499

Ёшлигидан она меҳрини қумсаб, меҳрга зор бўлиб ўсган Севара келинлик уйида ҳам бахтли яшамади…

Севара (исмлар ўзгартирилган)  гўдаклигидан ҳаётнинг оғир синовига дуч келди.  Онаси  қизалоқ бир ярим ёшлигида  оғир ҳасталик билан оламдан ўтади. Сайёранинг отаси кўп ўтмай бошқа аёлга уйланди.  Севара икки акаси ва угай онаси билан яшай бошлади. Аммо угай онаси қизалоқни  уриб-туртаётганини эшитган холаси  отасининг розилиги билан ўз тарбиясига олди.  Орадан йиллар ўтиб, Севара  холасининг қистови билан қўшни қишлоқдаги Мансурга турмушга чиқади. Ёшлигидан она меҳрини қумсаб, меҳрга зор бўлиб ўсган Севара келинлик уйида ҳам бахтли яшамади. Сайёранинг турмуш ўртоғи маст бўлиб, хотинини  ҳақоратлаб, калтакларди. Севара ўғил фарзандли бўлгач, боласи  учун  эрининг барча тазйиқ ва зулмига чидаб келди.  Турмуши давомида жуда кўп оғир кунларни бошидан кечирди.  Аммо эри фарзандининг олдида ҳам аёлини камситиб, калтаклашдан тўхтамади.

Севара сўнгги пайтлари камгап бўлиб қолди.  Боши оғриб, руҳий тушкунликка тушди.   Касалманд  аёл менга керакмас дея, эри уни кўчага ҳайдади. Охир-оқибат  Севара билан қонуний ажрашди.  Ўғли Фариджон билан акасининг уйида яшаб юрди. “Бир ошхона икки бекага тор” деганларидек, акасининг уйида ҳам келинойиси билан жанжал кўпайди. Орадан кўп ўтмай, акасининг мажбурлаши билан унинг ўртоғига шаърий никоҳ билан турмушга чиқди. Аммо  янги турмуш ўртоғи Севаранинг ўғилчасини чиқиштирмади. Ўртада жанжал кўпайди. Буни эшитган  Фариджоннинг бувиси собиқ келинидан неварасини олиб кетди.

Иккинчи турмуши давомида Севара яна бир ўғиллик ва қизлик бўлди. Аммо иккинчи эри ҳам Севарани калтаклаб, чарчамади. Сабаб эса  жувоннинг ҳар бир хатти -ҳаракатидан топиларди. Бунинг устига қайнонаси ва қайинопаси ҳам  Илҳомни  “хотининг ундоқ, хотининг бундоқ”дея гижгижлашарди.

Ўша куни ўғли  ишдан келиши билан яна Севарани ёмонлай бошлагач, Илҳом “уни ҳайдасам жанжаллардан қутиламанми?” дея, хотини “яна нима иш қилдинг, йўқол, сен кетсанг тинч яшайманми?” дея, уни кўчага ҳайдади. Онасининг ортидан йиғлаб қолган фарзандларидан айиришди.  Бу пайти  Севаранинг холаси ҳам вафот этган, аёлнинг дардини айтишга ҳеч кими, боришга  жойи ҳам қолмаган эди. Икки акасидан ҳам вақтида зулм кўрган сингил, қатиб уларникига  боришга юраги бетламади.  Ўта оғир ижтимоий аҳволда қолган, борадиган жойи йўқ, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва кучли қўрқув ва стрессга тушиб қолган  Севара вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига мурожаат қил ди. Бошқарма эса ўз навбатида аёлни  ётоқхона ажратилиб, унга иш топилгунича  Муътабар Хасанова раҳбарлик қилаётган Навоий вилоят реабилитация ва мослаштириш марказига юборишди. Марказ ходимлари  “ҳаётдан умиди қолмаган” аёлни Марказ қошидаги бошпанага жойлаштиришди. Айни пайтда Севара тиббий кўрикдан ўтказилиб, жувоннинг ўзига бўлган ишончини тиклаш учун психолог Ш.Рузиқулова ишламоқда.

Севарани муқим бошпана билан, бандлигини таъминлаш, фарзандларини она бағрига қайтариш анча вақт ва куч талаб этади. Афсуски, аёл иккила турмушида ҳам бахтли бўла олмади, тазйиқ ва зўравонликка учради. Шу ўринда савол туғилади? Нега Ўзбекистонда аксарият ҳолатларда аёлга буюм, ҳамма ишни сўзсиз бажарувчи, бола туғиб берувчи, ўз фикрига эга бўлиш тақиқланган қул сифатида қарашади? Унинг ИНСОНлиги, мунтазам калтакдан соғлиғи ёмонлашиши мумкинлиги ўйлаб ҳам кўрилмайди? Уйда отаси онасини доимо калтаклаётганини кўрган фарзандлари келгусида ўзлари оилали бўлгач, худди шу сценарийни қўллашади. Қарабсизки. Зўравонлик чексиз айлана бўйлаб давом этаверади.  Ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли эканлиги ҳақида бувилар ўз невараларингизга, ота-оналар ўғил ва қизларингизга сўзлаб бериб, зўравонлик ҳалқасини узишга ҳисса қўшарсиз?

Навоий вилояти Реабилитация ва мослаштириш маркази “Ишонч телефони”  (90) 500-22-88. 

Наргис Қосимова

Улашинг: