346

Товламачилар

— Анор, Қозоққа бормайсанми? Сайёра билан Ширин бир ҳафта ишлаб келишибди. Уларнинг обкеган нарсасини кўрсанг, оғзинг очилади. Бараваракайига сепингни кам кўстингни ҳам тўғирлаб келардинг.

Анора Олиманинг гапларини тинглаб иккиланиб қолди.

-Онам рухсат берармиканлар?

— Э, бир ўзингмидинг, сани бўри ейди? Бахти ҳам борадиган бўлди. Уччаламиз бир жойда ишлаймиз. Ўтган йили бор-йўғи ўн кун чопиққа чиқиб, болларни бутун устини бутловдим. Қанча кўп бўлсак шунча яхши.

Барибир бегона жой.

-Онамдан сўраб кўрайчи.

Мактабдан сўнг, Анора  уйда қолди. Қишлоқда тайинли ишнинг ўзи йўқ. Пахта терими мавсумида бир-икки сўм ишламаса, дипломи бўлмагач тузук ишга ҳам кира олмайди. Дугоналарининг бири ўқишга кириб, бошқаси  турмушга чиқиб кетганидан сўнг сиқиладиган бўлиб қолди. Буни сезган онаси Ёқутхон опа  иложи борича қизининг кўнглига қарарди. Бунинг устига  катта қизининг ҳам турмуши бузилиб, икки қизи билан ота уйига қайтиб келди. Яхшиям шу жиянлари бор. Қишлоқдаги хотинларнинг кўпчилиги Қозоғистонга кетади. Уларнинг у ердаги фермерларнинг қўлида ишлаб анча-мунча пул олиб қайтишганини кўп эшитган. Олима тўғри айтди, учталашиб боришса, бир-бирларидан кўз-қулоқ бўлиб туришса ким ҳам ёмонлик қиларди. Онасининг пенсия пулию, опасининг маошини учма-уч етказиб туришганликларига қарамай, онаси онда сонда тийинлаб йиққан пулига, қизим ўксимасин деб сепига нарса олади. Ўзининг кийимларини ўзи қилса, опасининг таъна-дашномларидан ҳам қутиларди, қўярди.

— Қўй қизим, бир ўзингни қўйиб юборишга ҳеч ҳам кўзим қиймаяпти. Худога шукр, яхшими, ёмонми кунимиз ўтиб турибди. Ундан кейин, ҳар хил ёмон хабарлар юрибди. Қўшни махалладаги Сарвигул у ёққа бориб, қайтиб келмабди. Қозоқлар ушлаб олиб, қўйиб юборишмабди. Айтишларича, биттаси уни зўрлаб ўзига хотин қилиб олган экан.

-Э, қўйсангизчи, эна. Биринчидан Сарвигулнинг миллати Қозоқ. Ўзини яхши кўрган йигити уни ўғирлаб кетган эди. Ўзи рози бўлган. Уларни одати шунақа.

— Саниям ўғирлашсачи?

-Мен Ўзбекманку…

Анора, Олима, Бахти тонг саҳарда йўлга отландилар. Мирзачўл туманидаги чегара постидан ўтишгач,  Еттисойга қатнайдиган киракаш автоуловда кўзлаган манзилларига етиб олишди.

Офтоб Ердаги бор жонзотда қасди бордай аёвсиз қиздирар, ташналикдан лаблари қуруқшаган Анора бирор бир сув сотадиган дўконча қидириб, тинмай ён-атрофга алангларди.

-Яна кўп юрамизми, сувсаб кетдим. Хамроҳларининг индамай кетаётганлигидан аччиқланиб, Анора йўл четидаги дарахт соясига ўзини урди. – Бир пас дам олайлик.

-Яна озгина қолди. Тезроқ бормасак, ҳеч ким қолмайди. Ҳаммани бўлволишади. Юр тез.

Олиманинг нимани назарда тутаётганлигини тушунмаган Анора бир оз юришгач

-Нимани бўлволишади, деб сўради.

-Нимани эмас, кимни. Аёллар мардикор бозорини айтаяпман. Тушга бориб у ерда ҳеч ким қолмайди.

Яна бир километр масофа йўл босишгач, узоқдан дарахтларнинг тагида турган одамлар кўринди.

-Ана келдик, енгил тин олди Олима, елкасидаги  чарм халтани  бошқа қўлига олиб.

Мардикор бозор гавжум эди. Бу ерда 15 ёшдан тортиб, 50-55 атрофидаги аёллар тўп-тўп бўлиб туришар. Йўлда бирор машинанинг қораси кўриниши билан у томон ёпирилишарди.

— Фақат оғзидан она сути кетмаганлар билан қарилар қопти. Кеч қопмизда.

Бахти аёлларни диққат билан кўздан кечира бошлади.

-Нимага кеч қоламиз, ҳали одам кўп-ку.

Анора чарчоғини ҳам унутиб, ўзига бот-бот қараб қўяётган бегона аёлларни томоша қила бошлади.

— Ишга яроқлиларни саҳардан бозори чаққон бўлади. Буларни  ярим кунга қозон-товоқ, дераза ювишга олиб кетиб, қайтаришади. Бизга эса тунаш учун жой керак, тушундингми?

Анора Олиманинг жаҳли чиққанини кўриб, индамай қўя қолди.

Шу орада аёллар олдига келиб тўхтаган  оқ «Жигули»дан тушган ўрта бўйли киши атрофини ўраб олган аёллар билан ниманидир гаплашгач, бошини чайқаб қўйди. Машинасининг эшигини очар экан, чеккада турган Ўзбек аёлларига кўзи тушгач, уларни имлаб чақирди.

—  Истейсингдер ми?

Аёллар бир-бирига қараб олгач, индамай бош ирғидилар.

-Нима иш? деди Олима. –Биз чопиқ қилгани келувдик.

-17 гектарды 10 кунде битире аласындар ма?.

-Қанча берасиз Бахти худди у фикридан қайтиб, машинасида жўнаб қоладигандай шошиб сўради.

— Гектарына 1,5 мын тенгеден.

Уччовлон бир-бирига тикилиб қолишди.

-Майли, фақат ётишимиз, овқатимиздан ташқари- деди Олима.

-Кетдык.

Уларни олиб кетган одамнинг исми Аблай бўлиб, 8 йилдан бери фермерлик қилар, 20 гектар пахтасидан ташқари, яна 60 гектарга бўғдой ҳам бор экан.

Дала четига омонотгани қурилган шийпончага жойлашишгач, Аблай кечқурун келишини айтиб кетди.  Шийпонча ёнидаги учоқдаги човгумда чой қайнатиб, уйдан олиб келган нарсалари билан тамадди қилишгач, уччаласи ҳам хона бурчагига суяб қўйилган кетмонларни олиб, келишда Аблай кўрсатган ердан бошлаб чопиққа тушишишди

Орадан икки кун ытди. Тушликни =илиб былишгач, Анора косаларни йи/иштириб, ювгани кетди.

-Менга қара Олима, Эргаш қассобни тўйида Анорани кўрувдингми.

Бахти оппоқ булут парчаси сузиб юрган кўм-кўк осмонга тикилиб ётар экан, ёнидаги кўрпачага чўзилган дугонасига айёрона қараб қўйди.

-Ҳа, нима бўпти.

-Бўйнидаги тилла тостини кўрмовдингми. 300 минг сўмдан ортиқ туради.

-Хўш..

-Э, мунча лақмасан, эртага Анорни шутта қолдириб, «болаларимизни кўриб келамиз» деб кетамиз. Тушундингми?…

дугонаси гапни қаёққа бураётганлигини ниҳоят фаҳмлаган Олима кулиб қўйди.

-Балосанда, дугон…

Ўзлари томон  идишларни кўтариб келаётган Анорани кўриб, иккаласи ҳам  ўзларини ухлаганга солишди…

-Анора қани? Ёқутхон опа остонада турган Олимани кўриб, қўрқиб кетди.

— Хола қизингизни Қозоқлар ушлаб олишди. Биз зўрға қочдик.

-Вой болам, энди нима қиламан. Ёқутхон опанинг дод фарёдига бир зумда тумонат одам йиғилди.

— Йиғламанг холла, уларни милиса билан ўзим сизни олдингизга олиб келаман.

Олима Ёқутхон опани овутар экан, уни қўлтиғига кириб, ичкарига етаклади. Сиз ҳеч кимга ҳеч нарса деманг, бўлмаса қизингизни юзи қора бўлади. Мен ўзим бу ёғини тўғирлайман. Зўр танишларим бор.

Тинмай гапира туриб, атрофни диққат билан кўздан кечиришни ҳам унутмади. Орадан тўрт кун ўтар ўтмас, дарвоза олдида турган Олимани кўрган Ёқутхон опа унинг олдига югургилаб пешвоз чиқди.

-Яхшимисиз айланай, Анорадан хабар борми?

— Ҳа, хола. Уни қамаб қўйган Қозоқларни ушладик. Бориб милисага хабар беринг, мен шу ерда тура тураман.

Ёқутхон опа апил-тапил  уйга кириб,   оёқ кийимини алиштирди-да, чопганича кўчага чиқиб кетди. У муюлишдан бурилиб кетгунига қадар орқасидан қараб турган Ойдин, Бахти иккаласи ҳовлида  юрган қизалоқларни олдига имлаб чақирди.

— Бахти опа, Анор холам  қачон келадилар, деди Холида уларга яқинлашиб.

-Вой, ширинтой эй, яқинда келиб қолади. Ҳозир уни Қозоқлар ушлаб олган. Биз улардан қочиб келдик. Анора опангни қўйворишлари учун, унга тилла тақинчоқларини олиб бориб беришимиз керак. Бўлмаса Анор холанг у ерда қолиб кетади.

Холида қўрқиб, опаси Хулкаройга қаради.

-Бўла қолинглар, қанча тез тақинчоқларни олиб бориб берсак, Анора холанглар шунча тез келади, деб уларни шошилтирди Олима.

Қизалоқлар  доимо Анора холасининг хонасида, жавондаги қутининг ичида турадиган тилла занжир билан бир жуфт сирғани олиб чиқиб беришди. Олима қўлида ярқираб турган тақинчоқлардан бир зум кўзини узолмай қолди.  Бахтининг турткисидан ўзига келиб, шошганларича, Ёқутхон опа келишидан хавотирланиб жуфтакни ростлашди.

Анора  дугоналарини 10 кун кутди.  Ернинг 3 гектарини чопиқдан чиқаргач, ўзига тегишли пулни олди-да ортига қайтди. Бахти билан Олима кетганидан буён қалбини қамраб олган хавотир хисси негадир уни тарк этмас, уйга яқинлашган сари бу хис кучайди.

« Ишқилиб тинчлик бўлсинда»  ўйлади Анора. қизини соғ-саломат кўрган Ёқутхон опа кўзига ёш олди.

— Сени нега Қозоқлар ушлаб қолади? Ўзинг тинчимисан? Ё бир балони бошлаб келдингми, яшшамагур?

— Ҳеч ким мени ушлаб  олгани йўқ. Ким айтди буни сизга?

— Олима билан Бахти келиб шунақа дейишди.

— Нега?

Анора дугоналарининг нега бундай деганини тушуна олмади. Ўизи Қозоғистонга кетганидан бери нима иш қилганлигини ипидан-игнасигача сўраб олган Ёқутхон опа ҳам бир оз кўнгли тинчигандай бўлди.  Балки бу можароларнинг барчаси ўз-ўзидан тинчиб кетардику-я, аммо орадан бир оз вақт ўтиб, тилла тақинчоқларини тақмоқчи бўлган Анора уларнинг йўқлигини кўриб, юраги «шиғ» этди.  Бир оз қистовдан сўнг жиянлари Холида билан  Хулкарой бувилари кўчага чиқиб кетгач, Бахти билан Олималарнинг ўзининг илтимоси билан тиллаларни бериб юборишганлигини айтишди.

«Қинғир ишнинг қийиғи  қирқ йилда  чиқади» дейди машойихлар. Олима билан Бахтининг нопок қилмишлари учун суднинг қора курсисига ўтирдилар

Наргис ҚОСИМОВА, журналист

 

 

 

Улашинг: