1 562

Она тилим – оғрир дилим

Тил-миллат қиёфасининг бир бўлаги. Она тили эса – миллатнинг руҳидир. Биз шу ва шунга ўхшаш маъноли сўзларни кўп бора эшитганмиз. Аслида-чи? Она тилимиз миллат руҳини ифода эта олмоқдами? Умуман олганда она тилимизга бўлган эътибор етарли даражадами?

Университетдан чиқиб Арча кўча бўйлаб борар эканман ҳашаматли бинолар пештоқида ёзилган ёзув ва рекламалар диққатимни тортди. Гўзаллик салони ёзилиш ўрнига “ Beauty salon”, сартарошхона ёзилиш ўрнига “Barbery Shopp” каби ёзувларни кўрдим.  Чорраҳадан ўтаётган пайтимда бир гуруҳ ёшларнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Уларни кўча тилида ва бошқа тилдаги сўзларни қўшиб гапиришларини эшитиб ўзимга шу саволни бердим:

“Наҳотки бизнинг она тилимиз шу даражага келиб қолган бўлса?”

“Тил билган – эл билади” ёки “Дунё тилларидан хабардор бўлиш сизга дунё эшикларини очади” – каби мақолларни эшитганмиз. Ҳозирги кунда хорижий тилларга бўлаётган эътибор жуда кучли. Хориж давлатларига чиқишга (ўқиш, иш, саёҳат ва дам олиш учун) биздан биринчи талаб этиладиган нарса бу хорижий тилни билиш. Ёшларни хорижий тилларга бўлган талаблари кун сайин ортиб бормоқда ва бу қувонарли ҳол. Аммо биз ортиқча берилиб кетмадикмикин?

Эътибор берадиган бўлсак айни пайтда хорижий тиллардан инглиз тилига бўлган талаб жуда катта. Турли тил курслари, ўқув марказлари очилиб, кундан- кунга фаолияти кенгайиб бормоқда. Аммо танганинг ҳам икки томони бўлгани каби бу масаланинг ҳам бизнинг она тилимизга бўлган салбий томонлари йўқ деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Атрофимизга назар соладиган бўлсак кўп ҳолларда тил меъёрларининг бузилишига гувоҳ бўламиз.  Ҳозирда эса одамларнинг мулоқотда ишлатаётган бошқа тиллардан олинган сўзлари бизнинг диққатимизни тортмайди. Негаки, бизга бу аллақачон одатий сўзлар қаторига айланиб бўлган! Мулоқотда фойдаланадиган хорижий тиллардан ўзлашган сўзларни (давай, карочи, okey, good bye, thenk you, хорошо кабиларни) минг афсуски ўзимиз ҳам ишлатамиз.

Ҳаёлимдан ўтган фикрлардан сўнг ким биландир шу мавзуда суҳбатлашгим келди ва устозларимдан бири филология фанлар номзоди, журналист, тренер Наргиза Қосимовага бир неча саволлар бериб изоҳ олдим. 

Ўзбек тилининг бугунги кундаги аҳволи ҳақида нима айта оласиз?

—Афсуски ўзбек тили ҳақида гапирганда доим кайфиятим тушиб кетади. Нима учун? Чунки ўзим ўқитувчи сифатида Олий таълим муассасида дарс бериш жараёнида шуни кузатдимки, бизга (халқаро журналистика факультетига) келаётган талабаларнинг саводхонлиги жудаҳам паст. Ёзиш жараёнида жуда ҳам кўп имловий ва услубий хатоларга йўл қўйишади. Ижодий ишларда имловий хатолар кўрсатилганда, улар бундан асло хафа бўлишмайди, аксинча маънони тўгри ёзганманку, нима бўпти деб айтишади. Бу фожиа.

Бу фожиалар замирида нима ётади?  Унинг сабаблари нима?

—Энг аввало мактабларда ўзбек тилини тўғри  тушунтирмаслик. Айни кунда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган дарсликлар мавзуси. Дарсликлардаги хатолар ва дарсликларнинг таркибида буюк аждодларимиз эмас, тадбиркорларнинг киритилганлиги, дарс жараёнида ўқитувчиларнинг тил меъёрларига риоя қилмасликлари ва энг ёмони ОАВ, телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган материалларда адабий тил меъёрларига риоя қилинмаслик аста секинлик билан бизнинг она тилимизни инқирозга олиб келмоқда ва яна такрор бўлса ҳам айтаман бу катта “фожиа”.

“АГАР БИЗ ТИЛИМИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛМАСАК, УНИ АСРАМАСАК ЖАР ЁҚАСИГА КЕЛГАН ТИЛИМИЗ АНИҚ “ЖАР” ГА ҚУЛАЙДИ ВА…”

Хорижий тилларга бўлаётган эътибор ва хорижий тиллардан ўзлашаётган сўзлар бизни она тилимизга таъсир қилмаяптимикин? Бу борада сизнинг мутахассис сифатида фикрингиз қандай?

—Глобаллашув жараёнида умумлашган сўзлар қаторида қабул қилинган сўзлар бизни она тилимиз таркибига кириб келади ва бунга қарши курашиш жуда ҳам қийин. Терминлар ва айрим соҳа бўйича ишлатиладиган сўзларни муқобилини топиб уни таржима қилиш осон эмас, албатта!  Эътибор берадиган бўлсак, мулоқотда кўпроқ рус тилидаги сўзлар ишлатилишининг гувоҳи бўламиз. Бу айрим тарихий воқеалар билан ҳам асосланади. Бизни собиқ совет таркибида бўлганлигимиз, меҳнат миграцияси туфайли инглизча аралашган сўзлар унча ишлатилмайди ва бу кўпроқ ёшлар тилида ишлатилади. Мустақилликка эришганмизга 30 йилдан ошган бўлса-да, ҳозиргача кўплаб теле-дастурлар рус тилида. Тилнинг софлигини сақлаб қолган давлатлар ҳам бор, бунинг учун қатъий қонун меъёрларига амал қилиш керак.  Озарбайжон, Грузия, Япония, Тожикистон каби давлатларда бу ҳодисанинг гувоҳи бўлиш мумкин. Шу нарсани гувоҳи бўламанки бизда кўпчилик аҳоли ўзбек тилида гаплашади, аммо пештахталардаги ёзувлар инглиз тилида. Бунинг учун қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши зарур ва шу қонун меъёрларини бузганларга қатъий чора кўрилиши ва жаримага тортилиши керак деб ўйлайман. Яна битта муаммолардан бири бу давлат ҳужжатларини ўзбек тилида юритилмаслигида. Тил ҳақидаги қонунда давлат ҳужжатлари ва давлат ташкилоти қонун лойиҳалари ўзбек тилида юритилиши шарт деб белгилаб қўйилган. Вилоятларимизда бунга амал қилишса-да пойтахтимизда қонун лойиҳалари рус тилида берилади.  Бу ҳалигача қонун тўлиқ амалда эмаслигидан далолат беради.  Мен тил ўрганишга бўлган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайман бу — маданият белгиси, албатта! Аммо, биз келажак авлодга ўзбек тилини яхши ўргатишимиз лозим!  Чунки, агар биз тилимизни ҳурмат қилмасак, уни асрамасак жар ёқасига келган тилимиз аниқ “жар” га қулайди ва жуда кеч бўлади.

Бу борада қандай таклифлар бера оласиз?

—Таклифларим, аслида жуда кўп. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлари ўзбек тилида муҳокама қилиниши ва ёзилиши шарт. Бу давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасидаям ёзилган.

Давлат идоралари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳам ўзбек тилида бўлиши шарт! Аризалар ўзбек тилида бўлмаган ҳолатда қайтаралиши керак.

ОАВ ва телевидениеда тил меъёрлари қатъий назоратга олиниши керак.

Рекламалар (ташқи ва ички рекламалар) қатъий назоратга олиниб, субъэкт номларини ўзбек тилида номланиши шартлигини белгилаш керак деб ўйлайман.

Айтиш мумкинки, биз она тилимиз билан фахрланамиз уни буюк бобокалонларимиз тили эканлигидан ғурурланамиз. Аммо, фақатгина фахрланишни ўзигина етарли эмас. Она тилига эҳтиромни биз кўрсатмасак уни аҳволи не кечади? Статистикани ўрганиб чиқарканман қўйидаги маълумотга кўзим тушди:

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан сивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда  кузатилмаган.  Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, неметс, рус ва япон тиллари ҳам киритилган. Жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитъа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Таҳлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазъиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, ХХИ аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.

ТИЛ ЯШАБ ҚОЛИШИ УЧУН УНДАН КАМИДА БИР МИЛЛИОН КИШИ СЎЗЛАШИШИ КЕРАК…”

Мавжуд тилларининг 90%нинг ҳар биридан 100.000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда 357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250 танинг ичида экани қувонарли, албатта.

ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50 та, Тинч океани минтақасида эса 200 та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400 та тилдан 600 таси келажакда, 250 таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши ҳақида бонг урилмоқда.

АҚШ ҳудудларига европаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда Шимолий Америка ҳиндуларнинг камида 150 та тили сақланиб қолган. Лейпциг университети ходими Балтазар Бикелянинг сўзларига қараганда, Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.

ЮНЕСКО хомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим тахлилчилар, тилларнинг йўқолишига глобализациядан ташқари айрим ҳукуматлар олиб бораётган сиёсат ҳам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.

ИККИ МИНГ ЙИЛ ДАВОМИДА ЎЛИК ТИЛ ХИСОБЛАНИБ КЕЛИНГАН ИВРИТ ТИЛИ ХАМ ҚАЙТА ИСТЕЪМОЛГА КИРИТИЛДИ

Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган худудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари хам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил хисобланиб келинган иврит тили хам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сухбатлашишади.

 ҚАЧОНКИ БОЛАЛАР ЎЗ ОНА ТИЛЛАРИДА ЎҚИШНИ ТЎҲТАТАР ЭКАН, ЎША ТИЛ ЙЎҚОЛИБ КЕТИШ АРАФАСИГА КЕЛИБ ҚОЛАДИ

Хулоса сифатида айтишим мумкинки, қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади.  Она тилимизни гуллаб яшнаши бу бизнинг ўз қўлимизда. Ахир бизнинг буюк аждодларимиз ўзларининг адабий меросларини тарқалиши учун уни бошқа тилда ёзмаганлар-ку?  Халқимизда “Кимки ўз она тилисида сухандинга айланса, уни бошқа тилларни ўрганиши 100 марта осон бўлади”. Биз ўз она тилимизни мукаммал даражада билмас эканмиз, унга муносиб эҳтиром кўрсатмас эканмиз, уни асраб авайламас эканмиз қандай қилиб бошқа тилда муваффақиятга эриша оламиз?

Ҳозирги кунда бошқа тиллардан ўзлашаётган сўзларни кундалик ишатиладиган сўзлар қаторида айтилиши бу келажак авлодни бу тилни унутиб қўйишидан ишорадир. Она тилимизни келажак авлод учун софлигини сақлаб қолиш ва уни йўқолиш хавфида турган тиллар қаторидан жой олмаслигини таъминлаш бизнинг қўлимизда. Зеро, тилини йўқотган миллатнинг  тарихи, бугуни ва келаги ҳам бўлмайди.

Отабек Усмонов суҳбатлашди

Улашинг: