Одина (исмлар ўзгартирилган) эндигина 16 ёшга қадам қўйди. Аслида бу ёшда ҳаёт турфа рангларда товланиб, йилнинг барча фасли инсон кўзига баҳор бўлиб кўринади. Дунёга сиғмаган орзулар эса, унга қанот бахшида этиб, гўзал, олис келажак сари ҳаёлан етаклайди.Одина кўрган мультфилмлари ва ўқиган китоблари туфайлими ўзини фаришта образида тасаввур қиларди. Қанотлари ўсиб чиқиб, олис-олис ўлкаларга учиб кетишни орзу қилади. Қиз деярли на онасининг, на отасининг меҳрига қонди. Уларни эса йиллаб кўрмайди. Сабаби онаси пул топиш учун мана бир неча йиллардан буён Туркия давлатида бировларнинг хизматини қилади. Отаси ҳам яшаб турган жойларидан иш топа олмай, онасининг даъвати билан Туркияга кетган. Одина 11 ёшгача бувисиникида тарбияланди. Сўнг синглиси туғилгач, бир муддат ота-онаси билан яшади. Онаси ва отаси Туркияга кетишгач, синглиси билан холасининг уйида яшай бошлашди. Аммо короновирус пандемияси кўпчилик оилаларни қақшатганлиги боис, холасининг эри қизалоқларни “ортиқча оғиз” дея турткилай бошлади. Ота-онаси вақтида пул жўнатишмаса, бу турткилашлар баттар авжига чиқарди. Холаси ҳам сўнгги пайтлари тез-тез эрининг гапига кириб, Одинага “у ишни қилмабсан, буни уддалай олмабсан” дея танбеҳ берар, “нега ота-онанг Туркияда ялло қилиб юрганида, мен сенларни боқишим керак экан?” дея ёзғирарди. Деярли ҳар куни такрорланадиган бундай зуғумлар жонига теккан Одина яна бувисиникига қайтди.
Орадан ярим йил ўтар-ўтмас, Туркияда ҳам тузук иш топа олмаган дадаси уйга қайтганида, аввал қизалоқлар роса севинишди. Аммо бу ҳаётда ўзини “омадсиз инсон” деб билган Қобил уйида аламини қизларидан ола бошлади. Кундаги сўкишлар, турткилишлардан Одинанинг юраги безиллаб қолди. Ўқишга кириш, севган касбини эгаллаш, шу билан бирга бирор бир хонадоннинг суюкли келини бўлиш бўйича Одинанинг орзулари ҳали мактабни тугатмасиданоқ саробга айланигини қиз бечора қаердан ҳам билсин эди…
Ўша куни мактабдан қайтаётганида ёнидаги ёши анча катта бўлган, маҳаллада безорилиги ва такасалтанглиги билан ном чиқарган Орзиқул ва Сардорлар машинада келиб тўхтаб, унга гап отиб, айлантириб келишни таклиф қилишганида, Одина ўзига хос ўктамлик билан уларнинг гапига рад жавобини бердида, йўлида давом этди. Аммо йигитлар йилдан йилга кўркамлашиб бораётган қизнинг орқасидан қолишмади.
Йигитларнинг кайфи бор эди. Кейинчалик улар терговчининг саволларига жавоб беришганида “қарта ўйнаб, ютқазган биринчи учраган қизнинг “бошини айлантириш”га ўйнашганлигини айтишди. Уларга эса йўлда биринчи бўлиб Одина учради. Безорилар йўл четида кетаётган қизни, қаршилигига қарамай қўлидан тортиб, орқа ўриндиққа ўтқазишдида, бир зумда шаҳардан чиқиб кетишди. Одина шокда бўлиб, ўзини қаерга олиб кетишаётганини билмас, бақирмоқчи бўлса, томоғига худди бир нарса тиқилгандек, овози чиқмасди…
….Номуси булғанган, уст боши бир аҳволда Одина уйга кириб келганида қишнинг бир тутам куни юзига қоронғулик ўз пардасини ташлаб улгурган эди.
-Қаерда юрибсан ярим кечагача сандирақлаб?
Отасининг дарғазаб овозидан чўчиб тушган қиз индамай, уйга кириб кетдида, ташқарида отасининг сўкинишлари бир бўлиб, украб йиғлаб юборди. Шу пайти хонага кирган отаси қизининг нега йиғлаётганини ҳам сўраб ўтирмай, уни тортқилаб турғазиб, юзига шапалоқ тортиб юборди…
Одина уйдан чиқиб кетганида тонг эндигина ота бошлаган, кўчада бир-иккита ўтиб-қайтаётган машиналарни инобатга олмаса, ҳеч ким йўқ эди… Одинани ички ишлар ходимлари Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш хамда ўз жонига қасд қилишни олдини олиш Жиззах вилояти марказига олиб келишганида у кучли стресс ҳолатда эди. Қизни стресс ҳолатдан чиқариш учун марказ руҳшунослар мунтазам равишда суҳбат олиб бориб, турли психологик машғулотлар ўтказишди. Қизнинг психоэмоционал ҳолати баҳоланди, депрессияга мойиллиги ўрганилди, феъл-атворини аниқлаш тестлари ўтказилди. Шунингдек, Одинага тиббий ёрдам ҳам берилди. Кейинчалик аниқланишича, зўравонлардан бири ОИВга чалинган экан….
Марказ бошпанасига яшаш учун жойлаштирилган Одина билан адаптация ва мослашувчанлик кўникмалари бўйича иш фаолияти олиб борилиб, муаммоларини аниқлаш борасида консультациялар ўтказилди, имкониятларни баҳолаш, муаммоларини ечиш бўйича режа тузиш кўникмалари шакллантирилмоқда.
Марказ ходимларининг самимий муомаласи, олиб борилган руҳий ва тиббий муолажалар натижасида Одинанинг руҳий ҳолати келган вақтига нисбатан яхшиланганди. Ўзига нисбатан ишончи ортди. Шу билан биргаликда ҳаётини издан чиқарган, номусига теккан шахсларга нисбатан Одинанинг
аризаси юзасидан туман прокуратураси томонидан тўпланган ҳужжатлар қонуний тартибда кўриб чиқишлик учун туман ИИБ га юборилди ва туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128- моддаси 1-қисми(16 ёшга тўлмаган шахс билан била туриб жинсий алоқа қилиш)га асосан жиноят иши қўзғатилди.
Афсуски, Одинанинг отасини маҳалла ва прокуратурага суҳбат учун чақирилганида, у барчасида қизини айблади ва қизини оқ қилди.
Одинанинг онаси Марказ ходимлари у билан боғланиб, қизининг ҳолатидан хабардор қилишгач, Туркиядан қайтиб келди. Айни пайтда Одинанинг ота-онасининг ажрашиши, қизнинг эса кейинчалик қаерда яшаши масаласи турибди, чунки отаси қизига нисбатан бутунлай қарши чиқмоқда.
Умид қиламизки, Одина келажакда барча орзуларига етади, ҳуқуқбузарлар ўз жазосини олишади. Биз эса сизларни албатта Одинанинг келгусидаги ҳаёти билан таништирамиз ва юзага келаётган “Одина каби вояга етмаган минглаб ёшларнинг ҳаётининг бурилиш палласини бошидан кечираётган ўсмир қиз ва йигитлар ёнида тиргак бўлиб, улрарни тушунадиган ота-оналари йўқлиги сабабли аксарият ҳолатда қийинчиликларига дош бера олмай, ўзларига бўлган ишончни йўқотишаётгани, қийин вазиятларга тушиб қолишаётганига ким айбдор?” деган саволга биргаликда жавоб топамиз.
Наргис Қосимова