1 675

БЕМОРЛАРНИ ТАМҒАЛАШ, САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИ

Вилоят сил касалликлар шифохонаси ҳовлисида ўриндиққа суянганча ҳаёлга берилган, чамаси етмишга кирган бир отахонга кўзим тушдию  уни таниб унинг ёнига бордим. Мен у кишини тезда танидим. Ўтган гал шифохонада келганимда отахонни бир аҳволда бу ерга келтиришган эди. Усти-боши чанг, ранги оқариб кетган, лаблари кўкариб, изғиринда совуқдан дир-дир қалтираб, ҳамширанинг қўлидан зўрға  тутиб ичкарига кириб кетган эди. Бугун эса ўша кўринишдан асар ҳам қолмабди. Юзи бироз тиниқлашган. Ранг рўйи ҳам ўзига келиб қолибди.

-Ўтирсам майлими, -сўрадим отахондан.

-Ўтиринг синглим, ўтиринг.

У кишини аввал ҳам шу шифохонада кўрганимни у пайтга нисбатан анча яхши томонга ўзгарганини айтиб, ўша кунни ёдига солдим.

-Эх, синглим, ўша кунги ҳолатимни эсласам бутун вужудимни титроқ босади. Яратганга шукр, атрофимизда яхши одамлар сабаб, мен ҳаётга яна қайтдим. Отахонни сўзларига қулоқ тутар эканман, нега ўша куни шундай ҳолатга тушганини, бошидан қандай воқеалар ўтганини сўрагим келди. У киши эса худди ҳаёлимдагини ўққандай бўлиб, ҳаммасини бошидан гапириб берди.

-Одатда бирор ёмонроқ касалликка чалинсангиз атрофдагиларнинг кўнглига ғулғула тушади, -дейди отахон. —“Касали юқиб қолмасмикан” дея сиздан нарироқ юришга ҳаракат қилади. Аммо мени ўша куни шундай инсон қутқариб қолдики, мен у кишидан бутун умр қарздорман. Ҳатто касалим юқиб қолишидан чўчимай, шунча йўқ дейишимга қарамай қўлтиғимдан тутиб, бу ерга етаклаб келди. Ўша пайтда ўзимни ҳеч кимга керакмасдек, бу дунёда ёлғиздек хис қилгандим. Ахир яқин қариндошларим ҳам ҳасталикни деб, мендан воз кечган эди-да! Бир воқеа сабаб маълум муддатга озодликдан маҳрум этилдим. Бундан аввал хорижда носоғлом муҳитда ишлаб, ўша ерда бироз муддат яшагандим. Пул топиш илинжида касаллимни пайқамабман ҳам. Оқибатда бу ҳасталик зўрайса зўрайдики, пайсаймади. Шифокорлар мени текшириб, ташхис натижаларимни кўргач, сил касаллигига чалинганимни айтишди. Бу орада турмуш ўртоғим  мени кўргани келди. Касаллигимни эшитгач, қайтиб қорасини кўрсатмади. Шу-шу яқинларимнинг келишини интизор кутиб, ҳибсда олти ойни ўтказдим. Хасталигимни инобатга олиб, менга рухсат беришди. Озодликка чиқдиму, аммо қаерга боришни ўйлаб, бошим қотди. Уйга боришга оёғим тортмайди. Сабаби улар мендан аллақачон воз кечган эди-да! Кўчада қаерга боришимни билмай турганимда касалим хуруж қилиб, ерга ётиб қолибман. Қолган воқеаларни эслай олмайман. Ўзимга келиб кўзимни очсам, қошимда оқ халатли фаришталар-шифокорлар кўринди. Суриштирдим. Мени Сил касалликлар шифохонасининг МДК гуруҳининг вакили Шавкат Турсунов учратиб қолиб, бу ерга келтирган экан. Мана орадан етти ой ўтиб, соғлиғимни тиклаб олдим. Шавкат укамдан ҳамда МДК гуруҳининг вакилларидан бениҳоя миннатдорман.  Уларнинг мана шундай беминнат хизматлари туфайли мен каби хали қанчадан қанча инсонлар ҳаёти асраб қолинишига аминман.

Дарҳақиқат, Қашқадарё вилоят сил касалликлар диспансери ҳамда ЮСАИДнинг силга қарши курашиш дастури вакилларининг саъй-ҳаракатлари билан вилоятда қанчадан қанча беморлар ҳаёти асраб қолинмоқда. Айниқса, сил касалликларидан аҳолини воқиф этиш ва уни олдини олиш, тарқалиш имкониятини камайтириш каби вазифалар мавжуд.  Уларнинг барчаси  “Биз стигмага қарши курашамиз” шиори  остида  фаолият юритишади.

Стигма – инсонга ёки айрим гуруҳ шахсларга нисбатан «тамға» қўйиш, таҳқирлаш, масхара қилиш, демакдир. Афсуски,  сил, ОИТС каби кўп учрайди.

Ўша куни Назир ота(исми ўзгартирилган)ни учратиб, юзидаги хорғинликдан у кишида касаллик белгилари борлигини пайқадим, — дейди МДК гуруҳи вакили Шавкат Турсунов. –Гуруҳда менга энг масъулиятли вазифа юклатилган. Сабаби мен ахлоқ тузатиш колонияларидан чиққан ва бу касалликка чалиниб қолганларни ўзининг розилиги билан шифохонага бошлаб келишим керак. Одатда бундай кишиларнинг қаттиқ тушкунликка тушгани сабабли, даволанишга рози бўлиши амримаҳол бўлади. Менга қулай томони мен ҳам улар босиб ўтган қийинчиликни енганимдир.  Мен уларга ўзимнинг бошимдан ўтган воқеаларни, яъни  аҳлоқ тузатиш колониясидан қайтганим ва бу касалликка чалинганимни, шифохонада тезда тузалиб кетганимни гапириб бераман. Биласизми,  одатда улар бу ҳақда шифокордан эмас ўзи каби беморлардан эшитса, уларнинг тузалиб кетишига ишончи янада ортади.

Бугунги кунда МДК гуруҳимизда етти нафар аутрич ишчи фаолият юритади, дейди фтизиатр Сайфулло Бектошев. Уларнинг асосий вазифаси хорижда яшаётганлар, аҳлоқ тузатиш колониясидан қайтганлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганлар орасидан силга чалинганларни излаб топишдан иборат. Шу тоифага қараб аутрич ишчиларимиз гуруҳларга бўлинган. Яъни кимдир хорижда яшаб қайтганларни излаб топса, яна кимдир ахлоқ тузатиш колониялардан қайтганларнинг рўйхатини тузади. Айтайлик хорижда яшаб қайтган муҳожирнинг яшаш манзилини,  у истиқомат қилаётган маҳалладан излаб топиб, номини ва манзилини сир сақлаган ҳолда шифохонамизга келиб, текширувдан ўтишни таклиф қилади. Бу ҳаракатлар албатта, ўша кишининг розилиги билан амалга оширилади. Агар у бунга хоҳиш билдирса исми яширилган, яъни аноним ҳолда флюорографик текширувдан ўтказилади. Мабодо унда касаллик аниқланса беморни тушкинликка тушмаслигини, шифохонамизда барча хизматлар бепул амалга оширилишини ва тезда тузалиб кетиши учун барча шароитлар яратилганини сўзлаб беради. Бундан ташқари, ўз ихтиёри билан даволанишга розилик билдирган беморларимизни биз рағбатлантириб борамиз. Масалан, уларга ЮСАИД ҳамкорлигида ташкил этилган ёрдамчи пакетлар,  яъни тозалик воситалари бўлган  бир маротабалик қўл сочиқлари,  шампунь, хидли совунлар, тиш чўткаси ва пасталари тақдим қилинади. Бу ҳам норози кайфиятдаги тушкунликка тушиб қолган баъзи тоифадаги беморларни вақтида даволанишига ишончини оширишга катта ёрдам беради. Аутрич ишчи гуруҳи вакиллари сил касаллигини олдини олиш борасида ҳафталик, ойлик, йиллик чора тадбирлар режасини тузган. Ана шу режага биноан ҳафтанинг ҳар сешанба, пайшанба, жума кунлари ҳудудлардаги маҳаллалар, таълим масканлари ва турли ташкилотларда сил касаллиги ва уни хавфли омиллари ҳамда тузалиш чоралари ҳақида маъруза қиламиз. Худди шундай тадбирлардан бири куни кеча Қарши санъат коллежида 63 та маҳалла вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Бундан оммавий ахборот воситаларида силга қарши курашиш борасидаги мақолаларимиз билан ҳам қатнашиб келаяпмиз. Ишимизни самарали бўлиши учун биз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, мухожирларни излаш гуруҳидаги аутрич ишчи ходимимиз бир беморни аниқладими, барчамиз бир бўлиб унга ёрдам берамиз. Хусусан, руҳшунос  З.Хайдарова беморни руҳий ҳолатини аниқлаб, кайфиятини яхшилашга уринса, малакали фтизиаторлар касаллик ҳақида маълумотлар беради.

Мабодо биз излаб топган бемор даволанишдан бош тортса, уни ўзига билдирмаган ҳолда ўзимиз учун рўйхатга олиб қўямиз ва токи у рози бўлгунича ташвиқот ишларини камайтирмаймиз. Иккинчи уринишда ўзи каби силга чалинган ва бизнинг кўмагимизда тузалиб кетган беморимизни унинг ёнига етаклаб борамиз. Ёки ҳар ойда тўрт маротаба ўтказиладиган «Қўллаб -қувватлаш» гуруҳининг тадбирларига таклиф этамиз.

-Беморни тузалиб кетиши учун энг аввало атрофидаги яқин кишилари ҳам катта ёрдам бериши лозим, -дейди  руҳшунос  З.Хайдарова. — Баъзида айрим кишиларнинг яқин қариндошлари томонидан силтаб, ҳақорат қилиб, камситилишини кўриб, эшитиб хафа бўлиб кетасан киши. Яқинда ҳам бир аёлни қизи томонидан камситилаётганини кўриб қалбим жўнбишга келди. Ахир соғломлигида ўша қизни дунёга келтириб касалликка чалингангача не не азобларни кўрган ўша аёл. Иккисини ҳам ёнимга чақириб аёлга таскин бериб, руҳий қўллаб-қувватлаган бўлсам, қизга меҳр, инсонийлик, ота- она олдидаги фарзандлик бурч ҳақидаги  ривоятлар айтиб бериб,  қаттиқ танбеҳ бердим. Ҳар қандай бемор ҳам яқинларининг меҳр- шавқатига муҳтож бўлади. Буни ундан айириш инсонийлик бурчимизга кирмайди. Энг аввало беморлар билан унинг яқин кишилари тез- тез мулоқотда бўлиши лозим. Шундагина оилада уни ҳам ўрни борлигини, яқинлари уни тезда тузалиб кетишини хоҳлаётганини,  энг асосийси у оиласи учун ҳамиша кераклигини билдиришган бўлади. Касаллик беморни енгишининг энг ёмон томони бу унинг атрофидагилари томонидан камситилишидир. Қачонки бемор камситилса, кўнглига озор етказилса, унинг касалликдан фориғ бўлиши амримаҳол бўлиб қолаверади.  Шунинг учун ҳам биз ҳафтада икки кун «Қўллаб-қувватлаш» гуруҳида беморларнинг яқин кишилари таклиф этилади.  Бу тадбирда беморларнинг қариндошлари у билан мулоқот жараёнида қандай сўзларни кўпроқ ишлатиши лозимлиги, қандай муносабатда бўлиши кераклиги ва ҳатто уларнинг кўнгилларига қандай йўл топиш кераклиги ҳақида билимлар берилади. Сабаби кўпчилик беморлар таъсирчан, «эго»ист ҳарактерда бўлади. Уни азоблаётган касалликдан азият чкавериб, баджахл, асабий ҳолатга тушиб қолишади. Хуллас улар билан қанча кўп мулоқот қилсак,  қилган харакатларимиз зое кетмайди. Энг муҳими ҳамиша бемор хоҳ ака, ука, сингил, опа, ота, онамиз бўлсин уларни қўллаб қувватлаб, камситишга йўл қўймайлик. Ахир улар бемор бўлмаганда ҳам бизнинг қариндшимиз эдику, деган савол ҳар доим ҳам ёдимиздан чиқмаслиги лозим. Зеро улар бизнинг яқиними. Энг муҳими улар биз каби инсон. Уларнинг ҳам ҳаётда яшашга хақлари бор.

Ҳа, давлатимиз раҳбари сиёсати даражасига кўтарилган инсон манфаати ҳар нарсадан устунлигини унутмаган ҳолда у хоҳ бемор хоҳ соғлом бўлсин атрофдагиларни ҳамиша ардоқлашимиз, асраб -авайлашимиз лозим. Келинг азизлар, силга қарши курашиш билан биргаликда беморларни тамғалашга ҳам қарши курашайлик, ана шунда инсонийлик фазилатларига путур етмайди.

Ҳулкар ФАРМОН қизи

 

Улашинг: