13

Қосимов Суннат Қосимович (1931-2002).

Шифокор, педагог, журналист. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач.

1931 йил 20 май куни Жиззах вилояти Жиззах тумани Ўратепалик маҳалласида Бекариқ қишлоғида ўқитувчи оиласида туғилган.  Отаси Қурбонов Қосим қори биринчи бўлиб, Жиззахда 1924-28 йиллари Бузрукхон эшон ҳовлисида мактаб-интернат очиб, камбағалларнинг болалаларини ўқитган. Онаси Миразимова Ойша, диний қизлар мактабини битиргач, фарзандлар тарбияси билан шуғулланган. Суннат Қосимов  Хосият, Юсуф, Мақсаддан сўнг 4 фарзанд бўлиб, ундан сўнг укаси Неъмат туғилган. Иккинчи жаҳон уруши оқибатида акаси Юсуф Сталинград жангида ҳалок бўлган. Орқама-кетин ота-онаси, икки опаси касалликдан вафот этишган. Уйларини қариндошлари сотиб юборгач, у 5 яшар укаси Неъмат билан Болалар уйига ўзи бориб, у ерда қолган.

1949 йили 10-синфни битиргач,  1949-55 йиллари Самарқанд давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан, сўнг икки йиллик хирургия мактабини (ординатура) битирди. Иш фаолиятини 1953 йили институтда ўқиб юрганида ўрта тиббиёт ходими сифатида бошлади. Сўнг мустақил шифокор сифатида Самарқанд вилояти Лангар конида фаолият юритди.Туманлараро жарроҳ бўлиб ишлади. 1959 йили миллати қрим татар бўлган, Умерова (Қосимова) Нариега уйланиб, ундан 5 нафар фарзанд кўришди:  Қосимова Гулнора (1960), Қосимова Феруза( 1966), Қосимова Наргис (1969), Қосимова Нодира (1971), Қосимов Назим (1972).

1962 йили Жиззах шаҳрига ишга келиб,  Сирдарё сўнг Жиззах вилоятларида травматология ва ортопедия хизматини ташкил этди. 1964-1999 йилларда Жиззах вилоятида бош травматолог бўлиб ишлади. 1955-57 йиллари Акушерлик билим юртида, 1963-64 йиллари Ҳамширалар курсида, 1966 -76 йиллар Тиббиёт техникумида ишдан ажралмаган ҳолатда дарс берган. 1995-1999 йиллари Жиззах педагогика институтининг “Тиббиёт асослари” кафедрасида ишдан ажралмаган ҳолатда талабаларга дарс берди.

Илмий ишлари

Суннат Қосимов 5 та ихтиро, 15 та рационаллик таклиф, 3 та китоб, “Очиқ синиқларни даволаш” мавзусидаги монография,  13 та илмий-оммабоп рисола, 60 дан ортиқ илмий мақолалар ёзди. Рисолалар Москвадаги “Медицина” нашриётида, мақолалар Москва, Харьков, Тошкентда чоп этилган. Шифокорлик фаолияти давомида 25 минг беморга ёрдам бериб, 3,7 минг беморларни мураккаб жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволаган.

1986 йилда “Юрган дарё” саёҳатнома китоби, 1989 йили “Жиззах область медицина тарихи”  китоблари, 1999 йили “Улуғ одамларнинг сўнгги кунлари” (муаллифлар: С.Қосимов, Н.Қосимова) чоп этилди.

Шифокорлик фаолияти давомида медаллар, Олий Совет Президиумининг фахрий ёрлиқлари, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, 1992 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач” унвони билан тақдирланган.

 

 

 

Улашинг: