1 262

ЁШ РАССОМЛАР ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ

Ўзбекистон экстремизм ва радикализмга қарши курашишга глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қараб, бу борада халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини, шунинг учун, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлигини президентимиз  алоҳида таъкидлаб келмоқда. Ёшларнинг терроризм ва диний экстремизмнинг ёт ғояларидан асраш, уларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида республикамизнинг санъат коллежлари, хусусан Беньков номидаги Республика бадиий коллежи, Жиззах ва Фарғона санъат коллежлари ўқувчилари ўртасида комикслар танлови бўлиб ўтди. Мазкур танлов    Европа Иттифоқи ташкилотининг молиявий кўмаги билан “Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш” лойиҳасининг “СТОРИКРАФТ — Биринчи ҳудудий инновацион лаборатория доирасида  амалга оширилди. “Чизилган тақдирлар” номини олган танлов Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг 3 та ҳудудида ўтказилиб, унда 105 нафар ёш ижодкорлар фаол иштирок этишди.

— Бугунги кунда тажовузкор экстремизм ва терроризм дунёда барқарор ривожланиш ва миллатлараро тотувликка муайян таҳдидларни юзага келтирмоқда, дейди лойиҳа раҳбари Наргис Қосимова. -Бу эса уларни бартараф этиш учун биргаликда амалий ечим топишни тақозо қилмоқда. Мазкур танловнинг асосий мақсади ёш авлод вакиллари терроризм ва тажовузкор экстремизм таъсири остига тушиб қолишига йўл қўймаслик, уларнинг бу борадаги хабардорлигини оширишдан иборат. Лойиҳа якунида ғолибларнинг реал воқеалар асосида яратилган комикслари видео шаклга келтирилиб, интернетнинг ёшлар кўпроқ фойдаланадиган ижтимоий тармоқларига жойлаштирилади.

  Мазкур лойиҳада фаол қатнашган коллеж ўқувчилари билиб-билмай турли террористик ва экстремистик оқимларга кириб қолган ва турли аянчли ҳолларга тушган ёшлар тақдирни реал воқеалар асосида ёшлар ўртасида ўтказиладиган расмлар танловига тақдим этишди.

-Ушбу танловда қатнашиш жараёнида бизга чизиш учун тақдим этилган воқеалар нақадар таъсирли эканлигини, уларнинг ҳар бирида бир инсон тақдири яширинганлигини кўрдим. Воқеа қаҳрамонларининг ўй-ҳаёлларини ҳис қилишга ҳаракат қилиб, “Бахтиёр нега рози бўлди?” деб номланган воқеани акс эттиришга ҳаракат қилдим, дейди Жиззах санъат коллежининг 3 курс талабаси Марҳабо Алиева. – Ўйлайманки меинг кичик ижодим, тенгқурларимизни терроризм домига тушиб қолишдан асрашига хизмат қилади ва албатта кейинги  ижодимда ҳам бу йўналишда расмлар чизишга ҳаракат қиламан.

Танловда ғолиб бўлган барча ўқувчилар диплом ва совғалар билан тақдирланиб, фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.

Сарвиноз ҲОШИМОВА

Улашинг: