812

Эҳтиёт бўлинг, фирибгар

-Соли бир йилда нечта машина алмаштирдинг? Хафтада 7 кун бўлса, сен хафтада 8 та машина алмаштирасан, шекилли?

-Э ўртоқ. хасад қилаяпсанми? Хар ким хам учар бўла олмайди. Бунинг учун бўйинда қовоқ эмас, мияси бор каллани олиб юриш керак, дўстим. Менга бирортанг ёрдам берганмисанлар. Қора кунимда, фарзандларимнинг куни нон билан сувга қолганида, қайсинг дўст бўлиб, ёрдам бердинг?! А? Яхшиямки Бўрибой ака бор экан. Худога шукр энди еганим олдимда, емаганим кетимда.

-Қўйсангчи шу гапларни Соли. Бир оғиз айтганингда ёрдам берардик. Ўша пайти ўзим хам қийналиб юрувдим. Сен қарз сўраган пайтинг ўзимда ҳам хеч вақо йўқ эди. Бўлмаса жоним билан..

— Хамманг шунақа дейсанлар. Солини пули бўлса ўртоғи хам кўпаяди, пули бўлмаса энг яқин дўст ҳам юз ўгирар экан. Дунёнинг ўзи шунақа.

-Топаётган пулинг ҳалолга ўхшамайди, дўстим. Эҳтиёт бўл. Бу шунақа дунёки, нопок отанинг касри фарзандига уради..

-Э, гапингни шамол учирсин..

Соли ҳаворанг Nexia сини ўт олдирди-да, учириб кетди.

Солининг Бўрибой билан танишганига тўрт ойча бўлиб қолди.   Дарахтнинг учи қимирламасдан туриб, шамол қайси томондан эсишини олдиндан сезадиган бу одам, хеч қачон ўз қўли билан иш кўрмасди. Соли эса айнан унга керакли одам эканлигини бир кўришдаёқ тушунганди.

Автомобилларга  болалигидан ишқивоз Соли пули бўлмасада ҳар  якшанба машина бозорига тушар, янги сотувга олиб чиққан машиналарни кўрар,  савдолашгандай бўлиб бироз хуморидан чиққандай бўларди. Бўрибой уни анчадан буён кузатиб юрарди. Машиналарни яхши билиши, гапга чечанлигини эътиборга олиб, бир гал унинг олдига келди-да, ўзини содда қилиб кўрсатиб, “Биродар машинамни сотмоқчи эдим, доим сизни шу ерда кўраман, нархлаб бераолмайсизми?” деди. Нархланиши лозим бўлган Mersedes анча йўл босиб қўйганлиги кўриниб турарди. Бир қарашда машинанинг ҳолатини англаган Соли савол назари билан Бўрибойга қаради.

-Бунииз, сиз хоҳлаган нархга кетмаса керак, ока!

-Кетади, сиз биринчи мен хохлаётган нархни айтингчи?!

Ўша куниёқ сотилган машинани ювиш учун икковлон ресторанга киришди. Бўрибой аканинг шарофати билан Соли бир зумда “машина нархловчи”га айланди. Кейин билса аканинг бозорда обрўси баланд экан. Соливойнинг иши эса Бўрибой акасининг маслаҳатига кўра машиналарни кредитга олишдан бошлангач, юришиб кетди. Фирибгарлик жуда ҳам осон ва содда схемага асосан амалга ошириларди.

Ишни аввало бир шиша вино учун жонини ҳам берадиган, ароққа муккасидан кетган бирор бир дайдини топишдан бошланарди. Уни бир хафта давомида яхшилаб боқишар, эвазига эса унинг паспортини сўрашарди. Албатта, унга умр бўйи букиб ароқ ичишга етадиган пул ҳам ваъда қилинарди.

Ташқи кўриниши анча «одамбашара» бўлиб “ишбилармон” га айланган “дайди” ни башанг кийинтириб, чеккароқ вилоятларда кредитга машина  сотадиган автосалонларга олиб боришарди. Соли кўпинча «бизнесмен» қўлида ишлайдиган менежер ролини ўйнар ва савдо-харид ишлари хусусида “хўжайини” номидан ўзи гаплашарди. “Хўжайин” нинг иши салонга қизиқиб, томоша қилиш учун кириб қолган харидор – Бўрибой олдида тўхтаган, автомобилни танлаш бўларди. Савдолашиш бошлангач,  «пул етмай қолар»ди. Албатта, автосалонда доимо бўладиган бирор банк ходимидан автомобилни кредит орқали хужжатлаштиришларини илтимос қилишарди. Хужжатлар тайёр бўлиб, биринчи тўлов тўлангач, машина олиб кетилар, гаровга эса машинанинг ўзи ёки олдиндан тайёрлаб қўйилган “ишбилармон”  уйининг хужжатлари қўйиларди.

Барча хужжатлар «ишбилармон харидор» томонидан имзолангач, машина хужжатлари салон эгаларида (автомобилнинг тўлиқ пули туланмагунича ушлаб туриларди) қолиб, автомобиль олиб кетиларди.  Сохта ишбилармоннинг қўлига эса 20 минг сўм атрофида пул бериларди.  Орадан бир ой ўтар ўтмас, Соли давлат автомобиль назоратига мурожаат қилиб,  янги олган автомобилининг хужжатларини йўқотганлиги хақида ариза берар, янги хужжат қўлига теккач, автомобилни бир зумда сотиб юборишарди. Банк эгалари эса харидор паспортининг нусхаси бўйича, уни қидиришганида  у ароқдан бошини кўтара олмайдиган бир дайди бўлиб чиқарди.

Кейинчалик Соли билан Бўрибой ароқхўрларни боқиш учун пул сарфламаслик  мақсадида, кам таъминланган оилаларни нишонга ола бошладилар. Уларни асосан, вояга етган йигитлар қизиқтирарди. Қийинчиликларсиз, тўкис ҳаёт кечириш борасидаги сафсатага лаққа ишонган, оиласини ночорликдан қутқариш учун «машина сотиб олишга ёрдам бериш» орқали мўмайгина даромад соҳибига айланиши мумкин бўлган йигитлар икки фирибгарнинг шартларига осонгина кўнишар, кредит фоизини тўламай суддан чақирув қоғози келганда эса уларнинг изини  топа олмай, надомат чекишарди.

Афсуски ҳаётимизда турли хил фирибгарликлар қаторида кредит бўйича амалга ошириладигани борган сари кўпайиб бормоқда. Аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида берилаётган  имтиёзлардан нопок мақсадларда фойдаланиб келаётган шахслар орамизда йўқ эмас. Албатта, Соли ва Бўрибой сингари кимсалар вақти келиб қонун олдида жавоб беришлари муқаррар. Аммо уларнинг қармоғига илинмаслик учун ҳар бир инсон албатта оддий қоидаларга амал қилиши лозим.

Энг аввало:

  • Ўз хужжатларингизни (паспорт, уй ва бошқа мол-мулк хужжатларини) яқин танишларингизга ҳам ишониб топширманг;
  • Ягона моддий мулкка хамкорликда кредит олиш мумкин эмаслигини унутманг, зеро харид фақатгина бир жисмоний шахс хужжати асосида расмийлаштирилади;
  • Хамкорликда кредит олиш орқали моддий даромад кўрмоқчи бўлсангиз, албатта ўртада тузилган шартнома ёзма равишда бўлиши ва нотариал тасдиқдан ўтиши лозим.
  • Фақат шундагина хаётингиз тинч, ҳаётингиз эса осуда кечиши мумкин.

Наргис ҚОСИМОВА.

Улашинг: