1 431

ТОШКЕНТДА “ОЗАРБАЙЖОННИНГ ДАВОЛАШ-CОҒЛОМЛАШТИРИШ МАРКАЗЛАРИ ВА ТУРИСТИК САЛОҲИЯТИ”НИНГ ТАҚДИМОТИ БЎЛДИ

23 март куни“Hyatt Regency Tashkent”  меҳмонхонасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази  томонидан ташкил этилиб, Ўзбекистондаги туристик компаниялари ва ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тақдимот  икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг янда мустаҳкамлашга қаратилди.

-Бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги турли йўналишлардаги алоқалар қатори туризм йўналишини ҳам ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади, деди Озарбайжон маданият марказининг директори Самир Аббосов. – Озарбайжон ўзининг бетакрор табиати, бой флора ва фаунаси, тарихий жойлари, даволаш масканлари билан машҳур. Мамлакатимизнинг туристик имкониятлари ўзбек қардошларимизда доими катта қизиқиш уйғотиб келган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Бизнинг мақсадимиз Озрабайжондан Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан Озарбайжонга кўп сонли сайёҳларни жалб этишдир. 2017 йили Озарбайжонга 2 млн.699 минг сайёҳлар ташриф буюриб,  уларнинг ичида 19 минг нафардан ортиғи ўзбекистонлик сайёҳлар эди. Келажакда уларнинг сони  кўпайишига ишонамиз.

Тадбирда “Travelling Lab” компанияси томонидан Озарбайжон даволаш масканларининг тақдимоти қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

— Нафталан санаторийси нафақат МДҲ балки бутун дунёда турли хил касалликларни нефть билан даволаши билан машҳурдир, дейди “Travelling Lab”  компаниясининг директори Сабина Мамедова.  Унинг асосий даволаш воситаси –ўзига хос нефть бўлиб, у ёнмайди, балки ўзига хос таркибга эга бўлганлиги сабабли таянч-ҳаракат, суяк-мушак тизимидаги ревматик артрит ва полиартритнинг турларини , остеоартроз,  умуртқа остеохондрози, Бехтерево касаллиги, асаб касалликларидан неврит, невралгия, радикулит,  плекситларни, переферик асаб тўқималарига тегишли бўлган эндартермит ва қўл-оёқ томирлари атеросклерози, варикоз, тромбофлебит, Рейно касаллиги, тери касалликларидан  псориаз, экзема,  нейродермит, аллергик дерматитлар, гинекологияга тегишли бўлган аднексит, сальпингоофорит, параметрит, периметрит, метрит, бепуштликни, простат каби касалликларни даволашга ихтисослашган.  Санаторийда хаттоки Қўлтиқтаёлар музейи  очилиб, даволаниб, соғайиб кетган беморлар у ерга ўз қўлтиқтаёқларини ташлаб кетишади.

Айтиш жоийизки, Озарбайжондаги ўзига хос даволаш хусусиятларига эга  бўлган нефть қадимдан маълум бўлиб, Марко Поло ўз қайдларида Нафталан нефти ҳақида ёзиб қолдирган. Нефть Хитой ва Ҳиндистонда машҳур бўлиб, уни Яқин Шарқ мамлакатларига сотишган. “Суюқ олтин”ни даволашда қўллаш 1870 йилларда бошланди. Немис шифокор Егер илк маротаба беморларда унинг даволовчи хусусиятларини синаб кўрган.

Бугунги кунда Нафталанда бир қанча санаторийлар жойлашган бўлиб, Соғломлаштирувчи отель Гашалти, Спа-отель Chinar Naftalan, “Нафталан”, Garabagresort &spa даволаш ва дам олиш масканлари турли хил кўнгил очар ва дам олиш тадбирлари билан биргаликда даволаш турларини ҳам таклиф этмоқда.

Озарбайжоннинг яна бир ўзига хос табиий даволаш маскани «ДУЗДАГ» Физиотерапевтик маркази  Наахичеван Автоном Республикасидаги денгиз сатҳидан  1173 метр баландликда тоғ бағридаги тузли ғорда жойлашган. Бу ерда нафас йўллари касалликлари муваффақиятли даволанади.  Ғорнинг ўзида палаталар мавжуд бўлиб,  унинг микроиқлими кальций ионларига бойдир. Шу сабабли  беморлар ундан нафас олган ҳолда  муваффақиятли равишда предастма, бронхиал астма,   инфекцион-аллергик ва атопик шакллари, сурункали обструктив бронхит  ва сурункали пневмония, аллергик  ринитлар, сурункали  аллергик риносинусопатия,  поллинозлар даволанади.

Озарбайжоннинг “Travelling Lab” компанияси турпакетлар сотилиш миқдорини оширилишини таъминлаш мақсадида 2018 йил 5 апрелдан Озарбайжоннинг даволаш-сайёҳлик  салоҳияти билан таништириш  учун Ўзбекистон сайёҳлик  агентликлари вакилларига ахборий танишув саёҳатини уюштиришни режалаштирмоқда.
Наргис ҚОСИМОВА

 

Улашинг: