534

Ўйламай босилган қадам…

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда минглаб юртдошларимиз яхши яшаш, фаровон турмуш кечириш, тўй қилиш, уй қуриш, машина олиш ва бошқа орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш илинжида хориж давлатларига кетиб, ризқларини бегона элларда териб юришибди.

Саида (исмлар ўзгартирилган)нинг отаси ҳам тўрт нафар қизини фаррошлик қилиб, маош олаётган хотинига ташлаб, Россия давлатига кетиб юборди. Аммо иши юришмади чоғи, ота оиласига аҳён-аҳёнда озгина пул жўнатиб, қолган вақтда фақат ўз қорнининг ғамини еб юраверди. Бунинг устига, Фароғатнинг маоши 5 кишининг кунлик еб-ичишига етиб-етмас, кийим-кечак ва бошқа ҳаётий эҳтиёжлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўларди. Қизлар бир биридан қолган эски либосларни кийиб, катта бўлишарди.

Кунларнинг бирида ишдан ҳориб-чарчаб қайтган онасига Саида бор заҳрини тўкиб-сочди. Қашшоқ турмуш кечиришларида ота-онасини тинимсиз айблади. Қизининг дардини тушунган, аммо унга ёрдам бера олмаган онаизор эри Россиядан жўнатган пулларни тежаб-тергаб, қизи мактабни битириши билан унга бир қур уст-бош олиб берди. Саида икки йил кетма кет ҳаракат қилиб ҳам тиббиёт коллежига кира олмади. Аммо унга катта умидларини боғлаган онаси Фароғат, эри билан келишиб, “гаплашиб” тиббиёт коллежига ўқишга киритишга муваффақ бўлди.

…Бошқа туманда жойлашган коллежнинг ётоқхонасида қизлар кўп эди. Аммо Саидага дугоналари билан қизиқ эмасдек, уларга қўшилишни унчалик хушламади. Шу орада ўзидан ёши анча катта бўлган бир йигит билан танишди-ю, ҳаловати бузилди. Ўқишини ҳам ташлаб қўйди. Бундан хавотирга тушган ўқитувчиси қизни бир неча маротаба қаттиқ огоҳлантирди, аҳвол шу тарзда кетаверса, коллеждан ҳайдалишини ҳам қайта қайта таъкидлади. Бироқ севги суруридан маст, “кўзи кўр”, “қулоғи кар” Саида устозининг гапларига парво ҳам қилмади.

Охир оқибат коллеж директори қизнинг онаси Фароғатга телефон қилишга мажбур бўлди. Аввалига онаизор бунга ишонмади. Эртаси куни коллежга етиб борганида, директорнинг гаплари ҳақиқат эканига гувоҳ бўлгач, қизи билан узоқ гаплашади.

Шундай қилиб, ҳаш-паш дегунча орадан уч йил ҳам ўтди-кетди. Саида амаллаб коллежни битириб олди. Шу орада унга совчилар кела бошлади. Бу пайтда эри ҳам Россиядан короновирус пандемияси туфайли қайтиб келганди. Қизига келаётган совчилар орасида қўшни маҳалладаги ўқиган, ўзига тўқ оила Фароғатга маъқул тушди. Сирожиддин ҳам хотинининг фикрини маъқуллаб, тўнғич қизини карантин талабларига кўра ўттиз кишилик ихчамгина тўй билан узатишди.

Янги оила Саидани ўз қизидек қабул қилди. Орадан уч ой ўтди. Бу орада ҳомиладор келиннинг қорни анча катталагини кўрган қайнонаси Рисолат ая, токсикоздан қийналаётган Саидани қаршилигига қарамай, шифокорга етаклади.

— Ҳомилангиз олти ойлик бўлибди. Нега ҳануз рўйхатга турмадингиз?

— Айланай синглим, сиз адашаяпсиз чоғи, ҳомила уч ойликдир, — гапга қўшилди Рисолат ая.

— Холажон, келинингизнинг қорнидаги боласи олти ойлик. Ҳомиланинг тушиш хавфи бор. Зудлик билан шифохонага сақланиш учун ётиши керак.

Рисолат аянинг бошига биров гурзи билан ургандек, карахт бўлиб қолди. Савол назари билан келинига қараган эди, у бошини қуйи эгиб, нигоҳини олиб қочди.

Фароғат қизининг кўч-кўрони билан эшикдан кириб келаётганини кўриб, шошиб қолди. Рисолат аянинг айтган гаплари суяк-суягидан ўтиб кетди. Номусдан ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади.

Шу куни Фароғатникига меҳмон бўлиб келган сингиллари ҳам жим ўтиришолмади. Безрайиб турган Саидани “бизни шарманда қилдинг, шуни тўйдан олдин айтсанг бўларди-ку,” дея аламдан дўппослай кетишди. Жанжал-тўполонга йиғилган қўшнилар, маҳалла фаоллари қаҳр-ғазабдан ақлини йўқотаёзган холалари қўлидан Саидани базўр ажратиб олишди.

— Қизингизга раҳмингиз келсин. Бўлар иш бўлибди. Ҳозир ҳомиладор. Энди бўлажак неварангизни ўйланг, — дея насиҳат қилган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Гулсум опа Фароғатни четга тортиб, Саидани Бухоро вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказига вақтинчалик жойлаштиришга кўндирди.

Ҳуринисо Равшанова раҳбарлик қилаётган Марказ ходимлари ҳамма ёғи кўкариб, моматалоқ бўлган, кучли стрессга тушган Саидага биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди. Психолог Зебинисо Саидова нафақат Саида, балки унинг ота-онаси билан ҳам руҳий суҳбатлар, машғулотлар ўтказди. Қизини ҳақоратлаш, калтаклаш билан муаммони ечиб бўлмаслигини, энди туғилажак боланинг соғлиғи учун ҳам онасини асраш кераклигини уқтирди.

Айниқса, Саидани жаҳл отига минган қариндошларидан ҳимоялаш қийин кечди. Афсуски, турли ҳомийлар ёрдамида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам бериб келаётган марказда қоровул-қўриқчи штати йўқлиги мана шундай жанжал-тўполон вақтида яққол билиниб қолди. Хайриятки, маҳалла фаоллари, ички ишлар ходимларининг ёрдами билан қизни уларга беришни талаб қилаётган қариндошлар амаллаб тинчлантирилди.

Бир неча ҳафталардан сўнг ота-онаси қизини кўргани келишганида, анча ўзига келиб қолган, ўйламай босган қадами гулдек ҳаётининг бузилишига сабаб бўлганини англаган Саида улардан йиғлаб кечирим сўради.

Ҳа, ёшлик-бебошлик дейишади, айнан ёшлик даврида ҳар биримиз ҳам қандайдир хатога йўл қўйишимиз мумкин. Саида ҳам энди ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, ўзгариши мумкин, лекин қайси томонга, бу фақатгина унинг ўзига боғлиқ… Бунда, умид қиламизки, унинг ёнида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи одамлар бўлишади ва Саиданинг тўғри йўлни танлашида унга ёрдам беришади.

Ҳозирда Саида ўзининг уйида яшамоқда, ҳануз Марказ ходимларига қўнғироқ қилиб туради. Уларга ўз кечинмаларини сўзлаб беради. Ўз навбатида, уларга мурожаат қилган ҳар бир хотин-қизга ёрдам қўлини чўзишга тайёр турган Марказ ходимлари Саидани руҳий қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

Бухоро вилояти Реабилитация ва мослаштириш марказининг “Ишонч телефон”лари:

Марказ раҳбари: + 99891 413-20-38;

Марказ психологи: +989-440-8-49, + 99893 626-28-20;

Марказ юристи: + 99893 653-08-57.

Наргис Қосимова

Улашинг: