732

МЕҲНАТГА ТУҲМАТМИ?

Сурхонда Янги йил кайфияти ҳукмрон. Барча 2021 йилни кутиб олиш учун бозор, дўконларга отланган. Ташқарида эса қишнинг аёзли қўллари байрам ташвишида юрган одамларнинг юз-кўзини чимчилайди. Аммо ҳеч ким унинг бу шўхликларига эътибор бермайди.  Соат миллари кундузги 13.00 га яқинлашганда Сурхондарё вилояти реабилитация маркази директори Манзурахон Абдуллаева йиллик ҳисоботга нуқта қўйгач, ноутбукни ёпдида, пальтосини кия бошлаган ҳам эди, телефон жиринглади. Гўшакни кўтариши билан нариги томондан йиғлаган  аёл овози эшитилди.

-Ассалому алайкум опажон, менга ёрдам беринг, илтимос. Телефон рақамингизни зўрға топдим.

-Ваалайкум ассалом. Синглим кимсиз? Нима бўлди? Қаерда яшайсиз?

-Исмим Руқия (исмлар ўзгартирилган) Термез туманидаги Мухиддин Эштемиров маҳалласида яшайман. Агар ёрдам бермасангиз, учта болам билан  кўчада қоламан?

-Нега?

-Қайин акам уйиман чиқиб кет, деяяпти. Энди нима қиламан?

-Аввало тинчланинг. Сув ичиб олинг. Кейин менга батафсил тушинтиринг, фақат шундагина сизга ёрдам бера оламан.

Гўшакдан аёлнинг ҳиқиллагани эшитилди. Бироздан сўнг у ўзини босиб олди шекилли,  анча босиқ овоз билан ҳикоясини бошлади…

Руқия севиб, севилиб турмушга чиқди. Унинг эри оиланинг кенжаси бўлиб, икки акаси уйланиб, уйдан чиқиб кетишган. Рўзғорлари бўлак эди. Бунинг устига қайнота ва қайнонаси кенжа келинга ўта меҳрибон  бўлиб, ҳаж зиёратига бориб келган бу инсонлар нафақат маҳаллада, балки туманда ҳам анчагина обрўга эга эдилар. Руқия 3 нафар  фарзандли бўлгач,  бутун дунё ҳалқлари бошига  соя солган короновирус пандемияси тинчгина, ўзаро ҳурматда, меҳр булоғидан сув ичиб, яшаётган мазкур оила боши узра ҳам ўзининг қора  чойшабини ёйди. Кутилмаганда Руқиянинг турмуш ўртоғи Баҳодир вирусга чалиниб, 1 ой  ичида адои тамом бўлди. Шифокорларнинг муолажаси ҳам кор қилмай, ҳали қирққа ҳам кирмаган навқирон эркак вафот этди.  “Бахтсизлик бир ўзи келмайди, бир бирини етаклаб юради” дейишади. Ўғлининг дардида куйган она тез орада унинг ўлимидан сўнг кўрпа -ёстиқ қилиб ётиб олди. Руқия 80 ни қоралаган қайнонасига чин маънода дастак бўлди. Уни бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмас, ош-овқатини вақтида бериб, ювиб тарарди. Ўз қизларидан бу даражадаги ғамхўрликни кўрмаган  Ҳожар она, келинини ҳар куни дуо қилиб, ундан мингдан минг розилигини айтарди. Бир куни хаттоки, кўнгли ийиб кетиб, қулоғидаги тилла зиракларини ечиб, Руқиянинг қўлига тутқазди.

-Олинг келин, ҳалолингиз бўлсин. Хизматларингизга рози бўлинг. Аллоҳим Баҳодиржонимнинг олдига чақираяпти.

-Ундай деманг, онажон. Ҳали узоқ умр кўрасиз, деди Руқия кўзида ёш билан силласи қуриб,  бошини ёстиқдан кўтара олмаётган қайнонасининг қўлларини силаб.

Қайнонасининг жони шу куни кечга томон узилди. Уч ойнинг ичида ҳовли иккинчи маротаба юзига аза пардасини тортди. Яқинларни йўқотиш жуда ҳам оғир. Муродил ҳожи бобо ўғли ва аёлининг ўлимини кўтара олмай, ўша куниёқ ётиб қолди.  Кўринишидан қотма, 85 ёшни қоралаган Муродил ҳожи бобога қараш Руқияга оғирлик  қиларди. Нима бўлганда ҳам эркак киши. Овқатини беради, кийимларини алмаштиради, аммо ҳожатга келганида қайнотаси ҳам Руқия ҳам бир биридан ийманишади. Бобо шундай пайтлари фақат ўзига ўлим тилайди.

Руқия ниҳоят юрак ютиб, қайин акаларига ёрдам сўраб,  қўнғироқ қилди. Катта акаси кечиктирмай, 2-3 кун ичида оиласи билан ҳовлига кўчиб келиб, отасига қарай бошлагачгина кўнгли таскин топди. Аммо Руқия эрта қувонган экан. Орадан бир хафта ўтар-ўтмас қайин акаси уни уйдан ҳайдай бошлади.

-Келин сизга раҳмат, аммо энди керагингиз йўқ. Укам ўлди. Сиз энди бу уйга бегонасиз. Болаларингизни олиб чиқиб кетинг, бу ҳовли меники. Отамга ўзим қарайман, ош-овқатини хотиним ҳам пишира олади.

Аввалига бу гапларга унча эътибор бермаган Руқия бора-бора ҳар куни тобора таҳдидли овозда айтилаётган бу сўзларни эшитиши билан юрагига санчиқ кирадиган бўлди.

Аҳвол шу ҳолатгача бориб етдики, энди қайин акаси унга очиқчасига таҳдид қилар, ҳақоратлар, уйдан чиқиб кетишини талаб қилар эди.

Қаттиқ стрессга тушган, руҳий азобланган келин, маҳаллага, ундан кейин Сурхондарё вилоят реабилитация ва мослаштириш марказига мурожаат қилди. Руқияга ёрдам беришга бел боғлаган Марказ раҳбари Манзура Абдуллаеванинг саъй- ҳаракати билан ҳолатга аниқлик киритилди. Маълум бўлишича,  бундан 10 йил олдин ота-она томонидан ҳовли вафот қилган ўғлига расмий равишда ҳадя қилинган экан. Келин шу пайтгача ҳовлида қонуний никоҳ асосида эри билан яшаган ва  бу ерда расмий рўйхатда турган. Маҳалла фаоллари ва Реабилитация ва мослаштириш маркази ҳуқуқшуноси билан ҳамкорлика иш қайта кўриб чиқилиб, аёлга, унинг қайин акаси билан суҳбатлашилди. Уйда  бева келин ва унинг фарзандларининг ҳаққи борлиги, уни уйдан ҳеч ким ҳайдаб чиқара олмаслигини тушинтиришди. Ярим йилдан буён  руҳий исканжада яшаган, ҳар куни “уч болам билан мен қаерга бораман? Кимнинг уйига сиғаман?” деб ўйлаган, қайин акаси унинг хотини томонидан камситилиб, азобланган  Руқия ниҳоят хотиржамликка эришди. Ўз ҳовлиси, уй жойига эга қайин акаси,  ўзгаларга руҳий зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш учун ҳам жавобгарлик борлигини билиб, тинчиб қолди. Энди Руқия  фарзандлари ўз уйида катта бўлишлари, марҳум эрининг чироғини ўзи ёқиб ўтиришига ишончи ортди.

Албатта, руҳий камситиш реабилитация марказларига бўлаётган мурожаатлар ичида энг кўп учрайдиган туридир. Аксарият ҳолатда  руҳий зўравонлик учун ҳам  қонун олдида жавобгарлик борлигини ўз қурбонларига тазйиқ ўтказаётганлар билишмайди. Қурбонлар эса  мазкур ҳолатга кўникиб яшашади. Зўравонликнинг ҳар бир тури инсон ҳуқуқларининг топталиши эканлигини унутманг.

 

Наргис Қосимова

Улашинг: