Тошкент шаҳрида ноқонуний қурилиш сифатида фуқароларга тегишли гаражларни бузишнинг янги тўлқини бошланди. Кўпчиликнинг хабари бор, бундан бир неча йил аввал Тошкент шаҳар ҳокимиятининг қарори билан гаражларни бузиш бошланган ва бу жараён фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган эди. 24 январь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Қорақамиш 1/2 мавзесида жойлашган «Заречная»МЧЖ ҳудудидаги фуқароларга тегишли гаражлар оммавий равишда бузилиши бошланди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2017йил 27 сентябрдаги қарорида ушбу гаражлар «ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилиш эканлиги» қайд этилган. Лекин «Заречная» МЧЖ директори Алексей Нечаевнинг маълум қилишича, МЧЖ ҳудудининг қрнунийлигини тасдиқловчи барча ҳужжатлар, жумладан ҳудуднинг кадастр ҳужжатлари ҳам мавжуд. МЧЖ ҳудудида гаражи бўлган фуқароларнинг, жумладан ўзимнинг ҳам ёзма равишда огоҳлантирмасдан гаражларнинг бузилиши норозиликларни келтириб чиқармокда. Чунки шу ҳудудда гаражи бўлган айрим фуқаролар бу ҳақда улар бузилиб бўлганидан кейин хабар топишган. Олмазор тумани ички ишлар ходимлари “ҳимоясида” Олмазор тумани ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва комунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алишер Юлдашев, суд ижрочиси Ж.Машарипов гараж эгаларига ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим этмасдан, зўравонларча, эгаларини чақирттирмасдан 40 донага яқин гаражларни бузиб, очиқ қолдиришган.
Гаражлар ичидаги фуқароларнинг шахсий мулки бўлган буюмлар бўлиши мумкинлиги, уларнинг талон -тарож қилиниши эҳтимоли суд қарорини ижро этаётганларни ташвишга солмаяпти. Икки кун ичида гаражлари бузилиб, нарсалари йўқолган фуқаролар ички ишларга ариза билан мурожаат қилишмоқда. Ноқонуний равишда одамлар тўпланиб турган жойда туман Фавқулодда вазиятлар бўлимини огоҳлантирмасдан деворлари экскаватор ёрдамида бузилган “Заречная” МЧЖ ҳудуди турли хил шубҳали шахслар томонидан талон-тарож қилинмоқда. “Заречная” МЧЖ маъмурияти қўриқланадиган ҳудуд деворлари ва аксарият гаражлар бузилиб, ҳудудни қўриқлаш имконияти бўлмаётганлиги сабабли додини кимга айтишни билмаяпти. Энг афсусланарли томони шундаки, мазкур фуқароларнинг ҳуқуқларини бузилишини телефонда видеога олаётган МЧЖ ходимининг телефони ички ишлар ходими томонидан тортиб олиниб, синдирилган. Хуллас ушбу ҳаракат билан Олмазор туман ҳокимиятидагилар ва ушбу гаражларнинг бузилишига бош-қош бўлиб турганлар «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» тарихга айланганлигига шаъма килишаётгандек, гуё. Фуқароларга автомобилларини қўйиш учун альтернатив тураргоҳ таклиф этмасдан, зўравонларча ҳаракат қилишдан мақсад нима?
Наргис ҚОСИМОВА