389

Ўзбекистон ОАВда экологик мавзу Экологик муаммоларнинг ёритилиши

Орол фожиаси ва сув муаммосининг асосини глобал иқлим ўзгариши каби экологик муаммо ташкил этади. Аммо ачинарлиси шундаки, мазкур мавзу ҳам республика оммавий ахборот воситаларида етарли даражада ёритилмайди ва натижада, юртдошларимиз иқлим ўзгаришининг оқибатлари ва хавфлари хусусида деярли ахборотга эга эмаслар. Зеро, глобал иқлим ўзгариши борасида Ўзбекистон Республикасида иқлим ўзгаришини юмшатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Иқлим ўзгариши масалаларига бизнинг мамлакатда алоҳида умумдавлат мақоми берилган. Мазкур мавзудаги чиқишлар ҳам асосан мутахассисларга тегишли. “Янги Ўзбекистон” газетасининг yuz.uz сайтида эълон қилинган академик И. Абдураҳмонов қаламига мансуб “Глобал иқлим ўзгариши” номли катта мақолада 2021 йил 30 май куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” иккинчи халқаро саммити кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган эди. Мақола айнан иқлим ўзгариши оқибатлари ва уларни енгиб ўтишда нималарга эътибор қаратиш зарурлигига  бағишланган. Аммо муаммога батафсил  ёндашилган мақолалар жуда ҳам кам. Бундан ташқари, мақоланинг сарлавҳаси ҳам жуда умумий, ўқувчи эътиборини ўзига  тортмайди, материал мазмунини тўлиқ очиб бермайди. Энг катта аудиторияга эга бўлган  kun.uz сайтида берилган “Иқлим ўзгариши ва инсоният. Глобал исиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар” сарлавҳали мақолада журналист Д.Ахроров муаммони умумий очиб беришга ҳаракат қилиб, аксарият ҳолатда хориждан мисоллар келтирган. Фақат бир абзацда “Иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ҳам қатор салбий оқибатларга олиб келяпти” деган савол билан мурожаат қилиб, мамлакатимизда  иқлим ўзгариши оқибатларини санаб ўтган. Тавсиялар ҳам жуда умумий берилган. Бундай ёндашувни  “Халқ сўзи” газетасида берилган “Глобал иқлим ўзгариши олдини олиш учун қандай чоралар кўриш керак?”“Иқлим ўзгариши янги эпидемияларга ва бактерияларнинг глобал тарқалишига сабаб бўлиши мумкин”“Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қанчалик тайёр?” каби журналистик материалларда ҳам кўриш мумкин.

Глобал иқлим ўзгариши муаммоси бугун қатор республика нашрлари –“Халқ  сўзи”, “Жамият”, “ХХ1 аср” газеталари, “Янги авлод”, “Экология хабарномаси” журналларида, sharh.uz, uza.uz сайтларида бот-бот ёритилаётган бўлса-да, Ўзбекистонда глобал иқлим ўзгариши мавзуси тизимли ёритилмаяпти. Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази 2016-2017 йилларда Канаданинг фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий кўмагида республиканинг барча вилоятларида “ОАВда глобал иқлим ўзгариши муаммосини ёритишда журналистлар салоҳиятини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ўтказган ва лойиҳа якунида журналистлар ўртасида мавзуга оид танлов эълон қилган эди.

Танлов ҳамда 2010 – 2022 йилнинг биринчи ярмида  амалга оширилган мониторинг натижаларига кўра, мазкур мавзуда республика матбуотида  226 та журналистик материал чоп этилгани маълум бўлди. Шунингдек, журналистик материалларда иқлим ўзгариши оқибатлари ва унга мослашишни бирор бир қаҳрамон (фермер, сув, энергия  истеъмолчиси ва ҳоказо) мисолида кўрсатиш, журналистик ёндашув мавжуд бўлган иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бағишланган экологик роликлар умуман йўқ. Ваҳоланки, иқлим ўзгариши муаммоси Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани сўнгги йилларда яққол сезилмоқда.

Энг долзарб  муаммолардан бири бўлган чиқинди муаммосига муносабат 2017 йилгача анча суст бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги   ПҚ-2915-сонли қарорида бошқа муҳим масалалар қаторида республикада чиқинди муаммосини бартараф этиш вазифаси ҳам кўриб чиқилди. Айнан шу кундан бошлаб, мамлакатимизда чиқинди муаммосига эътибор кучайди. Албатта, бу нарса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳам ўз аксини топди.

Айниқса kun.uz сайтининг мухбири С.Абдураҳмонова томонидан тайёрланган “Ўзбекистонда чиқинди муаммоси: тўлаётган полигонлар, ҳимояланмаган табиат, янги механизмга эҳтиёж” мақоласида муаммо яхши таҳлил этиб берилган.  Адолат газетасининг мухбири С.Мамиров ҳам “Чиқинди полицияси керак (МИ?). Чиқинди масаласига келганда…бегона” номли мақоласида масалага таҳлилий ёндашиб, асосан Тошкентдаги аҳолининг бу борадаги экологик маданияти етишмаётганини қайд этади. Аммо  аксарият таҳлилий мақолалар 2019-2021 йилларда ёзилиб, сўнгги вақтларда мазкур мавзуда таҳлилий мақолалар деярли берилмаяпти. Материаллар асосан хабар шаклида. Бунга “Маиший чиқиндилар учун янги полигон ташкил этилиши мумкин”“Бир кунда тонналаб чиқинди тўкиладиган Оҳангарон полигонидан фоторепортаж”“Кўчада урна бўлмаса, чиқиндини қаерга ташлаш керак?” каби материаллар мисол бўла олади. Афсуски, бундай хабар ва корреспонденциялар ўқувчи, томошабин, тингловчида мавзуни чуқур ўрганиш, чиқиндига нисбатан фикрини ўзгартириш, экологик маданиятини шакллантиришга хизмат қилмайди.

Хулоса қиладиган бўлсак, республика оммавий ахборот воситаларида экологик муаммоларнинг ёритилиши кўлами аввало аҳолининг улардан қай даражада хабардорлиги билан боғлиқ. Иқлим ўзгаришининг оқибатлари (ёғингарчиликнинг камайиши, ҳавонинг ўта исиб кетиши ва ҳоказо) мамлакатимизда эндигина юз бераётгани боис журналистлар мазкур масалага эътиборларини етарлича қаратишгани йўқ. Аммо сув муаммоси йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётгани, чиқинди масаласи сўнгги йилларда янада долзарблашгани боис мазкур мавзулар ОАВ да тез-тез ўз аксини топмоқда. Сўнгги йилларда экологик муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар – газета, журнал, телевидение, радио, онлайн ОАВ ва ижтимоий тармоқларда чоп этилган журналистик материаллар, танловлар, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикасининг Экологик ҳаракати, Экологик партия томонидан амалга оширилган акциялар (ҳар йили баҳор-ёз ойларида  кўнгиллилар, журналистлар жалб қилинган ҳолда тоғли дам олиш ҳудудларида чиқиндиларни йиғиш акцияси ўтказилади), конференциялар, учрашувлар, давра суҳбатлари натижасида аҳолини мавжуд экологик муаммолардан хабардор қилиш, фуқароларни уларни бартараф этишга жалб қилиш сезиларли даражада ошди.

Таъкидлаш жоизки, республикамиздаги бирорта олий ўқув юртида экожурналистлар тайёрланмайди. Журналистика факультетларида мазкур соҳа алоҳида йўналиш сифатида ўқитилмайди. Экология мавзусида қалам тебратадиган журналистлар ва блогерлар эса соҳа вакиллари учун ўтказиладиган тренинглар, семинарлар ва медиатурларда ўз маҳоратларини оширади, холос. Бу эса республикамиз оммавий ахборот воситаларида экология мавзуси ва муаммоларини ёритиш борасида ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозимлигини англатади.

Наргис Қосимова

Журналист ва фрилансер. nargis.uz, ekolog.uz сайтларини юритади. Шунингдек t.me/ekologuz Telegram канали муаллифи.

 

Улашинг: