552

ОЛИЙГОҲДА “ОЗАРБАЙЖОН МАДАНИЯТИ КУНИ” БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон санъат ва маданият институтида “Озарбайжон маданият кунлари” Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташкилотчилигида бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида олий таълим муассасасида бастакор Кара Караев номидаги Озарбайжон маданияти ва санъати марказининг очилиб, Маданият маркази томонидан унга мамлакат тарихи, санъати ва маданиятини ўз ичига олган китоблар, миллий кийимлар ва чолғу асбоблари, бадиий фильмлар тақдим этилди. Марказ бастакор Кара Караевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган буюмлар, Озарбайжон халқининг ижодкор  ва буюк ўғлонларининг суратлари билан безатилди.

Марказнинг асосий мақсади Озарбайжоннинг  тарихи, маданияти, санъати орқали икки қардрош халқни бирлаштириш, ўртадаги дўстона ришталарни янада мустаҳкамлашдир, дейди  Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов. – “Маданият кунлари” Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бир неча маротаба ўтказилди. Ундан мақсад- бизнинг ўзимизга хос, бой маданитиятимиз билан  қардош халқларни таништиришдир. Сўнгги йилларда Озарбайжон барча соҳаларда улкан ютуқларга эришмоқда. Бугунги кунда мамлакат маданиятлар ва тамаддунлар ўртасидаги кўприкка айланди. Афсуски, 26 йил илгари Тоғли Қорабоғда  арман қўшини томонидан содир этилган Хўжали геноциди у ердаги мавжуд миллий-маданий меросга катта зиён етказди.

Марказда талабалар учун маданиятнинг турли йўналишларида очиқ дарс ўтилиб, Озарбайжон бадиий фильмлари намойиш этилиб, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилади. “Озарбайжон маданият кунлари” доирасида Ўзбекистон санъат ва маданият   институти билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Институт проректори, профессор Давлат Мулложоновнинг қайд этишича, олийгоҳда илк маротаба хорижий мамлакатнинг маданият кунлари ўтказилди. Бу эса икки мамлкат ўртасидаги маданий алоқаларни янада кучайиб, кенгайишига кенг йўл очиб беради.

Мазкур тадбир доирасида  олийгоҳ ректори, профессор Иброҳим Юлдошев икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Маданият марказининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Тадбир Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудуди миллий кийимлари ҳамда “Аршин мол олан” спектаклидан парчалар, концерт дастури намойиш этилди.

Наргис ҚОСИМОВА