2018 йил 23 февраль куни “Медиа ва ахборий саводхонликни ва Ўзбекистонда ноахборий теледастурларни тайёрлашда ОАВ салоҳиятини илгари суриш” лойиҳасининг якунига бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Лойиҳа ҳамкорлари – ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, МТРК, ЎзЭОАВА, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Ўрта махсус касб таълим маркази, Олий таълим муассасалари учун электрон таълимни жорий этиш маркази ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа ўз ичига бир қанча йўналишларни қамраб олди.
— Мазкур лойиҳа ўз олдига қўйган вазифаларни тўлиқ амалга оширди, деб ўйлайман, деди Ўзбекистондаги Буюк Британиянинг элчиси Крис Аллан. – Лойиҳанинг ҳар бир босқичида амалга оширилган ишлар шубҳасиз таълим ва журналистика соҳаларини ривожлантиришда яна бир қадам бўлди. Биргина журналистика соҳасини оладиган бўлсак Жон Белл Ўзбекистонда журналистикани янги босқчга кўтаришда ўз ҳиссасини қўшганига шубҳам йўқ. Ўйлайманки, келгусида биз ўз ҳамкорларимиз билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз.
Лойиҳанинг асосий йўналишидан бири ёшларда медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш бўлиб, у орқали ўрта махсус касб ҳунар таълими тизимида медиа ва ахборот саводхонлигини дарс бериш жараёнига киритиш бўйича ишлар олиб борилиб, бу борада учта ўқув қўлланма яратилиб, чоп этилди. ЎМКҲТ муассасалари ўқитувчилари учун 16 тренинг ташкил этилди ва ўрта махсус ва олий таълим тизими талаба ва ўқитувчилари учун олти бўлимдан иборат оммавий очиқ онлайн курслар ташкил этилди.
-Ўрта-махсус касб таълими тизимида 25 нафар услубчи ва ўқув материалларининг муаллифлари МАСни самарали дарс жараёнига тадбиқ қилиш бўйича тренинг амалиётларини ўташди, деди ЎМКҲТ директори М.Холмухаммедов. – Расмий таълим бериш жараёнига МАСни тадбиқ қилиш бўйича 380 та ўқувчилар малака оширишди. Улар ёрдамида 7600 нафарга яқин ўқитувчилар медиа саводхонликни таълим жараёнига тадбиқ қилиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишди. 35000 дан ортиқ талабалар медиа саводхонлик борасида билимга эга бўлишди.
Мазкур йўналишда олиб борилган фаолият аввало ёшларда ахборотни танқидий таҳлил қилиш, медиа ва бошқа ахборот тарқатувчилардан янги форматдаги сифатли материалларни талаб қила олиш кўникмаларини шакллантиради.
Фарғона академик лицейи ўқитувчиси Гулноза Ҳамидованинг фикрича, лойиҳа доирасида амалга оширилган ўқув семинарлари жуда ҳам фойдали бўлиб, ўқитувчиларга медиа оламининг қонун-қоидалари қанчалик зарур эканини ва глобаллашув жараёнларининг долзарблигини англаб етишга ёрдам берган.
Лойиҳанинг бевосита оммавий ахборот воситалари салоҳиятини ошириш йўналишида ноахборий теледастурларни тайёрлаш бўйича ўтказилган тўртта семинар-тренинглар 130 та ёш тележурналистларга бевосита тележурналистика сирларини янада чуқурроқ ўрганиш имконини берди.
— Жон маҳоратли, кучли амалиётчи, дунё тан олинган тренердир. Унинг тренингларида уч маротаба қатнашиш жараёнида айнан ноахборий теледастурларни тайёрлашда стереотипларни бузишга интилишини кўрдим, деди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Беруний Алимов. – Жон Беллнинг фикрича, бутун дунёда телевидение ўз позициясини йўқотаяпти. Буни Ўзбекистонда ҳам кўриш мумкин. Агарда тележурналистлар ўз фаолиятларига креатив ёндошиб, аудитория эътиборини ушлаб қолишга ҳаракат қилишмаса, ўз томошабини йўқотиб қўйишини у бир неча маротаба такрорлаган эди. Тренинглар ўзида ўзгаришга мойил бўлган ёш тележурналистларга жуда катта фойдаси тегди, деб ўйлайман. Биргина охирги семинар жараёнида, яъни Наманганда тайёрланган тўртта фильм айнан Ўзбекистонни жаҳонга бошқа томондан кўрсатиш имконини берди. Бундай фильмларни кўпайтириб, Ўзбекистоннинг жаҳонда ижобий имиджини шакллантиришга ҳисса қўшиш вақти келди.
Мазкур лойиҳа доирасида бевосита журналистлар учун катта имконият ратиб берилди, яъни 11 та ОАВ ходими дунёдаги етакчи телекорпорация ВВС фаолияти билан бевосита танишиш ва тажриба алмашиниш имконитига эга бўлди.
— ВВС фаолияти билан танишиш журналист сифатида жуда ҳам ката орзуим эди, деди “Ўзбекистон 24” радиоканалининг катта муҳаррири Нозима Тошпўлатова. – Ижодий сафар жараёнида журналистика борасидаги қарашларим тубдан ўзгарди. Агар шу пайтгача ВВСнининг фаолияти билан Россия матбуотида чоп этилган мақолалар орқалигина таниш бўлган бўлсам, унинг ичидан барча жараёнлар билан танишиш журналист сифатида янада маҳоратимни оширди, десам муболаға бўлмайди.
“Медиа ва ахборий саводхонликни ва Узбекистонда ноахборий теледастурларни тайёрлашда ОАВ салоҳиятини илгари суриш” лойиҳаси 2017 йилнинг январидан бошланиб, 15 ой давом этди. Лойиҳа йўналишлари республиканинг барча вилоятларини қамраб олиб, Қорақалпоғистонда медиа ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида урғу берилди.
— Айнан лойиҳа доирасида “Турналар қайтади” номли радиосериални яратишга муваффақ бўлдик, деди “Нукус FM радиоси директори Бахитбек Ельманов. – 15 қисмдан иборат радиосериал жамиятимизнинг турли соҳаларидаги, хусусан экология, сувсизлик, бандлик, ОИТС ва гиёҳвандлик каби муаммоларни, инсон тақдирларини қамраб олиб, эфирга чиқа бошлаганиданоқ ўз тингловчисига эга бўлди.
Ҳўш, лойиҳанинг амалий натижалари нималарда кўринди?
Санжар Аллаяров, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг дастурий мутахассиси:
-Одамларнинг медиа маҳсулотларнинг доимо таъсирида бўлиши таълим жараёни учун янги муаммоларни қўйди ва бу муаммо электрон ва рақамли даврда янада кучаяди. Медиасводхонликни миллатлараро муносабатлар ва зўравонликни бартараф этиш платформаси сифатида тушуниш ЮНЕСКОнинг дунё бўйлаб фаолиятидаги муҳим соҳаларидан биридир. Зарарли медиа маҳсулотларни шунчаки цензура орқали тўхтатишга ҳаракат қилиш ёшларни экстремистик мақсадларга ундаётган медиа хабарлардан ҳимояланиш учун етарли эмас. Бузғунчи экстремистик ғояларга қарши курашиш ва уларни бартараф этиш учун МАС таълимини ривожлантириш ва расмий ва норасмий педагогик амалиётларда медиа хабарларга нисбатан танқидий фикрлашни қўллаб- қўвватлаш самарали ва узоқ муддатли инвестиция эканига ЮНЕСКО ишонади. Айнан бу борада мана шундай лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳатларни жадал олиб борилишига кўмак беради, деб ўйлайман.
Лойиҳа якунланди, аммо мазкур йўналишда бошланган ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Ўз билим ва кўникмаларини оширган ўқитувчилар, журналистлар ўз фаолиятларида уларни тадбиқ этиб, жамиятдаги янгиланиш ва ўзгаришларига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшиб қоладилар.
Наргис ҚОСИМОВА