2 609

ШУНДАЙ МУНОСАБАТГА ЛОЙИҚМИЗМИ?

Мен facebookдаги саҳифамда ва nargis.uz шахсий сайтимда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қора Қамиш ½ даҳасида “Заречная” МЧЖ тасарруфидаги аҳолига тегишли хусусий гаражлар бузилаётгани ҳақидаги мулоҳазаларимни баён этганимдан сўнг улар юзасидан турли фикрларни ўқишга тўғри келди. “Бузилса бузилибдида, шу гаражлар, шунга ҳам ота гўри қозихонами?” қабилидаги гаплар ҳам анча-мунча. Асосий гап, гаражларнинг бузилаётганида эмас, балки уларнинг эгаларига бўлган муносабат ҳақида.

Аввало, шуни айтиш керакки, “Заречная” МЧЖда барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамай, иқтисодий суд қарорида бу ҳудуд “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган” деб талқин этилгани кишини ҳайрон қолдиради. Чунки бу гаражлар ушбу ҳудудда кеча ёки ўтган куни, хатто ўтган йили ҳам қурилиб қолмаган, улар кўп йиллардан бери бор. Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани ижроия кенгаши томонидан аҳолининг шахсий автотранспорт воситалари учун бугунги кунда “Заречная” МЧЖ тасарруфида бўлган ҳудудда автотураргоҳ барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилганидан бери неча фасл, неча ўн йил алмашди. Агар ростдан ҳам “Заречная” МЧЖ бу ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган бўлса, нега туман мутасаддилари бир неча ўн йиллар давомида шу ерда “ўзбошимчалик билан” гаражлар қуриб олинганига кўз юмиб келишган?! Нима давлатнинг ери шунчалар эгасизми, ёки бундай кўриб қўрмасликка олишда бошқа сабаблар бўлганми?

Жонажон Тошкентимиз йилдан йилга чирой очиб, кўркамлашиб, обод бўлиб бораётгани барчамизни хушнуд этади. Йўллар, кўприклар, бошқа муҳим иншоотлар қурилиши муносабати билан аҳоли турар жойлари, турли бинолар бузилиши турган гап. балки бузилаётган гаражлар ўрнида ҳам балки аҳоли учун дам олиш масканлари, ҳиёбонлар барпо этилар. Лекин нега мутасаддилар масалани “тинч йўл” билан ҳал қилиш йўлини танлашмади. Ахир шу ерда гаражи бор аҳолини бир жойга йиғиб: “Ўртоқлар, “Қичқириқ” канали бўйларини обод масканга айлантириш бўйича катта ишлар бошлаяпмиз. Шунинг учун сизларнинг гаражларингиз турган ҳудудни бузишимизга тўғри келади. Сизлар хавотир олманглар, автотранспорт воситаларингиз кўчада қолмайди, фалон ҳудуддан замонавий, қулай автотураргоҳ қуриш режамизда бор. Келинглар биргаликда, туманимизни обод қилишга бел боғлайлик”, деб вазиятни тўғри тушунтириш, аҳолига гаражларини бузиб олиш учун бир ҳафтами, ўн кунми вақт бериш мумкинмиди?

Хуллас, яна такрорлайман, аслида гап гаражда ҳам эмас, балки одамларга бўлган муносабатда. Менинг мулоҳазаларимга эътироз билдирган азизлар, энди айтингчи, Сиз ўзингизни ана шундай муносабатга муносиб кўрган бўлармидингиз???

Улашинг: