484

Ўғилчасини нотаниш аёлга сотаётган вақтда ИИБ ходимлари томонидан Нодира қўлга олинди…

Нодира (қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган) узоқ ўйлади. Аввалига ўзининг оғир қисматидан  ўкиниб, кўз ёш тўкди. Сўнг  бир кўрпа остида ухлаб ётган фарзандларига узоқ термилди. Ҳаёлида кино тасмаси каби айланаётган ҳаёт  йўли гавдаланди.

….Нодира кичиклигидан ота меҳрини кўрмади. 4 ёшли қизалоқ бўлишига қарамай, уйда кунора бўладиган жанжаллардан мурғак қалби безиллаб қолган эди. Отасининг маст ҳолда уйга келиб,  онасига қараб, қулига тушган нарсасини отиши, ушлаб олса аёвсиз калтаклай бошлаганидан хонтахтанинг тагига кириб яширинар, унсиз йиғлар эди. Чунки овозини чиқарса ўзи ҳам калтак ейишидан чўчиб қолган эди. Ниҳоят, ота-онаси ажрашишди. Аммо онаси кўп ўтмай бошқа турмуш қурди. Угай отаси негадир доимо индамай юрадиган, нигоҳида қўрқув қотиб қолган қизалоқни бошидан ёқтирмади. У билан жеркиб гаплашар, сал нотўғри ҳаракати учун  уришдан ҳам тоймасди.

Бу оилада ҳам аёл иккинчи даражали одам эди. Онасининг фикри ҳеч қачон инобатга олинмас, “янги” бувиси эса “етаклаб келган етимчаси” билан ойижонисини доимо қўшиб қарғар, тирноқ остида кир  қидирарди. Шу сабаблими, “ортиқча оғиздан тезроқ қутилиш учун” Нодирани мактабни тугатиши билан турмушга беришди. Ёшлигидан қийналиб, ночор ва  меҳр кўрмай ўсган Нодирага бу сафар ҳам бахт кулиб боқмади.  Эри Даврон хотинига нисбатан унинг отаси, угай отаси қилган муносабатини айнан такрорлади. Нодиранинг боши калтакдан чиқмай қолди.

Даврон орқама кетин туғилган икки фарзандидан ҳам уялмай, хотининг қилган ҳар бир юмушидан айб излаб, жанжал кўтарарди. Аксарият ҳолатда жанжал Нодиранинг калтакланиши билан якун топарди.  Ўша кунларни эслар экан, аёлни қўни-қўшнилари. Қариндошлари уни доимо юз-кўзи кўкарган ҳолда юришига ўрганиб қолишгандек эди, гуё.  Инсон қачонгача ҳақорат, калтак ва тазйиққа чидайди?

Навбатдаги жанжал, ҳақорат, калтакдан сўнг Нодира уйдан чиқиб кетди. Икки-уч кун дугонасиникида яшади. Аммо фарзанд соғинчи юрагини ўртади. Айрилиққа чидай олмай, уйга қайтди.

-Кўчада сандриқлаб, ж…. қилиб энди қайтдингми? Йўқол.

Эри унинг кўкрагидан итариб, юзига эшикни қаттиқ ёпди. У  “Болаларни бир кўрай, илтимос” деб йиғлаганича эшик тагида анча ўтирди…

Нодира икки ойча гоҳ қариндошларининг уйида, гоҳ ижарада яшаб юрди. Ижара уйи эгасининг олдига келиб турадиган  Санжар  сўнгги пайтлари унга бефарқ эмаслигини сеза бошлади. Санжар унга никоҳ ўқитиб яшашани таклиф қилганида, Нодира уни халоскоридек қабул қилди. Ҳаётдан кўнгли совиган, фарзандларидан айрилгач, худди  ёмон тушда яшаётгандек Нодира, уйғонди.  Аммо тақдир аёлга яна бир зарба тайёрлаб қўйган эди. Турмуш ўртоғи ҳалол меҳнат қилишни истамас эди.  Уч йиллик оила даврида ўртада  яна иккита бола дунёга келди.  Аммо ўғирлик билан кун кўришни одат қилган Санжар қўлга тушганида. Нодира аччиқ қисматининг тузоғидан қутила олмаслигини ишонган эди. Санжар 4 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақидаги хабар, аёлни ерпарчин қилди. Қўлида бирор бир ҳунари йўқ, Санжар билан никоҳ уқитганига қадар яшаш учун мардикорчилик қилиб юрган аёл энди икки бола билан қаерга боради?

Тўрт йил фарзандларининг ташвиши билан ўтди. Аммо озодликка чиққан Санжар қайтиб Нодирани кўришни истамади. Гуё Нодира ҳаммасига айбдордек… Эрининг озодликка чиқиб, бошқа турмуш қурганини эшитган Нодира ўз оиласи учун курашишга қарор қилганида кеч бўлган эди. Санжар на уни, на фарзандларини кўришни истамади.  7 йил аввал такрорланган ҳолат.  Иккинчи эри ҳам аёлнинг кўкрагидан итариб, унинг юзига эшикни ёпди. Фақатгина бу сафар унинг  ёнида фарзандлари бор эди.

….Нодира миясида ғужғон ўйнаётган ҳаёлларини тартибга солишга ҳаракат қилгандек, бошини силкитди, ухлаб ётган, усти очилиб қолган ўғилчасининг юзидан ўпди. Сўнгги бор унга узоқ термулиб, қатъий қарор қабул қилди. “Ўзи билан оч-наҳор, бировларникида сиғинди бўлиб юрганидан кўра, янги оиласида усти бут, қорни тўқ яшар. Ботиржонни сўраган аёл бадавлат кўринади. Фарзанди йўқлигидан роса нолиди. Ҳеч бўлмаса берадиган пулига тумандан қизи билан кичик уй олар…”

Ўғилчасини нотаниш аёлга сотаётган вақтда ИИБ ходимлари томонидан Нодира қўлга олинди. Суд ҳукми билан, вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб,  4 йилга уй қамоғига ҳукм қилинди.  Афсуски, Нодирага қариндошларидан ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади. Чунки у жиноятчи эди.  Қўшниларнинг маслаҳати билан Навоий вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига мурожаат қилганида, унга ётоқхона ажратилиб, бандлиги таъминлангунча  Реабилитация ва мослаштириш марказига юборишди.

Муътабар Хасанова раҳбарлик қилаётган Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази ходимлари  Нодира ва фарзандларини  Марказ бошпанасига вақтинчалик яшаш учун жойлаштиришди. Марказ психологи Ш.Рузиқулова ўта тушкун кайфиятдаги Нодирани стерсс ҳолатдан чиқариш, ўзига, этанги кунга умид уйғоти мақсадида муолажаларни бошлаб юборди.

Айни пайтда Нодиранинг руҳий аҳволи бироз яхшиланган. Оз бўлсада фарзандлари учун яшаш, курашиш кераклигини англамоқда..

Афсуски, телеграм каналимизда бериб бораётган аксарият аёлларнинг тақдири ўта аянчли. Жойлардаги Реабилитация ва мослаштириш марказлари ходимларининг том маънодаги фидокорона меҳнати туфайлигина улар ҳаётга қайтишади. Бунда биз ҳам Нодирага   ўзи, фарзандлари учун курашишдан тўхтамаслигини тилаб қоламиз.

 

Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази “Ишонч телефони”  (90) 500-22-88. 

 

Наргис Қосимова

 

 

Улашинг: