839

«…Эри билан қайнонаси боласининг ногирон туғилганида Фаридани айблашди…»

Барча исмлар ўзгартирилган.

Фарида эри билан 11 йил яшади. Бу орада бошидан не савдолар кечмади, дейсиз. Салим Фаридага уйланган кезларининг илк пайтлари хотинининг кўнглига қарашга ҳаракат қилар, уни асраб-авайларди. Аммо онасининг раъйига қарши уйлангани учун Маҳаббат  опа тўйдан кейин биринчи куниёқ келинининг юриш-туришидан, уй-рўзғор юмушларини бажаришидан нуқсон топа бошлади. Салим болали бўлгунига қадар хотинини ҳимоя қилиб юрди, аммо фарзанди ногирон туғилгач, аста-секинлик билан онаси тарафга ўта бошлади.

Эри билан қайнонаси боласининг ногирон туғилганида Фаридани айблашди. Иккинчи фарзанди туғилганидан сўнг эса, Фарида калтаклар остида қолди. Бир пайтлар хотинининг салгина боши оғриб қолса ҳам ташвишга тушиб елиб-югурган Салим, энди Фаридани кичик хатоси учун ҳам ҳеч иккиланмасдан аёвсиз калтакларди.

Қайнонаси Фаридани текинхўрликда айбларди.

— Нега ўғлим сени боқиши керак? Бор, пул топ, текинтомоқ, дангаса, — дея кўчага ҳайдаб юборганида иккинчи фарзанди ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган эди. Фарида уйи ёнидаги кафега официант бўлиб ишга кирди. Ишлаб топган бор пулини қайнотаси олиб қўяр, ҳаттоки болаларининг нафақаси ҳам қўлига тегмасди. Эрининг оила аъзолари унга одам эмас, қулдек муомала қилишарди.

Ўша куни ҳориб-чарчаб уйга қайтгач, қайнонаси яна бақирмаслиги учун тезда овқатга уннади. Фарзандларининг уст-бошини алмаштириб, орада сигирни соғишга ҳам улгурди. Дастурхон ёзиб, шўрвани косаларга сузар экан, Маҳбуба опанинг юзи тундлашди.

— Ўзи кафеда сара овқатларни еб тўйиб келади, биз эса бу ерда қуруқ, шилдираган шўрвани ичишимиз керак. Ҳой келин, қачон хамир овқат қилганинг эсингдами ўзи? Мен бу ерда болаларингга қараб ўтирсам, ўзим емай уларга едирсам, мен учун яхши кўрган овқатимни пишириб беришга вақт топиш қийинда, а?

— Аммо, ойижон, мен доимо овқатни сиздан сўраб қиламанку?

Жанжаллардан безор бўлган Салим қўлидаги қошиқни тарақлатиб хонтахта устига отиб, бақирди:

— Ишдан сал вақтлироқ келиб, онамга ёққан овқатни қилсанг ўласанми? Ишга чиқдим деб, онам сенга чўри бўлиб қолдими?

Бирданига кўтарилган жанжалдан қўрққан болалар йиғлаб, Фариданинг пинжига киришди.

— Аммо ойижон, дам олиш куни яхши кўрган овқатингизни қилиб бераман дедимку… Фарида юзига келиб тушган шапалоқдан кўрпача устига йиқилиб тушди. Салим, “ўчир овозингни, онамни ҳурмат қилишни истамасанг, йўқол бу уйдан” деб сўкинганича, хотинини судраб кўчага олиб чиқди. Ота-онасининг орқасидан чинқириб йиғлаб қолган болаларига талпинган Фарида, устма-уст тепки еди. Қайнонаси Фариданинг қўлига юра олмайдиган ногирон боласини тутқазди, холос. Шу куни кўчада қолган жувон онасиникига кетди. Аммо Дилором опа қизини гапиртиргани ҳам қўймади.

— Чидайсан энди, турмушнинг мушти бўлади. Эр дегани уради, тепади. Мана отангдан калтак еб, мен ҳам ўлганим йўқ. Ундан кўра қайт уйингга, қўшнилар олдида бизни шарманда қилма.

Эрталаб онаси Фаридани эрининг уйига қайтишини тайинлаб, кузатиб қўйди. Аммо тушкун кайфиятда, ночор бир аҳволда, ногирон боласини кўтариб паришон аҳволда кўчада кетаётган жувонни кўрган маҳалла фуқаролар йиғини раиси аёлдан бор гапни эшитгач, уни тўғри Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келди.

Сайра Носирова раҳбарлик қилаётган Марказда кучли стресс ҳолатидаги Фаридаги биринчи навбатда тиббий, сўнгра психологик ёрдам кўрсатилди. Вақтинча Марказ бошпанасига жойлаштирилган аёлнинг ҳолати ўрганилди. Марказ психологи Роза Аманова аввало жувоннинг онаси, сўнг ички ишлар ходимлари билан биргаликда унинг эри, қайнонаси билан суҳбатлашди. Шахсга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгилангани обдон тушунтирилди.

Ҳозирда Фарида эри билан ярашган, оиласи билан бирга яшамоқда. Марказ ходимлари унинг ҳолидан телефон орқали тез-тез хабардор бўлиб туришади. Жувон оиладаги муҳит анча яхшиланганини билдирган. Аммо биз ҳозир унинг руҳиятида қандай жараёнлар рўй бераётганини ва уйида нималар бўлаётганини тўлиғича билмаймиз. Эҳтимол, уни доимий равишда айблашаётган, турткилашаётган бўлса ҳам, Фарида қўлидаги ногирон боласи учун ҳам чидашдан бошқа йўл йўқ, деб ўйлаётгандир.

Афсуски, Фарида кўплаб оилалардаги зўравонлик, тазйиқ ва камситишлардан азият чекаётган аёлларнинг бири, холос. Бу тоифа шахслардан кимдир мамлакатимизда бевосита хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, уларга ёрдам берувчи ташкилотлар борлигини билса, кимлардир бундан мутлақо бехабар. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолларда жабрланган хотин-қизларга уларнинг ўз ота-оналари, яқин қариндошлари атрофдагилардан уялиб, ёрдам қўлини чўзишмайди, уларни зўравон ҳаёт исканжасидан қутқаришга интилишмайди. Аммо, бу нотўғри. Ҳар бир инсон эркин, бахтли ва фаровон яшашга ҳақли. Шундай экан, оилада зўравонликка дуч келган хотин-қизларга дарҳол ёрдам қўлини чўзиш, уларни қўллаб-қувватлаш энг аввало, жабрланганларнинг яқинлари, қолаверса, барчамизнинг, бутун жамиятимизнинг зиммасидаги масъулият эканини унутмаслигимиз шарт ва зарур.

Наргис Қосимова

 

Улашинг: