518

НАЖОТ ИСТАБ…

Уйга келин келди. Уйдагилар. Қуни-қўшнилар, қариндошлар  назарида  ҳамма ишни бажарадиган, оила аъзоларнинг кўнглини оладиган одам келди.

Қўшни маҳалладаги Шоҳиста (исмлар ўзгартирилган)ни  Салима опага роса мақташганди: “ишдан қочмайди, кетмон билан ер чопишми, молга қарашми, уй тутишми, унинг олдига тушадигани йўқ дея”. Салима опа ёлғиз ўғлига сўраб,  Шоҳисталарникига совчиликка борди. Ёлғиз ўғил, овсинлари бўлмайди, азият чекмайди” деб қизни Салима опанинг ўғлига беришди. Уйда ўғлидан кейин 3 та қизи бор қайнона келинига уй юмушларини топширди. Аммо уйда ишлайдиган одам йўқ. Пул етишмовчилигидан орадан уч ой ўтар -ўтмас Камолиддин  уч ойлик ҳомиласи бор хотинини ташлаб, Россияга ишлашга кетди.  Уйдаги барча юмушлар, бунинг устига  томорқа ишлари, молга қараш  ҳомиладор келинчакка оғирлик қилиб соғлиғи ёмонлашди. Аввалгидек, елиб -югуриб иш қила олмай қолди.

-Ҳа келин, ўғлим кетиб, тоза талтайиб кетдингиз. Эрталаб кўчани ҳам супирмайсиз, сигирлар эрталабдан бери сувсиз, овқатсиз қолди.

Салима опа ранглари сарғайиб, кўзлари киртайган, токсикоз сабабли, оғзига сув олса ҳам қайт қилиб, озиб кетган келинига кесатди.

-Ойи жон, узр, мазам бўлмаяпти. Бироз ўзимга келиб олай, қиламан. Уйда  қайинсингилларим борку.

-Вой ергина ютгур, сенга ҳали менинг қизларим хизматкор бўлдими, илоҳим тилинг кесилсин.

Саломат ая Шоҳистанинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Бақир-чақирга югириб келган қайинсинглиси Солия онасининг тарафини олиб, Шоҳистани ура кетди. Ўша куни онасиникига нарсаларини йиғиштириб кетган Шоҳиста эри Россиядан қайтса уни ҳимоя қилишига, бахтли ҳаёт  кечиришига ишонар эди.

Эри  Шоҳистанинг туғишига яқин қайтди. Ҳолдан анча тойган Шохистанинг боласи операция билан туғдирилди.  Келинчакнинг ота-онаси Камолиддинга ишониб, қизини куёвининг уйига қўйиб кетишди. Аммо онасининг ҳар куни хотинини ёмонлаши, жанжаллари оқибатида Камолиддин ича бошлади. Уйга келганида эса  аламини хотинидан олиб, уни хақоратлар, қўл кўтарарди. Қишлоқ жойида қизнинг ота-она уйига қайтиб келиши уят ор-номус  ҳисобланади. Шоҳиста  ота -онасининг юзини ерга қаратмаслик учун барча ҳақорату калтакларга чидади.  Аммо бўйида иккинчи боласи бўлганида, эри яна Россияга ишлагани кетди. Уйда эса  жанжал, келишмовчиликлар авж ига чиқди. Шоҳиста яна ота-онасининг уйига кетишга мажбур бўлди. Эри Россиядан келганда уйдагилари хотинининг “қилиқ”ларини айтиб беришади, ғазабланган эр хотини онасининг уйидан келган кнуидан бошаб  зўппослаб, “ақлини киритди”. Доимий камситиш, тазйиқ, калтаклардан Шоҳистанинг тобора ҳаётдан кўнгли совуб, фақат фарзандларини ўйлаб, чидаб, яшарди. Аммо арзмаган нарсадан жанжал чиқариб, яна хотинини дўппослаган Камолиддин бу сафар Шохистани ушлаб тура олмади. У фарзанларини олиб, онасиникига кетди. Онасининг уйида хам келин ва болалари бор. “Чиққан қиз чиғириқдан ташқари” деганларидек, онаси ҳам қизини ҳар қайтиб келганида сабрсизликда айблаб, койирди. Қўни қўшнилари олдида бош кўтара олмай қолганидан шикоят қиларди.  Яшашга пули йўқ, уйдаги келиннинг тўнғиллаши, онасининг “нима бўлсада эри билан яшашга ундаши”дан сабр-косаси тўлган Шоҳиста болаларини онасиникига қолдириб, Бухоро шаҳрига иш қидириб кетди. Аввал  “Ойдин нур” марказида, кейин Бухоро вилояти  реабилитация ва мослаштириш маркази бошпанасида яшади. Марказ раҳбари Хуринисо Камолова ва марказ психологининг машқлари туфайли руҳий жиҳатдан тикланди. Аммо марказдаги жанжалкаш  бир аёл билан чиқиша олмай, қишлоққа қайтиб, қариндоши билан ҳамкорликда нон маҳсулотлари цехини очишди. Туну кун ишга берилган Шоҳиста тез орада даромад  олиб, уйга пул олиб кела бошлагач, онаси ҳам, келини ҳам уни тинч қўйишди. Реабилитация раҳбари  Камолиддин билан боғланиб, оиласини асраб қолишга чақирганида эса, у қўпол равишда  “онаси ўпмаган қиз олишини” айтиб, гўшакни қўйди.

Ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлган Шоҳиста  зулмкор эри ёнига қайтиш нияти йўқ.  Унинг мақсади фарзандларини ўқитиб, уларни етук инсонлар қилиб тарбиялаш.  Энг қийин пайтлари унга ёрдам қўлини  чўзган “Ойдин нур” ННТ, Бухоро вилояти реабилитация ва мослаштириш маркази ходимларидан эса  миннатдор.

Наргис Қосимова

Улашинг: