1 265

НОДИРА ШОТУРСУНОВА: “ЖАМИЯТДА ГЕНДЕР МАСАЛАСИДА ТЎҒРИ ДУНЁҚАРАШНИ ШАКЛЛАНТИРИШ КЕРАК”

Мамлакатимизда 2019 йил “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилган. Ушбу қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари белгиланди. Жумладан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.  Бугунга келиб, Ўзбекистонда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, ҳануз  оилаларда  хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини учратиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси гендер тенглик масалалари  бўйича комиссия аъзоси,  Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари   қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Нодира ШОТУРСУНОВА билан суҳбатимиз юртимизда гендер тенглигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги вазифалар хусусида бўлди.

—Нодира  Носировна, “Гендер тенглик” тушунчаси нима ва Ўзбекистонда бу  қандай амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?

–Гендер тушунчаси сўнгги икки йил ичида ОАВда  ва ижтимоий тармоқларда кенг қўлланила бошлади. Бунинг асосий сабаби юртимизда мазкур масалага кенг эътибор берилаётганлигидадир. Гендер– хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган муҳим ижтимоий кўринишидир.   Бундан келиб чиққан ҳолда, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди, балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини ифода этади. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири –бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидир. Масаланинг ҳуқуқий ривожига эътибор берадиган бўлсак, бу борада 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган умуминсоний тамойилларни айтиб ўтиш жоиздир. Унда эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган бўлиб, Декларациянинг 1-моддасида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак», дея таъриф берилган. БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро ҳужжат – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасида таъкидланишича, «Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади».

Ушбу халқаро ҳужжатларни ратификация қилган мустақил давлатимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган талабларидан келиб чиқиб ўз миллий қонунчилигида аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига жиддий аҳамият бермоқда. Хусусан, сўнгги йиларда бу соҳадаги ҳуқуқий ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилди. Охирги 4 йил мобайнида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида ролини ошириш билан боғлиқ иккита қонун, Президентимизнинг 8 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 18 та қарори қабул қилинди.

Вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

  • Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир. Айниқса, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда қонун ижроси тўлиқ таъминланмоқдами?

-Сўнгги тўрт йилда бу борадаги вазият тубдан ўзгарди, муаммолар очиқ-ошкора таҳлил этилиб, уларнинг ечимлари излана бошланди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши  бу борадаги муаммолар ечими йўлида  муҳим қадам бўлди. Ҳозирги кунда юртимизда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш бўйича икки юзга яқин марказлар фаолият юритаяпти. Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия ҳузурида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлар бирлашмаси ҳам бу борадаги ишларга ўз улушини қўшмоқда.

Ҳали-ҳамон давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масаласи янада устувор вазифага айланди. Бу борадаги чора-тадбирларни амалга татбиқ этишда Гендер тенглик бўйича комиссия тизимида ишонч телефонлари жорий этилди. Ўтган даврда ушбу телефонлар орқали бизга келиб тушган уч мингдан кўпроқ мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, телеграмм тармоғида “Зўравонликка йўл йўқ” деб номланган махсус канал очилди. Айни пайтда бу ишлар изчил давом эттирилиб, зўравонликка учраган аёлларга ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида махсус мобил илова ишлаб чиқилаяпти.

-Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қариш кураш бугунги кундаги энг муҳим ва оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда ҳам аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамиятдаги барқарорлик, гендер тенглигини таъминлашда қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Мазкур муаммоларни бартараф  қилиш учун Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

-Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳим самаралар бермоқда. Жумладан, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. 2018-2020 йиллар давомида ушбу фонд маблағлари ҳисобидан оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож 3878 нафар хотин-қизларга ажратилган уй-жойнинг бошланғич бадали тўлаб берилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш дастури тасдиқланди. “Хавфсиз ёрдам” лойиҳаси доирасида юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож минг нафар аёлларга 1 миллион сўм миқдорида, Замин фонди томонидан беш минг нафар оилаларга 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Карантин даврида ижтимоий нафақа оладиган кўп болали оилаларга ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан нафақа олиш муддати 6 ойдан 1 йилгача узайтирилди. Табиийки, бу чора-тадбирлар  ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.

–Аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш бугунги кунда хотин-қизлар ўртасидаги ишсизликнинг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар самара бермоқдами?

–  2020 йилнинг ўтган даврида бу йўналишда меҳнат органлари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 125,4 минг нафар опа-сингилларимиз доимий ишга жойлаштирилган. Маҳаллаларда “темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оилалардаги 260,3 минг нафар хотин-қизлар ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилган. Уларнинг иш ҳақи учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 270,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. 30,8 минг нафар хотин-қизларга ишсизлик даврида нафақа тайинланди.  Сўнгги 3 йил мобайнида 329 минг нафардан ортиқ, жумладан, 83 мингдан зиёд  оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Ҳозирги кунда жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Аёллар дафтари”ни юритиш йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 224 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга 6,9 триллион сўм миқдорида  имтиёзли кредит ажратилгани аёллар ўртасида тадбиркорлик ривожига кенг йўл очмоқда. Бунинг натижасида ўз ишини очиб бизнес юритаётган опа-сингилларимиз нафақат ўз оиласи, балки, юрт фаровонлигига ҳам муносиб улуш қўшмоқда.

Айни пайтда Гендер тенглик комиссияси томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш  мақсадида тадбиркорлик маслаҳат кенгашлари фаолият юритяпти. Комиссия қошида тадбиркор аёллар форуми ташкил этилди. Бу ишлар мамлакатимизда  аёллар тадбиркорлигини ва бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантиришга муносиб улуш бўлиб қўшилади, албатта.

-Нодира Носировна, Гендер тенглиги комиссияси ўз фаолиятида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни халқаро ҳамжамиятга етказишга ҳам эътибор қаратадими?

–Албатта, бу йўналишда ҳам ишларимиз тобора ривожланмоқда. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида АҚШнинг ишбилармон аёллар ассосиацияси билан  “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида одам савдосига учраган аёлларни қўллаб-қуввтлаш мақсадида ихтисослаштирилган кичик ижтимоий тикув цехи ташкил қилинди.

Ўзбекистонда Гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор этиш ва бу борада давлатимиз имижини ошириш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг АҚШ, Европа Иттифоқи, Корея, Япония, Россия, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Кения давлатларига хизмат сафарлари ташкил этилди.  Хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ЮНИСЕФ, ЮНФПА, БМТ Жаҳон банки, ХМТ ОТБ, ЮСАИД ЕХҲТ, ЕТТБ каби халқаро ташкилотлар билан икки томонлама йиллик қўшма режалар тасдиқланди. Комиссия аъзолари Бирлашган араб амирликларида бўлиб ўтган жаҳон аёллар форумида иштирок этди.

БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияси юзасидан қабул қилинган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича мониторинг ўтказилди, ташкилот ва идоралардаги масъул ходимлар учун ҳисоботларни тайёрлаш ҳақида амалий машғулот ўтказилди. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш мақсадларининг гендер соҳасига тегишли бандлари бўйича индикаторлар шакллантирилди.

  –Юртимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб бораётган ишлар таҳсинга сазовор. Аммо   йўналишда камчиликлар ҳам йўқ эмас. Фикрингизча, биринчи навбатда мазкур йўналишда қандай муаммоларни ҳал этиш керак? 

–Бу борада, энг аввало, жамиятда гендер масаласида тўғри дунёқарашни шакллантириш керак. Гендер тенглик дегани эркак ва аёлнинг манфаатини  бирдек ҳимоя қиладиган қадрият эканини барча англаши лозим. Тўғри, ҳозирги кунда юртимизда бу йўналишда аёллар фаоллигини оширишга кўпроқ эътибор берилаяпти. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор – бизнинг жамиятимизда эркаклар ҳамиша етакчи мавқеда ва фаол бўлиб келган. Аммо, аёллар масаласида ҳали қилинадиган ишлар кўп. Шу боис, гендер тенглик билан боғлиқ лойиҳаларимиз кўпроқ аёлларнинг фаоллигини оширишга йўналтирилмоқда. Табиийки, бу йўналишдаги ишлар бир тизимга тушгач, гендер тенглик лойиҳалари эркаклар ва аёллар учун тенг муҳит яратишда давом эттирилади.

                     Наргис Қосимова суҳбатлашди  

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг: