Яқинда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида Карим Бахриев томонидан бундан 27 йил аввал ёзилган мақолани ўқиб, ҳозирги журналистиканинг ҳамма камчиликларини яна бир бор кўз ўнгимдан ўтказдим. Журналистиканинг ривожи кўп нарсаларга боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Сифатли журналистика етарлича молия манбалари, тўғри йўлга қўйилган тизим, демократик бошқарув ва энг асосийси эса маҳоратли ижодкорларни талаб этади. Бу ҳақда Беруний Алимов томонидан билдириб ўтилган мулоҳазалар жуда ўринли. 2017 йилнинг декабр ойида бир гуруҳ журналистлар Би-Би-Си тажрибасини ўрганиб қайтиш имконига эга бўлдик. Жаҳоннинг йирик корпорациясидаги имкониятларни бизники билан солиштириш бироз ноўрин. Би-би-Сининг қандай жиддий тажрибага эга эканлигини бор йўғи бир соатлик ҳужжатли фильмини кўра туриб ҳам билиб олишингиз мумкин. Бу ҳақда мақтовлар-у, ҳайратга тўла мақола ёзиш ниятида эмасман. Лекин, айрим жиҳатлардан албатта ўрнак олса арзийди. Жумладан, корпорациянинг ўзи учун кадрлар тайёрлаш жараёнидаги иштироки менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мутахассисларга бўлган эҳтиёж йиллар кесимида ўрганилиб, шунга биноан корпорацияда махсус малака оширишлар ташкил этилади. Унга қандай мутахассис қанчадан кейин керак бўлишини олий таълим муассасалари ҳам жуда яхши билишади. Бугун бизда журналист кадрлар тайёрланишида оммавий ахборот воситалари иштирок этадими? Деярли йўқ. Қайси тармоққа, қанча ва нималарни билган журналист кераклигини факультетлар ҳам ҳисобга олишмайди. Ваҳоланки, МТРК, ЎзА қаторида “Халқ сўзи”, “Правда востока” каби йирик нашрлар, кундан кунга кўпайиб бораётган интернет ОАВ албатта янгича фикрлайдиган, замонавий мутахассисларга муҳтож!
Ҳозирда деярли ҳар куни, асосан хусусий интернет ОАВига ва ахборот хизматларига тажрибали журналист кераклиги ва у инглиз ва рус тилларида ёза олиши ҳақидаги эълонга дуч келасиз. Бир икки иш сўраган битирувчи талабаларга уларни тавсия этиб кўрдим. Бир кундан сўнг талаба мум тишлаганча “Давлатга тегишли ОАВда иш йўқми? Ўша одамни “рози қилардим”,-деб сўрай бошлайди. Чунки, у хусусий сектор талабига жавоб бермайдиган, фақат назарий билимларгагина эга мутахассис! Уни стажёр қилиб олишга эса хусусий ОАВда ортиқча маблағ ҳам вақт ҳам йўқ. Шу тариқа у фақат таниш орқали ишга кириш имкони бўлган жойни қидиришга тушади. Ҳар йили Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетларини юзлаб талабалар битиришади. Шу билан бирга санъат, маданият ва телерадиога ихтисослашган медиа мутахассислар олий таълим муассасаларини якунлашади. Улар орасида замон талабига жавоб берадиганлари бор-ку, деган, ўринли эътироз билдирилиши мумкин. Бор! Лекин фоиз хисобида олинганда, хурсанд бўлмаймиз! Умумий сўзлардан аниқ таклифларга ўтсак. Янги университет ташкил этилиши айрим ўрнашиб қолган “анъаналар”га чек қўйиши аниқ.
Лекин, уни ташкил этишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади:
Профессор-ўқитувчиларни қайтадан ишга олиш хусусида:
- ўқитувчилар албатта, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритган ва амалий тажрибага эга бўлишлари; (Агар ўқитувчи журналист сифатида фаолият олиб бормаган бўлса, битирувчидан нима талаб қилиниши мумкинлиги ҳақида беҳабар бўлади.);
- педагоглар иложи борича хорижий тилларни, ҳеч бўлмаса рус тилини билиши (Бугун жаҳоннинг оммавий ахборот воситаларидаги тажрибадан хабардор бўлиш учун ҳам тил билиш керак.) ;
- ҳозир ўқиётган талабалар орасида социологик сўров ўтказиб, ўқитувчилар ҳақида талабаларнинг фикрларини ўрганган ҳолда уларни университетга ишга таклиф этиш; (Энг зўр баҳони талаба беради! Фақат сўровномада саволларни тўғри қўйиш керак! Сенга ким ёқади, деб сўраш билан, сен кимнинг дарсида қандай билим олгансан, деб сўрашнинг ўртасида анча фарқ бор.);
- ўқитувчилар ишгауниверситетга ишга қабул қилиш жараёнида битта очиқ дарс ўтиб беришининг шартлиги; (Очиқ дарс бу энг яхши синовдир! Ишга олиниб, кейин дарс ўтаолмай, фақатгина ўз ҳаёти, олди-қочди гапларни гапириб ўтирадиган ўқитувчидан нима фойда?!)
- замонавий ахборот технологияларини фаол фойдаланувчиси бўлиши; (Унинг Word, Мессенжер, сайт,электрон почта, ижтимоий тармоқ кабиларнигина билиши кеча мактабни тугатган ўқувчи билан тенг билимга эгалигини кўрсатади. )
- университетнинг доимий ходимларидан ташқари турли мутахассасисларни мунтазам жалб этиш механизмини жорий этиш кабилар албатта инобатга олиниши керак.(Университетдан ташқаридаги мутахассислар дарсларга янги ҳавони олиб киришади. Улар журналист бўлиши шарт эмас. Айтайлик, сиёсатчи, депутат, вазир, шифокор, академик каби, турли йўналишларнинг илғор вакилларидан журналистларнинг ўрганадиган жиҳатлари кўп)
Машғулотлар ва дарс жадвалини тузишда:
- рус, ўзбек, инглиз тилларида аралаш дарслар қўйилиши; (ҳозир дарслар ё ўзбек, ёки рус тилларида ўтилади. Бунинг оқибатида ёки рус тилида ёки ўзбек тилида ёза оладиган мутахассислар тайёрланаяпти. Замон эса, ҳар икки тилни мукаммал билишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан гуруҳларни рус ва ўзбек деб ажратиш, мантиқсиз. Дунё тили бўлган инглиз тили борасида эса ортиқча изоҳга ҳожат ҳам йўқ);
- талабанинг маърузалар ва умуман университетда бўлиш вақтини максимал даражада қисқартириш; (Талаба биринчи курсдан шартнома асосида таҳририятларга ишга олиниши ва вақтбай эмас, балки қалам ҳақи эвазига материаллари билан иштирок этиб туриши керак. Камида бир иш куни таҳририятда ўтказиш учун эркин бўлсин.);
- оммавий ахборот воситаларида маҳорат мактаблари ташкил этилиши ва талаба учун қулай соатларда мунтазам семинар машғулотларини таҳририятларда ташкил этиш. Бунда ОАВдан жалб этилган ҳодим билан меҳнатига ҳақ тўлаш шартномаси тузилиб, дарслар қандай ўтилиши ва қайси мавзулар кўтарилиши режалаштирилади.)
- 1 ярим соатлик маърузалардан эса бутунлай воз кечилиши ва янги форматда интерактив машғулотлар ўтилиши;(Бир соатдан кўп гапириш ўқитувчи учун ҳам қийин, талаба учун ҳам! Шу сабабли ҳам одатда кўп ўқитувчилар дарс оҳирида мавзудан четлашиб кетишади )
- талабага танлаш имкониятини тақдим этилиши; ( ёшлар ўзи танлаган дарсларига кирсин. Айтайлик у интернет журналистикаси бўйича ихтисослашмоқчи. Ўзи шунга оид дарсларни танлайди. Ёки у матбуот котиби бўлиш ниятида, бу холатда у “Паблик релейшинз” талаб этадиган фанларда ўтиради. Умумийликдан хусусийликка ўтишни ёқловчи бу тажриба ҳорижда жуда яхши самара берган.);
- талабалар ва ўқитувчиларнинг халқаро лойиҳалар ва анжуманларда доимий иштирок этиши, ҳорижда стажировкаларини ташкил этилишининг фойдасини гапирмаса ҳам бўлади. Энг ката тажриба ва билимлар ана шундай тадбирлардан олинади.
Техник ва моддий таъминот борасида:
- университетда албатта медия лабораториялар, фото, теле ва радиостудиялар, талабалар нашри, интернет канали, сайти ва u-радиолари бўлиши керак.
- лингофон ва синхрон таржима ускуналари;
- интерактив дарслар учун жихозлар;
- интернетга уларган компьютер синфлари;
- диктофон, камера, фотоаппаратлар.
Юқорида кетирилган барча таклифлар амалга оширилса, аминманки яқин беш йил ичида журналистикамизга янги оқим кириб келади.
Нозима Тошпўлатова
журналист