Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонданега Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси вакцинаси клиник тадқиқотларини ўтказиш учун танланганлигини маълум қилди.
«Мазкур компания вакцинаси энг юқори хавфсизлик профилига эга рекомбинант вакцина бўлиб, биринчи ва иккинчи клиник синовларнинг натижаларига кўра ножўя таъсири кам (0,3-0,5%дан кам). Бундан ташқари, Т-хотира ҳужайраларининг ҳосил бўлиши юқорилиги, Нон-нейтралловчи ва нейтралловчи антитаналар ўртасидаги мувозанат мавжудлиги каби илмий кўрсаткичлар ҳам бу танловимизнинг сабабларидан биридир.
Ушбу вакцина COVID-19 вируси гликопротеинининг рецепторга боғланувчи доменини CHO рекомбинант ҳужайралари ёрдамида кўпайтирилиб, тозаланиб ва алюминий гидроксиди қўшиш орқали тайёрланган.
Ноябрь ойидан бошлаб Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компаниясининг 8 та ходими Ўзбекистонга етиб келган ва ҳозирги кунга қадар Илғор технологиялар марказининг 30 нафар олимлари, вирусология институти ва бошқа тиббиёт муассасаларининг 112 нафар тиббиёт ходимлари билан биргаликда тадқиқотларни ўтқазишмоқда. Учинчи босқич клиник синовларида 7000 минг кўнгиллилар қатнашмоқда», дейилади ахборотда.
Айтиш жойизки, 2020 йил ноябрь ойида Хитой Микробиология институтида ишлаб чиқилган вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу битимга биноан, Хитой компанияси вакцина клиник синовларининг учинчи босқичини 5000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабгорлар ўртасида ўтказишни ўз зиммасига олди.
Битим доирасида 6 ноябрь куни Хитой Микробиология институтининг вакцинани ишлаб чиқариш бўйича амалиёт ўтказаётган мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюришади.
Албатта, бу жуда мураккаб жараён. Вакцинани қўллаш учун уни бир неча босқичда синовдан ўтказиш керак. Бунинг икки босқичи Хитойда ўтказилган. Учинчиси эса бир қатор давлатлар билан бир қаторда бизнинг мамлакатда ҳам ўтказилади.
Агар синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда вакцина Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига Ўзбекистон орқали тарқатилиши назарда тутилган.
Наргис Қосимова