1 225

АЁЛЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҲИМОЯСИ: ГРУЗИЯ ТАЖРИБАСИ

Ўзбекистонлик давлат ва нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари  Грузияда аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси билан танишишди

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий адолат ва гендер тенглигини таъминлашнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар турли мамлакатлар ва маданиятларда фарқ қилиши мумкин, аммо умумий мақсад тенг имкониятлар, камситиш ва зўравонликдан озод бўлиш ҳамда аёллар қадр-қимматини ҳурмат қилишдир. USAIDнинг ҳуқуқий  ислоҳатлар дастури доирасида Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари  “Зўравонликка қарши 16 кун”  акцияси кунлари Грузияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ташкилотлар фаолияти билан танишиб, тажриба алмашинишди.

 Мақсад- Грузия Парламенти,  гендер зўравонликка қарши курашаётган,  инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар фаолияти ва тажрибаси билан танишиш.  Ташриф давомида ўзбекистонлик делегация вакиллари Right Georgia,  Sapari  нодавлат ташкилоти,  Инсон ҳуқуқлари маркази вакиллари,   Грузия ёш юристлар Ассоциацияси, Аёллар ахборот маркази раҳбарлари билан учрашишди.

1994 йилда Грузия БМТнинг аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясини (CЕDАW) ратификация қилди. 2006 йилда Грузия парламенти гендер тенглигининг давлат концепциясини тасдиқлади. Ўша йили бир қанча муҳим қонунлар, жумладан “Аёлларга нисбатан оиладаги зўравонликка барҳам бериш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2009 йилда Одам савдосидан жабрланганлар ва жабрланганларга кўмаклашиш ва уларни ҳимоя қилиш давлат жамғармаси ташкил этилди. 2010 йилда зўравонликдан омон қолганлар учун биринчи бошпана яратилган. 2017 йилда Грузия ҳукумати Истанбул конвенциясини (Аёлларга нисбатан зўравонлик ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Европа Кенгаши конвенцияси) ратификация қилди.

Бугунги кунда қатор фаоллар гуруҳлари қонун ҳужжатлари ижроси, хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминланиши устидан назорат олиб бормоқда. Шулардан бири Грузия Омбудсмени халқ ҳимоячиси  Сопио Русецкининг фикрига кўра, қонунчиликни  амалиёт билан уйғунлаштириш муваффақиятли амалга оширилганига қарамай, ҳануз жиддий муаммолар мавжуд. Шулардан бири фемицидлар, яъни аёл кишининг ўлдирилиши ёки уни ўлимга олиб борувчи ҳолатлардир. Грузияда фемицидлар мониторинги механизми ишлаб чиқилган ва у мунтазам равишда амалга оширилади.

— Грузияга ташриф Омбудсмен билан танишувдан бошланганлиги сабабли ҳам ташриф эсда қоларли бўлди, дейди “Ойдин нур”  оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш маркази раҳбари Шахноза Ихтиярова. — Сопия  Русецки хоним суҳбат давомида гендер зўравонликнинг олдини олиш, фемицид, эрта турмуш масалаларида департамент томонидан килинаётган ишлар борасида кенг кўламли маълумот берди.  Энг асосийси ҳар йили шелтерлар ва инқироз марказларида мониторинг олиб борилиши ва унда нафакат бенефициарлар, балки ходимлардан хам фикр- мулоҳазалар сўралиши  эътиборга лойиқдир. Албатта Ўзбекистонда Грузия каби 12-13 ёшдаги қизларни эрга бериш муаммоси йўқ ва бу жуда қувонарли ҳолат. Лекин  Ўзбекистонда Омбудсмен барча давлат ва нодавлат ташкилотлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориши йулга куйилмагани  ачинарлидир.

Кўплаб ННТлар айнан аёллар ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланишади. Асосий муаммо эрта турмушга бериш, ишсизлик, камбағалликдир. Статистик маълумотларга кўра Грузияда 4 миллион аҳоли яшайди. Шундан 600 минг атрофидаги аҳоли ночорликда кун кечиради. Меҳнат миграцияси ўта юқори. Бугунги кунда Грузияда 7 та инқироз марказлари ва 6 та зўравонликка учраган аёллар учун бошпаналар мавжуд. Одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш давлат жамғармаси Грузиянинг бир қанча шаҳарларида зўравонликка учраган аёллар  учун бошпаналар ташкил этган.

Тбилисидаги Одам савдоси ва оиладаги зўравонлик қурбонлари учун бошпана ва Тбилиси инқироз маркази шулар жумласидандир. Бошпана раҳбари Элисо Аирегибининг айтишича, бошпанага тушган жабрдийдалар бу ерда 6 ойдан 9 ойгача қолиши мумкин. Бошпана 20 та одамга мўлжалланган. Бу ерда аёлларга ҳуқуқий -психологик, зарур бўлганда тиббий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг фарзандлари учун учун турли хил тугараклар, дарс ва ўйин хоналари мавжуд.    Аёллар ўзларининг иқтисодий

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

аҳволини тиклаб олишлари учун бепул  қандолатчилик ва сартарошлик курслари мавжуд. Бошпана қошида фаолият юритаётган кичик қандолатчилик цехида улар ишлаб, бошпанага кираверишда очилган дўкончада сотилган пишириқлардан тушган даромад  уларнинг ўзига нисбатан ишончни орттиради.  Аммо бошпана давлат томонидан мунтазам равишда маблағ билан таъминланмаганлиги сабабли, жамоа ҳомийлар ва халқаро донорлардан ёрдам кутади.

 Шелтерга борганимизда эътиборимни тортган нарса, кираверишда итнинг уйчаси борлиги ва бу ерда яшаётган Люси номли ит стресс ҳолатда келтирилган зўравонликка учраган аёлларнинг дўстига айлангани. Люси уларга, фарзандларига  ўзига хос психологик ёрдам беради, тинчлантиради. Бундай амалиёт Ўзбекистонда ҳам киритилиши зарур, деб ўйлайман. Чунки аллақачон зоотерапия ёрдамида одамни стресс ҳолатдан чиқариш усуллари бутун дунёда қўлланилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ҳуқуқий ислоҳатлар дастури лойиҳаси доирасида бир гуруҳ давлат ва нодавлат ташкилоти вакиллари Тбилиси давлат университети қошидаги Сиёсат Институти  ва Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Тбилиси бюроси раҳбариятлари билан ҳам учрашишди. Икки учрашув ҳам самарали бўлиб, унда Грузия ҳуқуқий ташкилотлари томонидан  хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Грузия тажрибаси, бу борада олиб борилаётган тадқиқотларда қўлланилаётган усуллар ҳақида гапириб берилди. Ўз навбатида Ўзбекистонлик вакиллар Ўзбекистонда олиб борилаётган гендер сиёсати ва унда ННТларнинг ўрни ҳақида гапириб беришди.

Бу каби тажриба алмашишлар албатта ўз самарасини беради. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш нафақат давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари,  балки бутун жамият ҳамкорлигини тақозо этади.

Наргис Қосимова

Улашинг: