1 486

Одамлардан хафа бўлган денгиз

(2- мақола)

Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасида  Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, “Ўзгидромет” мутахассислари, журналистлар иштирокида Оролбўйи ҳудудлари ва Орол денгизига медиатур ташкил этилди.

Устюрт платосида анчагина юргач, бирданига  бетонланган йўл пайдо бўлди. Колонна бўлиб кетаётган “жип”лар текис йўлга чиққанидан ҳайрон бўлдик. Бир неча километрга чўзилган ва цивилизация белгисини билдирувчи йўл бироз ташландиқ ҳолда бўлсада, у текис йўл эди.

— Бу собиқ ҳарбий аэродром, анови кўриниб турган аҳоли пункти эса Кубла-Устюртдир. Униққан пойдеворли, паст томли уйлар,  бироз қийшайган четанли  бино. Кейинроқ билишимизча у поселкадаги ягона мактаб экан.  Қатор машиналарнинг тўхтаганини кўриб, овул томонидан мотоциклда одамлар кела бошлашди. Уларни суҳбатга чорладик.

— Посёлкада асосан 50 та хонадон бор. Жаслык темир йўл станциясидан 60 км узоқда жойлашганмиз, деди Бауржан Сугуров. -Қўнғирот тумани марказигача эса 150 км.  Овулимизда 1 та мактаб, ва битта  қишлоқ врачлик пункти бор, унда атиги ярим штатга ҳамшира ишлайди. Шифокор йўқ.  Бирор кори ҳол бўлса туман марказига боришимиз керак. Агар собиқ Иттифоқ даврида бу ердан марказгача кичик самолет қатнаган бўлса, ҳозир у ҳам йўқ. Йўл йўқлиги сабабли мотоцикллардагина, қийналиб, анчагина вақт сарфлаб, у ерга етиб бориш мумкин. Айниқса ҳомиладор аёлларга қийин бўлаяпти. Шунинг учун аёлларимиз ҳам ўз уйларида тўғишни афзал билмоқдалар. Бизнинг туман, қолаверса республика раҳбарларидан илтимосимиз, марказгача йўл қуриб беришса.

Шаҳар типидаги посёлка 1964 йили магистрал газ қувурларини ўтказиш жараёнида ишчилар учун қурилган эди. У 1990 йилгача Устюртдаги Комсомольск номи билан аталиб,  республикамиз мустақиликка эришгач эса Кубла-Устюрт номини олди. Бугунги кунда эркакларнинг  деярли барчаси газ конида ишласа,  қолгани чорвачилик билан шуғулланишади, аёлларнинг аксарият қисми уй юмушлари билан банд. Мавжуд боғча ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Бизни қизиқиб ўраб олган болакайлар билан суратга тушгач, космонавт бўлишни орзу қилиб,  ота-онаси ва дўстларини кзоққа, коинотга олиб кетишни орзу қилаётган 6 ёшли Чингиз билан хайрлашиб, Устюрт  бўйлаб Орол денгизини қидирганча йўлда давом этдик.

“Бўйни оқ” орол ва кемалар қабристони

Муйноқ сўзи 1960 йиллардан аталиб, унгача Токмак деб аталган. Орол денгизи Россия императорининг офицери лейтенант Бутаков томонидан очилган.  “Хўжалар эли” деб номланган ҳудудда 1930-йилларда хўжалар қувғинга учраганда, бу ердаги  тўқайзоралар улар советлардан яширинишган. Кейинчалик бу ер Хужайли номини олган. Қадимда одамлар бу ерда оҳактош қазиб олишган, Муйноқ орол бўлиб, чўзинчоқ шаклга эга бўлган ва харитада оқ шаклда тасвирланган. Шунинг учун махаллий халқ Муйноқни  “Бўйни оқ” деб аташган.  1939 йилдан 2000 йилгача  Муйноқда балиқ консерва заводи  фаолият юритган. Мазкур заводда консерва, балиқ уни, совун ишлаб чиқарилган ва маҳсулотлари хаттоки уруш йиллари Ленинград қамалига етказилган. Биргина Қорақалпоғистондан урушга 64 минг одам кетиб, шундан 30 мингтасигина қайтиб келган. Урушга одамлар Муйноқдан кемаларда олиб кетилган. Ўзининг эри ва ўғлини урушга кузатган аёл қиссаси бор. У эридан қора хат олгач, ўғлини кутиш учун ҳар куни пристанга чиқарди. 80 йиллардан бошлаб сув чекина бошлади. Аммо аёл доимо суви йўқ, кемалар қумга тиқилиб қолган пристанга келар ва ўғлининг йўлига кўз тикарди. Одамлар унга, “Апа, бу ерга бошқа келманг, энди сув йўқ, кемалар ҳам юрмаяпти, ўғлингиз қайтиб келса ҳам бошқа йўлдан келади” дейишсада, аёл: “Ўғлим ҳали ёш, уни шу йўлдан олиб кетишган, у бошқа йўлни билмайди, денгиз қайтиб келса, ўғлим ҳам қайтиб келади” деб ўлганича қумларга, узоқда сув сингари жимирлаётган саробга тикилиб, ҳаётдан кўз юмган.

Мўйноқнинг ҳаёти денгиз билан боғлиқ эди. 1970 йилларнинг бошларида Орол орқага чекина бошлади. Бир неча йиллар ичида 500 дан ортиқ кемалар қумга абадий тиқилиб қолишди. Улар металломга топширилиб. Ҳозир атиги 11 та кемалар қабристонида мунғайганича ўтган йилларни эслайди, гуё.

Орол денгизи нега “хафа” бўлди?

Мўйноқда ташкил этилган ва очилиши кутилаётган музейда рассом  Рафаэль Мативисяннинг “Сароб” деган сурати бор. Орол денгизи кетганида, рассом қумга тиқилиб қолган кема олдида ўтириб, ухлаб қолганида тушига кемалар сузаётгани киради. Уйғонганида бу тушлигини билиб, юрак бағри қонга тўлади. Сўнг у “Чекинган денгиз” суратини чизади. Мативисян хотира дафтарларида унинг тарихини езиб қолдирган.  Унда ёзилишича, рассом эрталаб бақир-чақирдан уйғониб кетади. Эркаклар қўллари юқори қилиб, худога нега уларга бундай офатни юбораётгани, ундан сақлашни денгизнинг қайтиб келишини илтижо қилиб, йиғлашар эди. Ҳамма денгиз томон югурарди. Рассом ҳам қўшилиб югурганида, денгиз бир кечада 1-2 км.га чекинганини, қирғоқ бўйлаб турган кемалар эса қумга тиқилиб қолганини кўради. Орол одамларга ҳаёт бахш этувчи, иш берувчи, қорнини тўйдирувчи қудратли мавжудот эди. Бир кечада унинг ортга чекиниши  мўйноқликларни даҳшатга туширди. Афсуски улар мурожаат этган ҳокимият вакиллари ҳам Оролни ортга қайтара олишмади. Халқ орасида денгиз биздан хафа бўлгани учун кетмоқда, деган миш-мишлар юра бошлади. Ростдан ҳам Орол одамлардан “хафа” бўлганмиди?

1965 -йилларга қадар Орол сувининг қон томири бўлган Амударё сувидан режасиз, қишлоқ хўжалиги экинларини сўғориш учун фойдаланиш, охир-оқибат дарё сувининг денгизга жуда ҳам кам миқдорда етиб боришига сабаб бўлди.  Инсоният фаолияти натижасида ҳавога жуда ҳам кўп чиқариб ташланаётган ис газлари  ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, бу эса ўз навбатида иқлим ўзгаришини тезлашишига олиб кела бошлади. Денгизга қўйилаётган дарё сувининг камайиши билан биргаликда, буғланиш жараёнлари кучайди.

-Ўртача 30- 40 йиллардан сўнг Ўзбекистоннинг икки азим дарёси Амударё ва Сирдарё қуриши мумкин. Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида ана шу дарёлар бошланаётган музликларнинг эриб битишидир, дейди Ўзбекистон гидрометереология қўмитасининг мутахассиси  Надежда Гавриленко. -Чунки инсониятнинг экологияга антропоген таъсири натижасида сўнгги 100 йил давомида ҳаво ҳарорати 1,4 даражага кўтарилган. Бугунги кунда биз Орол ва Оролбўйи ҳудудларнинг ҳароратини кузатиб бормоқдамиз.  Илгари ҳудудда 11 та ҳаво ҳароратини кузатувчи метеостанциялар мавжуд эди.  Аммо Орол қуригач, уларнинг кераги бўлмай қолди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 6 та агрометеопостлар мавжуд. Ўзгидромет мутахассислари Орол ва Оролбўйи ҳудудларини экологик экспертизадан ўтказиб туришади.

Айрим мутахассисларнинг фикрига кўра Орол ва Каспий денгизлари ўртасида ёриқ пайдо бўлиб, сув ана шу тектоник ўзгариш оқибатида пайдо бўлган ёриқ орқали Каспий денгизига ўтиб кетган деган, таҳминлар ҳам мавжуд.  Нима бўлган тақдирда ҳам  денгиз қуримоқда. Бир пайтлар “бебош” номини олган Амударёнинг сувлари  Оролга етиб келмаяпти. Онда сонда ёғадиган ёмғирлардан ташқари денгизни тўлдирадиган бирор бир ирмоқ ҳам қолмади.

Денгизда яшаётган ёлғиз жонивор ёхуд Марказий Осиёнинг “ўлик”денгизи

Ниҳоят Орол денгизига етиб келдик. Денгиз ботаётган қуёш нурлари остида жуда ҳам маҳзун эди. Оролни кўриб ҳайратландим, завқландим ва… юргим ачишди, тўғрироғи оғриди. Салкам уч соат давомида  бир пайтлар денгиз тўлқинлари мавж урган, 40 дан ортиқ балиқ турлари, денгиз жониворлари  яшаган, ҳозирда эса бепоён чўлга айланган денгиз тубидан юрдик. Гидимиз, Октябрь Дуспановнинг айтишича, Оролда ҳозирда бир дона ҳам балиқ яшамайди. Сувнинг минераллашув даражасини ортиши  (ҳозирда бир литр сув таркибидаги туз миқдори 152 граммборат)  уни ҳаёт учун мутлақо яроқсиз қилиб қўйган. Оролнинг бо

таётган қуёш нурлари остида мавжланаётганини  кузатар эканман, ҳаёлимга  исроил давлати  ҳудудининг бир қисмида жойлашган Ўлик денгиз келди. Унинг шўрланиш даражаси шу қадар кучлики, бир пайтлар тирик уммон вақт ўтиши билан “ўлган”. Ўлик денгизнинг тиниқ сувлари тубида  ғайритабиий жониворларни эслатувчи туз кристалларини, Орол денгизи қирғоқларида эса бу ерга энди ҳеч ҳам етиб келмайдиган Амударёнинг лойларини кўриш мумкин.  Бугунги кунда денгизда фақат артемия  деб аталувчи планктонларгина истиқомат қилади. Уларни ейдиган жониворлар йўқ, аммо шу ерда ҳам инсон  ўлиб бораётган денгиздан сўнгги маротаба фойдаланиб қолишга, унинг охирги “жони”ни олишга ҳаракат қилаётганини гувоҳи бўлдик.   Орол қирғоқлари бўйлаб қазилган кичик ҳавзаларга артемияларни йиғишмоқда. Чунки  ташқи бозорда уларнинг нархи анча баланд.

Денгиз бўйида бўлиб чарлоқларнинг қичқириғини эшитмадим.  Қора, Ўртаер, Мармар, Сариқ, Оқ, Каспий денгизлари….  Қаерда бўлмай чарлоқлар қичқиришар, сувга яшин тезлигида шўнғиб, тумшуқларидаги кичкина балиқ билан кўкка парвоз қилишар эди. Орол денгизида эса жимлик, сукунатни фақатгина сувнинг заифгина қирғоққа келиб урилаётган овозигина бузади. Марказий Осиёнинг Ўлик денгизи…

(давоми бор)

Наргис ҚОСИМОВА, журналист

 

Улашинг: