1 544

МАНДАРИН ФАРОВОНЛИК КЕЛТИРИБ, ЧУЧВАРА ҚУЛОҚЛАРНИ СОВҚОТИШДАН САҚЛАЙДИ ёхуд Хитойда Янги йил қандай нишонланади?

Ҳар йили февралда Хитойда кичик янги йил кенг нишонланади. Нега кичик Янги йил дерсиз? 8  февралда хитойликлар Сяонянь  (кичи Янги йил) , яъни Хитойдаги тақвимга биноан ўтаётган йилнинг охирги ҳафтасини кузатишади. Айнан шу кундан бошлаб Хитойда уч ҳафта давомида янги йилни нишонлаш кунлари бошланади. Жорий йилда айнан янги йил кириши 15  февралдан 16 февралга ўтар кечаси  нишонланади. Янги йилни кутиб олиш ва уни нишонлаш қатъий тартибда ва белгиланган таомларнинг истеъмоли билан амалга оширилади.  Байрамгача бир ҳафта  қолганида, яъни 7 куни уйнинг ҳимоячи фаришталарига совғалар  қўйилади. 6 куни  остонага жуфт ҳолда ёзилган яхши тилаклар ва «фу» – бахт иероглифи чизиб қўйилади.   5- куни  уй яхшилаб тозаланади. 4- куни чўчқа сўйилиб, ундан ўрама ва лиқилдоқ (холодец) пиширилади. 3- куни товуқ сўйилади. Чунки “жўжани ўлдириш” сўз бирикмаси хитой тилида “катта бахт” бирикмаси билан айнандир.  2- куни  хамирдан  лағмон, чучвара, манти  бир ҳафтага етадиган қилиб тайёрланади.  Анъанага кўра  Янги йилнинг биринчи беш кунлигида  ўткир жисмлар, пичоқ, санчқи ишлатиш мумин эмас. Шунинг  учун  кўпроқ овқат пишириб қўйилади. 15 февраль куни эса тўкин дастурхон атрофида эски йил кузатилиб, янги йил кутиб олинади.  Дастурхондаги ҳар бир таом  алоҳида маъно касб этади.  Дастурхонда албатта турп бўлиши лозим. У турли хил кўринишда, салатларда ва пиширилган ҳолатда тортилади, чунки турпнинг хитойча номи  лайфу (莱菔) – “бахтни чақириш”  来福  иероглифи билан бир хилдир. “Хитойда турп жуда машҳурдир. Хаттоки Хитой тиббиётида冬吃萝卜夏吃姜不用医生开药方 (“Қишда турп, ёзда эса занжабил е, шифокорга навбат кутмайсан”) деган гап бор.

Дастурхонда бўлиши керак бўлган яна бир маҳсулот-  бу балиқдир. –Балиқ – юй – (鱼) қўшимча (余)  билан бир хил ёзилгани учун,  тўкин-сочинликни англатади. Пиширилган балиқни тескари оғдараётганда ҳеч қачон «фань» (翻) – «оғдармоқ» сўзини ишлатмаслик лозим.  Қадимда бу сўз балиқчига бахтсизлик келтириб, унинг қайиғини оғдариб юбориши мумкин, деб ҳисобланган. Ҳозирда эса  янги йил кунлари  мазкур феълнинг ишлатилиши, машинани чирпирак қилиб оғдарадиган автоҳалокатни чақириши мумкин дея, умуман тилга олинмайди. Шу сабабли балиқни оғдараётганда баланд овозда «хуа го лай» (划过来) – «даромад келтириш» демак лозим.  Чучвара (饺子 цзяоцзы)  ўз шаклига кўра қадимги кумуш  ёмбисини эслатгани учун, бойлик келтиради, деб ишонишади.  Манбаларга кўра, хитойликлар чучварани  1800 йилдан буён истеъмол қилишади. Унинг кашфиётчиси шифокор Чжан Чжунцзин  бўлиб,  илк маротаба  чучварани  совуқ урган  қулоқларни даволаш учун ясаган. Унинг фикрича, қулоқлар танадаги  иссиқлик энергиясини камлиги учун совқотади. Шунинг учун ичига қалампирли мол қиймаси ва турли доривор гиёҳлар қўшиб, тайёрланган, қулоқ шаклида тугилган чучваралар совқотишнинг олдини олган. Биринчи 1700 ёшли чучвара ҳам айнан Синьцзян-Уйғур вилоятида  қадимшунослар томонидан топилгани юқорида келтирилган далилларнинг ҳақиқатлигини  кўрсатади.  Чучваралар янги йил дастурхонига биринчи бўлиб тортилади. Чунки чучварани англатувчи иероглиф  交, яна “боғлаш, ўтиш” маъносини бериб, эски йилдан янги йилга эсон-омон ўтиб олишга ёрдам беради. Товуқ  – цзи (鸡) – бахт, (吉), мандаринлар ( цзюцзы, 桔子.) фаровонлик, апельсинлар  (чэнцзы, 橙子), (чэн, 成) омадни англатади.  Янги йил киргач, хитойликлар яна икки ҳафта дам олиб, хурсандчилик қилишади.

Наргис ҚОСИМОВА  тайёрлади

Улашинг: