Инсоният неча асрлардан буён ўз умрини узайтириш, боқий ҳаёт кечириш илинжида изланишлар олиб боради. Геронтология фани айнан ана шу масалалар билан шуғулланиб, мутахассисларнинг фикрига кўра, тинч, хавф-хатардан холи ҳаёт, турмуш фаровонлигининг ошиши одамлар умрининг узайишига олиб келади. Бунинг яққол мисолини Тошкент вилоятида истиқомат қилиб, юз ёшни қоралаган онахонлар мисолида кўришимиз мумкин.
Ойимсоат Мараҳимова 98 ёшда. 5 фарзанд, 60 дан зиёд невара, 50 нафарга яқин чеваранинг бувиси бўлган ая ҳали жуда ҳам тетик.
-Мендан кўп маротаба узоқ умр кўриш сирини сўрашади. Шу ёшгача нима еб, нима ичганим кўпчиликни қизиқтиради. Аммо менинг жавобим доимо битта- узоқ умр кўриш сири тинимсиз меҳнатдадир. Яратган бандаларга умр это этар экан, уни мазмунли қилиб ўтказишга изн беради. Ким умрини фойдали, кимдир эса беҳуда ишларга сарфлайди. Менинг ёшлик даврим очарчилик йилларга тўғри келди. Ўзим Кўчбулоқ қишлоғида тўғилдим. Қишлоғимнинг ҳар бир ерини азиз биламан. 14 ёшимда трактор ҳайдашни ўрганиб, бўғдой, пахта экилган далаларда меҳнат қилганман. Ҳозир ўша пайтдаги шижоатим бўлмасада, тек ўтиролмайман. Кўрпа қавийман, қуроқ тикаман. Бу йил бир оз кўзим хиралашди, авваллари газеталарни ўзим ўқирдим, ҳозир невара келиним ўқиб беради. Мен бир умр меҳнат қилдим, турмуш ўртоғим 1967 йили оламдан ўтиб кетган бўлсада, меҳнатларим бесамар кетмади. Фарзандларим меҳнатда тобланиб, юрт корига ярайдиган одам бўлиб улғайишди. Эвараларим ҳам бор. Қаричилик қурсин, кўпининг исми ёдимдан чиқиб қолади, аммо улар бунга хафа бўлишмайди. Туй-томошада ҳовлимиз тўлиб кетади. Шунда ортимга бир назар ташлаб, бу гўзал ҳаётнинг нашидасини яна бир карра юракдан туяман.
Ангрен шаҳрининг “Янги гўштсой” махалласининг аҳли бирор бир ишга қўл уришдан олдин 92 ёшли Ҳурматой эна Бойматованинг дуосини олишади. Эна оиладаги муҳитни яхшилаш, рўзғор тутиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик борасида маслаҳатини аямайди. Табиатан ҳушчақчақ бўлган Ҳурматой энанинг юзидан табассум аримайди.
-Кулгу умрни узайтиради. Эрталаб турганингизда яна бир кунингиз бошланганига Яратганга шукрона айтиб, жилмайинг. Она Заминга таъзим қилинг. Ўтаётган ҳар бир куннингиз қадрига етинг. Илоҳим биз кўрган қийинчиликларни фарзандларимиз кўрмасин. Ярим оч ўсиб, бир кило ун топилса бошимиз осмонга етар эди. Ҳозирги кунда уннинг сархил турлари бор. Бироқ ёшларимиз ноннинг қадрига етмаяптилар. Доимо катталар уни асраб-авайлаш ҳақида фарзандларига уқтириб туришлари керак.
Фарзанд ва невара, чеваралар ардоғида яшаётган Ҳурматой эна мақсадли, мазмунли ҳаёт кечиришга даъват этади. Унинг фикрича, бемақсад яшаган одамнинг номи ҳам тезда унутилади.
1910 йил 14 февралда таваллуд топган Хонпошшо момо Умурзоқова 2013 йилни 4 фарзанди, 14 нафар невара, 41 нафар чевара ва 9 нафар эвараси қуршовида кутиб олди. 103 ёшни қаршилаган момо ҳовлисига йиғилган қариндош ва Кўчбулоқ қишлоғининг аҳолиси юрт тинчлиги ва ободлиги, фаровонлиги учун дуога қўл очдилар.
Хонпошшо момонинг умри ҳам юқорида тилга олинган қаҳрамонларимиз сингари далада қилган оғир меҳнат ичида ўтди. Аммо эртанги кунга бўлган ишонч, сабр-қаноат орзуларига етиштирди.
-Бекорчилик ва ғийбат инсон саломатлигининг душмани, дейди момо. — Ғийбат ўзи нима? Бу тўғрида пайғамбаримиз шундай деганлар: “Ғийбат — биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир”. Инсоннинг ичидаги қоралик, бахиллик, кўролмаслик охир-оқибат унинг умрига зомин бўлади. Мен невара –чевараларимга доимо ғийбат гуноҳини қилмасликларини айтаман. Ҳар бир инсон ёнидагисининг муваффақиятидан қувониб яшаса, ўзи ҳам шунга интилса хонадонлардан тинчлик аримайди. Яна бир гап. Бекорчилик кўпинча ғийбатни, ёмон хулқни келтириб чиқаради, шундай экан, ёшларни доимо ўқиш ёки бирор ҳунар билан банд қилиш, қиз-келинларимизни эса бошқалар қарашларини, ҳаётини ҳурмат қилишга ундашимиз керак, дея самимий суҳбатда биз билан фикрлашади Хонпошшо момо.
Онахонлар тилидан кўчган оддий ҳаётий ҳақиқатлар уларнинг ҳаётнинг довулли йилларидан эсаон-омон ўтиб, бугунги доруломон кунларига етқазган бўлса ажаб эмас. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларида берилаётган узоқ умр кўришни таъминловчи турли хил парҳезлар, дори-дармонлар, машқлардан фарқли ўлароқ ҳаётни шижоат билан мақсадли ва мазмунли, тоза қалб билан ўтказиш олдида ҳар қандай рецептлар ҳам панд ейиши, шубҳасиз. Мана шу оддий ҳақиқатни яна бир карра муътабар онахаонларимиз ўз ҳаётлари билан исботламоқда.
Н.ҚОСИМОВА