344

РЎЗИГУЛ САФАРОВА: “АЁЛ РАҲБАРЛАР ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТИЗИМИДА ЖУДА ҲАМ ЗАРУР”

Жамиятимизда хотин-қизларни аксарият ҳолатда ўқитувчи, тарбиячи, шифокор ёки тикувчи сифатида қабул қилишади. Ота-оналар қизларини айнан ана шу касбларга йўналтиришга ҳаракат қилишади. Қолипдан чиқмоқчи бўлган қизлар эса  кўпинча қораланади.  Табиат муҳофазаси тизимида аёллар жуда ҳам кам. Чунки ўрмончилик, эколог касби  “эркакларнинг иши” деб қаралади. Суҳбатдошимиз Рўзигул Сафарова фидойи эколог, биология фанлари номзоди, ҳозирги кунда  Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда. Табиатан интилувчан, қаттиққўл раҳбар, аммо меҳрибон она бўлган атроф-муҳит муҳофазасига ҳаётини бағишлаган Рўзигул Сафарованинг иш куни кечаги кун сарҳисоби билан бошланади. Бугунги кунга қўйилган вазифаларни ўз вақтида бажаришга интилади. Она табиатимизга зиён етказаётган инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишга ҳаракат қилади.  Ана шундай инсонлар борлиги учун ҳам бугун экологик муаммолар қисман бўлсада ўз ечимини топмоқда назаримизда.

-Рўзигул опа сиз Табиат ресурслари вазирлиги тизимидаги вилоят бошқармалари раҳбарлари ичида ягона аёл раҳбарсиз.  Сурхондарё Экологиясини раҳбари аёл киши деб эшитганимдаёқ, ажаблангандим, шахсиятингизга, умуман сизнинг ботиний оламингизга жуда қизиққандим.  Умуман нега бу соҳани танлагансиз?

— Менинг томирларимда оқаётган қоним, ҳар бир олаётган нафасимда она табиат  мужассам. Чунки Қишлоқ хўжалиги институтининг Ўрмон хўжалиги факултетини битириб, 1988 йили  Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида фаолиятимни бошладим. Ўрмон хўжалиги йўналишини танлашимдан мақсад, болалалигимда ўрмон қўйнида  улғайдим. У ердаги сокинлик, табиатни гўзал манзараси доимо мени мафтун этган. Ўрмон хўжалиги факултетига ҳужжат топширмоқчи бўлганимда, отам “Бу қиз болани иши эмас, доимо тоғма -тоғ от миниб юрмайсан, ундан кўра шифокор бўл, қиз болага шу касб маъқул” деганларида “мен фикримдан қайтмайман, ўрмончи бўламан” деб, сўзимда қатъий турдим. Мактабни битириб, Тошкентда Қишлоқ хўжалиги институтига  ҳужжат топшириб қайтдим. Отам “Мединститутга ҳужжат топширдингми?” деганларида, жим туравергандим. Чунки ёлғон гапирсам, отам айбимни билиб қолади, ёлғон гапирмасам “ҳужжатларингни қайтариб ол” дейди. Сўнг юрак ютиб, “Ота Қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топширдим” деганимда “Мободо ўрмон хўжалиги факултетига эмасми?”деб сўради. Тасдиқ ишорасини олгач, “Эҳ, қайсарсан, барибир билганингдан қолмаслигингни билардим” деган. Аъло баҳолар билан ўқишга кириб ўқидим. Инсон ўзи танлаган касбини эгаллайман деса, ҳеч нарса унга тўсиқ бўла олмайди. Ёшлигимиздан отам бизга от минишни ўргатгани учун, амалиётда ҳам бемалол тоққа чиқиб кетаверар эдим. Чунки ўзим ҳолатни кўзим билан кўрмасам, ишонмасдим. Экология соҳасига биринчи марта келганимда лабораторияда ишимни бошлаганман. Айнан лабораторияда ишлаш, таҳлилларни амалга ошириш  Биология фанлари номзоди илмий даражасини олиш имконини берди. Лабораториядан бўлим, кейин инспекция бошлиғи лавозимларида ишладим.  1994 йили  номзодлик диссертatsiясини яхши натижалар билан ҳимоя  қилдим, илмий ишимни давом эттириш учун 1997 йили  Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига ишга кирдим. Бошқарма бошлиғи мени ишга қабул қилаётганида “Қизим Сурхондарёдан, шу ерга келибсан, мақсадинг нима?” деган.  “Мен аввало илмий ишимни якунлашим керак. Сурхондарё вилояти Табиатни муҳофаза қилиш  қўмитасига раис бўлиб боришим керак” деганман. Йиллар ўтди.  Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш  қўмитасининг раҳбари Турғун ака Эргашев  2001 йил май ойларида  “Сурхондарё вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси лавозими бўш,  ўша ерда ишлашни истайсанми?” деб қолди. Мен “кетаман Сурхондарё  мени ўқитди, олима қилди, ўша ерда ўсиб, вояга етдим ” дедим. “Бу  аёл кишининг иши эмас”  тўғри қийин бўлиши мумкин  Аммо мен қароримда қатъий эдим. Қўлимдаги  8 ойлик чақалоғим билан Сурхондарё вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига   раис бўлиб келишим учун  буйруққа устозим Шеримбетов Халилулла Сатимовичнинг менга билдирган  ишончи  янада руҳлантириб юборганди. Уларнинг тавсиялари билан 2001 йили раҳбар  бўлдим ва Сурхондарё вилояти қўмитаси раиси лавоимида иш бошладим. Ўша пайтлари Сурхондарёда Бахтиёр Олимжонов исмли хоким бўларди. Бахтиёр ака мени эътиборсиз қабул қилди. Менга, яъни ориққина қизга қараб, “Сен эплайсанми?” деди. Дадил туриб “Эплайман” дедим. Сўнг “осмонда нечта қуш учади?” деб сўради.

Мен “Санаб кўриб, айтаман” дедим. “Сурхондарёда нечта дарахт бор? Ҳисоб-китобинг борми?” деб сўради. Мен “Иш бошласам ҳисобини оламан, ҳозир билмайман” деб жавоб бердим. “Жавоб қониқарли” деди. “Бошқа саволларингиз бўлмаса, кетсам бўладими?” деганман. Очиғини айтсам ўша пайтлари раҳбарлар  билан қандай муомала қилиш кераклигини ҳам билмаганман. У “кетинг ёки кетманг” ҳам демади. Хокимият дарвозасидан чиқаётганимда, эшик олдида турган посбонлар “Опа орқангизга  қайтинг, сизни хоким сўраяпти” деди. Мен гаплашиб чиққанимни айтсам ҳам, улар мени қайтаришди. Хоким қўл бериб, “Мен сиз сингари  иродали, айтган  сўзида собит тура оладиган  одам билан ишлашни истайман. ”, деди.

-Ўзбекистонда аҳолининг табиатга нисбатан муносабати афсуски яхши эмас. Сиз ушбу соҳада ишлайдиган кам сонли аёллардан бири сифатида соҳада қандай камчиликлар бор ва уларга қандай қилиб ечим топиш керак, деб ўйлайсиз?

— Кадрлар масаласига келадиган бўлсак, албатта 90 нафар инспектор   ҳудудий жиҳатдан катта вилоят учун аслида кам. Бугунни  оладиган бўлсак  1 та туманда 1 йўналиш бўйича атиги 1 нафар инспектор фаолият олиб боради. Ўсимлик дунёсининг биохилма-хиллиги йўналишида туман миқёсида 1 нафар, вилоят бошқармасида 2 нафар инспектор ишлайди. Агар 1 туманнинг ўртача 40-60 минг гектар ер майдони бўладиган бўлса, биргина инспектор “Яшил макон” лойиҳаси бўйича ўтқазилган дарахтлар сонини ҳам аниқлаши, уларнинг парваришини ҳам назорат қилиши ҳамда суғориш тизимини кўздан кечириши керак  Физиологик жиҳатдан зиммасида турган ишни  улгуриш анча мушкул ва мураккабдир. Мен ҳар доим ходимларни ишга олаётганда бир қоидага амал қиламан. Уларни дарров бирор лавозимга тайинлаб қўймайман, аксинча дастлаб уларни ҳар бир йўналиш бўйича яхши тайёргарликдан ўтказиб бораман. Сув, чиқинди билан ишлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси каби йўналишларни яхши ўрганиб, профессионал мутахассис бўлгандан сўнг иш лавозимига тайинлайман. Бунинг натижасида 1 туманда 4-5 та инспектор фаолият олиб борадиган бўлса, уларнинг барчаси турли йўналишларда муаммосиз ишлай олади.

— Афсуски, сўнгги вақтларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига инсониятнинг зарари тобора ортиб, бунинг ортидан уларнинг турлари ҳам камайиб бормоқда. Айнан Сурхондарё вилоятида сони саноқли қолган сиртлон яшашини биласиз. Уларни одамлар томонидан овлаш ҳолатлари  содир бўлмоқда. Айнан сиртлон ҳайвони “Қизил китоб”га киритилган, аммо уни муҳофаза қилиш бўйича бажарилаётган ишлар қониқарли даражада эмас. Сиз мутахассис сифатида ушбу ҳолатга қандай муносабат билдирган бўлардингиз, айнан ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонларни асраб қолиш учун қандай усуллардан фойдаланиш тўғри бўларди?

— Айнан “Қизил китоб” га киритилган ноёб турларни асраб қолиш ҳозирги кунда энг оғриқли нуқталардан бири. Биринчи галда халқнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган муносабатини, уларнинг бу борадаги маданиятини ўзгартиришимиз, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган меҳр-муҳаббатини оширишимиз зарур. Лекин фақат бу орқали ижобий натижа кутиш қийин, бу услуб йиллар давомида ўз самарасини деярли бермай келди. Бугун Сурхондарё давлат қўриқхонаси иккита йўналишда фаолият олиб бормоқда. Биринчиси флора ва фаунани асраш бўлса, иккинчиси грантлар билан ишлаш. Биохилмахиллик борасида тадқиқотлар ўтказаётган олимларимизнинг сони жуда ҳам кам. Бу борада илмий тадқиқотларни кўпайтириш зарур. Энди чўпонлар ичида табиатга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётганлари кам эмас. Уларга нисбатан қонуний чораларни кучайтириш лозим. Зеро, табиатга зарар етказаётган инсон, албатта қонун олдида жавоб бериши керак.

Мана бугунги кунда браконерлар кўпайиб кетди. Овчилик йўлланмасини қўлига оладида, аммо унга риоя этмай, амалда табиатга зиён етказади, жониворларни қиради. Бунинг йўлини топиш жуда мураккаб, бу муаммоли масалага ечим топиш учун бир браконерни орқасидан у нима қилаётганини кузатиб юриш ангча қийин иш. Шу боис мен тажрибамга таянган ҳолда кўпчиликка маъқул бўлган ва жуда кўп инсонлар қўллаб-қувватлаган ишга қўл урдим.

2001 – 2010 йилларда ишлаган бўлсам, ўша пайтда икки юз нафар жамоатчи инспекторим бўларди. У пайтлар бирорта вилоятда йўқ эди, бу каби жамоатчи инспекторларни фаолиятга жалб қилиш тажрибаси. Масалан, ғалла ўрим-йиғими пайтида дон йиғиштириб олинган майдондаги сомонга олов қўйилса, ишонч телефонларимиз орқали бизга хабар беришарди ва биз ҳоким ёки фермердан олдин воқеадан хабар топиб, оловни ўчиришга киришардик. Мақсадимиз ёнғин учун фермерга жарима солиш эмас, балки ана шундай ёнғинларнинг олдини олиш, ернинг ўз структурасини сақлаб қолиш   бўлган.

Энди ўйлаб кўринг  200 км узоқликдаги қишлоқда битта дарахт кесилса иккинчи дарахтни кесишга улгурмасданоқ биз хабар топардик ва ўша жойга етиб борардик. Албатта жамоатчи инспекторларимизни қилган меҳнатлари учун рағбатлантириб турганмиз. Жамоатчилар  аниқ бажарган иши, келтирган нафи учун  рағбат пули оларди. Жамоатчи инспекторларни  қўмита томонидан рағбатлантирганмиз.

Ўтган йилнинг феврал ойидан бошлаб, яна Сурхондарё  вилояти  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи сифатида ишлай бошладим Ҳозир мен  жамоатчилик инспекторлар фаолиятини қайта тиклашга киришяпман. Ноябр ойидан бери асосан жамоатчи инспекторлар билан ишлаяпман. Куни кеча, Музработ туманидан бир гуруҳ овчилар ҳайвонларни овлаётгани ҳақида хабар келди. Кечқурун тезкор гуруҳни жўнатдим. Миллий гвардия бизга ёрдам берди. Камида 7 нафар овчи-браконерларни ушладик. Ов мавсуми бошланишидан олдин телевидение, радио, газета ва сайтлар орқали тўлиқ тушунча ва маълумотларни берамиз, нима мумкину, нима тақиқланишини тушунтирамиз. Овчиларга “ноқонуний ҳатти-ҳаракат қилманг, рухсатнома билан ишланг, аксинча, эртага чора кўришимизга тўғри келади. Келинг, бир-биримизни ҳурмат қилайлик ва қўллаб-қувватлайлик, жонзотларни асрайлик”, деб мурожаат қиламиз. Лекин, тан олиш керак, мурожаатларимиз ҳаммага ҳам бирдек етиб бормаяпти, ёки, бошқача айтадиган бўлсак, ҳамма ҳам у гапларнинг мағзини чақмаяпти. Мана ов мавсуми бошланиши билан табиатга, жонзотларга зарар етказилгани бўйича 7-8 та ҳолат аниқланиб турибди. “Қонун-қоидалар мен учун эмас, бемалол уларни буза оламан ва бунинг учун менга ҳеч нарса бўлмайди”, деб ҳисоблайдиган айрим ашаддий ҳуқуқбузарларнинг айби бўйинига қўйилганидан кейин, уларнинг қилмишини телевидение орқали халққа кўрсатамиз. Қавм-қариндош, маҳалла-кўй, энг асосийси, фарзандлари олдида юзи шувут бўлган одам иккинчи марта қонун-қоидаларни менсимаслик кўчасига кирмайди. Масалан, ана шундай қилмиши учун хатто фарзандларидан ҳам танбеҳ эшитган бир йигит яқинда жамоатчи инспекторларимиз сафига келиб қўшилди.

-Рўзигул опа, Сурхондарёдаги Пайғамбар ороли биохилмахиликка бой, аммо ekolog.uz телеграм каналимиз ботига келган хабарга кўра, шу ерда ички ишлар ва бошқа куч тузилмалари ходимлари Қизил китобга киритилган Бухоро хонгулини овлаш ҳолатлари кузатилаётган экан. Айтингчи, ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзи билан ҳам курашишга кучингиз етадими?

-Пайғамбар ороли чегара ҳудуди ҳисобланади. Оролнинг нарёғи Афғонистон. У ерга борсангиз, нарёқдагилар тандир ёқяптими, овқат пишираяптими шундоқ кўриниб туради. Чегара ҳудуди бўлгани учун бизга  у ерга киришга рухсат йўқ, биз у ҳудудда ишлай олмаймиз. Агар ҳарбий прокуратура биздан мутахассис сўраса, киришимиз мумкин. 

-Ҳарбий прокуратурага сизларнинг ўзингиз браконерлик ҳолатлари бўйича ариза берсангиз бўлмайдими?

-Бунинг учун бизнинг қўлимизда аниқ факт бўлиши керак, факт бўлмаса аризамиз қабул қилинмайди. Факт бўлиши учун эса, биз аввал, ичкарига кирган бўлишимиз, кўришимиз керак. Масалан, оролда 860 та Бухоро  хонгулилари  борлиги тўғрисида  маълумотлар бор. У ерда содир бўлаётган браконерлик ҳолатлари ҳақида хеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Бундай ҳолатларни  олдини олиш учун ҳарбий прокуратура таркибида кичик  экологик гуруҳ ёки бўлмаса айнан “Пайғамбар ороли”нинг флора ва фауна оламини сақлаш ва асраш учун  харбий қўриқхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳеч бўлмаса агар рухсат бериш имконияти бўлса, бир ойда бир мартами, бир йилда икки мартами инспекторларимиз орол ҳудудига  кирсин.  Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини   хатлов қилсин, саноғини ўтказсин  Шу орқали  ўша ердаги  ҳайвонот ва ўсимлик дунёси  сақланиб қолган бўларди.

Бу берган таклифингизга жавоб келдими?

-Йўқ,  ҳали жавоб келмади. Чегара қўшинларигаям бу бўйича хат чиқардик, ўша сиз эшитган хабарлар бизниям қулоғимизга чалиниб туради-да, лекин факт йўқ. Агар бўлса, биз уни чегара қўшинларига юборамиз, чегара қўшинлари барибир биздан мутахассис сўрайди, чунки ўзларида мутахассис йўқ. Шунда биз кира оламиз, ҳолатни ўрганиб чиқамиз. Ҳар қандай ҳолатдаям, уларнинг таркибида экология бўйича гуруҳ очилса, нур устига аъло нур бўларди.

— Фикримча, Ўзбекистоннинг ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун ҳеч бўлмаса, 3 йилга мораторий жорий қилиш лозим, чунки айни пайтда ҳайвонларимиз қириб ташланаяпти. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

-Менинг кўнгилимдаги гапни айтдингиз, мен ҳайвонот дунёсига ҳам, ўсимлик дунёсига ҳам узлуксиз мораторий бериш керак, деб ҳисоблайман. Ҳеч бўлмаса ҳайвонларни кўпайишини ҳисобга олиб, 5 йилга   мораторий бўлса, биз отиладиган ҳайвонми, отилмайдиган ҳайвонми, қанчасини асраб қоламиз.

—  Жамоангизда эркаклар кўп, уларни бошқаришга қийналмайсизми?

-Жамоамизда мен билан биргаликда 14 нафар аёл бор. Улар асосан Кадрлар бўлимида, ёрдамчи ёки фаррош бўлиб ишлашади. Мен аёллар раҳбар бўлишини жуда истайман. Чунки аёл ичмайди, чекмайди, қолаверса, ўзимдан қиёс, болаларимни қанчалик яхши кўрсам, қандай муносабатда бўлсам, экологияга, ўсимлик  дунёсига ҳам ҳайвонот дунёсига ҳам  шундай муомилада бўламан. Мен уларни асраш учун ҳамма нарсага тайёрман. Битта дарахт кесилса, аямайман, зарур бўлса прокуратурагача олиб бораман. Қўл остимдаги одамларга нисбатан жуда ҳам қаттиққўлман.  Албатта бу нарса кўпчиликка ёқмайди.

-Бошқарманинг туман бўлимларида бошқа аёл раҳбарлар борми?                                                                                                             

-Йўқ, агар, яхши аёл раҳбар бўладигани бўлса, жон деб олардим ишга. Туманларда аёл раҳбар бўлишини жуда истардим.  Чунки ўзим аёл бўлсам ҳам олдинга қўйилган барча вазифани бажараман. Бир мартада иложи бўлмаса, уни охирига етказмагунимча, қайта-қайта уринаман. Бир йиғилишда, олдинги ҳокимимиз билан “Яшил макон” бўйича сал келишмовчилик бўлди, бир мажлисга борсам, олдига кирмоқчи бўлсам, опа сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, деди. Юриб кетаётганида, шундай олдига чиқдим-да, “гаплашасиз, сиз ҳоким бўлсангиз, мен бошқарма бошлиғиман, менинг ҳам муаммоларим бор, менинг ҳам сиз билан ҳал қиладиган ишларим бор. Ҳоким бўлсангиз, мени  эшитинг”, дедим. Олдимдагилар, “опа, сиз ҳокимга шундай дедингизми, жуда қаттиқ гапириб қўйдингиз” дейишди. Мен қаттиқ гапирмаслигим учун у мени эшитиши керак эди.

Албатта менинг ҳам уйимда, мол-ҳолим, қўйим бор, сигирим бор, сут соғаман, болаларимга нон пишириб бераман, овқат пишириб  бераман. Уйда ҳам аёллик вазифамни бажаришим керак. Мен раҳбарман деб, оналигимдан воз кечиб қўйганим йўқ, аслида биз  аёллар  шундай яратилганмиз.

-Рўзигул опа, биласиз, айни пайтда экоинспекторларга берилиши керак бўлган ваколатни ички ишларга беришди. Улар ҳозир ўзларининг вазифаларини тўлиқ  бажара олмаяпти, фақатгина жарима ундиришаяпти.

-Кўпчилик, шундай деб ўйлайди, лекин мен шу соҳанинг бошида юрганим учун айтаман, мақсад жарима ундириш эмас бизда. Мен шундай тизим яратганманки, биз битта дарахт кесилиб, жарима ундирадиган ҳолат бўлишини кутмаймиз. Жамоатчилик инспекторларимиз яхши ишлашади, масалан,  сиз бориб бир дарахтни кесмоқчи бўлсангиз, шубҳа остига олиб, назорат қилишади. Мен бу ерга ишга келганимдан буён, юқоридан ҳам  бундай топшириқ бўлгани йўқ.

— Аммо бошқа вилоятларда инспекторлар билан гаплашганимизда “шунча жарима олиб келасан”  деб уларнинг зиммаларига қўйишларини айтишган.

-Уларда шундай бўлаётгандир, лекин бизнинг тизимда бу нарса йўқ.  Масалан, менинг олдимдан чиқинди чиқиб  қолса, уни кўриб туриб, кўрмасликка ололмайман. Инспекторларни шунга тайёрлайман. Аммо жарима кўплаб солинмоқда, чунки дарахт кесилиш ҳолатлари чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўкиш жуда  кўп учраяпти. Биз тинимсиз ОАВ билан ишлаймиз. Айнан оммавий ахборот воситаларидаги танқидлар  ортида муваффақият ётади. Чунки улар бизнинг меҳнатимизни халққа кўрсатиб беришади.

-Экоинспекторларнинг ваколатларини кенгайтириш керакми?

-Албатта. Экопатрул жорий этилди, аммо улар  ҳозирча деярли иш қилишгани йўқ, назоратни ҳам, жаримани ҳам ўзимиз қиламиз.  Экологияни асрашга фидойи инсонлар керак. Ички ишлар бошқа нарсага жон куйдириши мумкин, аммо экологияни асраш учун жон қайғурадиганлари кам. Бунинг учун табиатпарвар бўлиш керак. Бизнинг учта миграция зонамиз бор. Ҳар йили у ерга  қушлар келиб, болалаб, учиб кетади.  Ҳозир шуларга дон сочиб чиқябмиз чунки совуқда уларни асрашимиз лозим.  Агар мен фидоий бўлмасам, менинг жоним ачимаса ўшалар учун,  мен бу нарсани қилмайман.

-Инспекторлар ичида хотин-қизлар ҳам борми?

-Бор,  уч нафар аёл экоинспекторим бор.

-Уларнинг сонини кўпайтириш тарафдоримисиз, кўпайтиришга ҳаракат қиляпсизми?

-Аёллар  ўз оиласидаги юмушларни бажариш, фарзандининг тарбияси билан шуғулланишга ҳам улгуриши лозим.  Мен  оиламдаги вазифаларимни адо этиб,  шу билан бирга жуда катта жамоани ҳам бошқаришим керак. Аёлларни ҳам бир жойга ишга олиш учун шу масалани ўртага қўяман. Рўзғоринг, оилинг сенга биринчими, ёки ишингми? Агар иккаласини тенг қиламан десанг, барибир биттасини йўқотасан. Йўқ, улгураман, десанг, сен кечаси бир соат ухлашинг керак. Шунга тайёрмисан қизим, дейман. Ўйланиб қолишади. Бир ҳаракатчан, чаққон қизни бўлимга  раҳбар қилмоқчи бўлдим. Чақиртирдим. “Қизим, оилалимисиз, нечта болангиз бор, эрингиз ишингизга хайрихоҳми”, дедим. Жим қолди. Бир таклифим бор. Сизни бир бўлимга раҳбар қилмоқчи эдим, десам: “Опажон, йўқ, эрим қўймайди, уйга 1 соат кеч борсам, жанжал бошланади”, деди. Аёлларни раҳбар қилиб тайинлашда айнан қийинчилик ана шу ерда. Уларни оиласи қўллаб-қувватламасликда. Агарда мен уларни раҳбар қилиб қўйсам, улар оиласини йўқотишини хоҳламайман. Шунинг учун ҳам аёл  раҳбарлар кам. Мен аёллардан раҳбарлар бўлишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо раҳбарликка келганда, уларнинг икки томонни ҳам бирдек олиб бориш қийин кечади, чунки жамиятимизда уй-рўзғор ташвишлари барчаси аёллар зиммасига юклатилган. Аксарият ҳолатда эса ишдан кеч қолса, боши ташвишдан чиқмайди. Аёл раҳбарлар айниқса табиатни муҳофаза қилиш тизимида жуда ҳам зарур.  Чунки улар табиатга меҳрибон бўлишади. Азалдан аёлдаги оналик, яъни фарзанди, оиласини ҳимоя қилиш инстикти айнан табиатга ҳам кўчади. Булар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ масала.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Наргис Қосимова суҳбатлашди

 

 

Улашинг: