480

Дадажонимни эслаб…

22 июнь куни дадажоним, Қосимов Суннат Қосимович, бизни ташлаб кетганларига 20 йил бўлди. СССР да «Хизмат кўрсатган шифокор», СССР Журналистлар уюшмасининг аъзоси, тиббиёт бўйича ўнлаб китоблар муаллифи, травматолог -жаррох фаолияти давомида 3 мингдан зиёд операция қилиб, минглаб одамларни ҳаётга қайтарган. Ёдимда Жиззах вилоят телевидениесида ишлаб юрганимда Форишга бир чўпонни съёмка қилишга борган эдик. Ўша пайтлари нафақада бўлган дадам «мен ҳам борай» дедилар. Бирга кетдик. Фориш кенгликларидан аранг излаб топган чўпон отдан тушиши билан дадам томон оқсоқланганича югуриб келиб, дадамни қучоқлаб олиб, йиғлаган эди. Маълум бўлишича, у бир пайтлар кўпкарида отлар тагида қолиб суяклари майдаланиб кетган, Тошкентдан «барибир ўлади», деб қайтаришгач, Жиззахда дадам амалга оширган 15 та операциядан сўнг омон қолган экан
. Ўша куни съемка бўлмади, чўпон фақатгина дадамнинг суҳбатини олиш учун, атрофидан кетмади. Дадам уйда кам бўлар, ёдимда овкатлангач, яна машина навбатдаги оғир бемор келганини хабар килиб, олиб кетишар эди. Аммо якшанба кунлари албатта барчамизни (4 қиз 1 ўғил) машинага ўтқазганича ёки Самарқандга, Бухорога,ёки Бахмал, Зомин тоғларига олиб чикар эдилар. Отам туфайли болалигимданок Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарларида бўлдим, юртимиз тарихини ўргандим, чунки дадам айтиб берган тарихий ҳикоялар ҳануз эсимда. 1983 йиллари, 7 синфда ўқиб юрган кезларим, дадам бизга Сардобаларнинг Марказий Осиё халқлари ҳаётидаги ўрни ҳақида айтиб бериб, машинага ўтирганича Сирдарё вилоятида сақланиб қолган сардобани қидириб, якшанба куни йўлга тушган эдик. Топганимизда унда турли хил кимёвий ўғитлар сақлангани боис, хароб ҳолдаги иншоатни кўриб, кўзлари намланганини кўрганман. Аммо ўша пайти бунинг маъносини тушинмаганман. Талабалигимда Москвадан уйга қайтганимда, Россиянинг қайси шаҳарларида бўлганимни сўрар, санаб берсам «фалончи шаҳарнинг шу музейида бўлдингми», «шу тарихий обидасида бўлдингми?» деб сўрар, “йук» десам шаҳарни кўрмабсан, дердилар. Ўзлари деярли дунёнинг ярмини айланиб чиққан ва саёҳат таассуротлари «Юрган дарё..» деган китобларини чоп этган эдилар. Дадам бекорчиликни, дангасаларни ёмон кўрар, барча ёмонлик, кўнгилсизликлар, ҳасад ва кўраолмаслик бекорчиликдан келиб чиқади, дердилар. Билимли, зиёли одамларни яхши кўрар, шу сабабли уйимиздан меҳмон аримасди. Ўзлари етимликда, очликда катта бўлганлари учун, доимо чунтакларида ширинлик олиб юриб, кўчадаги болаларга улашардилар. 5 нафар боланинг барчасини олий маълумотли қилдилар. Фақат меҳнат, одамнинг ўз устида ишлашигина уни хақиқий инсон қилишини, одам жамиятга, ўзгаларга фойдаси тегсагина ҳурматга сазовор бўлишини бизларга бот -бот эслатиб турардилар. Жониворларга жуда меҳрли, касал, яраланган жониворларга ҳам доимо ёрдам берардилар. Ҳовлимизда дадам даволаб, тузалган кучук, мушук, оқсоқланиб юрган каклик, қанотлари синиб, дадам тузатган қушлар кўп бўлиб, улар орасида катта бўлдик. Раҳматли Гулнора опам фан номзоди, мен яқинда фан доктори бўлдим Аммо дадам бу ютуқларимни кўра олмаганларидан афсусдаман.. Еш бола билан қийналиб, аспирантурадан кетмокчи бўлганимда «ғалабага ҳеч қачон осонликча эришиб бўлмаслигини» айтиб, йўл кўймаган эдилар. Дадам қазо қилгач, қирқи куни уйимизнинг олдига чангга ботган машина тўхтаб, Қорақалпоғистондан бемор олиб келишганини, охирги умид «дўхтир Суннат акадан эканлигини» айтишганида, онам улар 37 кунга кеч қолишганини айтиб, роса йиғлаган, шифо истаб келгандар ҳам қўшилишиб йиғлашган эди. Дадам кетганларига 20 йил бўлди, аммо шу ўтган йиллар давомида деярли ҳар куни тушимга кирадилар. Шу кунлари йиғидан ёстиғим хўл бўлиб уйғонаман. Чунки ҳаётимдаги йўқотиш ва бошимдан кечирган қийинчиликлар айнан шу кундан кейин бошланган эди. Мен энг катта суянчиғим, ҳар қандай ҳолатдан олиб чиқувчи дадажонимдан айрилган эдим. Отажонимни Аллоҳим раҳматларига олиб, жойлари жаннатда бўлсин, илоҳим.

Улашинг: