1 631

ОРОЛ ДЕНГИЗИ ИЗИДАН….

(1-мақола)

Устюрт платоси ва тарихий Ипак йўли

Ўзбекистон  2016 йилдан амалга оширилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томон

идан илгари сурилган 17  барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) 16 тасига қўшилди, холос.  “Денгиз экотизимларини асраш” деб номланган 14 – мақсадга қўйилишдан фойдаси йўқ, деб ҳисобланди. Чунки Марказий Осиё республикалари, хусусан Ўзбекистоннинг иқлимини мўътадиллаштирилиб,  минглаб одамлар, ҳайвон ва ўсимликларга жон бахшида этиб турган Орол денгизи  инсонлар хотирасида ўтмишга айланди. лойиҳаси доирасида  Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, “Ўзгидромет” мутахассислари, журналистлар иштирокида Оролбўйи ҳудудлари ва Орол денгизига медиатур ташкил этилди. Асосий мақсад-Орол денгизи фожеасини нафақат яна бир маротаба одамларга эслатиш, балки бугунги кунда сувсизликнинг қийин шароитларида Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароити, аҳоли фаровонлигини оширишда амалга оширилётган ислоҳатлар билан танишдир ҳам эди.

Қорақалпоғистон диёрига кўп маротаба борган бўлсамда Оролни кўриш болалигимданоқ орзуим эди. Нукусга кечки рейс билан у

чиб келиб, қорақалпоқ халқининг миллий анъаналари руҳида безатилган “Жипек жоли” меҳмонҳонасида жойлашдик.

— Бу бежиз эмас, деди МОМЭМ жамоатчилик билан алоқалар бўлими  мутахассиси Резида Эрдман, чунки эртага йўлимиз айнан тарихий Ипак йўли бўйлаб ўтади.

Ҳақиқатан ҳам инсонлардан жабр кўриб, 200 километр ортга чекинган Орол денгизига йўл (агарда уни шундай деб аташ мумкин бўлса) Устюрт кенгликлари узра ўтган эди. Археолог, тарих фанлари номзоди Октябр Дуспанов йўлбошчилигидаги 12 та “PRADO”лар йўлда учраган юмронқозиғу, қушларни чўчитганича  Орол денгизи қирғоқларига интилар экан атрофдаги сокинлик, шувоқнинг ўткир ҳиди тутган кенглик сасларидан бундан минг йиллар илгари яшаб ўтган сак -массагет қабилалари руҳи  уйғонгандек эди гуё. Устюрт платосигача бўлган ҳудуд ҳам бундан минг йиллар илгари денгиз туби бўлган. Аммо денгиз чекиниши билан одамлар боқувчиси бўлган  Оролнинг ортидан кетишган. Бу ерлар  Қўнғирот тумани ҳудудига тегишли бўлгани сабабли,  бизни  Қўнғирот тумани ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Камалов йўлда кутиб олди. Биз жрналистлар ундан  кўпроқ маълумот олишга шошилдик.

-Қўнғирот тумани Қорақалпоғистон Республикасининг 46 фоиз майдонини, Ўзбекистоннинг эса 12 фоизини ташкил этиб, республикамизнингда ҳам энг катта туманлардан биридир. Унинг майдони 7 млн.600 минг гектарга эга бўлиб,  Устюрт пасттекислиги ва бундан 1000 йиллар аввал мавж урган собиқ Орол денгизи майдонларини ҳам қамраб олади.. Ҳудудда умумий 41 минг гектардан ортиқ майдон суғорилади ва асосан  400 млн. кубдан ортиқ сувдан фойдаланган ҳолда пахта, шоли,  сабзавотлар ва полиз экинлари каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган.  Қўнғиротда 126 минг 800 нафардан иборат бўлиб, турли миллат  вакиллари яшайди. Улар Туямуин сув омборидан келаётган ичимлик суви  билан 70 фоиз аҳоли таъминланган ва ахволни янада яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз. Албатта ерлар шўрхок бўлгани учун сувдан мақсадли ойдаланиш учун уни тежовчи технологилардан ойдаланмоқдамиз. Орол денгизи муаммоси аҳоли ҳаётига салби таъсир кўрсатганлиги сабабли, денгизнинг суви қуриган ерларга саксовул экилмоқда. Аммо газ муаммоси бўлганлиги сабабли, газ етмайдиган қишлоқ жойларда газ баллонлари етказишга ҳаракат қилмоқдамиз.Саксовул  Ўзбекистон Қизил китобига киритилгани сабабли уларни аҳоли томонидан кесиб кетилишини олдини олишга ҳаракат қилинмоқда.

Қўнғирот туманининг энг машҳур қисми Устюрт пасттекислигига ўтганимизда кўз олдимизда ажойиб манзара ҳосил бўлди. Кўз илғамас кенглик яшилликка бурканган. Қушларнинг чуғури, машиналарни овозидан чўчиган юмронқозиқлар бир пасда инларига яширинишади.

Октябр аканинг айтишича, Устюрт платоси  200 000 км²  майдонга эга бўлиб,  текислик   6 млн. 700 йил илгари  жаҳон океани тубида пайдо бўлган. Ҳудуд ғарб ва шимол шамолларини кесишган жойидир.  Унинг деворлари – чинкларни узоқдан кўриш мумкин. Деворлар турли хил рангга эга —  оч сариқдан, ним яшил, қўнғир тусгача.  Айнан уларнинг нураган жойлари худди ўзга сайёрага ўхшаб каньонларни ҳосил қилган.

Массагет, сарматларнинг қабрлари ва қадимий маёқ

Устюрт пасттекислиги доимо одамлар билан гавжум бўлган. Ҳозирда пасттекисликда 1000 дан ортиқ турли даврларга тегишли бўлган қабрлар, маёқ  ва  неолит даврига тегишли 60 та тураргоҳ қолдиқларини кўрамиз. Кўҳна Ипак йўли ҳам айнан шу ердан ўтган. Устюртда  Белиули карвон саройининг аркаси, деворлари 4 м. баландликкача бўлган Алан қалъа қолдиқларини ҳам кўриш мумкин. 1983 йилда Ғарбий Устюртга уюштирилган экспедиция жараёнида Байте қадимий мажмуа номини олган ёдгорликлар топилган. Улар  асосан дахо-массагетларнинг қабрлари бўлиб, 30 фоизигина ўрганилган. Ҳануз тилдан тилга кўчиб юрувчи афсоналарда бу ерларда ҳаёт кечирган қабилалар, уларнинг қаҳрамонларча ўз она тупроқларини душмандан ҳимоя қилганликлари ҳикоя қилинади. Ана шулардан бири Қумар оналиқ афсонасидир….

….Қумар оналиқ ўғли Эрназарбий ва унинг хотинини жангга кузатар экан, омон қайтишини тилаб, аждодлар руҳини қўллаб қувватлашга чақирди. Аммо жанг бирданига тугади, чунки унинг яқин дўсти Эрназарбейга орқадан ўқ узган эди. Сардорларининг отдан қулаганини кўрган жангчилар саросимага тушишди ва бироздан сўнг душман уларни маҳв этди. Душман хони Қумар оналиқнинг гўзаллиги, донолигини эшитган эди. Ўзининг олдида юзига тик қараб турган, сочларига оқ аралаб, кўзлари, пешонасига ҳаёт чизиқ тортган бу аёлнинг юзига тикилар экан, уни мот қилмоқчи бўлди:

— Ўғлингиз Эрназарбей  афсус жангда ғалаба қозона олмади, аммо мен сизнингжасурлигингиз, гўзаллигингиз ҳақида кўп эшитган эдим. Ҳақиқатдан ҳам гўзал экансиз, аммо сизни доно ҳам дейишади. Шу сабабли сизга жуда ҳам ёқадиган бир совға қилмоқчиман.

Хоннинг имоси билан мулозимлар усти зарҳал нақшли шойи рўмол ёпилган патнисни олиб келишди.  Хон рўмолни олиб,  патнисни Қумар  оналиқ  олдига сурди. Она тош каби қотган юраги бир тўлқинлансада, оҳи ташқарига чиқмади. Патнисда ўғлининг пиширилган боши ётарди. Аёл бошидан рўмолини ечиб, авайлаб унга ўғлининг бошини ўрадида, бўйнидаги таспан уруғидан қилинган маржонни кумуш патнисга ташлаб, хонга қаради.

  • Тўғри айтдингиз, бу совға мен учун жуда қадрлидир.

Аёл  бошини тик тутганича хон олдидан чиқиб кетди, айтишларича кейин уни ҳеч ким кўрмаган, аммо ҳамон тунлари Устюрт узра эсган  шамол ҳалок бўлган фарзанди дардида куйиб йиғлаётган она оҳини  узоқ узоққа  ёяр экан…

-Мазкур қабрлар эрамиздан IV-III  асрларга тегишли, улардаги турли хил белгилар айнан қабрдаги одам қайси қабилага тегишли эканлигини билдиради, деди археолог О.Дуспанов.   Хозирги кунга келиб  мазкур қабилаларни билдирувчи 180 дан ортиқ белгилар тўпланган. Устюрт доимо одамларнинг яшаш жойи бўлган. Одамлар доимо денгиз ортидан кетишган. Хаттоки ўз ҳудудларини тошдан қилинган кичик деворлар билан ўраб белгилашган, кўриб турганингиздек, мазкур девор қолдиқлари ҳануз сақланиб қолган. Бундан ташқари вертолётдан қаралганда Устюртда ғаройиб суратларни кўриш мумкин. Суратлар ўқ шаклида бўлиб, Бейнеу ва Сай-Утес поселкалари ўртасида жойлашган. Аммо бу суратлар кимга тегишли эканлиги номаълум.  Айтиш жоизки, бундай суратлар Перудаги Наска водийсида топилган. Устюртдаги мазкур суратларнинг пайдо бўлиши хусусида кўплаб фикрлар мавжуд. Улардан бири қадимда молларнинг қуръалари ёки ирригацион қурилмалар бўлиши мумкинлигидир.

Устюрт платосида эътиборимизни тортган яна бир тарихий ёдгорлик – бу қадимий маёқ қолдиқларидир. Маёқ 5-6 асрларда қурилган бўлиб, денгизга балиқ овлагани кетган кемаларга йўл кўрсатиб турган. Унинг бугунги кунгача сақланиб қолган қолдиқлари ҳануз улуғворлигини сақлаб, аллақачон Оролқумга айланган денгиз тубида адашганларни чорлайди гуё.

(Давоми бор)

Наргис ҚОСИМОВА

Тошкент –Нукус-Устюрт-Орол  денгизи-Тошкент

Улашинг: