863

ҚАРҒИШ

Тожинисо кўз ёшларини енги билан артаётган қизига қараб супургини отди.

— Хай, хай келин, қиз болани қарғаманг,  фаришта ҳар бир гапга  омин дейди-я, болангизга ўлим тилагунча, унга умр, ризқ тиланг, айланай.

Сорихон  ая ерда ётган супургини олиб, чеккага қўйди. -Сурайё хали ёш, эндигина 12 га тўлган бўлса, болада, хали ўйнагиси келади.

— Ўйнамай ўлсин. Кўчада ликкилаганича ховли супуришни ўргансин. Тенқурларидан бўйи баланд-у, худойим бунга заррача ақл бермаган. Тожинисо хеч  хам жахлидан тушай демасди.

— Бўлди келин, хали белимда қувватим, қўлимда кучим бор. Болани тинч қўйинг. Келинг, шу ховлини ўзим супура қолай.

Сорихон ая  қўлига супурги олди.

— Э, қўйинг ая. Атайин қилаяпсизми? Хали замон ўғлиз ишдан келади-да, мени ёмон кўрсатмоқчисиз?. Ойда йилда бир кўчага чиқсам, шунга ҳам ғурватми?

— Келин мен сизга хеч нарса деяётганим йўқ-ку. Кўчага хам чиқманг демайман, лекин кунда аҳвол шу. Бечора Сурайёни хам қон қилвордингиз. Бола бечора муштдай бўлиб кир ювсинми, ховли супурсинми ё укасига қарасинми? Худойим ишқилиб инсофингизни берсин? Сорихон ая  четда мўлтираб турган неварасига қаради-да, индамай ховли супуришга тушди.

— Биламан , мени бошдан бош ёмон кўрасиз. Ўтирсам ўпоқ, юрсам супоқман. Барингни орқангдан ифлосингни тозалаб, индамай юрибманку, яна нима?

Келининг баттар жазаваси тутаётганини кўрган Сорихон  ая супургини четга қўйиб, хонаси томон йўналди. Қайнанасининг индамай уйга кирганини кўрган Тожинисо энди аламини қизидан олди.

— Ҳа, жувонмарг бўлгур. Қилғиликни қилиб қўйиб, нимага бақраясан. У бора солиб қизининг юзига тарсаки туширди. Яна шапати тушишидан қўрқиб,юзини кафти билан яшириб ўтириб олган қизини дуч келган жойидан урар экан, унинг «Аяжон бўлди, энди хечам кўчага чиқмайман» деган гаплари хам қулоғига кирмас эди. Неварасининг  чинқириб йиғлаганини эшитган Сорихон ая чидай олмади, уйдан чиқиб,  келининг қўлига ёпишди.

— Хай келин, болани урманг. Урманг  деяпман. Эсингизни еганмисиз унда нима айб?

— Қочинг. Сиз уни талтайтириб юбордингиз.

Уйдан ховлидаги шовқин сурондан ўйғониб йиғлаган Собиржоннинг овози эшитилди.

— Бор укангга қара. Яна айтганимни қилмасанг ўлдираман. Тожинисо қайнонасининг қўлидан юлқиниб чиқди-да, шахд билан ўз уйига кириб кетди.

Кечқурун Сурайё овқатга хам қарамади. Бувисининг қистови билан бир- икки қошиқ шўрвани зурға ичди. Бошим оғрияпти, ётгим келаяпти деб, кўрпачага чўзилди.

-Тур болажоним, жойингга ётақол. Сорихон ая неварасидан хавотирланиб, унга ўз хонасига жой солди. Устига кўрпани авайлаб ёпар экан, бир зумда пайдо бўлган кўзи остидаги қора сояларни кўриб, юраги сиқилди. шу куни Сурайё туни билан алаҳсираб чиқди. Неварасининг ўт бўлиб ёнаётган пешонасига қўлини қўйган Сорихон ая, ўғлини уйғотишга шошилди. Чақирилган «Тез ёрдам» шифокори қизчани кўриб бўлгач, елка қисди. Ўзига термулиб турган Сорихон ая, Тожинисо, Сарварларга:

— Тушунмадим. Қизингиз соппа-соғ.  Унда ҳеч қандай шамоллаш аломати йўқ. У ёки қаттиқ қўрққан, ёки бир нимадан сиқилган. Унга фақат яхши парвариш ва тинчлик керак. Икки- уч кунда отдай бўлиб кетади. Шундай бўлсада бир рухшуносга кўрсатсаларинг зарар қилмайди-деди. Тожинисо ўзига қаттиқ тикилган қайнонасининг қарашига дош беролмади. Секин хонадан чиқиб кетди.

Сарвар уколдан сўнг тинчиб,ухлаб қолган қизининг ёнига чўккалади.

— Аяжон , келинингиз билан орангиздан гап ўтдими? Боя унга бошқача қарадингиз.

— Ха, йўқ. Ҳеч нарса бўлгани йўқ, болам. Бор дамингни ол. Эрта билан туришинг керак – дея уни тинчлантирди.

Икки кунда соғайиб, яна юзига табассум қайтган Сурайё онаси уйда бўлмаса шўх-шодон қизалоққа айланар,  унинг кўчадан қайтиб келаётганини кўриши билан бўрини кўрган қу

ўзи  каби маюсланиб, юввош тортиб қолар эди. Мактабдан қайтгач, бувиси тайёрлаган овқатни шоша-пиша еб, икки ёшли укаси Собиржонни кўтариб олар ёки онаси буюрган ишларни қулоқ қоқмай бажаришга тиришар эди. Сурайёнинг мурғак қалби хар куни эрталаб, тушда  эшитадиган онасининг қарғишлари-ю, калтакларига қарши исён кўтаришга интилар, ақлан эса унга кучи етмаслигини билиб, навбатдаги калтакдан сўнг бувисининг иссиқ бағридан паноҳ излар эди. Бора-бора Тожинисо қизининг қайнонасидан химоя истаётганини кўриб,  Сорихон ая йўқлигида бир неча бор «бувингга яқинлашма» деб, унинг баданини ўйиб, ўйиб олди. Авваларига неварасининг одамови бўлиб, ўзини четга олаётганига эътибор бермаган Сорихон ая,  келининг навбатдаги мехмондорчиликка ясан-тусан илиб чиқиб кетаётганини кўрди-да, секин Сурайёни олдига чақирди.

-Болам, нега олдимга келмай қўйдинг, ё мендан хафамисан.

Сорихон ая Сурайёни юз-кўзларидан ўпди.

-Йўқ. Олдиизга келсам, аям уришаяптилар.

Бу гапни эшитиб аянинг  юраги увишди.

— Майли болам, хафа бўлма. Мановини ол. Сенга деб олиб қўювдим. Сорихон ая неварасининг қўлига шоколад тутқазиб, яна юзидан ўпди.Чап кўкрагида санчиқ пайдо бўлганидан, кўз олди қоронгилашди. Бир оздан сўнг нафасини ростлаб секин неварасига шивирлади.

— Энди борақол. Укангга ўзим қараб тураман. Бир пас кўчада  ўйна . Лекин узоққа кетма.

Қувониб, чопқиллаб кетган неварасининг орқасидан қараб қолар экан Сорихон аянинг  яна юраги сиқилди.  Ўрнидан турмоқчи бўлган эди,  боши айланаётганини хис қилди. Бир пас нафас олмай, нотекис, тез-тез ўраётган юрагига қулоқ солиб турди. Этагига тармашаётган Собиржонни энгашиб қўлга олмоқчи бўлди Аммо қаттиқ юрак санчигига дош беролмай, ерга йиқилди…

…Сорихон аяни сўнгги манзилга кузатишга тумонат одам йиғилди. Аёллар кўкрагига уриб, юзларини тирнаб, «Вой, онамлаб» йиғлаётган Тожинисога ачиниб қарашар, «Келин бўла туриб, қайнонасига шунча меҳрибон-а» деб, ўзаро шивирлашишарди. Уни юпатишга уринишар эди. Аммо Тожинисо ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмас, таъзия билдиришга келган ҳар бир аёл олдига додлаб чиқар эди. Хамманинг эсидан чиққан Сурайё эса ҳали нима бўлганини, тогдай суянчиғидан айрилиб қолганлигини тушунмай, бурчакда чўккалаганича, уввос тортиб йиғлаётган аёлларга қўрқув ичида қарар эди.

Сорихон аянинг мана қирқи хам ўтди. Энди Сурайёнинг ташвиши кўпайганда, кўпайди. Уйларидан одам ариди. Мактабдан қайтгач, бувижонисиз бўм -бўш бўлиб қолган ховлига термулиб, жойида бир оз туриб қолар. Худди уйдан бувиси чиқиб келиши мумкиндек, хонаси эшиги томон беихтиёр юрар эди.

Ха, жувонмарг бўлгур.  Оғзигинангдан қонинг келсин. Ўша уйда  бало борми? Тез бўл. Ечиниб чиқ. Укангга қара.

Аясининг овозидан чўчиб, орқага тисланган Сурайё шоша-пиша ўйга кириб, кийимини алмаштиришга ошиқди.

Орадан олти ой ўтиб устидан  «кўки»ни ечган Тожинисо қизини мактабга қўймай қўйди. Болалик беғуборлиги, ўйин кулгисини унутган қизалоқ уйнинг чўрисига айланди-қолди.

Мактабга келмай қолган Сурайёни излаб, уйларига келган ўқитувчига Тожинисо остонадан туриб бобиллаб берди:

-Ўқиб, гўр бўлармиди. Бўйи етиши билан эрга бервораман. Қиз бола бировнинг хасми. Хозир мани ишимни қилмаса, кейин қачон қилади.

Барча  уринишлари зое кетганини кўриб, муаллима опа бош чайқаганича чиқиб кетди. Мехнатдан эзилган, супурги-ю, ўроқдан жажжи қўллари қадоқ бўлган Сурайё аҳён-аҳёнда кўчада болаларнинг шовқини эшитилса, катталардек чуқур  «ўх» тортар, бурнини тортиб қўйиб, тоғарадаги кирга томган кўз ёшини кўйлагининг учи билан артар эди. Биринчи бор уйдан қочиш фикри қизалоқда ўша куни тўғилган бўлса ажаб эмас. Укасини опичлаб, кўчага чиққан Сурайё бир пас тенқурларининг ўйинини томоша қилиб турди-да,  сўнг худди уйқудан уйгонган одамдек сергакланди. Укасини орқасидан тушириб:

— Бор, аям шу ердалар, дея  уни  қўшнинг дарвозасидан ичкарига киритиб юборди. Сўнг эса худди аяси чиқиб, уни қувлаб кетадигандек, югуриб кетди. Сурайё ўзини қушдек енгил хис қилар, мана шу ховлидан узоқроққа кетса, барча кўргуликлари ортда қоладигандек туюларди. Югуриб чарчагач, шохлари тарвақайлаб ўсган садақайрағоч танасига суянди. Бирдан юрагини ваҳима босди. Фақат мактабининг йўли-ю, ўзларининг бир икки кўчасидан нарига ўтмаган. Энди нима қилади, қаерга боради. Дадасининг ишхонаси қаерда эди-я?! Э, йўқ. У ёққа борса, яна уйга қайтади. Дадасига мактабга бормаслигини айтса, аяси баттар уради.

Миясида  бир-бирига тўқнашиб, ғужғон ўйнаётган хаёлларини жамлаш учун, у бошини чангаллади.

— Қаерга боради, қаерга… Топди. Албатта аммасиникига.

Сурайё бувижониси тириклигида тез-тез келиб турадиган, кейин эса негадир келмай қўйган аммасини эслади. У Сурайёни хар гал сўйиб, бағрига босганида ундан  атир, иссиқ нон, райҳон ва яна нималарнингдир ёқимли иси келар эди. Аммаси Самарқандда яшайди. Энди у ерга қандай боради? Бувижони ўлганида, аммаси мошинда келдим деганди, аммо поезда арзонроқ девди. Унга чиқволса эди. Аммасини топарди. Сурайё ўрнидан туриб, этакларини қоқди-да сураб, суриштириб вокзал томон йўл олди. Аммо кечга томон қизалоқни вокзалда милиция ушлаб, қаерга нима учун кетаётганлигини сўради. Ундан тайинли жавоб олаолмагач, милиция таянч пунктига олиб келди.

Эрталаб,  пунктга келган дадасини кўриб Сурайё ўзини унинг багрига отди.

— Ха, қизим , нега ундай қилдинг. Сарвар уйқусизликдан қизарган кўзларини унга тикди. Юзини отасининг кўкрагига яширган Сурайё  миқ этмади. Сарвар қанчалик уринмасин, қизидан гап ололмагач, ишга кеч қолаётганини айтиб, шоша –пиша уйдан чиқиб кетди. Онаси билан ёлғиз қолган Сурайё ундан кўзини олиб қочар экан,  дастурхон  учини ўйнаганича жим ўтирар эди.

-Оғзингга қатиқ увитганмисан, нимага қочиб кетдинг. Ман билан дадангни ўйладингми. Кечаси билан ухламадик, ер ютгур. Нимага қочдинг деяпман, ифлос. Ўлингга куяй. Қўшнилар олдида шарманда қилдинг-ку, жувонмарг бўлгур.

Сурайё бу сафар юзига, бошига тушаётган калтаклардан хатто ўзини химоя қилишга уринмади ҳам…

Шу воқеадан сўнг хаёли паришон бўлиб қолган Сурайё, тез-тез бир нуқтага тикилганича қотиб қоладиган бўлиб қолди. Бу сафар хам укасини ўйнатгани кўчага олиб чиқиб,  уйлари олдида  газ қувури учун ковланган чуқур ёнида, унга тўлиб қолган лойқа сувга тикилганича ўтирар эди. Собиржон сувга кесак отиб ўйнар экан, сув юзида сузиб юрган ялтироқ қоғоз унинг диққатини тортди. Ерда ётган чўпни олиб, қогозни тутишга ҳаракат қила бошлади. Сурайё  укасининг сувга бехосдан шалоплаб тушаганидан чўчиб тушди.

-Собир, Собир… Қўлингни бер.

Сувда бир кўриниб, бир кўринмай қолаётган укасининг куйлагидан ушлаш учун энгашган  эди, нам тупроқ гавдасининг оғирлиги остида уваланиб, ўзи хам сувга қулаб тушди. Совуқ сув баданига наштар мисол санчилди.

-Ёрдам берингла-а-р…

Сурайё жонҳолатда сув юзига қалқиб чиқар экан, Собиржонни  сув юзида кўрмади.

— Соби-и-р..

Унинг сўнгги бор қичқириги уфққа бош қўяётган қуёш нурлари билан биргаликда хавога сингиб кетди.  Чуқур олдида  ёрдамга чақираётган қўшни аёлнинг додлаши-ю, болаларнинг қий-чувигина бир неча сония олдин шу ерда даҳшатли воқеа юз берганидан далолат бериб турарди, холос.

Мурғак Собиржон ва қизининг жонсиз гавдаларинини кўрган Тожинисо ақлдан озишига сал қолди. Дам ўғлини, дам қизининг совиб бораётган таналарини қучоқлар экан, бирдан кўзи Сурайёнинг оғзи четидан сизиб, оқиб тушаётган қонга тушди. Худди қизи уйғониб кетадигандек, авайлаб қонни енги билан артди.  Кўксидан отилиб чиқаётган фарёдни тўхта олмади.

-Сени қарғамай ман ўлай, сенлар ўлганича мен ўлсам бўлмасмиди?! Худойим мани жонимни олса бўлмасмиди?! Э, Худо…

Эрта кўкламнинг илиқ ёмғири томчилай бошлади. Баҳор чечаклари мисол қисқа умр кўрган мурғак қалблар учун осмонам қўшилиб йиғламоқда эди, гуё…

Наргис Қосимова

1999