493

“…АЙБИ ҚИЗ БОЛА БЎЛИБ ТУҒИЛГАНИДА ЭДИ…”

Оилада фарзанд дунёга келиб, хонадонда чақалоқнинг “инга”си эшитилса, ҳамма шоду хуррам бўлади, янги меҳмонни қўлига олиб эркалайди, унга муносиб инсон бўлиб вояга етсин, дея энг яхши тилакларни билдиради. Аммо Дилдора (исмлар ўзгартирилган) туғилганида, афсуски ҳеч ким қувонмади. Ўғил туғилишини кутишгани учун эр-хотиннинг ҳафсаласи пир бўлиб, орзулари ушалмаганининг аламини қизалоқдан олишди гўё: тинимсиз йиғлаётган гўдакнинг овози на юз-кўзи тунд отага, на юраги остида 9 ой кўтариб юрган онага ёқди.

Беғубор Дилдоранинг биргина айби бор эди холос – айби қиз бола бўлиб туғилганида эди… Қизча 3 ёшга тўлганида укаси Сардор туғилди. Бундан бошлари осмонга етган оила аъзоларининг бутун диққат-эътибори ўғилларига қаратилди. Бечора Дилдора мактабда ҳам қиқсиниб-қимтиниб юрар, оиласидаги каби ўқув даргоҳида ҳам ўзини камситилган ҳис этарди. Кун бўйи оч-наҳор қолиб кетиб, онасидан бир бурда нон сўраганида қарғишларнинг тагида қолиб кетган кунлари кўп бўлди. Энг ачинарлиси, отаси ҳам доимо онасининг тарафида эди.

Мактабни битириш арафасида Дилдора ўта тушкун кайфиятга тушиб қолди. Синфдошлари бўлажак битирув кечасини қандай ўтказишни муҳокама қилишар экан, уларга қўшилолмаган Дилдора бир чеккада ёлғиз, шумшайиб ўтирарди. Унинг 1 синф даврлариданоқ одамови эканини билган дугоналари давраларига чақиришмади ҳам.

Улар Дилдорага китоблари бўлса бўлди, унга бошқа нарса керакмас, дея устидан кулиб, яна қизнинг кўнглини хира қилишди. Синфдошларининг кесатиқ гапларидан йиғлаб юбормаслик учун Дилдора синфдан отилиб чиқди. Уйига келиб, уни кўриши билан хўмрайган онасининг бағрига отилгиси, эркалангиси, дардини бўлишгиси келди. Аммо онаси Диёра қизини кўриб: “Ҳа, намунча кеч келяпсан? Мактабдан чиқиб, яна кўча-кўйда сандирақлаб юрдингми?” деди.

— Онажон, синфдошларим битириш кечаси қилишаётган эди. Ҳамма янги кўйлак оляпти, менинг эса кийишга бир дона ҳам кўйлагим йўқ. Илтимос, дадамга айтинг, битта кўйлак олиб берсинлар. Кейин ўтиришга ҳам 50 мингдан йиғишаётганди…

Диёра бу гапни эшитиб бирдан тутақиб кетди:

— Қанақа кўйлак, нима ошиб-тошиб ётган пул борми? Ўтиришни йиғиштир, қиз бола нима қилади кечқурун ўтиришда?!

— Она…

— Оналама, жонга тегдинг, ҳамма қиз эрга тегишни ўйласа, фақат сен китобдан бошингни кўтармайсан. Қачон уйни тозалайсан, идиш-товоқларни ювасан? Ҳамма жой чанг-чунг, ивирсиб ётибди, оёқ босгани жой йўқ. Ишларингни қил, ҳеч қанақа кўйлак ҳам, ўтириш ҳам йўқ, бормайсан!

Дилдоранинг хўрлиги келди. 17 ёшигача ўтказилган тазйиқлар, камситиш ва хўрлашлар ичида тўпланиб ётарди, шу дамда вулқон сингари ташқарига отилиб чиқди. У ўксиб-ўксиб йиғлаганича, югуриб кўчага чиқди. Ичидан бир нарса кет бу ердан деса, ақли “Қаёққа борасан?” дерди.

Дилдоранинг ёдига Омина опа тушди. Маҳалла фаолларидан бири бўлган опа унга ўта меҳрибон бўлиб, Дилдора болалигидан ота-онасидан калтак еганида уникига борар, унинг ширин сўзлари, чиройли муомаласидан ҳар гал таскин топарди. Оч қолганида доим мазали таомлар билан сийларди.

Йиғлайверганидан кўзлари шишиб, қизариб кетган Дилдорани кўриб, Омина опа уни бағрига босди, бошини силаб овутган бўлди. Унинг уйидан бутунлай чиқиб кетганини эшитиб, афсусланди. Сўнг бироз ўйга чўмиб тургач: “Дилдора юр, сени бир жойга олиб бораман”, дея Дилдорани етаклаб йўлга тушди.

Улар тўғри Қорақалпоғистон Республикаси Реабилитация ва мослаштириш марказига келищди. Сайра Носирова раҳбарлик қилаётган Марказ психологи Роза Аманова қиз билан узоқ ишлашига тўғри келди. Отаси ва онаси билан алоҳида суҳбатлар олиб борилди. Қизларини қўллаб-қувватлашмаса, унга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш кераклигини, ҳар бир инсон меҳр-муҳаббат билан ҳаётлигини тушунтиришди.

Айни пайтда Дилдора уйга қайтиб, ота-онаси билан яшамоқда. Унинг туриш-турмуши Марказ ходимларининг доимий назоратида. Олиб борилган профилактик суҳбатлардан сўнг онаси Диёранинг ҳам қизига нисбатан муносабати анчагина ижобий томонга ўзгарди.

Азиз муштарийлар!

Гувоҳи бўлганингиздек, оилада қиз бола туғилса, айримлар бундан норози бўлиб, бор аламларини ана шу бегуноҳ қизларидан олишади. Ваҳоланки, яна қанчадан қанча одамлар фарзанд кўриш бахтидан мосуво бўлиб, битта тирноққа зор бўлиб армон билан юришибди. Шундай экан, яхшилаб ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза қилайлик, бундай йўл тутиш тўғрими? Наҳотки ўз жигарбандимизга шунчалик ёмонликни раво кўрсак, уни хўрласак, руҳий азобласак, бошқа фарзандларимиздан ажратиб қўйиб, келгусида бахтсизлигига сабаб бўлсак?

Сиз нима дейсиз?

Наргис Қосимова

 

Улашинг: