1 513

Жамиятнинг ногиронлик масалаларига муносабати шаклланиши тарихи

Инсоният ўз тарихида ҳар доим ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан имкониятлари чекланган одамлар билан тўқнаш келган. Ривожланишнинг турли даврларида уларга муносабат ҳам турлича бўлган. «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан «ногирон — жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс. Шахснинг турмуш фаолияти чекланганлиги — шахснинг ўзига ўзи хизмат қилиш, ҳаракатланиш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини назорат этиш, шунингдек ўқиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилиятини ёки имкониятини тўла ёхуд қисман йўқотганлиги»дир[1]. Бу сўз лотинча invalidus сўзидан олинган бўлиб, айнан «кучсиз, кучли эмас» деган маъно англатади, яъни, in — «эмас» + validus — «кучли», бошқача айтганда, бу – жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий жиҳатдан камчилиги бўлган инсон фаолиятида мавжуд тўсиқ ёки чекловларни билдиради[2].

Қадим замонлардан бери олиму, уламолар, файласуфларни оғир касалликларга чалинган ёки ривожланишдан орқада қолган кишиларнинг яшаши, уларни даволаш ва ўқитиш масалалари ўзига жалб этиб келган. Қадимги Юнонистон, Рим, Византия, Шарқ файласуфлари ва донишмандлари, жумладан Аристотель, Сенека, Цицерон ва бошқаларнинг асарларида жамият ва жисмоний имкониятлари чекланган инсонлар ўртасидаги муносабат мавзуси ҳам эътибордан четда қолмаган.

Одатда соғлиғи билан боғлиқ муаммолари мавжуд кишилар сони уруш ва ҳарбий ҳаракатлардан кейин кўпайиб кетгани боис, ана шу урушлар пайтида яраланган, жароҳат олган, касаллик орттирган собиқ ҳарбийларга аҳолида эътибор қаратилган. Соғлиғида муаммоси мавжуд бўлган ана шу собиқ жангчилар «ногирон» (инвалид) деб аталган. Францияда ушбу атама армияда ҳарбий хизматни ўтаган ва давлат олдида хизмат кўрсатган, яралангани, жароҳат олгани ёки қаригани боис ҳарбийликка ярамай қолган жангчиларга нисбатан қўлланилган. Беш юз йилдан ортиқ вақт мобайнида давлат соғлиғи билан боғлиқ муаммоси мавжуд инсонларни икки гуруҳга ажратиб келган. Биринчи гуруҳга армияда хизмат қилган ва яраланиш, жароҳат олиш ёки кексайганлиги сабаб соғлиғида муаммолар пайдо бўлган ногиронлар киритилган. Иккинчи гуруҳдан эса ҳеч қачон ҳарбий хизматни ўтамаган, жароҳатлари, касалликлари туғма, кундалик турмушда ёки ишлаб чиқариш жараёнида орттирилган болалар ҳамда катта ёшдаги аҳоли киритилган. Бу гуруҳ майиб-мажрухлардан иборат бўлган.

Қадимги Юнонистонда ҳарбий ногиронлар оиласи билан давлат қарамоғида бўлган. Римда эса ногиронларга ер участкалари, жангларда қўлга киритилган ўлжадан улуш ажратилган, шунингдек пул таъминоти белгиланган. Ногиронлар жамиятнинг обрў-эътиборли кишилари саналишган, ҳамда ижтимоий таъминотнинг анчайин ривожланган тизими улар хизматида бўлган. Соғлиғи билан боғлиқ муаммоси мавжуд кишиларнинг иккинчи тоифаси эса одатда ғарибхоналарда, ногиронлар уйларида сақланган. Бу ерда улар таом ва бошпана билан таъминланган. Қадимги Русда майиб-мажрухлар учун илк ғарибхоналар Иван Грозний подшолиги даврида пайдо бўлган (1551 йил). Ўрта асрларда Франция ва Англияда ҳарбий ногиронларга қараш монастирлар зиммасига юклатилган. Испанияда, кейинроқ эса Англия ва Голландияда яраланган ва жароҳат олган ҳарбий ногиронларга пенсия ва бир марталик моддий ёрдам тўланиши тизими йўлга қўйилган[3]. 1606 йилда Франция қироли Генрих IV томонидан яраланган, касалга чалинган ва қариб қолган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳарбий ғарибхоналар тизими жорий этилган. У иккита, яъни насроний раҳм-шафқат ҳамда авлиё Людовик госпиталларидан иборат бўлган.

1671 йилда Людовик XIV Парижда машҳур Hotel des invalidsга асос солади. Худди шу даврда Англияда ҳам ана шундай уйлар пайдо бўлади: улар аввал Челси ва Гринвичда (денгизчилар учун), сал кейинроқ эса Берлинда ва Австрияда очилади. XVI асрдан бошлаб Францияда ногиронларга давлат ғазнасидан нафақа тайинланади. Аммо Парижда ногиронлар уйи (Hotel des invalids) очилганидан кейин монастирларга нафақа ажратилиши тўхтатилади ва нафақаларнинг ҳаммаси ана шу уйдаги ногиронларнинг таъминотига йўналтирилади. Айниқса, Наполеон I ногиронларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган. У ўз армияси фахрийларининг обрўсини юқорига кўтариб қўйган эди. Шундан кейин Европанинг бошқа давлатларида ҳам ногиронлар роталари пайдо бўлиб, уларда ногиронлар жанговар хизмат билан боғлиқ бўлмаган ҳарбий лавозимларга тайинланган. Бу роталар турли шаҳарларга жойлаштирилган. Уларда ҳарбий хизмат даврида яраланган, жароҳат олган ва касаллик орттирган қуйи лавозимдаги ҳарбийлар хизмат қилиб, ички хизмат ва фронт орти билан боғлиқ турли вазифаларни бажаришган. Бугунга келиб, Францияда бундай ногиронлар роталари бутунлай барҳам топган.

1887 йилда Пруссияда 6 та ногиронлар ротаси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида ўртача 100-120 киши хизмат қилган, шунингдек сарой тасарруфида гвардиячи ногиронлар ротаси фаолият олиб борган[4]. Россия императори Петр I 1720 йил 3 майдаги Фармони билан ҳарбий хизмат даврида яраланган, жароҳат олган ёки касаллик орттирган ва ҳарбий коллегия томонидан хизматни давом эттиришга яроқсиз деб топилган барча офицерлар ва қуйи лавозимдаги ҳарбий хизматчиларни монастирлар ҳамда ғарибхоналарга жойлаштиришни ва уларга умрининг охиригача гарнизон маошлари даражасида нафақа тайинлашни белгилаб қўяди. Орадан икки йил ўтиб, 1722 йил 12 апрелдаги Фармон билан мазкур тоифадаги ногиронларнинг нафақа миқдори камайтирилади ҳамда уни фақат монастир ва ғарибхоналарга жойлашганларгина олиши мумкинлиги тўғрисидаги тартиб жорий этилади. Орадан яна икки йил ўтиб, 1724 йил 6 февралдаги Фармон билан оила қурган ногиронларга нафақа тўлаш, энди улар монастирларда яшай олмасликлари боис тўхтатилади. Екатерина II 1764 йилда Россиядаги монастирлар рухонийлари штатлари сонини белгилаш тўғрисида Фармонга имзо чекади. Шунингдек, у ногиронларнинг фақат белгиланган шаҳарлардагина яшашлари тўғрисида буйруқ беради. Бу ерда улар йилига 80 минг рубль миқдорида нафақа олишади.

Россиядаги илк ногиронлар уйига Екатерина II ҳукмронлиги даврида – Каменноостровскийда асос солинган. XVIII охирларида гарнизон батальонлари тасарруфида ногиронлар роталари тузилади. 1811 йилга келиб барча ногиронлар уч тоифага ажратилади: ҳаракатчан, хизмат қила оладиган ва хизмат қила олмайдиган[5]. Ҳар бир тоифа ички хизмат батальонлари командирларига бўйсунувчи махсус командаларни ташкил қилади. Хизмат қила оладиган ва хизмат қила олмайдиган ногиронлардан тузилган командалар то 1823 йилгача, яъни тарқатиб юборилгунига қадар барча уезд шаҳарларида мавжуд бўлган. Биринчи тоифага кирувчи, яъни ҳаракат қила оладиган ногиронлар роталари дастлаб госпиталлар ва бошқа ташкилотларда хизмат қилишга мўлжалланган эди.

Николай I даврида ногиронлар уйлари сони ортди ва улар ҳарбий ғарибхоналар деб атала бошланди. Николай I ҳукмронлиги даврининг охирларига келиб қуйидаги миқдорда ногиронлар командалари мавжуд эди: гвардиячи роталар – 15 та, турли идора ва номларга оид ҳаракат қила оладиган ногиронлар роталари – 104 та, уезд ногиронлар командалари сони – 564 та ва этап роталари бўлган[6]. 1864 йилда ички хизмат корпуси тарқатиб юборилиши муносабати билан ногиронлар командалари ҳам тарқатиб юборилади[7]. Россияда ғарибхоналар 1918 йилга қадар фаолият олиб борган ва бутун фаолияти давомида майиб-мажрухларга ғамхўрлик кўрсатиладиган ва бошпана бериладиган маскан вазифасини бажариб келган. Бу тоифага мансуб кишилар эътиборли инсонлар мақомига эга бўлмаган ва пенсия ёки бошқа турдаги нафақалар олишмаган. Ғарибхоналар черковларнинг маблағлари ҳисобидан фаолият олиб борган. Майиб-мажрухлар учун таъминот уйлари ташкил этилиб, улар ижтимоий таъминот Маҳкамаси томонидан назорат қилинган. Таъминот уйлари тижорат фаолиятидан олинадиган фойда, хусусий шахсларнинг хайриялари ҳисобидан таъминлаб турилган. Ўсмирлар учун мўлжалланган етимхоналарда касб ўргатиш ва бўлғуси тижорат фаолиятига тайёрлаш мақсадида ҳунармандчилик устахоналари ташкил қилинган. 1898 йилда Мария Федоровна ҳазрати олияларининг «истаги ва қарори билан» кар-соқов катта ёшдаги фуқаролар ва болалар учун васийлик жорий этилади. Москва ва Санкт-Петербургда улар учун устахоналар, меҳнатга ўргатиш уйлари очилади. Васийлар кар-соқовлар учун иш излашади ҳамда улар тижорат фаолияти олиб боришларида кўмаклашишади[8].

1832 йил Мюнхенда (Бавария, Германия) Йоган Эдлер фон Курц бир қўли йўқ ўғил болалар учун халқ мактаби билан бир хил ва тенг таълим берадиган тарбия институтини ташкил этади. Унинг мақсади ногирон болаларга ҳунар ёки «эркин касб» ўргатиш бўлган. Бу болалар тиббий назорат остида бўлган ва даволаш муолажалари олишган. 1874 йилдан институтда бир қўли йўқ қиз болалар ҳам ўқитила бошлайди ва улар бу ерда тикиш, бичиш, тўқиш ва уй-рўзғор юритиш кўникмаларини ўрганишади. 1897 йилга қадар Германияда Мюнхен институтига ўхшаш 8 та мактаб очилади ва уларда жами 550 нафар ногирон болалар таълим олишади[9].

1872 йилда пастор ва филантроп Ганс Кнудсен (Копенгаген, Дания) майиб-мажрухларга ёрдам Жамиятини, ортопедия клиникасини, касбий таълим мактабини ва ишлайдиган ногиронлар учун устахона очади. Мазкур мактаб фаолияти 1884 йил Копенгаген шаҳрида бўлиб ўтган шифокорларнинг Халқаро конгрессида тилга олинади. Майиб-мажрухлар билан ишлашдаги бу тажрибага шифокорлар ижобий баҳо беришади ва тез орада ушбу тажриба Скандинавия давлатлари (Швеция, Норвегия)да ҳам жисмоний имконияти чекланган кишиларга ёрдам кўрсатиш соҳасига жорий этилади. Петербургда (1895 йил) Қизил Хоч Қўмитаси пастор Ганс Кнудсен тажрибасига таяниб етимхона – майиб-мажрухлар учун мактаб, мискинлар ва касалларга васийлик қилиш Жамиятининг Петровск ва Василеостровск бўлимлари қошида катта ёшдаги ногиронлар учун етимхона очади. XIX асрда ва XX аср бошларида майиб-мажрухларни даволаш, уларга касб ўргатиш ва ижтимоий мослашувига кўмаклашиш билан боғлиқ тадбирлар Европа, АҚШ ва Россияда ҳомийлар, жамоа ташкилотлари, биринчи галда Қизил Хоч Жамияти ҳисобидан амалга оширилган[10].

XIX аср охирларида АҚШда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан ишлашнинг янги йўналиши – ижтимоий хизмат юзага келади. Инсонпарварлик фаолиятининг бу йўналиши шифокорлар томонидан касаллар, майиб-мажрухлар, ногиронлар, болалар ва эмигрантлар билан ишлаш учун ташкил қилинган. 1926 йилда АҚШ университетларида турли ихтисосликлар бўйича ижтимоий соҳада: болалар, аёллар ва ногиронлар билан ишлаш учун мутахассислар тайёрлашга киришилади. Бу даврда Россияда болалар, майиб-мажрухлар, ногиронлар, қариялар билан ишловчи мутахассислар вазифасини Қизил Хоч Қўмитаси ҳамширалари, монахлар ва шифокорлар бажаришган[11].

1890 йилда Тошкентда Россия Қизил Хоч Жамиятининг Округ бошқармаси ташкил этилади ва Туркистонда ногиронларга кўмак бериш ана шу ташкилот зиммасига тушади. Ўша вақтда бошқармада 55 киши ишлаган. 1898 йилда 9 нафар ҳамширани бирлаштирган Ҳамширалар Жамияти тузилади. Улар аҳолининг эхтиёжманд қатламларига ёрдам беришган, вабо, чечак, қизилча, терлама ва бошқа юқумли касалликлар эпидемиясига қарши курашда иштирок этишган.

1922 йилда Россия Қизил Хоч Жамияти Тошкентда ўзининг расмий ваколатхонасини очади. Жамият ташкилотлари кўплаб корхоналарда биринчи ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт пунктлари фаолиятини йўлга қўйишади. Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1925 йил 14 ноябрдаги Қарори билан «Ўзбекистон ССР Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида Низом» тасдиқланади[12]. Ўзбекистонда Қизил Ярим Ой Жамияти ташкил этилиши билан мазкур инсонпарварлик ташкилоти фаолиятининг янги босқичи бошланди. Ўзбекистондаги кўплаб ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, хўжаликларда Жамиятнинг бошланғич ташкилотлари тузилади. Улар аҳоли ўртасида шахсий гигиенага риоя этиш ва касалликлар профилактикасига ўргатиш йўналишида кенг кўламли ишлар олиб боришади.  Жамият кўнгиллиларидан безгак ва бошқа юқумли касалликларга қарши кураш бўйича тезкор отрядлар ташкил этилади. Кўплаб шаҳарларда даволаш-соғломлаштириш муассасалари фаолияти йўлга қўйилади. Қишлоқ туманларида амбулатория ва болалар боғчалари тармоғи яратилади. Жамият томонидан ташкил этилган махсус курсларда қишлоқ жойларида ишлаш учун ҳамширлаар тайёрланади. Қизил Ярим Ой Жамиятига қарашли санитария ва гигиена воситалари билан савдо қилувчи дўконлар, сартарошхоналар, овқатланиш муассасалари тармоқлари очилади. Жамиятнинг минерал сув ва гипс ишлаб чиқарадиган ўз заводлари, дори воситаларини қадоқловчи фабрикаси фаолият олиб борган. 1927 йил 20-24 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Жамиятнинг биринчи съезди унинг фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Жамият 3 та самолёт олади ва Марказий Осиёда биринчи санитария авиациясига асос солинади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Жамиятнинг 4 минг нафар ҳамшира ва санитар дружиначилари бевосита жанг майдонларида аскарларга ёрдам кўрсатишган. Жамиятнинг минглаб кўнгиллилари ва ходимлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий госпиталларда ишлашган. Кўрсатган жасорати ва фидокорона хизматлари учун уларнинг кўпчилиги орден ва медаллар билан тақдирланган. Жумладан, ҳамширалардан Рихси Мўминова, Салипа Кубланова ва Матлуба Эшонхўжаевалар Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг олий мукофоти — «Флоренс Найтингел» медали билан тақдирланишган. Урушдан кейин ана шу мукофот билан Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг самарқандлик ҳамшираси Антонина Пихтиева ҳам мукофотланган. 1946-1991 йиллар оралиғида Жамият асосан беғараз донорлик, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, санитария соҳасидаги билимларни ошириш йўналишларида иш олиб борган[13].

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти 1925 йилда ташкил этилган ва минтақамиздаги энг ёши улуғ инсонпарварлик ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йилдаги «Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти тўғрисида»ги Фармонига асосан мустақил, инсонпарварлик, жамоат бирлашмаси мақомини олди ҳамда шу даврдан Жамиятнинг хайрия ва инсонпарварлик йўналишидаги фаолиятида янги босқич бошланди. Бугунги кунда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамияти ўз сафига бутун дунёдаги 187 та Миллий Жамиятларни бирлаштирган Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг 165-тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хайр-саҳоват ва ҳомийликнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди, фаолиятининг асосий йўналишини эхтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш ташкил қиладиган ташкилотларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, имкониятлари кенгайтирилди. Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг фаолияти давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим ва устувор йўналишларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Бу жараёнда биринчи ўринда аҳолининг эхтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар туради. Жамият томонидан кенг кўламли ишлар бажарилмоқда ҳамда уларнинг доирасида турли, айниқса юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, уларни даволаш, табиий офатларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек аҳолининг эхтиёжманд қатламлари, ёлғиз кексалар, кўп болали кам таъминланган оилалар, ногиронлар, кўмак ва ёрдамга мухтож бошқа қатламларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

[1] http://www.lex.uz/pages/GetAct.aspx?lact_id=140860

[2] https://ru.wikipedia.org/wiki/Инвалидность

[3] История инвалидных обществ. http://independentfor.com/material/histunion.htm

[4] История инвалидных обществ. http://independentfor.com/material/histunion.htm

[5] История инвалидных обществ. http://independentfor.com/material/histunion.htm

[6] Мисяк С.А.  Запорожский медицинский журнал №5, том 2, 2006, с. 158

[7] Там же.

[8] Мисяк С.А.  Запорожский медицинский журнал №5, том 2, 2006, с. 159

[9] Мисяк С.А.  Запорожский медицинский журнал №5, том 2, 2006, с. 160

[10] Мисяк С.А.  Запорожский медицинский журнал №5, том 2, 2006, с. 161

[11] Ўша ерда.

[12] www.redcrescent.uz

[13] www.redcrescent.uz

Улашинг: