545

МАМЛАКАТИМИЗДА ЗЎРАВОНЛИК НЕГА КЎП?

2021 йил 10 январда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, 2004 йилда туғилган  қиз 2020 йил 2 декабрь куни ўзининг номусига тажовуз қилган фуқаронинг ҳамон озодликда юрганидан аламда эканини  уйдагиларига айтган.  2021 йил 2 январ  куни қиз  Каттақўрғон туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда фуқаро И.С. ўзининг «Матиз» машинасида уни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккани, бошқа бир фуқаро С.Р. ҳам «ВАЗ 2106» машинасида уни Каттақўрғон туманида жойлашган сув омбори ҳудудига олиб бориб, зўрлаб, жинсий алоқа қилганини кўрсатиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговга қадар текширув бошлаган, воқеа жойи кўздан кечирилган. Ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олиниб, вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.Қизнинг яқинлари уни зўравонлик қурбони бўлгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган терговга қадар ишлардан норози эканини билдиришган.

Ундан сал олдин эса Каттақўрғон туманида машҳур хонанда Жасур Умиров жиноий шериклари билан вояга етмаган қизнинг номусига теккани, аммо ИИБ жиноий иш очишни рад этганди. Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши  қўзғатилиб, Жасур Умиров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Хозирда хонандага оид жиноят иши Каттақўрғон туман судида ёпиқ шаклда кўриб чиқилиб, хонанда қамоққа олинди.

11 май куни Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани  “Чандир” маҳалласида яшовчи  17 ёшли қиз эратлаб кўчани супираётганида севган йигити чақирган. Қизни  яна 3 та дўсти билан мактаб қоровулхонасига олиб бориб. Зўрлашган. Қўлини синдиришган, сўнг ўлдириб “Эски анҳор” каналга ташлашган. Айтишларича, зўрлаганларнинг бирининг тоғаси ички ишларда мансабдор экан. Туман прокуратураси С.Х.нинг қизлик пардаси бутунлиги, бузилмаганлиги, қизлик пардасини бузмасдан туриб жинсий алоқа қилишнинг имкони йўқлиги, шунингдек, марҳуманинг жинсий аъзоларида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги ҳақида баёнот берган. Аммо қизнинг ота-онаси бунинг аксини айтмоқда.

13 май куни соат тахминан 16.00ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган дала шийпонида  5 ойлик келинчак, кейин терговда аниқланишича ҳомиладор экан, ўзига таниш бўлган икки эркак томонидан зўрланган. Авваллари ижтимоий тармоқларда  6 нафар эркак дейилганди.  Айни пайтда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Андижон вилояти ИИБ томонидан амалга оширилмоқда…

Юқорида санаб ўтилганлар ўтган ярим йил ичида оммага  маълум бўлган хотин-қизларнинг номусига тегиш бўйичабир нечта тожовузкорлик ҳолатлари.  17 яшар, ҳали ҳаётга эндигина қадам қўяётган қиз унинг чиройига тўймай, видолашди.  Келинчак касалхонада.

Жинсий зўравонлик –  аёлга нафақат жисмоний, балки руҳий шикаст етказадиган жуда оғир ҳолат.  Аксарият ҳолатда номусга, атрофдагиларнинг гап сўзига чидай олмай қизлар, аёллар жонларига суиқасд қилишади.  Бундай пайтда  жинсий зўравонликка учраган  қиз еки аёл нима бўлганини батафсил айтиб бериб, ёрдам сўрашга ҳамма ҳам ўзида куч ва ирода тополмайди. Аксарият ҳолатда  аелнинг ўзини айблашади. Аммо юқорида келтирилган иккита ҳолатда  юртдошларимиз аёлларни эмас, уларга куч ишлатиб, ваҳшиёна тарзда номусига текканларни қоралай бошлаганидан мамнунман. Чунки жинсий тажовуз жабрланувчининг айби эмас!

2020 йил апрель ойидан бошлаб фаолият олиб бораётган Гендер тенглики комиссияси ва БМТнинг Аҳолишунолик жамғармасининг   «Зўравонликка йўл йўқ!»  телеграм канали ҳар ойда Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган,   мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан содир этилган зўравонлик турлари бўйича хабар беради. Биргина жорий йилнинг январ-март ойлари бўйича  содир этилган зўравонлик ҳолатларининг 9 973 таси оилада, 768 таси кўчада, 205 таси жамоат жойида, 100 таси иш жойида ва 24 таси таълим муассасасида содир этилган.

Мурожаатлар сони бўйича (ўтган уч ой ичида) энг юқори ўринни Фарғона вилояти эгаллаган. Фарғоналикларнинг 1 294 нафари зўравонлик ёки тазйиқлардан азият чеккани ҳақида ички ишлар органларига шикоят қилган. Шунингдек, 1 270 та мурожаат билан Қашқадарё вилояти иккинчи, 973 та кўрсаткич билан Қорақалпоғистон Республикаси учинчи ўринга “сазовор” бўлган.

Навоий (480 та), Наманган (491 та) ва Жиззах (569 та) вилоятларида бу борада нисбатан паст кўрсаткичлар қайд этилган.

Мурожаат қилган шахсларнинг 5 209 нафари руҳий, 3 813 нафари жисмоний, 166 нафари иқтисодий, 44 нафари жинсий зўравонлик ҳамда 1 838 нафари зулм ва тазйиқ ўтказишларга учраганини маълум қилган.

Жисмоний зўравонлик билан боғлиқ мурожаатларнинг энг кўпи, Қашқадарё (548 та), Сирдарё (540 та) ва Фарғона (412 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Руҳий зўравонлик бўйича мурожаатларда Қорақалпоғистон Республикаси (959 та), Қашқадарё (668 та), Андижон (566 та) январь, февраль, март  ойларида мутлақ “рекорд” қўйганлар.

Иқтисодий зўравонлик бўйича мурожаатларда Самарқанд вилояти энг етакчи ўринда – 100 та. Тошкент ва Навоий (ҳар бирида 13 тадан), Сурхондарё (12 та) вилоятлари кейинги ўринларни эгаллаган бўлса, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида бу турдаги зўравонлик ҳодисаси умуман қайд этилмагани диққатга сазовордир.

Жинсий зўравонлик ҳодисалари ҳақидаги мурожаатлар бўйича Тошкент шаҳри биринчи (10 та), Навоий вилояти иккинчи (9 та), Сурхондарё вилояти учинчи (6 та) бўлишган. Шунингдек, жинсий зўравонлик фактлари Самарқанд, Сирдарё, Андижон вилоятларида 4 тадан, Жиззах вилоятида – 3та, Қашқадарё вилоятида – 2 та, Хоразм вилоятида – 1 тадан рўйхатга олинган бўлса, Тошкент, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида умуман қайд этилмаган.

Зулм ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича Фарғона вилояти (587 та) яна ўзига хос “рекорд” ўрнатган. Иккинчи ўринни эса Наманган вилояти (391 та), учинчи ўринни Хоразм вилояти (260 та) эгаллаган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2021 йилнинг январь-март ойларида республиканинг барча ҳудудлари бўйича зўравонлик жабрланувчисига айланган жами 11 070 нафар шахснинг барчасига ички ишлар идоралари томонидан “Ҳимоя ордери” расмийлаштириб берилган. Бундан кўриниб турибдики,  мамлакатимизда бевосита гендер тенгликни таъминлашда қилинаётган саъй -ҳаракатлар ҳали етарли эмас. Қачонки инсонлар бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилишни ўргансалар, қиз болами еки катта ёшдаги аёлми, у жисмоний жиҳатдан эркакларга нисбатан заиф бўлса ҳам, у ҳам ИНСОНлигини тушиниб етсалар, жабрланган аёллар, қизлар жим туришмаса юқорида келтирилаётган зўравонликлар сони камаярмиди? Чунки  қиз, жувон, келинчак, катта ёшдаги аёл бахтли, тинч, қўрқмай яшашга ҳақии борлигини  уларнинг оила аъзолари, отаси, акаси, турмуш ўртоғи, дўсти, қариндоши, юртдоши тушуниб етсагина Ўзбекистонда зўравонлик камайиши мумкин! Бунинг учун эса  зўравонлик қурбони бўлган аёлни, унинг яқинлари  қораламай ҳимоя қилишлари, энг асосийси ЖИМ турмасликлари лозим.

Наргис Қосимова, “Зўравонликка йўл йўқ! Телеграм канали маъмури, журналист

 

 

 

Улашинг: