1 577

ОЗАРБАЙЖОН МАДАНИЯТ МАКАЗИДА НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ

Наврўз нафақат яшариш, балки халқларни бирлаштирувчи, тинчликка, дўстликка, бирдамликка ундовчи байрам ҳамдир. Халқларимиз учун умумий бўлган бу айём Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Тожикистонда расман байрам куни, деб эълон қилинган.

Наврўз қарийб беш минг йиллик тарихга эга қадимий байрамдир. Одатда, бу кунда урушлар, душманлик ва низолар тўхтатилган. Боболаримиз шу куни бир-бирига адовати, гина-кудурати бўлган томонларни яраштиришган. Наврўзда арғимчоқ учиш каби халқ ўйинлари, полвонлар, оқинлар беллашуви, айтишувлар, от пойгалари, болалар ўйинлари ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Маълумки, БМТ Бош ассамблеясининг 2010 йил 19 февраль куни ўтказилган 64-сессиясида 21 мартни Халқаро Наврўз куни, деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилинган. Шарқона янги йил ҳисобланган ушбу байрамни бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари биргаликда кенг нишонлайди.

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида нишонланган Наврўз байрами Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонаси, Озарбайжон-Дўстлик жамияти, ОАВ вакиллари, маҳаллий озарбайжонликлар, олий ўқув юртларининг талабаларини тўплади.

— Шу кунгача сақланиб қолган афсона ва ривоятлар, қўшиқлар таҳлилига суяниб шуни айтиш мумкинки, бу анъана қадим даврлардаёқ халқларимиз ҳаётидан мус­таҳкам ўрин эгаллаган, ўша қадим даврлардаёқ элнинг, улуснинг улуғ кунига айланиб улгурган. Қайси бир даврни олиб қарамайлик, Наврўз катта майдонларда, сайлгоҳларда зўр тантана билан нишонланганининг гувоҳи бўламиз. Фақат шўролар замонидагина бу байрам қувғинга учради, миллатлар ҳаёти ва хотирасидан буткул ўчириб ташлашга ҳаракат қилинди. Мустақилликдан сўнг Наврўз ҳаётда яна ўз ўрнини топди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Чинакамига халқ сайли шодиёнасининг тантанасига айланди, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ҳам мазкур байрамнинг нишонланиши, икки халқнинг тили, қадриятлари, тинчлик ва фаравонликка интилишидаги муштараклигини кўрсатади. 2009 йили Наврўз байрами Озарбайжоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган эди.  — деди Озарбайжон маданият маркази директори  Самир Аббасов Наврўз байрами муносабати билан тўпланганларни табриклаб.

Йиғилганларни табриклаш учун сўзга чиққан Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамиятининг ижрочи директори Эркин Нуриддинов, Санъат ва маданият институтининг ректори Иброҳим Юлдошев, Озарбайжон санъат арбоби Фахрия Халафовалар Наврўз улашаётган қадриятларни сақлаш умуминсоний маданият олдидаги ҳар биримизнинг фарзимиз эканлигини  таъкидлашди.

Байрам тантаналарида ўзбек ва озарбайжон тилларида ижро этилган ўзларининг дилбар қўшиқлари билан иштирок этган санъаткорлар Юлдуз Турдиева, «Фарход ва Ширин», «Асл» гуруҳлари дилларни шод айлаб, Марказнинг рақс анчамбли миллий озарбайжон рақсларини ижро этишди.

“Зарқайнар”  кийимлар уйи модельерлари томонидан намойиш этилган Озарбайжон миллий кийимлар кўргазмаси, пахлавонлар ва иллюзионистларнинг чиқишлари албатта тадбир қатнашчиларининг олқишларига сазовор бўлди.

Бир неча соат давом этган тадбир якунида йиғилганларга пахлава, қандолат ва ширинликлар, баҳорий таомлар, ош тортиқ қилинди.

Наргис ҚОСИМОВА

Улашинг: