2 045

ОДАМ – ЎҚИЛМАГАН КИТОБ

*Илгари одамлар содда бўлишган: хонанда бўлиш учун овоз керак, деб ўйлашган.

*Бошнинг яхши ишламаганлигини  қўл оёқнинг ҳаракатлари билан ёпишга интилишади.

*Юқоридаги қуруқ аравани силжитиш учун ҳам пастдаги ғилдирак айланиши керак.

*Баъзилар бошқаларни ўзига ўхшаб фикрламагани учун ёқтиришмайди.

*У узатилгандан олганини, яна бир қанча санаб ҳамёнига жойлагач, қўлини совунлаб ювди. Энди ҳалоллик ҳақида маъруза ўқигани чиқади.

*Нотиқлар ўзлари ишонмайдиган гапларга бошқаларни ишонтирмоқчи бўлишади.

*Ҳар бир одам – ўқилмаган китоб, дейилганидек, биз кўпинча бу китобнинг мазмунига эмас, муқовасига қараб, баҳо берамиз.

*Бир вақтлар “Дўпписи тушиб кетса, пулга олдиради”, деган гаплар бўларди. Бугун хизмат кўрсатиш соҳаси анча ривожланиб кетди. Агар топиш-тутишингиз яхши бўлса, дўппингизни тушириб, яна олиб берадиганлар топилади.

*Кўпчилик омадга умид боғлайди. Лекин ўзимиз ғафлат уйқусида бўлсак, омад эшигимизни қоқа-қоқа қайтиб кетганини ҳам сезмай қолишимиз мумкин.

*Баъзи расмларни кўрсангиз, худди тирикдек таассурот қолдиради. Баъзи тирик инсонлар эса суратга ўхшаб кетади.

*Кундалик истеъмолда ширин асал ҳам, аччиқ қалампир ҳам керак. Фақат уларнинг ҳар бирининг ўрни ва меъёрида ишлатишни билиш керак!

*“Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида” деган жавобни эшитганда, ўйланиб қоласан: телефон-ку майли-я, баъзи бир одамлар ҳам ўз хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида қолиб  кетмаяптими?

*Айрим инсонларнинг қилмишини кўрганда, каламуш уялар, илон пўст ташлар экан.

*Бошқаларни пастга уриш билан ўзинг кўтарилмайсан.

Ҳабиб СИДДИҚ

 

Улашинг: