403

«…Аёл ажрашай деса, қизларининг отасиз ўсиб, кўнгли ўксишидан қўрқади. Ажрашмай деса, бир куни кўзи кўкарган, бир куни бадани моматалоқ ҳолда ишга боради…»

Гулнора (исмлар ўзгартирилган) ободонлаштириш бошқармасида оддий ишчи бўлиб ишлайди. Иши оғир. Қўёш эндигина уфқдан бош кўтараётганида ишга кетади. Қоронғи тушганида уйга қайтади. Яхшиямки икки нафар овунчоғи, қизлари бор. Эри Содир ҳеч қаерда ишламайди. Кун -бўйи уйда ухлаб, ярим тунда уйдан қетади. Маст холатда келади.  Эрини ечинтириб, ётқизганича тонг отади. Гулнора эса ишга шошилади. Бундан норози эри жанжал кўтаради.

Бундай ҳолат кунора такрорлангани учун жанжалдан қизлари қўрқиб, қўшнилари безиб қолган. Чақирилган ички ишлар ходимлари ҳам келган. Бир озга Содир тинчланади. Кейин хаммаси бошидан бошланади… Аёл ажрашай деса, қизларининг отасиз ўсиб, кўнгли ўксишидан қўрқади. Ажрашмай деса, бир куни кўзи кўкарган, бир куни бадани моматалоқ ҳолда ишга боради.

Кун бўйи оғир меҳнат, уйдаги етишмовчилик ҳаётга бўлган қизиқишини тобора сўндирмоқда. Аслида ҳаётининг мазмуни мана шу иккала қизалоғи. Унинг маоши на қизларини яхши едириб-ичиришга, на ижара ҳақини тўлашга етади. Бир куни, уйнинг эгаси жанжал қилиб келди: “Ё уйдан чиқинглар ёки қарз бўлган бир йиллик ижара ҳақини тўланглар” деб. Уни ҳам аёл тушунади. Аммо наилож қўли қисқа. Уй эгасига  роса ёлворди. Гулнора уй эгаси Ботир билан гаплашар чоғида, уйғонган Содир хотинини бир эркак қаршисида турганини кўриб, кўзи қонга тўлди. Ўрнидан тура солиб, сўкинганича уй эгасига ташланди. Эндигина Гулноранинг ёлворишларидан кўнгли юмшаётган уйнинг эгасини жаҳли чиқди. Содирни сўкканича, “ҳозироқ уйни бўшатинглар” деб чиқиб кетди. Ўзини ҳақоратланганидан баттар жаҳли чиққан Содир аламини хотинидан олди.

-Сен қанжиқнинг ўйнашинг эканда Ботир.

-Уялмайсизми? Эсингизни йиғинг. Энди қаерга борамиз. Пулни вақтида тўламасак ҳам шу Ботир ака кўниб келаётган эди.

Шу вақт юзига, биқинига кетма-кет келиб тушаётган муштлардан ўзини ҳимоя қила олмаган Гулнора ўзидан кетди. Ҳуши ўзига келганида эри уйдан чиқиб кетган, бошида эса қизалоқлари йиғлаб ўтирарди. Паймонаси тўлган Гулнора сўнгги пайтлари вилоят телевиденияси орқали тез-тез реклама қилинаётган Жиззах вилояти “Қалб Нури» аёлларга ижтимоий, хуқуқий ва руҳий ёрдам марказига мурожаат қилди.

-Гулноранинг ҳикоясини тинглар эканман, жамиятимизда аёл кишининг юки нақадар оғир эканлигига яна бир карра амин бўлдим, дейди Марказ раҳбари Нодира Алимова. — Аёл билан психологимиз анчагина ишлади.  Марказ ҳуқуқшуноси субсидия орқали уй-жой олиш тартибларини тушинтирди. Туман Давлат хизматлари агентлигига керакли ҳужжатларни тўпламини топшириб, руйхатдан ўтиши зарурлиги айтилди. Айни пайтда Гулнора фарзандлари билан ўз ота-онасининг уйида яшаб, ҳуқуқшунос туман Давлат хизматлари агентлигига керакли ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам бермоқда.

Маълум бўлишича, Гулнора эрининг жанжаллари, фарзандлар тарбияси ва боқишида қатнашмаганлиги учун аввал ҳам уни судга бериб, қизалоқларига алимент ундирган экан. Амма ҳч нарса ўзгармади. Энди Гулнора ўз уйига эга бўлса, ҳаёти изга тушишига ишонмоқда. “Қалб нури” маркази ходимлари ҳам аёлнинг орзусини амалга оширишга ҳаракат қилишмоқда.

Наргис Қосимова

Улашинг: