Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эркак хотинини калтаклагани, ўлдирмоқчи бўлиб пичоқ ургани ҳақида кўплаб хабарлар тарқамоқда. Бундай хабарларга муносабатлар ҳар хил. Энг ачинарлиси аксарият юртдошларимиз “калтакланган аёл ўзи сабабчи бўлгани учун эри урган” деган фикрда. Наҳотки инсон ҳаётга хўрланиш, доимо босим остида яшаша, калтакланиш учун келса? Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Муқаддас (исмлар ўзгартирилган) Бухоро шаҳрида туғилган. 3 та вояга етмаган фарзанди бор.
Муқаддаснинг онаси мактабда ўқиб юрганида, касалликдан вафот этди. Қиз доимо уйга ичиб, маст бўлиб келадиган, фарзандларини урадиган отаси ва унга ягона меҳрибон акаси қўлида катта бўлди. Муқаддас лицейни битириши билан уни турмушга узатишди. Бир томондан ўқиш, севган касбини эгаллашни орзу қилиб юрган қиз учун бу отасининг калтаклар ва ҳақоратларидан қутилишнинг ягона йўлидай туюлган эди. Аммо тўйдан бир ҳафта ўтмай, ёш келин барча умидлари пучга айланганини тушиниб етди. Эри Муқаддаснинг отасидан қолишмаган ҳолда ичар, арзимаган сабаб билан ёш хотинини ура бошлади. Жанжалларга кўпинча қайнонасининг ўғли ишдан келиши билан Муқаддасни ёмонлаб бошлар, ўғли хотинига қўл кўтармагунча кўнгли жойига тушмасди.
Муқаддас мазкур азобда 10 йил яшади. Орқама-кетин туғилган фарзандларини олиб, калтак ва хўрликларга чидай олмай, бир неча маротаба уйига қайтиб борди. Аммо остона ҳатлаб кириши билан, отаси қизининг юзига шапалоқ тортиб юборди.
-Ҳа, падарингга ланъат. Йўқол уйингга. Болаларингни эринг боқсин, дея уларни кўчага ҳайдади.
Нигора аллақачон уйланиб, 3 нафар фарзандли бўлган акасининг уйига ҳам сиғмади. “Ойдин нур” зўравонликка учраган хотин -қизларга ёрдам бериб келаётган марказ ходимлари Муқаддаснинг жонига оро киришди. Аммо Марказда бир ой яшагач, яна эрининг уйига қайтишга мажбур бўлди. Муқаддас барибир қайтиб келишини англаган қайнонаси энди авжига чиқди. “Хотининг лапашанг, ивирсиқ, на овқатни яхши қилади, на уй тутишни билади. Менга умуман қармайди ” дея ўғлини хотинига қарши қайрай бошлади.
Ҳар кунги жанжаллардан тўйган Шокир ишдан уйга қатгач, яна онасининг дийдиёсини эшитар экан учоқ бошида болта билан утин м айдалаётган хотининг олдига бориб, “нега онамни хафа қиласан, ҳароми?” дедида, уни тепиб юборди. Муқаддас оҳ уриб, ерга йиқилди. Хотининг қаршилик кўрсатмай, унсиз йиғлаганича, ерда бошини қўли билан беркитгани Шокирнинг баттар жазавасини қўзғатди. У ерда ётган болтани олиб, хотининг бошига урди. “Оҳ” уриб, бирдан жимиб қолган Муқаддасни оёғи билан туртиб кўрган Шокирнинг кайфи бир зумда тарқади. Юраги қинидан чиққудек бўлиб уриб, уйга қараб югурди. Кеч куз осмонида пайдо бўлган қора булут бироздан сўнг гулдираб, қонга беланган аёлнинг тақдирига ачингандек, кўз ёш тўка бошлади. Юзига келиб тушаётган ёмғирдан кўзини очиб, бироз ўзига келган Муқаддас амаллаб ўрнидан турди. Отасидан қўрқиб, ошхонада йиғлаб ўтирган болалрини эргаштириб уйдан чиқди.
Қўшниси Адолат хола бошидан тинимсиз қон оқаетган жувонни кўриб ҳуши бошидан учди. Келинига айтиб, “Тез ёрдам” чақиртирди. Муқаддас шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан тирик қолди. Касалхонадан чиққан аёл қаерга боришини билмай, маҳалла хотин-қизлар масаласи бўйича раис ўринбосарига мурожаат қилди. Муқаддас фарзандлари билан Хуринисо Равшанова раҳбарлик қилаётган Бухоро вилояти реабилитация ва мослаштириш марказига вақтинчалик яшаб туриш учун жойлаштирилди.
Муқаддас ўта тушкун кайфиятда эди. Энди нима қилади? Учта боласи билан қаерга боради? Бир бирини орқасидан етолмас даражада қувлашаётган, миясида ғужғон ўйнаётган саволлар, ҳаёллар унга тинчлик бермас, бунинг устига эри келиб, уни яна калтаклаб кетишидан қўрқар эди.
Марказ психолог Гулнора Сирожеванинг саъй-ҳаракатлари эндигина натижа бериб бошлаганида, Шокир Муқаддасни ишидан чиқишини пойлаб, “ҳали сенми мени милисага берадиган” дея, кўчада уни калтаклади. Маълум бўлишича, ички ишлар ходимлари томонидан эрига нисбатан бир неа маротаба “Ҳимоя ордери” берилган, аммо шунга қарамай, эри Муқаддасни доимо калтаклаб келган.
Бу сафар “энди урмайман” дея ёлғон қасам ичиб, узр сўраш билан иш битмаслигига кўзи етган Шокир, хотинини уриб, янада қўрқитмоқчи, Марказ ҳуқуқшуноси томонидан ички ишларга тайёрланган аризани қайтариб олдирмоқчи бўлди.
Руҳий муолажалардан бироз тинчланган, ўзига нисбатан оз бўлсада ишончи ортган аёл ниҳоят ҳар бир инсон ўзи учун ҳам яшаши лозимлигини, одам ўзини ўзи ҳурмат қилмаса, атрофдагилар ҳам уни ҳурмат қилмаслигини тушиниб етди. Аммо Муқаддаснинг олдида яна бир муаммо турарди. Бу эса 5 яшар ўғилчасининг онасига нисбатан салбий муносабати эди. Давронбек доимо бир нуқтага тикилиб ўтирар, савол беришса жавоб ҳам бермасди. Энг ёмони онасига отасидек муносабатда бўлиб, Муқаддасни мутлақо менсимасди. Психолог жажжи Даврон билан узоқ ишлади. Ўзгаришлар болакайнинг нигоҳида онасига нисбатан ачиниш ҳисси пайдо бўлганидан бошланди.
Қонун олдида барча жавобгар. Шокир қилмишлари учун суд қилинди. Унга қамоқ жазоси тайинланди. Муқаддас эса эридан ажрашиш учун судга ариза берди.
Айни пайтда Муқаддас келажакка умид билан боқиб, яшамоқда. Тадбиркорлик қилиш учун банкдан кредит олди. Акаси эса саҳоватпеша инсонлар кўмагида ёш умри қўрқув ва тазйиқ исканжасида ўтган синглисига кичик ҳовли сотиб олиб берди. Муқаддас илк мартоба ҳаёт гўзаллигини, ташқарида зўравонликсиз, тинч, осуда ҳаёт борлигини ниҳоят ҳис қилди.
Наргис Қосимова