425

“…Шавкат Сурайёга “ажрашганини” айтгани учун, аёл ниҳоят бахтини топганидан хурсанд эди…”

 

Нуринисо (исмлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғининг бошқа оиласи борлигини хаёлининг бир четига ҳам келтирмаганди. Ахир улар севиб, севилиб турмуш қуришган. 13 йиллик оилавий ҳаёт мобайнида уч нафар фарзанд кўришди, уй қуришди, машина олишди. Эри Шавкат ветеринар врач. Нуринисонинг ўзи шифохонада катта ҳамшира бўлиб ишлайди.

…Бир куни ишдан кеч қайтаётган Шавкат йўл четида ёлғиз ўзи турган аёлни кўриб, беихтиёр машинанинг тормозини босди. Қизнинг кўзлари йиғидан қизариб кетган, ўзи тушкун бир аҳволда эди. Шавкат ундан нима ёрдам кераклигини сўраганди, қиз ўзини Сурайё деб таништириб, шаҳаргача олиб кетишини илтимос қилди, аммо ёнида пули йўқлигини қўшиб қўйди.

Машинага чиққан ёш аёл бироз тинчланиб олгач, бошидан ўтган оғир кунларини гапириб берди.

Айтишича, уч ёшидан бошлаб бобоси ва бувиси билан яшаган. Ота-онаси чет элга ишлагани кетиб, уни бувисига қолдиришган. Бувиси билан бирга турадиган кичик тоғасига опаси боласини уларга ташлаб кетгани умуман ёқмасди. Қариб қолган бувиси эса неварасини ҳимоя қила олмасди. Сурайё мактабни ташлашига тўғри келди. Кейин ўзини ўзи уддасидан чиқиши учун ишлашга мажбур эди. Қизнинг бўйи етиб қолганини, қўлидан иш келаётганини кўрган тоғаси ва унинг хотини Сурайёни уйга сиғдирмай, уни очиқдан-очиқ уйдан ҳайдай бошлашди. Поймонаси тўлган қиз навбатдаги ҳақорат ва калтаклашлардан сўнг тун бўлишига қарамай, ноиложликдан уйдан чиқиб кетди. Шу тариқа у Шавкатни учратиб қолди.

Шавкат Сурайёни шаҳарга олиб бориб, меҳмонхонада қолдирди. Икки кундан сўнг унга ижара уй топиб, ўша ерга жойлаштирди.

Аста-секин уларнинг орасидаги муносабатлар қуюқлаша бошлади. Шавкат Сурайёга “ажрашганини” айтгани учун, қиз ниҳоят бахтини топганидан хурсанд эди. Орадан икки йил ўтди. Оила қуришди, фарзанд кўришди… Эри жуда меҳрибон, ёш хотинининг ҳар бир тилагини бажо келтиришга харакат қилар эди.

Албатта, бу сирниузоқ вақт яшириб юришнинг иложи йўқ эди. Бир куни телефонини уйда унутиб қолдирган Шавкатнинг хотини Нуринисо эрининг Сурайё билан ёзишмаларини ўқиб қолди. Катта жанжал-тўпалон бўлди, қиёмат қўпди гўё. Шавкатнинг ота-онаси ҳам Нуринисонинг тарафини олишди.

Бироқ эри Сурайё билан муносабатларини узмаслигини айтганида Нуринисо бундан даҳшатга тушди, қалбида алам, нафрат ва ғазаб алангаланди. Кундошининг қаерда яшашини аниқлаб, опаси ва синглиси билан у ерга бостириб борди. Сурайё тақиллатилган эшикни очганида, важоҳат билан турган аёлларни кўриб, аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Аммо улар унга бирданига ташланиб, ура кетишди. Сўнг Сурайёни яланғоч қилиб ечинтиришди-да, кўчага ҳайдаб чиқаришди. Жанжал ва бақир-чақирга қўшнилар томонидан чақиртирилган маҳалла раиси, участка инспектори аёлни уйга киргизиб, ўзини тартибга келтиришга имкон беришди. Лекин Нуринисо ва унинг опа-синглиси уйга бостириб киришга ҳаракат қилишаётганини кўриб, Сурайёни Бухоро вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига олиб келишди.

— Сурайёни олиб келишганида ҳамма жойи кўкариб, моматалоқ бўлиб кетган эди, — дейди Марказ раҳбари Нодира Нажмитдинова. — Унга аввал биринчи тиббий, сўнг психологик ёрдам кўрсатдик. Жувоннинг ўзига келиши учун психологимиз бир ҳафта давомида у билан қаттиқ ишлашига тўғри келди. Бу орада Сурайё Нуринисонинг устидан ички ишлар бўлимига ариза берди. Кейин уйига кетди. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, Марказимизга Шавкатнинг биринчи хотини Нуринисо ҳам мурожаат қилди. Маълум бўлишича, аёл ўз жонига қасд қилган, аммо бахтли тасодиф туфайлигина омон қолган эди. Психологимиз Нуринисо билан ҳам иш олиб борди.

Энг асосийси, биз Шавкат билан обдон суҳбатлашдик. У иккала аёл ҳам унинг учун қадрли эканини айтди. Нуринисонинг жонига суиқасд қилганини эшитган Сурайё ички ишлар органидан аризасини қайтариб олди. Ҳозир Шавкат биринчи оиласи билан яшамоқди. Сурайёга фарзанди учун алимент тўлаб турибди. Унинг рўзғор харажатларини ҳам зиммасига олган. Сурайё ҳаётида ўзига мос инсонни топмагунича, уни ҳамхўрлик кўрсатиб туришга ваъда берган.

Наргис Қосимова

Улашинг: