Хўрлик, калтак, тазйиқ остида яшаётган аёллар ҳақида кўп бора саҳифаларимизда ёритганмиз. Золим эркакларнинг калтаги остида кун кечираётган мазлумаларни ҳимоя қилиш, уларга йўл кўрсатиш бўйича мамлакатимиздаги реабилитация ва мослаштириш марказлари ходимлари қўлдан келганича ҳаракат қилишмоқда. Бугунги ҳикоямиз ҳам бошқалардан деярли фарқ қилмайди. Фарқи фақат жойида.
Келинчак бир ёстиққа яхши ният билан бош қўйганидан калтак еса, уни «Эри урмаган хотин йўқ ер юзида», дея юпатадиганлар ёки тўрт аёлнинг боши бир бўлган жойда «Ҳамма эркак шу, жаҳлини чиқарсангиз, уради-да», дея гапирадиганлар ҳам топилади. Нега? Нима учун кучли жинс вакилининг ожизага қўл кўтаришини оддий, табиий ва меъёрий ҳолдек қабул қиламиз. Тағин бу хулосамизга бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қиламиз. Мақсад нима бундан? Бу сингитма орқали қизларимизни, келинларимизни нимага ундаяпмиз?
Мохинур ҳам Сухробга (исмлар ўзгартирилган) калтак остида яшаш учун турмушга чиқмади. Аммо эрининг бир жойда муқим ишламаслиги, топган пулини ичиб келиб, бор жаҳли, пулсизлик аламини хотинидан, уни калтаклаб олиши Мохинурнинг соғлиғига путур етказди. Бунинг устига қайнонаси тинмай уни туғмасликда айблай бошлади. “Туғмаслигингни билганимда ўғлимга бошқа хотин олардим”, дея Мохинурнинг кўзини очирмай қўйди. Навбатдаги маст эрининг калтакларидан юз-кўзи кўкарган Мохинур онасининг уйига йиғлаб келди. Аммо Бувиражаб опа, қизини бироз юпатиб, чой ичишгач, уни уйига қайтишга ундади:
-Қизим, эридан калтак емаган хотин йўқ! Бироз чида, ўратада бола бўлса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Аммо орадан вақт ўтиб, Моҳинур ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрганида ҳам камситиш ва калтаклар тугамади. Энди қайнонаси келинини уй ишларига улгурмаётганида айблай бошлади. Иккинчи боласига ҳомиладор Мохинурнинг бошида яна калтак синди. Жанжалга маҳалла фаоллари аралашишди . Аммо ҳар доимгидек, ҳамма айбни яна Мохинурга тўнкашди. Маҳалла хотин-қизлар раиси Мохинурни Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани реабилитация ва мослаштириш марказига олиб борди. Марказ раҳбари Қ.Болтаева психолог билан ҳамкорликда аввал Моҳинур, сўнг унинг эри билан суҳбатлашишди. Аёлнинг оиладаги ўрни катталиги, фарзандлар тарбиясида асосий роль ўйнашини, шунингдек, ҳар бир инсонга тазйиқ ўтказиш, зўравонлик қилиш жиноий жавобгарликка тортилишини тушинтиришди.
Аммо Моҳинурнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий аҳволи яхши эмас эди. Шу сабабли Моҳинур билан психолог ишлашда давом этиб, жувон ўзига келмагунича ота-онасининг уйида қолдирилиб, Марказ ходимлари томонидан назоратга олинди.
Ўйлаймизки, Моҳинурнинг турмуш ўртоғи суҳбатлардан тўғри хулоса чиқаради. Яна бир оила тикланади. Моҳинурга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар барҳам топади.
Наргис Қосимова