Қиз бола бировнинг хасми, дейишади. Шу боис ҳам бизнинг халқимизда “Тенги чиқса текин бер”, деган стереотип қадимдан шаклланган ва бу қарашга ҳали ҳануз барҳам бериш мушкул кечмоқда. Қиз боланинг ёши 20 дан ошдими, тамом, “қариқиз” бўлиб қолиб кетяпти, деб ота-она, қариндош-уруғлар саросимага тушиб қолишади.
Заҳро (исмлар ўзгартирилган) ҳам ана шу стереотип касридан жабр кўрди, ёши 25 дан ошгач, уни ҳеч ким сўрамай қўйди. Қўни-қўшнилар чекка-чеккада онаси Мавлуда опа кўриниши билан қизини ўтириб қолганини ғийбат қилишар, буни сезган онаизор йўли бўлмасада, қўшниларнинг “Нега қизингизни узатмаяпсиз?” деган саволларига жавоб бермаслик учун бошқа томонга бурилиб кетарди. Бундан Заҳро ҳам қаттиқ сиқиларди. Охирги пайтлари фақатгина иши билан андармон бўлиб, дугоналарига ҳам қўшилмай қўйганди. Шу боисми, Абдувоситдан Заҳрога совчи келганида, ҳамма севиниб кетди. Аммо куёв уйланган, хотини туғмаётгани боис Заҳрони шаръий никоҳига олмоқчи экан.
Заҳро аввалига бунга рози бўлмади, атрофдагиларнинг гап-сўзларидан безор бўлган ота-онаси “Битта туғиб берсанг, хотини билан ажрашиб, сенга қонуний уйланади”, деб қизларини юпатишди. Тез орада ихчамгина тўй ҳам бўлиб ўтди. Орадан маълум вақт ўти, Заҳронинг кўнгли айниб, юкли бўлгани сезилди. Аммо бошида иккинчи хотинига яхши муносабатда бўлган Абдувосит икки ой ўтгач, буткул ўзгарди-қолди. Заҳронинг ёнига доимо маст ҳолда келар, арзимаган баҳонаю сабаблар билан унга қўл кўтарар, интим алоқада ҳам ғайритабиий ҳаракатлар қилиб, жувоннинг жонини оғритарди. Аммо фарзанд туғилса, ҳаммаси ўзгаришига ишонган Захро буларнинг барчасига чидарди.
Бу орада Абдувосит Россияга ишга кетиш ҳаракатига тушди. Заҳрони ҳам ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Бирор маротаба қишлоғидан бошқа жойга чиқмаган Заҳро ўзга юртни кўриш иштиёқи устун келиб, эрининг барча қилиқларини кечирди. Аммо Россияда ҳам ижарада бир-нечта ўзларига ўхшаган муҳожирлар билан бирга туришар, Заҳронинг юмушлари энди икки баробар кўпайган эди. Бунинг устига иши юришмаган Абдувосит деярли ҳар куни уйга қайтгач, аламини хотинидан оларди. Ой-куни яқинлашган Заҳро бу ерда қолса, туғруқ жараёнида бирор кор-ҳол бўлиб, ҳатто ўлиб кетиши мумкинлигини англаб, эрига уни Ўзбекистонга қайтаришини ўтиниб сўрай бошлади. Чақалоқ туғилгач ижарада бошқалар билан бирга яшай олмаслигини тушунган Абдувосит, қарз-ҳавола қилиб чипта олдида, Заҳрони Ўзбекистонга жўнатиб юборди.
Ватанга қайтган Заҳро қиз фарзанд кўрди. Назарида, энди ҳаёти буткул ўзгача кечадигандек эди. Телефонда гаплашганида ҳам эри уни соғинганини, жажжи қизалоғини тезроқ кўргиси келаётганини айтарди. Шу тариқа орадан ойлар ўтди. Эрининг ширин гапларига учган Заҳро яна Россияга, Абдувоситнинг олдига қайтиб борди. Аммо соғинч ҳисси бир неча кундаёқ сўнди. Абдувосит бу ерда бошқа аёллар билан дон олишиб юриши тез орада маълум бўлди. Орани очиқ қилиб, тинчгина гаплашиб олиш зарурлигини айтганида, юзига келиб тушган муштдан Заҳро ҳушини йўқотди. Ўзига келганида нафас олиши қийинлашган, қаттиқ зарбдан бурни синган эди. Абдувосит қўлига пичоқ олиб, Заҳрони сўйиб ташлаш билан таҳдид қилганида, жувон амаллаб ўрнидан турдию, чинқириб йиғлаётган қизалоғини бағрига босганича, эшикдан ташқарига отилди. Бироқ, вақтлар ўтса ҳам, Абдувосит ўзига келмади. Заҳронинг боши яна жанжал-тўполон, ур-сур, калтаклардан чиқмай қолди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келишгач, тинимсиз калтаклардан соғлиғини буткул йўқотган, руҳий тушкунликка тушиб қолган Заҳро боласини олиб дарҳол ота-онасиникига кетди. Аммо у ерга ҳам сиғмади. Ака-укасининг фарзандлари катта бўлиб қолишган, ортиқча оғиз бўлиб дастурхонга қўшилган Заҳрога бу ерда ҳеч ким, ҳаттоки ота-онасининг ҳам кўзлари учиб турмаганди…
– Заҳро Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилганида ўта тушкун аҳволда эди, – дейди Марказ раҳбари Наргиза Эрматова. – Унинг айтишича, турмуш ўртоғи 8 йил давомида унга нисбатан ҳам жисмоний, ҳам руҳий ва жинсий зўравонлик қилиб келган. Аёлнинг эри билан суҳбатлашганимда, эркак ўта худбин ва тажовузкор эканини тушуниб етдим. Заҳрога Ҳимоя ордери олиб бердик. Аниқлашимизча, эрининг 3 та уйи бор экан. Улардан бирига ИИБ ёрдамида Заҳрони қизи билан у ерга жойлаштирдик. Эрига, агарда хотинининг тинчини бузса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини ётиғи билан тушунтирдик. Ҳозирда аёлни ишга жойлаштириш ҳаракатидамиз, унга бир нечта иш таклиф қилдик. Шу билан бирга, у Марказимизга қатнаб, психологик тренингларда қатнашмоқда. Натижа ёмон эмас, унинг руҳияти ўзгариб, кайфияти кўтарилган, ўзига бўлган ишончи анча ортган. Реабилитация дастури тугагач, жувонни албатта ишга жойлаштирамиз.
Наргис Қосимова