1 915

АФСОНАЛАР  ПАРДАСИ ОРТИДАГИ “ҚИЗБИБИ”

Йўл олис. Жазирама қуёш атрофни аёвсиз қиздирар, Ямандан салкам олти ой олдин  йўлга чиққан карвон олис олисларда кўзга ташланаётган миноралар томон интиларди. Туя кажавасида кетаётган Биби Робия Аллоҳдан ягона тилак  — фарзанд сўрайди. Жаннатмакон юрт Бухорога етиб келганда 21 йил интиқиб кутилган фарзанд Биби Мастурахон дунёга келади. Ёшлигидан билим ва илмга чанқоқ қизалоқнинг яна бир хислати воқеаларни олдиндан кўриш эди. Буни сезган ота-онаси уни кўчга чиқармасликка, ёмон кўздан асрашга ҳаракат қилишади. Ота онасининг вафотидан сўнг Биби Мастурахон, яъни Қизбиби ҳозирги Жондор туманида, Бухородан 30 чақирим нарида  қамишдан чайлалар ясаб, атрофига қизларни тўплаб ўқита бошлайди.  Шикорга чиққан Амир Фаррух чайлани кўриб, қизиқиб  бу ерга келади ва сабоқ олаётган қизларни кўриб, унда мадраса бунёд этиш фикри туғилади. Ерни қазиб, хумдонлар ясаб, пишиқ ғиштдан хозир Қизбиби номини олган  мачит ўрнида мадраса бунёд  этилади, қизларнинг яшаб, сабоқ олишлари учун ҳовлини айланасига ҳужралар қурилади. Қизбиби кейинчалик  ҳомийси Амир Фаррухга турмушга чиқади ва иккита фарзанд кўради. Бир ривоятда икки ўғил, бошқасида бир қиз, бир ўғилли бўлган дейилади. Қизлар Амир Фаррухни Оғойи бузрук, яъни араб тилида авлиёлар улуғи деб аташган. Чунки у илмга бой бўлган. Бухоро тахти асрлар давомида талаш бўлган. Мир Араб  ғойибдан  Қизбибига ошиқ бўлгани ва Бухоро аҳлига савол йўллагани ҳавида таҳминлар мавжуд. Саволга олиму уламолар жавоб бера олишмайди, шунда сарой аёнларидан бири Бухоро хонлигининг чеккасида, чўлда бир олима яшашини, бу саволларга фақат у жавоб бера олишини айтади. Иккита чопар йўлга чиқади. Бу пайтда  Қизбиби саволларга жавоб ёзиб хизматкори Ҳалим Чори бобога беради ва “Подшони чопарлари отдан тушиб ўтиришмасин, саволларига жавоб мана шу” дейди. Чопарлар ҳайрон бўлганича, жавобни олиб ортга қайтишади ва бўлган воқеани подшога айтишади. Подшо воқеани эшитиб ҳайрати ошади ва  Қизбибини устоз сифатида тан олади. Ўша пайтда Қизбибининг турмуш ўртоғи вафот этганига 4 йил бўлганди. Подшо ғойибдан Қизбибига  ошиқ бўлиб, унга совчи  юборади. Чори бобо уларни мадраса остонасида кутиб олиб, Қизбибининг жавоби тайёр эканлигини “У бир марта турмуш қуриб, қайта эрга чиқмаслигини, бундан ташқари подшо уни “устози” деб тан олган экан, шогирди билан бирга яшай олмаслигини, мен у кишига номаҳрам” , деган сўзларини етказади. Буни эшитган подшо ғазабланиб, совчиларни қайта жунатади ва “ошиқ ёш ёки қари бўлсин ошиқлигича қолади” деган гапларини Қизбибига етказишни буюради. Чопарлар ҳали келиб улгурмасидан Чори бобо яна уларга пешвоз чиқиб, “Қизбиби айтдилар, зудлик билан ортга қайтар экансизлар, чунки подшои олам жон талвасасида, уни тирик кўришга улгурмаслигингиз мумкин” дейди. Совчилар кулиб, “ахир биз хайрлашганимизда подшо соппа-соғ” эдилар , дейишади. Ортга қайтган  совчилар ҳақиқатан ҳам ёш подшоҳни вафот этганидан хабардор бўлиб, ҳайрон қолишади. Подшо тупроққа қўйилгач, вазиру уламолар “Қизбиби ёш подшоҳимизни жоду қилиб ўлдирди, бориб қизларни банди қилинглар, мадрасани эса кулини кўкка совуринглар” дея аскарларни жўнатишади. Бундан ғойибдан хабар топган Қизбиби Ҳалим Чори бобога қирқта қизларни олиб  чўлга қочишга буюради. Ўзи эса иккита шогирди билан ичкарига беркиниб, “Эй Аллоҳим биз жонимизни ҳаққа топширдик, омонатимизни қабул қилгин” дея  илтижо қилишади ва мадраса худди бу ерда ҳеч ким яшамагандек  қаровсиз ҳолатга келиб қолади. Ривоятларда турли хил вазиятлар келтирилади. Биттасида Қизбиби ўзининг икки шогирди билан бир бирини ювиб кафанланган деса, иккинчисида ўша ҳужрада тўсатдан ғойиб бўлишган, дейилади. Подшо аскарлари мадрасага келиб, ҳувиллаб ётган масканни кўриб, ҳеч кимни топа олмагач, қизларни чўлга қочган дея гумон қилиб, орқаларидан қувишади. Бу орада Ҳалим бобо даштдаги тошлар орасида бир ғорни кўриб,  қизлар унга кириши билан, ғорнинг оғзи ёпилади, Ҳалим бобонинг  ёнида эса ўн ўнбешта қўй пайдо бўлиб, у чўпон ҳолида ғорнинг олдида ўтиради. Аскарлар уни ушлаб, сўроққа тутишади. Шунда Ҳалим бобо: “Мен бутун умр шу ерда яшаб, чўпонлик қиламан, аммо на бу ерда, на қаровсиз мадрасада бир неча  йилдан буён бирон зот яшаганини кўрганим йўқ. Сиз кўрган қизлар фаришталар бўлган” деганидан сўнг, жангчилар  ичида Қизбибининг олдига келиб кетган чопарлар “У кўрмай туриб подшони саволига жавоб берди, ҳали келмасимиздан унинг ўлганини айтди, ҳақиқатдан ҳам бу аёл ва қизлар ё авлиё ёки фаришта бўлса керак” дея ортга қайтишади. Бобо вафот этгач, шу мадраса пойига дафн этилган.

Бу ривоятни бизга “Қизбиби” жомеъ масжиди қоровули Икром ота Норов сўзлаб берди. Тарихий манбаларга кўра эса мазкур жой билан боғлиқ бир неча ривоятлар мавжуд. Уларнинг бир нечтаси “Қизбиби”  жомеъ  масжиди  имом  хатиби  Асқад  Раҳмонов томонидан тўпланган.   Биринчи қадимий ривоятга кўра, Қизбиби Сулаймоннинг қизи ҳисобланади.  Иккинчи ривоят бўйича, Қизбиби хонақоҳи Бухородаги Мир Араб мадрасаси билан бир пайтда, яъни XVI асрнинг 30-йилларида барпо этилган ва мадрасани қурган қурувчи  томонидан Қизбибига юборилган совчилик муваффақият қозона олмаган. Ушбу маълумотни “Мазҳар ал-ажойиб  ва мажмуа ал- ғаройиб” (Ажойиб воқеалар мажмуаси) асари муаллифи тасдиқлайди. Нақшбандия тариқати маҳаллий тармоқларидан бирининг муршидаси Мастура- хоним ёки Оғойи Бузрук  ушбу мансабни  Шайх Шоди Ғидйути ва унинг рафиқасидан сўнг эгаллайди. У бобоси ва отаси тарафидан муршид(а)лик руҳида тарбияланади. Унинг муридлари  орасида эркак ва аёллар, жумладан, Мўғул-хоним (ёки Ойша-хоним), яъни Бобурнинг опаси- Шайбонийхоннинг рафиқаси ҳам бор эди. Қизбиби ҳижрий 929 йил 16 рамазонда, милодий 1523 йил 30 июлда вафот этади.

Учинчи ривоят Мирзо Шариф билан Биби Шарифанинг турмуш қургани  тўғрисида хабар беради.  Биби Шарифа яқин орада қиз кўришини ва у қиз 14 ёшгача ота-онаси билан бирга яшашини, сўнгра ота-она уйини тарк этиб, олима  бўлишини, сўнгра эса “Оғойи Бузрук” деган жойга бориб, у ерда Худо ва одамлар ўртасида воситачилик қилиб умргузаронлик қилишини башорат қилади. Дарҳақиқат, дунёга келган Биби Ҳанифа исмли қиз 14 ёшида савод эгаллаб, онаси башорат қилган жойга келиб ўрнашади ва ўзини ибодат ва табобатга бағишлайди. Кунларнинг бирида у ҳужралардан бирига кириб, йўқолиб қолади. Аёллар ҳар жума куни  муайян бир жойга  унинг учун сув, қатиқ ва тароқ олиб келишган. Қизбиби ҳеч кимга кўринмай, ювинган. Бир сўфий Қизбиби билан  одамлар ўртасида воситачилик қилади. Бу сўфий кейинчалик хонақоҳ биноларининг бирида дафн қилинади.

“Қизбиби” ёки Оғойи Бузрук аёллар хонақоси  Бухоро вилоят Жондор туманида, Бухоро шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган. Майдони 0,5 гектар. Мажмуа бинолари асосан XIX аср давомида қад кўтарган ва тўрт ҳовли атрофида жойлашган.

Қишги ва ёзги хоналардан ташкил топган  улкан гумбазли мачит-хонақоҳ  баланд бўлиб, мажмуани бирлаштириб туради.  Унинг силлиқланган ғиштлар билан безатилгган маҳобатли пештоқли олд томони шарққа, Қизбиби мозорига қараган. Кичик пештоқли шимолий олд томони  уч томондан ҳужралар билан ўралган  ибодатхона ҳовлиси билан туташ. Ҳужраларда ўчоқсимон печ ва ташнов мавжуд бўлиб, улар зиёратчиларнинг бу ерда узоқ муддат истиқомат қилишига мўлжалланган. Хонақоҳнинг жанубий қисмига  зиёратчиларнинг қисқа муддатли туришига мослаштирилган дарвозахонали ҳовли туташтирилган. Қибла деворда, меҳробнинг икки томони бўйлаб, шифобахш сувли қудуққа чиқадиган икки эшик ўрни бўлган. Ушбу қисмда ҳаммом ва таҳоратхона қурилгандан сўнг,  эшиклар ўрни  суваб ташланган. Қизбиби мозори тахминан XVIII аср охирларида икки  хилхонали этиб қурилган  мақбарага эга. Унинг ягона безакли биноси  ҳисобланган айвон кейинроқ мачит-хонақоҳнинг бош пештоқига қаратилиб қурилган. Айвон ойнали ёғоч ўймакорлик услуби билан безатилган. Безаклар сақланмаган. Айвон тагида қора-кулранг мармар қабртош мавжуд. Унинг шакли ноанъанавий, яъни ўртаси тешик тўртбурчак тоштахта кўринишида. Қабртошда қуйидаги мазмундаги ёзув мавжуд: “Бу хушбўй, нурафшон мақбара Оғойи Бузрукникидир. Камтарин қул Ниёз Муҳаммад котиб ёзди. Ҳижрий 1223 [милодий 1808]  йил”. Мақбаранинг шимолий девори олдида  панжали туғ қад кўтариб турибди. Панжада “Ҳижрий 1227 йил” деган ёзув мавжуд.

Қизбиби мақбарасининг  жанубида мозорга ўтишни махсус қийинлаштирадиган бир қанча иморатлар барпо этилган. Шунингдек, бу ерда меҳмонхона, аёллар мачити ва  ҳовличалар бўлган. Уларнинг мақбарадан ташқари  барчаси ХХ асрнинг 30-йилларида  бузиб ташланган. Мақбара ва хонақоҳнинг аёлларга мўлжалланган қисмига эркаклар ҳеч қачон кирмаган. Бу одат ҳозиргача сақланмоқда. Мажмуани шимолий шарқ томондан ошхона ёки ҳалимхона ва хўжалик ҳовлиси ўраб туради. Бу ерда кўплаб ўчоқ ва тандирлар жойлашган. Шунингдек, уй-рўзғор анжомлари, жумладан,  ҳалиса (ҳалим) тайёрлаш учун катта қозонлар сақланган. Номи бизга номаълум саховатпеша шахс томонидан 1913-1914 йилларда мажмуанинг аёллар қисми ва ошхона қурилади. Бунинг учун  мажмуа яқинида хумдон  қурилиб, унда “салдоти”, “европача” деб аталган машҳур  тўғри бурчакли ғиштлар пиширилган. Хонақоҳнинг ташқи тарафида, бош кириш жойига яқин ерда жойлашган бинода  деворга занжирбанд қилинган руҳий хаста кишилар сақланган.

XX асрнинг 80- йиллари бошларига қадар  хонақоҳнинг ярмидан кўпи  кўчувчи қумлар остида қолиб кетган эди. Шунга қарамай, бу жой атроф қишлоқлар аҳолиси ўртасида зиёратгоҳ сифатида машҳур бўлиб  қолаверди.

Бугунги кунда Қизбиби қабри фарзанд, бахт талаблар, ишлари ривожланмаган, узоқ сафарга кетадиган зиёратчилар ихлосидадир. Аммо зиёратгоҳга Бухородан борадиган йўл анча таъмирталаб бўлганлиги сабабли, кўпгина такси ҳайдовчилари бу ерга зиёратчиларни олиб келишни истамайдилар. Шунингдек, зиёратгоҳ атрофи ободонлаштирилиб, республикамиз ва хориждан сайёҳларни жалб қилиш учун ушбу бетакрор, ўзига хос тарихга эга, афсоналар пардаси билан ўралган мажмуани кенгроқ  тарғиб этиш лозим.

Наргис ҚОСИМОВА

Тошкент-Бухоро- Тошкент

Улашинг: