги инсон эканлигини кўрсатиб турарди.

— Мен “Қашқадарё ёшлар спорти” газетанинг доимий ўқувчиси эдим. Вилоятимизда спорт соҳасидаги  янгиликлар билан доимий равишда айнан газета орқали оилавий танишиб бораётган эдик, дейди газета муштарийи Баҳром Қаршиев. -Газетанинг ёпилганини эшитиб, жуда ҳам ҳайрон қолдим. Чунки у вилоятимизда спортга ихтисослашган ягона газета. Тўғри бошқа  ОАВ орқали ҳам спорт янгиликлари бериб борилади, аммо уларда бу хабарлар жуда қисқа ва таҳлилсиз ёритилади. Газетанинг ёпилиши биз муштарийлар учун  катта йўқотиш бўлиши мумкин.

“Қашқадарё ёшлар спорти” газетаси қисқа муддатда ўз обуначиларига, вилоят миқёсида ўқувчилар аудиториясига эга бўлган нашрлардан биридир.  Обуначиларнинг айтишларича, газета мунтазам равишда, ўз вақтида уларнинг хонадонларига етиб бориш билан бирга, саҳифаларида чекка қишлоқлардаги спортга бўлаётган эътибор ҳам назардан четда қолдирилмаган. У фаолияти давомида икки маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант танловида долзарб лойиҳалари билан қатнашиб ғолиб бўлган, (айни дамда ҳам ўша грант танлови доирасида иш олиб борилаётган эди). Ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёшларнинг соғлом турмуш тарзига интилишни қўллаб-қувватловчи ва носоғлом турмуш тарзини катта танқид қилувчи ахлоқий-таҳлилий мақолаларни  эълон қилиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисман ва маънан баркамол бўлиб тарбия топишига ўз ҳиссасини қўшиб бораётган, вилоятда ўтказилаётган спорт тадбирларидан янгиликларни тезкор равишда муштарийларга етказаётган, вилоят спортини ривожлантиришга алоқадор соҳада меҳнат қилаётган жонкуяр ходимларни рағбатлантириш мақсадида уларнинг илғор тажрибаларини кенг тарғиб этадиган мақола ва бошқа журналистик материаллар эълон қилаётган, ривожланган мамлакатларда оммалашган, ноанъанавий спорт турлари ҳамда жаҳон спорт тарихида юксак натижаларга эришган ва шу билан ўз мамлакатининг обрўсини дунё миқёсида анча ошираган спортчилар ҳақида маълумотлар бериб бораётган нашр эди.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида оммавий ихборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиблари ва унинг ҳуқуқий асослари келтириб ўтилган. Лекин, тан олайлик, агар Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Қашқадарё вилоят Матбуот ва ахборот бошқармасининг Тақдимномасида қайд этилганга ўхшаган техник ва имловий хатолар учун оммавий ахборот воситалари фаолияти тўхтатиладиган бўлса, бугунги ОАВ макони деярли бўшаб қолган бўларди. Нафақат вилоят ёки туман, балки республика нашрлари, теле ва радиоканалларига бир назар солинг, қанча имловий хатолар, жой, ташкилотлар номларининг, расмий ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари) номларининг нотўғри ёзилиши ёки айтилишига истаганча гувоҳ бўласиз. Лекин ҳеч ким ёппасига уларнинг фаолиятини тўхтатиб ёки тугатиб қўймаяпти. Аксинча, аслида маърифат улашувчи ҳисобланган ОАВимизда техник ва имловий хатолар бўлмаслиги учун Матбуот ва ахборот бошқармалари, Журналистлар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари ҳамкорликда иш олиб боришса, бундай ҳолатлар давра суҳбатлари, семинарларда муҳокама этиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

ОАВ фаолиятини тўхтатиш ёки тугатишни эса асосан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси талаблари бузилгандагина қўллаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: