547

“…Эри ашаддий қиморбозлигини аёл иккинчи фарзанди дунёга келгачгина билди…”

Гулзода (исмлар  ўзгартирилган) 26 ёшда. 2 нафар фарзанднинг онаси. Турмушга чиққанидан бери, оилавий ҳаётида кун кўрмади ҳисоб. Эри ашаддий қиморбозлигини иккинчи фарзанди дунёга келгачгина билди. Аввалига эри ҳеч қаерда ишламасада, шунча пул қаерда келаётганини тушунмай юрди. Сўнг уйдан бирин-кетин нарсалар йўқола бошлади. Бир куни дўкондан уйга қайтганида қайнотаси ўғлини буралаб сўкаётгани устига чиқди. Бақир-чақирдан эри отасининг яхши кўрган, кимдандир ёдгорлик қолган соатини сотиб юборганлигини англади.

Шундан сўнг уйларида тез-тез жанжал бўла бошлади. Уйда сотишга деярли нарса қолмади. Фарзандларини боқиш илинжида Гулзода ишга чиқди. Шунча ялинса ҳам эри Миролим телефонда қимор ўйнашдан воз кечмас, ҳар гал хотини унга “шу ишини бас қилиши, оиласи, фарзандларининг тақдирини ўйлашни” айтганида, жазаваси қўзирди. Агарда Миролим ютқазганида хотини пул бермаса, унга қўл кўтара бошлади…

…Ўша куни ишдан қайтган Гулзода, эри ичиб, жаҳл билан сўкинганича телефонида яна ўша қимор ўйинни ўйнаб ўтирганини кўрди. Фарзандларига бироз ўйнаб туришни айтиб, ўзи кийимини алмаштириб, овқатга уннади.

Ошхонага важоҳат билан кириб келган турмуш ўртоғини кўриб, юраги “шиғ” этди.

-Яшириб қўйган пулларинг қани?! — Миролим хотинига ушқирди.

-Охирги пулга фарзандларингизнинг боғчасига тўладим. Уйга бозор қилдим.

    -Бор пул топиб кел. Миролим хотинини билагидан ушлаганича, эшикка қараб судради. Аксига олиб, уйда қайнота, қайнонаси ҳам йўқ эди.

-Қўйворинг, қаерга бораман? Ким менга ҳозир пул беради?!

Миролим хотининг юзига тарсаки тортиб юборди. Жанжалга уйдан югириб чиққан болалалари дадасининг қўлига ёпишишди. Уларни итариб юрган Миролим, хотинини ва болларини кўчага ҳайдади:

-Пул олиб келмсанг, уйга қадамингни босма!

Гулзода қоронғида икки фарзандини етаклаганича кўчада борар экан, қаерга бош уришини билмай, кўз ёшларини тўхтата олмас эди. Ота-онаси бошқа туманда туради. Бундан ташқари боришга бир тийин пули ҳам йўқ. Гулзода вақтинчалик маҳалла идорасида қўним топди.

Андижон вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг раҳбари Холидахон Мирзараҳимова гапидан:

-Гулзодани Марказимизга маҳалла раиси олиб келди. Аёл анча тушкун кайфиятда, жуда сиқилган, стресс ҳолатда эди. Аввало унинг эри, қайнона, қайнотаси ва қариндошлари билан ҳолатни мухокама қилдик.

Энг ёмони эри,  қайнона-қайнотаси барча айбни келинига қўйиб, уни қайтиб уйга киритмоқчи эмас. Улар айб бутунлай ўғлида эканлиниги англаб, аёлни қўллаб-қувватлашмади. Аёлнинг ўзи ҳам эри билан ажрашишга қарор қилди. Уни тушунса бўлади, эрини  қиморга мойиллиги бор, уни даволаш керак. Энг ачинарлиси болалар отасидан қўрқиб қолишган. Гулзоданинг 5 ёшли боласи жанжаллар натижасида яхши гапира олмайди.

Шу сабабли биринчи навбатда аёл ва фарзандлари тиббий кўрикдан ўтказилиб, психологик, болага эса психологик ёрдамдан ташқари логопедда даволаниш бўйича ёрдам кўрсатилди. Судга ажрашиш ва алимент ундириш масаласида ариза, вилоят ҳокимлигига субсидияга уй бериш масаласида ариза киритдик. Айни пайтда Гулзода фарзандлари билан Реабилитация марказида яшамоқда.

Субсидия ҳал бўлгунича, аёлни бир хонали уй -жой билан таъминланишига ҳаракат қилмоқдамиз.

Наргис Қосимова

Улашинг: