733

Гўзаллик ва соғлиқни сақлаш соҳа вакиллари аёлларни камситиш ва уларнинг шахсиятига тегишади 

― Ооо, умуман ўзингизга эътибор бермас экансиз!!! Нега шу пайтгача келмадингиз? Олдинроқ келиш керак эди! 

Ҳеч иложим бўлмади…

Шундай юраверасизлар, кейин эса биз қийналамиз!  Гўзаллик салонида сартарош аёл норози оҳангда минғиллади.

Мен ўшанда ўзимни қаерга қўйишни билмай қолдим. Гўзаллик салонига  ўзимнинг муаммоларимни ечиш учун келган эдим, сартарош аёл эса ҳамманинг олдида мени ерга ура бошлади. Ўзимни ўша пайти жуда ҳам ёмон ҳис қилдим.

Менга бу воқеани дугонам ҳикоя қилиб берди. Менда эса гўзаллик ва соғлиқни сақлаш соҳа вакиллари  қандай қилиб аёлларни камситиш ва уларнинг шахсиятига тегишлари ҳақида ёзиш фикри пайдо бўлди.

Гўзаллик қурбонликни талаб қиладими?

Юзни тозалаш, сочни кесиш, чиройли макияж қилиш, имижни ўзгартириш — айнан шунинг учун аёллар гўзаллик салонлари ва эстетик марказларга келишади. Аммо, аксарият ҳолатда, одамга салбий ҳиссиётлар, камситиш ва шахсиятга тегадиган гаплар  ёғилиб, фақат  шундан кейингина мижоз қочиб кетмаса, унга ёрдам кўрсатила бошланади.
«Тўхтаб тур, ҳозир мен мижозимнинг сочини кесиб қўяй, унинг атиги уч дона сочи бор, шу сабабли 5 дақиқада тугатаман, кейин биргаликда тушлик қиламиз”

«Кўзларингиз чиройли, аммо қошларингиз ўта хунук, келинг уларни тўғирлаймиз»

«Тўйга бораяпсизми? Зўр, ҳозир сизни  хунук ўрдакчадан чиройли оққушга айлантирамиз» — албатта бу “ 5 дақиқада  қўпол инсонга айланиш бўйича йўриқнома” китобидан иқтибослар эмас, балки “гўзаллик фаришталари” томонидан  камситилган инсонларнинг ҳаётидан лавҳалардир.

Эндокринолог-диетолог Нигора Жўраева бизга мижозлар билан қандай муомалада бўлиш кераклиги ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳеч қачон одамга ўзингизни шундай ҳолатга  қандай келтиргансиз, деб (семириб кетибсиз, ўзингизни қўйворибсиз ва ҳоказо) гапирмаслик керак. Ҳар қандай мутахассис, айниқса шифокор шифокорлар этикаси ҳақида унутмаслиги лозим.  Шу сабали мижознинг камчиликларини топиш ва уларни кўрсатиш  мумкин эмас” -дейди Нигора.  

Мутахассиснинг фикрича,  мижоз гўзаллик салонига келдими, демак унинг қандайдир муаммоси бор, уни ечишга ёрдам бериш керак. Аввало мижозни тинчлантириш, унинг  дорилар, крем  ва гелларга аллергияси, ирсий касалликлари бор-йўқлигини жарроҳлик амалиётини ўтказганми ёки йўқми текшириши ва шундан кейингина муаммони ҳал қилиш ва бунинг учун нималар зарурлиги ҳақида айтиши лозим.

Мутахассисларнинг ўз мижозларига қўпол муомаласи  ягона муаммо эмас. Мижоз салонга аниқ муаммони ечиш учун келади, аммо салон/марказ ходими унга бошқа амалиётларни таклиф қилишга ҳаракат қилабошлайди.

«Мижоз маълум бир аниқ мақсад билан келади — масалан, оддий юздаги тошмадан қутилиш учун. Унга эса ходимлар бошқа,  аслида зарур бўлмаган амалиётларни ўташ кераклигини ишонтиришга ҳаракат қилишади.  Мисол учун “юзингиздаги сепкиллардан қутилишни истамайсизми?” Филлер ёрдамида бурнингиздаги букри жойини тўғирлашничи?  Эпиляция қилишничи?” Албатта,  бундай ҳаракатлар ножоиздир. Буларнинг барчаси қўшимча пул ишлаш учун қилинади, аммо шу билан биргаликда  мутахассислар  инсоннинг руҳиятига зарар етказишлари мумкинлиги ҳақида унутишади”, -дейди Нигора.

Шундай қилиб, мижоз ўзини ноқулай сезиши (уялтирилган), ўзига қарамаган, ташқи кўринишига эътибор бермаган ҳолда ҳис қилиши мумкин. Шу билан биргаликда мижоз  аслида йўқ  камчиликларни ўзидан қидириб топиши мумкин. Салон ёки эстетик клиниканинг ҳар қандай ходими нафақат ўз ишининг устаси, балки психолог ҳамдир. Мутахассисга  турли одамлар ўз  муаммолари билан келишади. Ҳар бирини эшитиш жуда муҳимдир. Балки мижозни сепкиллар, бурнидаги букри жойи, ажинлар хавотирга солмас, шунинг учун ҳам  мижоздан уни нима хавотирга солаётганини аниқ сўраб олиш керак.

Соғлиқ, айниқса руҳият учун қимматга тушади

Мижозга нисбатан салбий муносабатда нафақат стилист ва визажистлар, балки шифокорлар ҳам бўлишади.

Сабрина (қаҳрамон исми ўзгартирилган)

«Стоматологлар  мен билан ишлашдан бош тортишади. Улар: “Ўзингизга бошқа шифокор топинг, сизга хизмат кўрсатишни истамаймиз” дейишади. Мен жуда ҳам сезгир одамман. Қаттиқ ёруғлик, шовқин, оғриққа чидай олмайман.  Агарда стоматолог мижозига бир ампула оғриқсизлантирувчи дорини укол қилса,  мен учун бу етарли эмас, камида 1,5 еки 2 ампула керак. Бундан ташқари тез-тез кўнглим айнийди.  Албатта бу нарсаларни мен атайин қилмайман, аммо шифокорлар буни тушиниши ва менга ёрдам кўрсатишлари шарт. Бу уларнинг мажбуриятидир!
Бир стомотолог менга “Вой мунча сезувчансиз, қандай туғасиз?” деди. Менинг жаҳлим чиқиб, “Мунча асабийсиз, қандай қилиб стомотолог бўлиб ишлайсиз? Нега мамлакатимизда ҳамма нарса туғишга бориб тақалади? Туққанларга нима, уколсиз тишини суғирса бўладими? Демак, аёл киши бир маротаба туғса, у ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак экан-да? Туққан аёл стомотолог ҳузурига келиб, остонаданоқ, менга қаранг, мен туққанман, тишимни уколсиз ҳам даволасангиз бўлади, дейдими? ” деб жавоб қайтардим. 

Бундай муносабатга нафақат “туғмаган” мижозлар, балки ҳамма дуч келади. Ўзим бир неча маротаба, навбатдаги эмлаш учун шифокор ҳузурига келган ёш болали аёлга “Туғмасдан олдинроқ ўйлаш керак эди, ўзи нима ҳақида ўйлагансиз? Туғиб ташлашади, биз эса кейин даволашимиз керак!” деганларини эшитганман.

Биз ҳаммамиз, шифокорнинг асосий вазифаси беморларни даволаш эканлигини биламиз. Аммо у қўпол муомалада бўладиган бўлса, энг мақбул йўл бош шифокорга шикоят қилиш. Шифокордан касби нафақат профессионалликни, балки  ахлоқий  барқарорликни  ҳам талаб қилади.

Бундан ташқари шифокор ўз мижозига фақатгина Гиппократ қасамёдини ичгани учун  қўпол муомалада бўиши  мумкин эмас, балки у Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда ҳам ҳақорат учун модда борлигини унутмаслиги лозим.

Самрин Мамедова

Наргис Қосимова таржимаси

Улашинг: