734

Ўзбекистонда гендер тенгсизлик қачон барҳам топади?

Ўзбекистонда сўнгги пайтлари “гендер тенглиги”, “оиладаги зўравонлик”, “ҳимоя ордери” каби тушунчалар тез-тез қўлланила бошланди. Уларнинг бир бирига ўхшаш жиҳати шундаки, мазкур тушунчалар асосан қийин ҳаётий вазиятга тушган, оилада зўравонликка учраган хотин-қизларга нисбатан қўлланилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон “Гендер тенгсизлиги индекси рейтинги”да 57-ўринда турибди.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикасининг Президенти:
“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
БИРИНЧИ ҲИКОЯ
Фарзандлари билан кўчада қолган Манзуранинг ҳикояси
“Оила муқаддас даргоҳ”, “Оилани асраб қолиш аввало аёлнинг бурчидир”, “Оила тугул, қушнинг инини ҳам бузиш катта гуноҳдир” деб ўргатишарди момо-бувиларимиз. Албатта, ҳаётдаги ҳар қандай қийинчиликларни яқинларинг ёнингда бўлса, сени қўллаб-қувватлашсагина енгиб ўтиш мумкин. Шу сабабли у оиладир. Фарзандлари билан кўчада қолган Манзуранинг (исми ўзгартирилган) аччиқ қисмати ана шундай келишмовчиликнинг оқибатидир.

 

 

Гендер тенгсизлиги муаммосига Ўзбекистонда жиддий равишда 2018 йилдан бошлаб эътибор қаратила бошланди. Аввало ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмаслиги, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолият самарасиз ташкил этилганлиги, шунингдек эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги паст даражада қолаётгани ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўтарила бошланди.
ИККИНЧИ ҲИКОЯ
Мавлуданинг аччиқ қисмати
Мавлуда (исми ўзгартирилган) Тошкент вилоятида яшайди. Турмушга чиққан, 2 нафар фарзанди бор. Ота-онаси уни эрта турмушга узатишди, ўқиши ва олий маълумотли касб соҳибаси бўлишига йўл беришмади, ваҳоланки, унинг режалари ва мақсадлари улкан – педагог бўлмоқчи эди.
Ҳа, бизда қиз бола ўқимагани маъқул, “ўқиб ҳар қандай бемаъниликка бошини суққандан кўра, уйда ўтириб рўзғор ишларини қилгани, фарзанд тарбияси билан банд бўлгани” яхши, деб қарор қабул қилишади ота-оналар аксарият ҳолларда.
Мавлуда ҳам маълумотсиз ва касб-ҳунарсиз ҳолда турмушга чиққанидан сўнг, мамлакатимиздаги бошқа миллионлаб хотин-қизлар сингари уй-рўзғор ишларига шўнғиб кетди. Эри Самаднинг топгани эса, турмуш кечиришга зўрға етар, устига устак, у спиртли ичимликка ружу қўйиб, кўпинча ишлаб топган пулини алкоголь ичишга сарфлаб юборарди. Эри Тошкент шаҳрида ишлар, фақат дам олиш кунларидагина уйига қайтиб, оиласи билан бўларди холос. Аммо шунда ҳам Самад ичиб маст бўлиб келар, йўқ ердан жанжал чиқариб, ота-онаси ва фарзандларини сўкиб ҳақорат қилар, хотинини эса калтакларди. Уларнинг ҳафтада бир кун оиладаги тўкислиги ҳам ана шундай ёқимсиз кечарди.
Ўғилларидан зада бўлган ота-она кунларнинг бирида ўз участкаларидан 4 сотих ерни ажратиб бериб: “Энди ўзинглар билганингларча яшанглар, биз қарияларни тинч қўйинглар”, дея ёшларни алоҳида чиқариб юборишди.
Бу ўринда рўзғор ташвишларининг барчаси Мавлуданинг елкасига тушди. Эридан алоҳида ёрдам йўқ эди, қайтанга йўқотишлар ва асаббузарликлар, дард устига чипқон деганларидек, оиладаги 2 нафар бола олган руҳий зарбалар…
Мавлуда улғайиб бораётган шу 2 боласининг тақдиридан қаттиқ хавотирга тушарди. 12 ёшли катта ўғли Суҳроб оиладаги сурункали можаролар ва ичкиликбоз отаси туфайли деярли уйга келмас, қўшни маҳалладаги амакисиникида яшаб юрарди. 6 ёшли Сарвар эса, отаси қачон уйга келса, қўрққанидан яширингани жой тополмай қоларди.
Мавлуда оиласини боқиш учун оғир мавсумий дала ишларига чиқиб, мардикорчилик қилишга мажбур бўлди. Нафақат оилани боқиш, балки лойдан икки хонали уйни қуриш учун ҳам Мавлуда тиниб-тинчимади. Бундай матонат ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигини тан олинг, азиз муштарийлар!
Эрининг тинимсиз жанжаллари ва калтакларига сабр билан чидаб яшаган ҳолда, болаларини ўзи тарбиялаб оёққа тургизди. У ҳаммасига бардош берди, нима бўлганда ҳам, фарзандларининг отаси бор, ҳар ҳолда эрсиз аёл деган ном қозонмади.
Агар дам олиш кунларининг бирида МФЙ хизматчиларидан бири Салим ака Самадни йўқлаб бу хонадонга келмаганида Мавлуда бундан буён ҳам шу алфозда яшайверган бўларди. Салим ака шу келишида тасодифан бу оилада навбатдаги ичкилик оқибатидаги можаро устидан чиқиб қолди, Самадни тўхтатмоқчи бўлди, лекин маст ота қўпол сўзлар билан сўкинди-ю, қўлини силтаб уй ичига кириб кетди ва ухлаб қолди.
Салим ака Мавлуда ва унинг оиласидаги нохуш вазият ҳақида Тошкент вилояти Бўка тумани реабилитация ва мослаштириш маркази ходимларига хабар берди.
Лайло Тошпўлатова раҳбарлигидаги Марказ мутахассислари дарҳол бу оила билан шуғулланишга киришишди. Марказ психологи Зилола Худоёрова ва туман ИИБнинг хотин-қизлар ишлари бўйича инспектори Гўзал Калимуллина Мавлуда ва унинг эри билан суҳбатлашиб, тушунтириш ишлари ҳамда руҳий машғулотлар олиб боришди.
Мавлудага Ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Самад эса, оилада зўравонлик содир этгани учун қонунчилигимизда жавобгарлик ва жазо чоралари белгилангани ҳақида огоҳлантирилди. Бизнингча, Самаднинг ичкиликбозликдан даволанишга рози бўлгани Марказ ишининг бу борадаги ҳақиқий муваффақиятидир.
Мана, бизнинг қаҳрамонимизнинг ҳаёт йўли! Тақдир тақозаси билан у кучли аёлга айланди! Аммо баъзан энг матонатли одам ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб қолади.
Бизнинг жамиятимизда яна қанча шундай кучли аёллар бор экан? Тасаввур қилинг, агар Мавлуда олий маълумот ва касбга эга бўлганидами?
Эҳ, қани энди ота-оналар қизларига бўлган муносабатларини, уларни турмушга беришга нисбатан қарашларини ўзгартиришса – ўз жигаргўшаларини нафақат ўзга уйда “хизматкор” бўлишга, балки шунчаки ҳаётнинг паст-баланд машаққатларини ҳам енгиб яшаш учун тайёрлашса…
Ҳуқуқ-тартибот органлари аёллар ҳимоясида
Ўзбекистон аёллари гендер тенглигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, зўравонларни жавобгарликка тортиш борасида ишнинг энг мураккаб қисмини бажаришади. Жорий йилнинг  январидан бошлаб август ойига қадар, яъни 8 ой мобайнида Ички  ишлар вазирлиги аёлларга нисбатан турли хил жиноят ва ҳуқуқбузарликлар борасида  4847 та мурожаатни кўриб чиқишган.  Мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотлар қуйидаги диаграммада келтирилган:
2020 йилнинг ўтган 8 ойи давомида энг кўп ҳимоя ордерлари  берилган ҳудуд Тошкент шаҳри (966), шунингдек кетма кетликда Фарғона (560), Қашқадарё (502) ва Тошкент (440) вилоятлари жойлашган.
Энг кам ҳимоя ордерлари Қорақалпоғистон Республикасида берилган (158).
4744 та ҳимоя ордерларини беришга қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилган:
Зўравонликдан жабр кўрганларнинг аризалари – 3104.
Бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари – 403.
Бошқа масъулиятли  идоралар томонидан зўравонлик фактларининг қайд этилиши– 865.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар– 372.
Қайта берилган ҳимоя ордерларининг сони 24 та. Шундан: 14 ордер– жисмоний зўравонликдан ҳимоялаш учун, 1 – жинсий зўравонлик, 1 – иқтисодий зўравонлик, 7 – психологик зўравонлик, 1 – тазйиқ.

7188 нафар зўравонлик содир этган, ҳамда зўравонликка мойил инсонлардан ҳимояланиш учун берилган:
•тақиқ/тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш –  4496 ҳолат;
• томонлар ўртасида мулоқотни тақиқлаш (ишхона ва ўқув муассасаларда қисман мулоқотга рухсат берилади) –1417 нафар шахсга нисбатан;
• зўравон ва жабрланувчининг бир хонада бўлишини тақиқлаш –  675 ҳолатда;
• айбдорга  масъулиятни юклаш (жабрланувчи билан мулоқот қилиш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш, жабрланувчининг даволаниши учун харажатларни тўлаб бериш) 541 ҳолатда;
• зўравоннинг қурол олиб  юриши ёки сақлашига чеклов ёхуд тақиқ қўйиш (хизмат қуролидан ташқари) –59 ҳолатда.
Шунингдек, 953 ҳолатда жорий йилнинг 8 ойи давомида келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда зўравонларга уларнинг зўравонлик ва тажовузкор хатти-ҳаракатини тузатиш учун мажбурий дастурдан ўтиш бўйича талаблар қўйилди.

Айтиш жоизки, ИИВнинг гендер тенгликни таъминлашдаги ва зўравонликка қарши курашдаги фаолияти  Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенглиги Комиссияси, республикада фаолият юритаётган реабилитация ва мослаштириш марказлари, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бошқа  ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
 Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 18 йил давомида аёллар масалалари билан шуғулланиб келган Хотин қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлимлари хотин-қизларнинг энг муҳим муаммоларини тўлиқ ҳал этмаётганлиги, Республика “Оила” илмий-амалий маркази ташкилий бўйсинувининг ноаниқлиги ва зарур молиялаштириш манбаларининг мавжуд эмаслиги аниқланди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида Республика гендер тенглигини таъминлаш комиссияси тузилди. 2019 йил 2 сентябрда эса оиладаги зўравонлик ва аёлларнинг камситилишига қарши Xотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ва Xотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Аёлларни турли хил тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида мамлакатда кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди.
                                                                                                                                                               
Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Раиси

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича юртимизда дадил қадамлар қўйилди. Эндиликда республикада ишлаб чиқи­лаётган барча норматив ҳужжатлар лойиҳалари гендер экспертизасидан ўтказилиши Ҳукуматнинг махсус қарори билан белгиланди.

Ўзбекистонда “гендер тенглиги” атамаси 2018 йилгача деярли қўлланилмас эди. Хаттоки республиканинг на Жиноий, на Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида хаттоки “оилавий зўравонлик” деган тушунча ҳам йўқ эди. Айни пайтда республикаданинг барча вилоятларида Президентнинг ПҚ-3827-сон 02.07.2018 йилда имзолаган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ва Тошкент шаҳар реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Нега?
Унда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш каби ишлар амалга оширилади. Шунингдек, мазкур марказда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилади. Ҳозирги пайтда Республикада 197 та реабилитация марказлари фаолият юритмоқда. Маълумотга кўра, ушбу марказларда ўтган йилнинг декабрь ойигача 21 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Шундан 986 нафари эркак, 788 нафари бола ва 19784 нафари аёл.Биргина 2020 йил 7-14 сентябрь ҳолатига Марказлар 337 нафар хотин-қизларнинг дардига малҳам бўлишган.
ДИЛОВАР ҚОБУЛОВА
Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори
”МАМЛАКАТДАГИ ГЕНДЕР ЗЎРАВОНЛИК САБАБЛАРИ – БУ АЙНИ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ ЎЗИ НИМА

 ЭКАНИНИ ЯХШИ АНГЛАБ ЕТМАСЛИКДИР”

Хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – республикамизда гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлардан ҳисобланади. Ушбу масалалар билан бутун бошли давлат ва нодавлат ташкилотлари шуғулланишади, улар хотин-қизларга бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат хизматларини тақдим этиб келишмоқда.
Хусусан, улар орасида «Юксалиш»(Карши), «Барқарор Ҳаёт»(Термиз), «Истиқболли Авлод»(Тошкент, Нукус), «Ойдин Нур»(Бухоро), “Рахмдиллик” (Самарканд), «Меҳржон»(Фарғона), «Юксак Салоҳият»(Тошкент) , шунингдек, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази (ФТҚҚМ) (Тошкент, Хоразм, Андижон) каби фаол, самарали фаолият кўрсатиб келаётган муассасалар ҳақида илиқ ва самимий фикрларни билдириш мумкин.
Мазкур ташкилотлар ҳар куни ўзларига мурожаат қилган хотин-қизларга турли масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишади: юзма-юз мулоқотлар қилишади, маҳаллаларга бориб ҳар хил тарғибот-ташвиқот тадбирлари, қизиқарли акцияларни ўтказиб боришади.
Бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаларини жорий йилнинг 28 август – 10 сентябрь кунлари ушбу муассасалар томонидан хотин-қизлар учун 881 та бепул ҳуқуқий маслаҳат хизмати тақдим этилганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистонда гендерга асосланган зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашда Реабилитация ва мослаштириш марказлари алоҳида фаоллик кўрсатиб келишмоқда. Мазкур муассасаларда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш каби ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, ушбу марказларда зўравонлик жабрдийдасига айланган хотин-қизлар учун шошилинч руҳий, психологик, ҳуқуқий, тиббий, зарурат туғилганида, қўшимча ёрдам хизматлари тақдим этиб борилмоқда. Депрессия ва суиқасдлар профилактикаси ҳам ижтимоий мослаштириш марказларининг асосий вазифасидир.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда оғир ижтимоий аҳвол, қийин ҳаётий вазиятда қолган, шу жумладан, жисмоний, ахлоқий ёки мулкий зарар етказиш натижасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар туфайли жабр кўрган шахсларга кўмаклашиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича Реабилитация ва мослаштириш марказлари самарали фаолият юритмоқда.
Жумладан, жорий йил январь-октябрь ойларида мамлакатимизда фаолият юритаётан Реабилитация ва мослаштириш марказларига жами 15 228 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, шундан 13 533 нафари жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан азият чеккан аёлларни ташкил этса, уларнинг қолган 290 нафари болалар ва 1382 нафари эркаклардир.
Республика реабилитация ва мослаштириш марказларида 10 ой мобайнида 15228 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди
ЎЗБЕКИСТОНДА ГЕНДЕР ТЕНГСИЗЛИКНИ БАРТАРАФ ЭТИШ БОРАСИДАГИ САЪЙ- ҲАРКАТЛАР
Ахборий кўмак
Ўзбекистонда 2020 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси бошчилигида, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) кўмагида Реабилитация ва мослаштириш республика маркази қошида «Зўравонликка йўл йўқ» телеграм канали ўз фаолиятини ўзбек ва рус тилларида бошлади. Унда гендер тенгсизлик, оиладаги зўравонлик ва уларнинг олдини хотин-қизлар, қолаверса, гендер зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, оилада ёхуд иш жойида гендер зўравонликка учраган хотин-қизларга керакли ҳуқуқий ёрдам, амалий маълумот ва кимга, қаерга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида зарур ахборотлар республика ва жаҳон миқёсида гендер тенгликни таъминлаш ва гендер зўравонликка қарши курашишга оид энг сўнгги янгилик ва хабарлар бериб борилмоқда.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ-имкониятларга эришиш борасида ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топишингиз мумкин.Шунингдек, Телеграм каналда «Жим турма» («Не молчи») канали русийзабон аҳоли учун мўлжалланган бўлиб, унда қийин ҳаётий вазиятларга дуч келган, оилавий зўравонликдан жабр чекаётган хотин-қизлардан тушган мурожаатлар бериб борилади.
2020 йил май ойида USAID нинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури “Гендер тенглигининг ҳуқуқий асослари” номли телеграм канални ташкил этди. Унда Малика Инакова, USAID нинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури гендер тенглиги ва ижтимоий масалалар мутахассиси, гендер тенглиги тушунчаси, гендер муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш каби мазмунга бағишланган қисқа видео дарсларни ҳавола этиб бормоқда.

 

 

Хулоса ўрнида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгиланган. Гендер тенглиги ижтимоий тенгликни ҳам англатади. Бундай тенгликни таъминлаш учун Конституция ва қонунларга зарур қоидаларни киритишнинг ўзи кифоя эмас.Шу боис ҳам, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш”га алоҳида эътибор қаратиш зарурдир. Кундалик ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, халқ фаровонлигида, жамият тинчлигида ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутади. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат миқёсида ишлаб чиқилган қонунлар ва дастурлар билан биргаликда аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, энг аввало аёллар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлиги борасида жамиятнинг ҳар бир аъзосининг ҳуқуқий онгини ошириш жуда муҳим.

.Наргис Қосимова

Улашинг: